Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

КИЧИКДАН ЎРТАГА, ЎРТАДАН КАТТАГА



Очиқ мулоқот чоғида бизнесни ривожлантириш бўйича белгиланган йўналишлар

Жорий йил 18 август куни  Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан учинчи очиқ мулоқоти бўлиб ўтдию Давлат бошқарувининг турли даражаларида амалга оширилаётган бизнес билан мулоқот дунё бўйича кенг тарқалган бўлиб, иқтисодий сиёсати ва бизнес манфаатларини давлат ривожи манфаатлари билан уйғунлаштирган ҳолда оптимал тарзда олиб боришга ёрдам беради.

Мулоқот ривожи

Илк очиқ мулоқот давлатимиз раҳбарининг таклифига биноан 2021 йил 20 августда ташкил этилган эди. Шундан буён мазкур формат яхши анъанага айланди ва ушбу сана мамлакатимизда Тадбиркорлар куни этиб белгиланди. Бу Ўзбекистонда шу каби биринчи тажриба бўлиб, бизнесга нисбатан олиб борилаётган иқтисодий сиёсатни оптималлаштириш нуқтаи назаридан ўзининг юқори самарадорлигини кўрсатишга улгурди, кейинги йилларда тадбиркорликни ривожлантириш соҳасидаги натижалар ҳам шуни кўрсатмоқда.

Бир йил давомида бажарилган ишлар

Яқинда ўтказилган мулоқотда ўтган йилги мулоқотда белгиланган йўналишлар бўйича бир йил давомида амалга оширилган ишларга баҳо берилди. Хусусан, ўтган йил илгари сурилган таклифлар асосида бизнес субъектлари микро, кичик, ўрта ва йирик тоифаларга ажратилиб, уларнинг ҳар бирига алоҳида ёндашув қўлланила бошлади. Худди шундай, туман ва шаҳарлар ҳам 5 тоифага бўлиниб, 60 туманда алоҳида солиқ, кредит ва молиявий режимлар жорий этилди, бунинг натижасида ўтган олти ойда ушбу туманлардаги тадбиркорлар қарийб 1 триллион сўмлик имтиёзлардан фойдаланди. Бунинг ҳисобига 20 туманда тадбиркорлар даромадлари ўтган йилга нисбатан 1,5-2 баробаргача ошди.

Қўшилган қиймат солиғини қайтариш муддати қисқартирилди. Бунинг натижасида 2022 йил 1 августдан 2023 йил 1 августга қадар 6 минг корхонага 20 триллион сўм қайтариб берилди, 2 мингдан зиёд экспортчи тадбиркорнинг ҳисобрақамига экспортдан валюта тушумини кутмасдан 7 триллион сўм келиб тушди. Ушбу солиқ ставкасини 12 фоизгача камайтириш ҳисобидан қўшилган қиймат занжири иштирокчилари сони 26 мингга кўпайиб, уларнинг фаолияти “соя”дан чиқди. ҚҚС тўловчилар сони 184 мингга етди. Самарасиз солиқ механизмлари қўлланилиши оқибатида вужудга келган солиқ қарздорлигини ҳисобдан чиқариш натижасида бизнес ихтиёрида 2 триллион сўм қолди.

    Кредитлаш соҳасида айланмадаги товарлар, экспорт шартномалари, аккредитивлар ва келгуси тушумлардан ҳам гаров таъминоти сифатида фойдаланиш тизими яратилди. Ушбу имконият туфайли тадбиркорларга 1 миллиард доллар миқдорида кредит тақдим этилди. Микромолия ташкилотларини очиш тартиби енгиллаштирилгани туфайли мамлакатимизда банклар учун муқобил кредит бозори пайдо бўлди. Сўнгги бир йил давомида бундай ташкилотлар сони 1,5 баробар, улар томонидан ажратилган кредитлар ҳажми эса 3 баробар ошди. Йил давомида нобанк ташкилотлар томонидан 3 триллион сўм кредит маблағлари ажратилди.

Божхона ҳудудида қайта ишлаш тизими соддалаштирилгани туфайли, ушбу божхона режимидан фойдаланувчи тадбиркорлар сони икки баробар ортди, бунинг натижасида йил давомида ушбу имкониятдан фойдаланган ҳолда 455 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниб, 110 миллион долларлик қўшилган қиймат яратилди.

Илгари янги тадбиркорлар учун “кириш қийин бўлган” 119 фаолият тури учун лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди ёки хабардор қилиш шаклига ўтказилди. Шу билан бирга, республика ҳудудида биргина юкларни автомобилда ташиш фаолияти бўйича лицензияларни бекор қилиш ҳисобидан юк ташиш ҳажми 1,5 баробар ошди. 2023 йилнинг олти ойи давомида текширувлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 40 фоизга — 104 мингдан 64 мингтага камайган.

