Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Жаҳонга сочилган нодир дурдоналар



Жаҳон халқларининг маънавий-маданий йўналишда ҳамжиҳатликка интилиши, бир-бирининг адабиёти ва санъатини ўрганишга қизиқиши табиий жараёнга айланган. Айниқса, буюк мутафаккир Алишер Навоий меросини бутун дунё илм-маърифат аҳли катта қизиқиш билан ўрганади.

Президентимизнинг 2020 йил 19 октябрдаги “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги  қарори мамлакатимизда ва хорижда навоийшунослик соҳасида орттирилган илғор тажрибаларни оммалаштириш, Навоий асарларида илгари сурилган умуминсоний ғояларни кенг тарғиб этишда муҳим асос бўлмоқда.

Қарорда, шунингдек, Алишер Навоийнинг хорижий давлатларда сақланаётган ва у яшаган даврга оид асарлар қўлёзмаларининг факсимиле нусхаларини мамлакатимизга олиб келиш, уларни ўрганиш ва халқимизга тақдим этиш вазифаси ҳам белгиланган эди. Айни пайтда бу йўналишда илмий-амалий ишлар давом этяпти.

Жаҳон навоийшунослиги тадрижи ва такомилига назар соладиган бўлсак, Алишер Навоий ижодининг Франция, Америка, Германия, Финляндия, Нидерландия, Япония, Россия каби бир қанча давлатларда ўрганилгани, асарлари бир неча тилларга таржима қилинганининг гувоҳи бўламиз.

Яқин икки йил ичида Европанинг етти мамлакати ва Россиянинг қатор шаҳарларида хизмат сафарида бўлишимга тўғри келди. Мақсад Тошкент давлат шарқшунослик университетида бажарилаётган “Европа фондларида сақланаётган, Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган туркий қўлёзмаларнинг маълумотлар базасини ва “Yevroturcologica.uz” электрон платформасини яратиш” мавзусидаги грант лойиҳаси доирасида Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган туркий қўлёзмаларни топиш ва халқимизга қайтаришдан иборат эди. Лойиҳа мақсади ва вазифаларидан келиб чиқиб, Франция, Германия, Австрия, Чехия, Финляндия, Швейцария, Эстония каби мамлакатларнинг йирик кутубхоналарида ишладим, бир қанча туркий қўлёзмаларни, жумладан, Алишер Навоийнинг асарларини ҳам кўздан кечирдим.

Германияда Алишер Навоий асарлари 88 нусхада, Францияда 42, Финляндияда 27, Чехияда 11, Швейцарияда 13, Эстонияда 8, Россияда 94 нусхада сақланади (бу менинг кўрганларим, аслида, ушбу мамлакатларнинг бошқа шаҳарлари кутубхоналарида яна бўлиши мумкин). Булар ичида Навоий асарлари энг кўп сақланадиган фондлар Германия, Франция, Россияники ҳисобланади.

Илмий манбаларга назар солсак, Европада биринчи бўлиб Навоий асарларини француз олимлари ўрганганини кўрамиз. Дунёга машҳур Париж миллий кутубхонасида Навоий асарларининг 42 та қўлёзма нусхаси сақланади.

Туркий қўлёзмаларнинг икки жилддан иборат тавсифини француз олими Эдгар Блоше яратган бўлиб, бу каталогда Навоийнинг 35 та қўлёзма асари нусхаларига тавсиф берилган. Францияга илмий сафаримиз давомида бу каталогни ва Навоий асарларини ўрганган олимларнинг илмий ишларини кўришга муваффақ бўлдик.

Францияда XVII асрдаёқ шарқшунослик мактаблари очилган. Бартоломе д’Ербело де Моленвиль ва Франсуа де Бернье бу мактабнинг илк битирувчилари бўлиб, илмий ишларида Навоий қўлёзмалари ҳақида ҳам ахборот берган.  Жумладан, Бартоломе д’Ербело “Шарқ  кутубхонаси” қомусида Навоий биографияси, ижоди ва асарлари ҳақида илк маълумот берган. Сильвестр де Саси, Франсуа-Альфонс Белен, Анри-Паве де Куртейль, Люсьен Бува каби олимлар Навоий асарларининг илк тадқиқотчилари ва таржимонлари саналади. Масалан, Анри-Паве де Куртейль Европада биринчи бўлиб шоирнинг “Муҳокамат ул-луғатайн” ва “Тарихи мулуки Ажам” асарларидан француз тилида парчалар эълон қилган.

