Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Хитойдаги ватандошлар футболчиларимизни қўллаб-қувватламоқда



Мамлакатимизнинг Пекиндаги элчихонаси томонидан футбол бўйича Жаҳон чемпионатида иштирок этаётган Ўзбекистон миллий терма жамоасини қўллаб-қувватлаш мақсадида Хитойдаги ватандошлар иштирокида тадбир ташкил этилди.

Тадбирда Хитой олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабалар, ушбу мамлакатда меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ва вақтинча бўлиб турган ватандошлар, хорижий дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари иштирок этди.

Ватандошлар билан суҳбатда мамлакатимизда давлатимиз томнидан амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, таълим олишлари ва меҳнат қилишлари учун яратилаётган шарт-шароитлар, ёшларни спорт билан шуғулланишлари учун яратилаётган имкониятлар ҳақида гапирилди.

30 июнь юртимизда Ёшлар куни деб эълон қилингани ҳам ёшлар давлат ислоҳотларининг марказида эканлигини билдириши таъкидланди. Хусусан, спортчиларимизнинг дунё майдонида юқори поғоналарни эгаллаётгани ҳам мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг натижаси эканлиги урғуланди.

Шундан сўнг ватандошлар Миллий терма жамоамизнинг Колумбия терма жамоасига қарши ўйинини элчихонага ўрнатилган катта Лэд-экранда махсус тайёрланган футболкаларда катта қизиқиш билан томоша қилдилар.

Ўзбекистон терма жамоамизнинг илк бор Жаҳон чемпионатида иштирок этиши йиғилганларда улкан ғурур ва фаҳр туйғусини уйғотди.  Қизғин ва ҳаяжонли кечган футбол бахсини ватандошларимиз фаол қўллаб-қувватлаб турдилар.

Ватандошларимиз бир дастурхон атрофида йиғилиб, миллий таомларимиздан баҳраманд бўлдилар.

Аҳаджон Жумабоев, Хитой Халқаро бизнес ва иқтисодиёт университети талабаси:

- Бугун биз Хитойдаги ватандошлар футболчиларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакатимизнинг Пекиндаги элчихонасида йиғилдик.

Миллий терма жамоамиз илк бор футбол бўйича Жаҳон чемпионатида иштирок этмоқда. Бу барча юрдошларимиз учун тарихий кундир.

Спортчиларимиз биринчи ўйинни Колумбия терма жамоасига қарши ўтказиб, жуда чиройли ўйин кўрсатдилар. Барча футбол мухлисларига ҳақиқий спорт байрамини туҳфа этдилар.

Биз ҳам миллий жамоамизни фаол қўллаб-қувватлаб турдик. Кейинги ўйинларда спортчиларимизга омад тилаб қоламан.

Ватанимиз байроғини дунё миқёсида юқори кўтарилаётганини кўриш жуда қувонарли.

Шаҳноза Баҳронова, География фанлари ва табиий ресурсларни тадқиқ қилиш илмий тадқиқот институти талабаси:

- Бугун биз тарихий куннинг гувоҳи бўлдик. Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихида илк бор футбол бўйича Жаҳон чемпионатида иштирок этмоқда. Биз бундан жуда фаҳрланамиз. Элчихонамизда терма жамоамизнинг илк ўйинига бағишлаб ташкил этилган тадбирда иштирок этганимдан жуда мамнунман. Чунки биз ўзимизни ҳақиқий футбол стадионида ўтириб, ўйинни томоша қилгандек ҳис қилдик.

Спортчиларимизга кейинги футбол бахсларида улкан зафарлар ва ғалабаларни тилайман.



  ...