Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 март куни Янги Тошкент шаҳри қурилишига тамал тоши қўйди.
Шу муносабат билан ўтказилган маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, зиёлилар, ёшлар иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида халқимизни Наврўз айёми ва муқаддас Рамазон ойи кириб келаётгани билан қутлади. Тошкентнинг қадим тарихини ёдга олиб, у бугун ҳам ҳаётнинг барча жабҳасида мамлакатимизда етакчи бўлиб келаётганини таъкидлади.
– Биз аҳоли талабидан келиб чиқиб, охирги йилларда Тошкентда жуда кўп қурилишлар қилдик. Энди унинг ривожланиш истиқболларини ўйлашимиз керак. Халқимиз “маслаҳатли тўй тарқамас” деганидек бугун сизлар билан Тошкентнинг келажагини кенгашиш учун йиғилдик, – деди Шавкат Мирзиёев.
Хусусан, сўнгги 6 йилда Тошкентда фаолият юритаётган корхоналар сони 2 баравар кўпайган. Бизнес муҳити яхшилангани, тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратилгани натижасида 26 миллиард доллар инвестиция киритилган.
Қурилиш жараёнлари ҳам жонланиб, янги-янги уй-жойлар, замонавий корхона ва иншоотлар барпо этилган. Шунингдек, 30 минг ўринли мактаблар, 20 минг ўринли боғчалар, 2 минг ўринли тиббиёт муассасалари, 200 гектар майдонда парклар, 10 дан зиёд йирик спорт мажмуалари қурилган.
Шаҳарда жамоат транспортини ривожлантириш мақсадида 14 та метро бекати ишга туширилиб, кунлик йўловчи қатнови 1 миллиондан ошди. Йил якунигача яна 5 та бекат фойдаланишга топширилади.
Маълумки, бугунги кунда пойтахтимизда яшаётган ва ишлаётган аҳоли сони қарийб 5 миллионни ташкил қилади. Шу боис шаҳарда йилига 20 мингдан зиёд хонадонли кўп қаватли уйлар, 40 дан ортиқ мактаб, боғча, поликлиника қуришга талаб бор.
Президентимиз пойтахт истиқболини белгилашда узоқни ўйлаш кераклигини таъкидлади.
– Пойтахтимизнинг барқарор ривожланишини ўйлаб, камида 15-20 йил олдин режаларимизни аниқ белгилаб олишимиз зарур. Чуқур ўйланган урбанизация сиёсати – турмуш шароити, иқтисодий ривожланишга, одамлар кайфияти ва маданиятига жуда катта таъсир кўрсатади, – деди давлатимиз раҳбари.
Шуларни инобатга олиб, Буюк Британия, Сингапур ва туркиялик мутахассислар билан бирга, Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган Бош режаси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унда аҳоли учун қулай шароитлар яратиш, қурилишларни шаҳар ташқарисида амалга ошириш, атроф-муҳит тозалигини таъминлаш, Тошкентнинг меъморий қиёфасини сақлаб қолиш масалалари кўзда тутилган.
Тошкент вилоятининг чегарадош туманлари ҳисобидан пойтахт ҳудудини босқичма-босқич кенгайтириб, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида Янги Тошкентни қуриш режалаштирилган. Халқ депутатлари ва жамоатчилик вакиллари билан муҳокама қилиниб, 3 хил лойиҳадан энг мақбули танлаб олинган.
Янги Тошкент лойиҳаси доирасида 20 минг гектарда 1 миллион аҳоли яшаши учун қулай шароит яратилади ва шунга мос инфратузилма билан таъминланади. Хусусан, биринчи босқичда 60 минг аҳолига мўлжалланган кўп қаватли уйлар, 30 та мактаб, 20 та болалар боғчаси, кўп тармоқли шифохона ва 5 та оилавий поликлиника барпо этилади. Давлат идоралари, Янги Ўзбекистон университети, Миллий кутубхонанинг янги бинолари, театр, ижод мактаблари, савдо ва сервис марказлари ҳам шу ерда жойлашади.