Германиянинг Берлин, Мюнхен, Дрезден, Лейпциг каби шаҳарларидаги йирик кутубхоналарда назмий ва насрий дурдоналаримиз кўз қорачиғидек асраб келинаётганига гувоҳ бўлдим.

Илмий сафарим давомида мазкур қўлёзма асарлар асосидаги немис шарқшуносларининг фактик маълумотларга бой илмий изланишлари билан ҳам танишиб, уларнинг туркий халқлар маданияти тарихида муҳим аҳамиятга эга эканига амин бўлдим.

Германия кутубхоналарида Алишер Навоийнинг “Хамса”, “Лисон уттайр”, “Мажолис ун-нафоис”, “Хамсат ул-мутаҳаййирин”, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Тарихи мулуки Ажам” каби асарлари, девонлари мавжуд бўлиб, улар турли даврларда кўчирилган қўлёзма нусхалар саналади. Қўлёзма асарлар орасида “Маҳбуб ул-қулуб” асарининг ҳижрий 1238 йилда кўчирилган ноёб нусхаси ҳам мавжуд.

Германияда Навоий асарларига қизиқиш қачондан ва нима мақсадда бошланган? Кимлар биринчилардан бўлиб шоир қўлёзмаларига тавсиф берган? Шоир асарларидан қайсилари немис тилига таржима қилинган? Албатта, бу саволлар барчани қизиқтириши табиий.

Германияда Алишер Навоий асарларига жиддий қизиқиш Берлин, Мюнхен ва Лейпциг университетларида туркология бўлимлари (XIX-XX аср) очилиши билан боғлиқ. Туркология ривожида Навоий асарларини ўрганиш муҳим эканини англаган М.Хартман, А.Кайзер, Г.Флюгель, Т.Бенфей, X.Вамбери, Д.Щульц, М.Гетц, Т.Менцель, X.Риттер, А.Курелла каби олимлар диққат-эътиборни айнан шу жиҳатга қаратиб, имкон қадар шоирнинг Германия фондларида йиғилган асарларини ўрганишга ҳаракат қилган. Шоир қўлёзмаларига биринчилардан бўлиб тавсиф берган олимлар Вильгельм Перч ва Мартин Хартмандир. Улар туркий қўлёзмалар тавсифига оид илмий асарларида Навоийнинг Берлин ва Гота шаҳарлари кутубхоналарида сақланаётган қўлёзмалари ҳақида батафсил маълумот берган.

Вильгельм Перч бутун илмий фаолияти давомида нафақат туркий қўлёзмалар, балки арабий, форсий ва бошқа Шарқ қўлёзмалари тавсифига бағишланган 8 жилд асар яратган бўлиб, уларнинг асл нусхалари ҳозир Гота шаҳри кутубхонасида сақланади. Германия фан тарихида бу қадар иқтидорли шарқшунос ва кўп каталог яратган бошқа олим бўлмаган.

Бундан ташқари, каталогларни кузатиш асосида Навоий қўлёзмалари тавсифи Жорг Краембер, Барбара Флемминг, Манфред Готз, Ханна Сохвайде каби олимлар яратган илмий асарларда ҳам акс эттирилгани маълум бўлди.

Адабиётшунос олим М.Тожихўжаевнинг таъкидлашича, Навоий асарларидан дастлабки илмий изоҳли таржималар Г.Вамбери ва М.Хартман томонидан амалга оширилган. Ҳар иккала олим “Чиғатой тили” дарслигини яратиб, мисол тариқасида Навоий шеърларидан изоҳлари билан парчалар келтирган. Шунингдек, ушбу мақолада 1900 йилда Йоханнес Аветараниане томонидан Навоийнинг иккита ғазали таржимаси диний характердаги “Шаҳид ул-ҳақойиқ” журналида, 1946 йилда эса Альфред Курелла томонидан ”Фарҳод ва Ширин” достонининг XVII боби таржимаси ”Neue Welt” журналида эълон қилингани ва бошқа таржималар ҳақида муҳим маълумотлар келтирилган.

