Сурхондарё вилояти делегациясининг Хитойга ташрифи доирасида мамлакатимизнинг Пекиндаги элчихонасида бизнес-форум ташкил этилди.
Тадбирда Хитой савдо-саноат палаталари, йирик компания ва ташкилот раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Форум қатнашчиларига Сурхондарё вилоятининг экспорт имкониятлари ҳамда сармоявий салоҳияти юзасидан батафсил тақдимот ўтказилди. Хитой компанияларини вилоятнинг эркин иқтисодий ва саноат зоналарида яратилган имкониятлардан кенг фойдаланишга чақирилди.
Қўшни давлатлар билан самарали савдо, транспорт ва логистика алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида “Термиз” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилгани таъкидланди. Шунингдек, бу ерда саноат ишлаб чиқариш соҳаларида йирик корхоналар ташкил этиш учун 120 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилгани айтиб ўтилди.
Бундан ташқари бугунги кунда Сурхондарё ва Хитой ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорлик фаол ривожланаётгани, хусусан, 2022 йил якунларига кўра Сурхондарё вилоятининг Хитой билан ташқи савдо айланмаси 77 миллион долларни ташкил этгани ҳамда ушбу мамлакатдан жалб қилинган инвестициялар миқдори 102,5 миллион долларга етгани қайд этилди.
Форум давомида, шунингдек, “Термиз” халқаро савдо марказининг тақдимоти ҳам ўтказилди.
Ўтказилган учрашувларда турли соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Тадбир давомида Сурхондарё вилояти ва Хитойнинг бир қатор етакчи компаниялари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик келишувлари имзоланди.
Хитойнинг “Huawei” компанияси Тошкентдаги офиси директори ўринбосари Сюй Хай:
- Биз Ўзбекистон билан ICT соҳасини ривожлантириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш жабҳасида ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Шу жумладан, баъзи экологик тоза тармоқларни ривожлантириш бўйича биргаликда ишлашимиз мумкин. “Huawei” компанияси, шунингдек, маҳаллий даражада кейинги босқичларда амалиёт ва таълим бериш, шу жумладан, ICT соҳасида мутахассисларни тайёрлашда ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор.
Хитойнинг “Longi” компанияси менежери Цзи Цзин:
- Бугунги форум Сурхондарё вилоятининг иқтисодий салоҳиятига бағишланди. Дунёнинг етакчи қуёш энергияси ишлаб чиқарувчиси сифатида биз Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлаймиз. Ўзбекистонда ҳам лойиҳаларимиз бор. Икки томонлама алоқалардан мамнунмиз ва биз ўз саъй-ҳаракатларимиз орқали мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга ўз ҳиссамизни қўшишга тайёрмиз.