Тадбиркорлар билан аввалги мулоқотдан сўнг, ўтган бир йил давомида кичик тадбиркорлар сони яна 40 мингга кўпайиб, 490 мингни ташкил этди. Ўрта тадбиркорлар сони эса 2 мингга ошди ва 10 мингга етди. Йирик корхоналар сони йил давомида 400 тага ортиб, 1,5 мингтани ташкил этмоқда.

Тақдим этилаётган имтиёзлардан фойдаланиш натижасида 155 корхонанинг йиллик айланмаси 100 миллион доллардан ошди. Киритилган йиллик хорижий инвестициялар ҳажми илк бор 10 миллиард долларга етди. Бу 2017 йилга нисбатан 3 баробар кўп демакдир. Бизнес билан доимий мулоқот олиб борилаётган сўнгги икки йилда маҳаллий корхоналар томонидан 25 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилиниб, шунингдек, аввал импорт қилинган 10 миллиард долларлик маҳсулотни ўзимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Бизнесни қўллабқувватлашнинг белгиланган йўналишлари

Президентимиз Шавкат Мирзиёев  жорий йилда тадбиркорлар билан мулоқот чоғида сўзлаган нутқида келгусида бизнес ва тадбиркорлик ривожини қўллаб-қувватлашнинг бешта асосий йўналишини белгилаб берди.

Таъкидланганидек, кичик бизнесни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Ҳар йили микро бизнесни молиявий қўллаб-қувватлашга 1 миллиард доллардан зиёд маблағ ажратилади. Йил бошида кичик бизнес тоифасига кимлар кириши аниқ белгилаб берилди. Бироқ кичик бизнесни қўллаб-қувватлашнинг манзилли тизими ва бунинг учун зарур шароитларни яратиш ҳали тўлиқ шакллантирилгани йўқ. Шу сабабли, ушбу секторни қўллаб-қувватлаш бўйича яхлит экотизим яратилади.

 “Қишлоқ қурилиш банк” “Бизнесни ривожлантириш банки”га айлантирилиб, унинг ҳузурида ҳар бир ҳудудда жами 14 та кичик бизнес маркази ташкил этилади. Микро бизнесдан кичик бизнесга ўтиш истагида бўлган тадбиркорлар ҳар ойда маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари иштирокида ушбу марказларга бириктирилади. Ҳудудлардаги кичик бизнес марказларида таҳсил олган тадбиркорларга имтиёзли шартларда кредитлар ажратилади. Агар кичик бизнес лойиҳасининг 10 фоизига тадбиркор инвестиция киритса, у ҳолда 45 фоизига “Бизнесни ривожлантириш банки”нинг ўзи, қолган 45 фоизи учун эса давлат кўмагида ресурс йўналтирилади. Тадбиркорларга имтиёзли шартларда 5-7 йил муддатга кредитлар берилади. 1 октябрдан бошлаб ушбу маблағларнинг 150 миллион долларига кредит линиялари очилади.

Ушбу янги тизимни жорий этиш тўғрисида алоҳида қонун қабул қилинади. Шунингдек, марказ билан ҳамкорликда кичик бизнес лойиҳаларини амалга оширишга оид барча жараёнларнинг соддалаштирилган тартиби белгиланади. Янги кичик бизнес лойиҳаси йўлга қўйилиши билан ундан тушган барча солиқлар икки йил ичида “Бизнесни ривожлантириш банки”га айланма маблағлар учун ўтказилади. Яъни банк тадбиркорнинг юқори даражали даромадидан манфаатдор бўладиган тизим яратилмоқда. Умуман олганда, мазкур тизим 150 минг кичик бизнес субъектининг оёққа туришига, 25 мингтасининг ўрта тоифага ўтишига, 250 мингта янги доимий иш ўрни яратилишига хизмат қилади.

Ўрта бизнесни ривожлантириш билан боғлиқ ташаббуслар

Ўрта бизнес иқтисодиётимизнинг муҳим бўғини бўлишига қарамай, унинг жадал ўсиши учун шароитлар ҳали етарли эмас, чунки тижорат кредитлари бўйича кафиллик ёки компенсация фақат Тадбиркорлик жамғармаси томонидан тақдим этилади. Шу боис, кичик бизнесдан ўрта бизнесга ўтиш истагида бўлган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам янгича ёндашувлар йўлга қўйилиб, бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича мавжуд жамғармаларнинг фаолияти ҳам, иш услублари ҳам тубдан ўзгаради

Тадбиркорлик жамғармаси хизматлар ва сервис соҳасидаги, “яшил” ва энергия самарадор лойиҳаларга молиявий ёрдам кўрсатиш учун, Саноатни ривожлантириш жамғармаси эса саноат лойиҳаларига масъул бўлади. Ушбу жамғармалар бюджет маблағлари билан чекланмайди, балки мустақил инвестицияларни жалб қилиш ваколатига эга бўлади. Шу орқали келгуси йилда ўрта бизнес учун қўшимча 1 миллиард доллар маблағ жалб қилинади.