Россиянинг Москва, Қозон, Новосибирск, Пермь ва бошқа шаҳарлари кутубхоналарида Навоий асарлари ардоқланиб сақланади. Биргина Санкт-Петербург шаҳрининг ўзида 3 та жойда — Шарқ қўлёзмалари институти фондида, Санкт-Петербург давлат университети кутубхонасида ва Салтиков-Щедрин номидаги миллий кутубхонада Навоий асарлари қўлёзмалари бор. Дунёда Навоий ижоди бўйича биринчи диссертация ҳам айнан Санкт-Петербург университети шарқшунослик факультетида 1856 йилда Михаил Никитский томонидан “Амир Низомиддин Алишер: давлат арбоби ва шоир сифатида” мавзусида ҳимоя қилинган. Михаил Никитский ўзигача Европа адабиётидаги тадқиқотларни, шунингдек, шоир яшаган йилларга яқин даврларда яратилган форсий ва туркий манбаларни синчиклаб ўрганади, улардан унумли фойдаланади ва адабий-илмий жамоатчиликни Навоий ижодининг энг муҳим қирралари билан таништиради.

М.Никитский Алишер Навоийнинг илмий-ижодий меросини “адабиёт гулзорининг энг сара гули” деб баҳолайди. Муаллиф ўз фикрларини Жомий, Ҳусайн Бойқаро, Бобур кабиларнинг Навоийга берган баҳоси билан ривожлантиради. Олим Навоийнинг Россияда мавжуд қўлёзмалари ҳақида маълумот берар экан, уларнинг кўпи Европада йўқлиги, айниқса, бир қанча асарларни ўзида жамлаган “Куллиёти Навоий” ноёб манба эканини маълум қилади. Асар таркибида “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Сабъаи сайёр”, “Чиҳил ҳадис”, “Назм ул-жавоҳир”, “Сирож ул-муслимин”, “Насойим ул-муҳаббат”, “Лисон ут-тайр”, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Тарихи мулуки Ажам”, “Хамсат ул-мутаҳаййирин”, “Мажолис ун-нафоис”, “Ҳайрат ул-аброр” — 15 та асар жамланганини ёзади.

Шундан кейин М.Никитский Навоийнинг аввал туркий, кейин форсий асарларига бирма-бир қисқача изоҳ беради ва парчалар келтиради. Асарларни таърифлаш баробарида бу борада Навоий замондошлари ва Европа олимлари фикрларидан ҳам мисоллар келтиради.

Шарқшунос олим Семён Волин биринчи бўлиб Навоий асарларига тавсиф берган. Олим илмий асарида Санкт-Петербург фондларида Навоийнинг “Муҳокамат ул-луғатайн”, “Сирож ул-муслимин”, “Девони Фоний”дан бошқа барча асарлари мавжудлигини маълум қилади. С.Волин бир муддат, яъни 1930-1933 йиллар давомида Тошкентда, марказий архивда ҳам ишлаган. 1935 йилдан Санкт-Петербург, ўша пайтда Ленинграддаги Шарқ қўлёзмалари институтида илмий ходим сифатида фаолият юритган, Хоразм манбалари, туркий адабиёт бўйича тадқиқотлар қилган. Араб, форс, ўзбек, турк, туркман тилларини мукаммал билган. Афсуски, олим 1941 йилда қатағоннинг аёвсиз ғилдираги остига тушиб, 1943 йилда қийноқларда вафот этган.

