Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Муқобил энергетикани ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чоралари белгиланди



Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 17 июнь куни Андижон туманидаги адирликда Янги Андижон шаҳарчаси қурилишига пойдевор қўйган эди. Бугунги кунда кўп қаватли уйлар, мактаб ва боғчалар қад кўтармоқда.

1 февраль куни бу ерда қайта тикланувчи энергия манбаларини оммалаштириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чоралари бўйича йиғилиш ўтказилди.

Мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли ўсиши билан электр истеъмоли ҳам кундан-кунга ошмоқда. Сўнгги беш йилда юртимизда хонадонлар 1 миллион 200 мингтага кўпайди, корхоналар сони эса 260 мингтага етган. Булар электр энергиясига бўлган талабни 35 фоизга оширди. Хусусан, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида электрга талаб 40 фоизга кўпайган.  

– Бундай шароитда энг тўғри ечим қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш, – деди Шавкат Мирзиёев. 

Шу боис йиғилишда қуёш ва шамол станциялари лойиҳаларига эътибор қаратилди.

Бу йил Поп ва Фарғона туманларида 600 Мегаваттли 2 та қуёш станцияси қурилиши режалаштирилган. Андижонда 41 та, Наманганда 32 та ва Фарғонада 27 та микро гидроэлектр станция қуриш имконияти бор.

Давлатимиз раҳбари йирик корхоналарда ҳам қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, умуман, уларни электр билан ўзини ўзи таъминлашга ўтказиш кераклигини таъкидлади. 

Ижтимоий объектларда қуёш энергиясидан фойдаланиш учун алоҳида компания ташкил этилади. Унга 200 миллион доллар маблағ берилади. Компания қуёш панеллари ва сув иситиш қурилмаларини ўзи ўрнатади ҳамда бюджет корхонасига “яшил энергия” сотади. Шунингдек, ижтимоий объектлардаги 3 мингта эскирган қозонларни замонавий ускунага алмаштириш зарурлиги қайд этилди.

Энергия ресурсларини иқтисод қилиш чоралари кўрсатиб ўтилди. Аҳолининг қуёш энергиясидан фойдаланиши учун жозибадор тизим яратиш вазифаси қўйилди. 

Йиғилиш кун тартибидаги иккинчи масала камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳақида бўлди. 

Маълумки, бу борада вилоятларга зарур шароитлар яратилмоқда. Хусусан, 31 январь куни имзоланган Президент қарорига кўра, оилавий тадбиркорлик учун имтиёзли кредитларга Андижон вилоятига 1,1 триллион сўм ажратилади. 

Сўнгги икки йилда аҳолига деҳқончилик учун 8 минг гектар ҳосилдор экин ерлари берилган, 2023 йилда яна 10 минг гектар ер тарқатилади. Маҳаллаларда саноатни ривожлантириш учун 36 та микромарказ ташкил этилади. 

Давлатимиз раҳбари ишбилармон ва меҳнатсевар одамлар юрти бўлган Андижонни ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш мумкинлигини таъкидлади. 

Дарҳақиқат, бу йил вилоятда 800 миллион долларлик 235 та инвестиция лойиҳаси якунланиб, 40 минг киши иш билан таъминланади. Аҳолига ажратиладиган 10 минг гектарда 75 мингта доимий ва 200 мингта мавсумий иш жойи очилади.

Ишсиз одамларни касб-ҳунарга ўқитиш, маҳаллаларда ижтимоий ва тадбиркорлик инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳам вазифалар белгиланди. 

Туман ва шаҳар ҳокимлари аҳоли бандлигини ошириш режалари юзасидан ахборот берди.



  ...