1 сентябрдан бошлаб янги ташкил этилаётган Саноатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан янги лойиҳаларни молиялаштириш учун хорижий валютада 5 фоиз, миллий валютада 10 фоиз ставкада 10 йил муддатга кредитлар ажратилади. Саноат корхоналарига 1 йил муддатгача хорижий валютада 4 фоиз, миллий валютада 10 фоиз ставкада айланма маблағ тақдим этилади. Бунда олиб келинадиган асбоб-ускуна учун 15 фоизлик аванс тўловлари ҳам жамғарма томонидан кредит шаклида берилади.

Айни пайтда саноат ипотекаси тизими ҳам йўлга қўйилиб, тадбиркорларга “тайёр бизнес” шаклида ишлаб чиқариш майдонлари қуриб берилади. Жумладан, ҳар бир вилоятда камида 3 тадан янги саноат зонаси ташкил этилиб, уларда инвестиция мажбуриятлари бажарилгандан сўнг ер майдонларини хусусийлаштиришга рухсат берилади.

Тадбиркорлик жамғармаси хизматлар соҳаси учун масъул бўлади ва унга ўрта бизнес корхоналарига ҳиссадор бўлиб кириш ваколати берилади. Бунинг учун жорий йилда жамғармага қўшимча 25 миллион доллар, келгуси йилда эса яна 100 миллион доллар ажратилади. Шу билан бирга, жамғарма томонидан ўрта бизнес учун хорижий валютадаги кредитларга ҳам кафиллик берилади. Жамғарма туризм, савдо ва сервис соҳаларида “хизматлар ипотекаси” тизимини жорий қилади. Ушбу иккита янги тизим 1 октябрдан тўлақонли ишга туширилади. Келгуси бир йилда ўрта бизнес учун саноат соҳасида 2 мингта, хизматлар бўйича 10 мингта янги лойиҳа молиялаштирилади, бу эса қўшимча 1 миллиард долларлик хизматлар, 5 миллиард долларлик янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш, 350 мингта янги иш ўрни яратиш имконини беради.

Рақобатбардош маҳсулотлар билан янги бозорларга кириш

Ўтган йили “Янги Ўзбекистон — рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастури йўлга қўйилди. Унинг доирасида 100 та етакчи экспортчи корхона танлаб олинди. Жорий йилда мазкур корхоналар экспорти 1,5 баробар ошиши кутилмоқда. Шу билан бирга, халқаро майдондаги вазият ҳисобига логистика харажатлари 3-4 баробар ошиб кетди. Шу боис, уларнинг логистика харажатларини компенсация қилишга қўшимча 100 миллион доллар йўналтирилади. Яна 25 миллион доллар маҳсулотларни хорижда сертификатлаш, халқаро стандартларни жорий этиш ва бу борада мутахассислар тайёрлаш учун ажратилади. Жорий йилда ушбу дастур давом эттирилиб, иштирокчи корхоналар сони 500 тага етказилади ва улар учун дастурдаги барча имтиёзлар сақлаб қолинади.

Экспортни кенгайтириш бўйича яна бир катта имконият — нуфузли хорижий брендларни мамлакатимизга жалб этиш ҳисобланади. Хусусан, йиллик бозори 100 миллиард доллардан ошадиган дунёнинг энг машҳур 50 та бренди ҳамкорликда ишлашга катта қизиқиш билдирмоқда ва маҳаллий корхоналаримизга 3 миллиард долларлик буюртма беришга тайёр

Бу ишлаб чиқаришга халқаро стандартлар, экология ва сертификатлаш талабларини жорий этиш, мутахассисларимизни ўқитиш, ишчилар учун муносиб меҳнат шароитларини яратишга ёрдам беради. Шу муносабат билан машҳур брендларнинг маҳсулотларини олиб кириш ва экспорт қилиш учун қулай божхона режими жорий этилади, йирик брендларни жалб қилган корхоналарга эса 500 миллион сўм миқдорида грант ажратилади.

Юқори даромадли корхоналар лойиҳалари

Бугунги кунга қадар халқаро консультантларни жалб қилган ҳолда электротехника, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, тўқимачилик, чарм-пойабзал, заргарлик, мебелсозлик, полимер, кимё ва озиқ-овқат саноати каби йўналишларда 140 та тайёр лойиҳа ишлаб чиқилди. Уларнинг жами қиймати 10 миллиард долларга тенг бўлиб, 60 минг иш ўрнини яратиш, йилига 5 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда 2,5 миллиард долларлик экспорт қилиш кўзда тутилган. Ушбу лойиҳалар электрон платформага қўйилиб, тадбиркорларга очиқ ва ошкора шартлар асосида таклиф этилмоқда.