Шарқшунос олим В.В.Бартольд “Мир Алишер ва сиёсий ҳаёт” монографиясида Навоийнинг тарихий биографиясини қўлёзма манбалар асосида ёритиб берган. Олим Алишер Навоийнинг ҳаёт йўлини, ижодий фаолиятини бор ҳолича, реал кўрсатишни мақсад қилади. Чунки шоир биографияси ёритилган кўп манбаларда Навоий дунёдан узилган, дарвешсифат, фақат шеъру шоирлик шайдоси қилиб кўрсатилган. В.В.Бартольд ўзигача ёзилган тадқиқотлардаги камчиликларни ёритар экан, аниқ манба ва тарихий далилларга суянмай фикр айтиш илмий этикага тўғри келмаслигини уқтиради.

Е.Э.Бертельс Алишер Навоий ижодий меросини юксак матншунослик тайёргарлиги асосида жиддий ўрганган шарқшунослардан биридир. Умумий эстетик асосга эга бўлган турли халқлар адабиётининг қиёсий таҳлили олимга туркий адабиётнинг ўзига хослигини аниқлашга ёрдам берди. У ўзигача бўлган Европа олимларининг, жумладан, француз олими Француа Белен ва немис олими Йозеф фон Хаммер Пургшталнинг “Навоий форс адабиётининг тақлидчиси” деган қарашларини давр шарқшуносларининг энг катта методологик хатоси, асар моҳиятини англамаслик деб билди. Ўз изланишлари билан бу қарашни рад қилди ва Навоий асарларининг оригиналлигини исботлаб берди. Олим таҳлил жараёнида асарларнинг, асосан, фабуласига эътибор қилиш, қисқа тавсиф билан чегараланиш туркий адабиёт тўла қимматга эга эмас, форсий адабиётнинг такрори, деган нотўғри хулосага олиб келганини маълум қилади.

Умуман, Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини, бадиий асарларининг поэтик хусусиятларини, ўзаро адабий таъсир масалаларини махсус тадқиқ қилган А.Н.Самойлович, Е.Э.Бертельс, С.Л.Волин, А.Н.Кононов, М.Салье каби олимларнинг илмий изланишлари рус навоийшунослигининг асосий қисмини ташкил этади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда “Алишер Навоий” халқаро журнали мавжуд ва унда шоир ижоди бўйича энг салмоқли мақолалар нашр этилади.

Журналнинг 2022 йил биринчи сонида профессор Афтондил Эркинов Навоий асарлари дунё каталогини ташкил қилиш таклифи ва ташаббусини баён қилди. Таклиф ўринли бўлиб, бутун дунё навоийшунослари бу борада бирлашса арзийди.

Алишер Навоий туркий халқларнинг ғурур ва ифтихори, бутун дунё халқларининг интеллектуал бойлигидир. Буюк мутафаккиримизнинг ижод оламига саёҳат ва ижобий натижа чинакам саодат ва санъатдир. Устоз Иброҳим Ҳаққул тўғри таъкидлаганидек, навоийшунослик маъно миқёси ниҳоятда кенг ва улкан соҳа. Уни ҳар томонлама билиш ёки фикран қамраб олиш анча қийин юмуш. Навоийнинг улуғликда беқиёс, қудратли, яратувчан шахсиятини кенг ўрганиб, шоир асарларида тасвирланган маъно ва ҳақиқатларни унга гўёки ҳисоб бераётгандай таҳлил ва талқин қилиш бурч ҳамда қалб заруриятига айлантирилса, ечими топилмайдиган муаммо қолмайди.

Европада навоийшунослик бугунги кунда ҳам жадал суръатлар билан давом этмоқда. Шоирнинг асарлари таржима қилинмоқда, таваллуд кунлари сабаб халқаро анжуманлар, учрашувлар ўтказилмоқда. Демак, Европа навоийшунослиги жаҳон адабиётшунослигининг муҳим таркибий қисми бўлиб, бу соҳани кўп янги маълумот, таҳлил ва талқин билан бойитган ва бойитмоқда. Е.Э.Бертельс таъкидлаганидек, Навоий ижоди музейдаги экспонат ёки тарихнинг бир бўлаги эмас, у барҳаёт ва яшашда яна давом этади.

 

Гулноза Холлиева,

ЎзДЖТУ профессори, филология фанлари доктори



  ...