Яна бир муҳим томони – бу лойиҳани амалга оширишда замонавий урбанизация ёндашувлари асосида “ақлли” технологиялар қўлланилади. Масалан, экологик транспорт тизими ташкил этилади. Метро ва электробуслар уйғунликда ҳаракатланади. “Яшил ва хавфсиз шаҳар” тамойили асосида, пиёдалар ва велосипедчиларнинг эркин ҳаракатланиши учун қулай шароит яратилади.
Шу мақсадда 100 минг автомобиль учун ер ости тураргоҳлари қурилади. Автомобиль қатнови учун 14 та замонавий тунеллар ҳамда Чирчиқ ва Қорасув дарёлари устида 7 та кўприк бунёд этилади. Барча электр, алоқа тармоқлари, газ ва сув қувурлари ер тагидан ўтказилади.
Марказий Осиёда илк бор “уч-генерация” станцияси қурилади. Яъни, бу станция орқали электр ишлаб чиқарилади, бинолар куз-қишда иситилиб, ёзда эса совутилади.
Янги Тошкент лойиҳасида сув тежовчи технологиялар ҳисобига сув сарфи 2 баравар камаяди. Оқова сувлар ҳам замонавий технологиялар асосида қайта ишланиб, суғориш ва техник мақсадлар учун йўналтирилади.
Янги шаҳарда инновацион технологияга асосланган, юқори даромадли 200 мингта иш ўрни яратилади. Бунинг учун янги технопарклар, IT-парк, таълим ва тиббиёт кластерлари ташкил этилади.
Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент пойдеворига капсула қўйиб, унинг қурилишини бошлаб берди.
- Улуғ айём арафасида эзгу ниятлар билан қурилишни бошлаяпмиз. Иншооллоҳ, бу Янги Ўзбекистон тарихида янги саҳифа бўлади, - деди давлатимиз раҳбари.
Бу шаҳар учун, шунингдек, пойтахтимиз учун ҳам қўшимча энергия таъминоти зарур. Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида сўнгги 6 йилда электр энергияси истеъмоли 30 фоизга ошиб, қарийб 8 миллиард киловатт-соатга етган. Бу талаб тобора ортиб бормоқда.
Шу боис Тошкент шаҳри электр таъминоти тизимини тубдан яхшилаш бўйича катта дастур қабул қилинди. Унга кўра, пойтахт эҳтиёжини таъминлаш учун жами қуввати 2 минг 400 мегаваттли 4 та қуёш станцияси барпо этилиши белгиланган. Улардан биринчиси – Қибрай туманида 400 мегаваттли фотоэлектр станциясини қуриш бошланган.
Шунингдек, яна 3 та лойиҳа бўйича Хитойнинг “CEEC-Gezhouba” ҳамда “China Dating Overseas Investment” компаниялари билан келишувга эришилган. Булар – Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида 700 мегаваттли, Оҳангарон туманида 1 минг мегаваттли ҳамда Бўка туманда 300 мегаваттли станциялардир.
Маросимда мазкур 3 та лойиҳага ҳам старт берилди.
Уларга 2 миллиард доллардан зиёд тўғридан-тўғри инвестиция киритилади. Йил якунигача улар бўйича дастлабки 300 мегаватт қувватлар ишга туширилади. Бу станциялар тўлиқ қувватга чиққандан кейин йилига 6 миллиард киловатт-соат электр ишлаб чиқаради ва пойтахт эҳтиёжининг ярмидан кўпини қоплайди.
Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида юқори кучланишли тармоқлар қурилиб, эскирган трансформатор ва электр тармоқлари янгиланиши маълум қилинди.
– Пойтахтимизда амалга ошираётган барча-барча мақсад, режа ва дастурларимиз аҳолимиз учун, унинг бугун кечагидан, эртага бугунгидан яхшироқ яшаши учун, – деди Шавкат Мирзиёев.
Маросимда қайд этилганидек, Янги Тошкент чинакам экологик шаҳар бўлади. “Тошкентнинг яшил белбоғи” лойиҳаси шу ердан бошланади. 420 гектар майдонда “Марказий боғ” барпо этилиб, 200 минг туп дарахт экилади.
Давлатимиз раҳбари жамоатчилик вакиллари билан бирга ушбу боққа кўчатлар ўтқазди. Тадбирда иштирок этган дипломатик корпус вакиллари билан мулоқот қилди.