    Шу муносабат билан Президентимиз дастурда иштирок этиш истагини билдирган тадбиркорлар билан шартномалар тузишни таклиф қилди. Дастурга кирган корхоналарга Саноатни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 10 йил муддатга паст фоизли кредитлар ажратилади.

Солиқ маъмуриятчилигини соддалаштири

Ўтган етти йилда солиқ соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар, тадбиркорларга берилган имтиёз ва преференциялар туфайли уларнинг ихтиёрида 120 триллион сўмдан зиёд маблағ қолди. Ўтказилган сўровларда 62 фоиз тадбиркорлар солиқ соҳасидаги ислоҳотларни ижобий баҳолаган. Бироқ солиқ маъмуриятчилиги мураккаблигича қолиб, бизнесга аралашиш ва тизимдаги коррупция ҳолатлари сақланиб қолмоқда. Эндиликда солиқ хизмати тубдан ислоҳ қилинади, солиқ маъмуриятчилиги эса соддалаштирилади.

Хусусан, қўшилган қиймат солиғи тўловчиларининг аксарияти солиқларни қайтаришда солиқ узилиши коэффициентини қўллаш, яъни “tax-gap” тизими адолатсиз эканини билдирган. 1 октябрдан бошлаб қўшилган қиймат солиғини қайтаришда бу амалиёт бекор қилинади.

Тадбиркорларнинг очиқ-ошкора рейтинги жорий этилади

Бунда келгуси йилнинг 1 январидан бошлаб рейтинги юқори бўлган корхоналар барча турдаги солиқ текширувларидан озод қилинади, уларга қўшилган қиймат солиғининг ортиқча қисми бир кун ичида қайтариб берилади ҳамда қўшилган қиймат солиғи тўловчиси гувоҳномасини вақтинчалик тўхтатиб туриш амалиёти бекор бўлади.

Тадбиркорларнинг солиқ идоралари билан бўладиган барча низолари маъмурий суд ваколатига ўтказилади. Уларнинг тўғридан-тўғри судга шикоят қилишидаги ҳар қандай чекловлар бекор қилинади. Солиқ бўйича тадбиркорларга нисбатан даъво киритиш муддати ҳозирги 5 йилдан 3 йилга қисқартирилади.

Ҳозирги кунда тадбиркорлар 140 дан ортиқ ҳисобот доирасида 8 мингга яқин кўрсаткичларни 16 идорага топширишга мажбур. Оқибатда 500 минг тадбиркор ҳар йили бу каби турли ҳисоботларни тайёрлаш учун 300 миллиард сўм маблағ сарфламоқда. Шу боис, 2024 йил 1 январдан бошлаб эскирган ҳисоботлар тўхтатилади, барча ҳисоботлар ягона электрон тизим орқали тақдим этилади ва уларнинг қоғоз шакли бекор қилинади.

Хулоса

Ўтган йилги очиқ мулоқот якунларига кўра, бизнесни манзилли қўллаб-қувватлашга ўтиш унинг хусусиятлари ва фаолиятнинг ҳудудий шартларидан келиб чиққан ҳолда белгиланган бўлса, бир йил давомида бу йўналишдаги ишлар натижаси ушбу ёндашувнинг самарадорлигини тўлиқ тасдиқлади.

    Шу билан бирга, жорий йил 18 августда бўлиб ўтган мулоқот чоғида муваффақиятли корхоналарнинг микродан кичик корхонага, кичикдан ўртага, ўртадан (жаҳон бозорида юқори рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи) йирик корхона шаклида ўсишини рағбатлантирадиган бизнесни ривожлантиришнинг ягона кенг қамровли тизимини яратиш каби янада улкан ва истиқболли вазифалар белгиланди. Ҳудудларда бизнеснинг барча турларини қўллаб-қувватлашнинг манзилли ва индивидуал экани энг рақобатбардош корхоналарнинг бундай эволюцияси ва муваффақиятли ривожланиши учун зарурий шарт ҳисобланади.

Бу эса Ўзбекистон иқтисодиёти етарлича юқори ўсиш суръатларини сақлаб туриши учун зарур, бусиз фуқароларнинг турмуш даражасини муносиб даражада оширишни таъминлаб бўлмайди. Шундай экан, Тадбиркорлар кунида 44 тадбиркор орден ва медаллар, 126 нафари эса “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланиши асослидир.

 

Обид Ҳакимов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори



  ...