Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммитидаги нутқи



Муҳтарам Режеп Таййип Эрдоған Жаноби Олийлари!

Ҳурматли давлат ва ҳукумат раҳбарлари!

Сиз, азизларни Туркий давлатлар ташкилотининг фавқулодда саммитида кўриб турганимдан мамнунман. Матонатли турк халқига ва қадрдон биродаримиз Туркия Республикаси Президенти, муҳтарам Режеп Таййип Эрдоған Жаноби Олийларига барча ҳамкасбларим номидан чуқур ҳамдардлик билдираман.

Озарбайжон Республикаси Президенти ҳурматли Илҳом Гейдарович Алиевга бугунги навбатдан ташқари йиғилишимизни ўтказиш ҳақидаги таклифи учун алоҳида миннатдорчилик изҳор этаман.

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Бугунги саммитимиз, ҳозиргина намойиш этилган видеолавҳа энг мушкул дамларда биз бир-биримизга мустаҳкам таянч ва суянч бўлиб келаётганимиз, дўстлик ва бирдамлигимиз нақадар қудратли кучга эга эканининг яққол амалий тасдиғидир.

Дўстларимиз диёрида юз берган, мисли кўрилмаган ҳалокатли зилзила барчамизнинг қалбимизга чексиз қайғу ва изтироб солди. Зеро, бу мудҳиш офат натижасида бизнинг жондан азиз ота-оналаримиз, ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз ва фарзандларимиз қурбон бўлди ва жабрланди. Бу йўқотишнинг ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди.

Таъкидлаш жоизки, биродар халқларимиз минг йиллар давомида турли мураккаб вазият ва муаммоларни ўзаро аҳиллик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик билан мардона енгиб ўтганлар.

Ўзбекистон халқи дўстларимиз бошига тушган оғир кунларда “Туркия, биз сен билан биргамиз!” дея бир тану бир жон бўлиб, турк биродарларимизга ёрдамга шошилди.

Биз мудҳиш фожиада қурбон бўлган ўн минглаб бегуноҳ кишилар хотирасини ҳеч қачон унутмаймиз.

Ижозатингиз билан, ҳаётдан бевақт кўз юмган барча инсонларнинг порлоқ хотирасига алоҳида ҳурмат бажо келтириш мақсадида ҳар йили 6 февраль санасини Туркий давлатлар ташкилоти доирасида Қурбонларни хотирлаш ва бирдамлик куни деб эълон қилишни таклиф этаман.

Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!

Туркияда бугун муҳтарам Президент Режеп Таййип Эрдоған бошчилигида олиб борилаётган тезкор чора-тадбирларни, жумладан, аҳоли учун юз минглаб янги уй-жойлар қуриш ва инфратузилмани тиклаш бўйича ғоят муҳим режа ва дастурларни алоҳида эътироф этишни истардим.

Зудлик билан амалга оширилган аниқ ва самарали тадбирлар туфайли кўплаб одамларнинг ҳаёти ва соғлиғи сақлаб қолинди, катта миқдордаги маблағлар жамланиб, кенг кўламли қайта тиклаш ишлари бошланди. Бир сўз билан айтганда, ҳозирги синовли даврда қардош турк халқи ўзининг беқиёс жасорати ва мардлиги, метин иродаси ва юксак сафарбарлик руҳи билан Туркия етакчиси атрофида жипслашмоқда.

Барчамиз сизларга мададкор бўлиб, зилзила оқибатида вайрон бўлган шаҳар ва қишлоқларни, ижтимоий ва саноат объектларини тиклаш ва янгиларини барпо этиш ишларига бор кучимизни йўналтиришга тайёрмиз. Жумладан, биз зилзила марказларидан бири бўлган ва қутқарувчиларимиз иш олиб борган Ҳатай вилоятининг Овакент ҳудудидаги бунёдкорлик ишларига муносиб ҳисса қўшиш ниятидамиз.

Биз барпо этмоқчи бўлган кўркам уй-жойлар, замонавий мактаб ва инфратузилма объектлари келгусида том маънода яқин дўстлик ва бирдамлигимизнинг ёрқин тимсолига айланишига аминман.

Бундан ташқари, талафот кўрган ҳудудлардан ёши улуғ инсонлар ва нуронийларнинг юртимизда соғлиғини тиклаши ва дам олишлари, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк аждодларимиз қадамжоларини зиёрат қилишлари учун барча қулай шарт-шароитларни яратиб берамиз. Бу гуруҳларга Ташкилотимиз Оқсоқоллар кенгаши бошчилик қилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Шу билан бирга, биз бу йил ёз мавсумида Ҳатай ёшларини ҳам Ўзбекистонга таклиф этмоқчимиз. Уларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришлари ҳамда қадимий Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларига сафарларини, юртимиздаги ўз тенгдошлари билан қўшма тадбирларни ўтказиш ниятидамиз.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Ташкилотимиз давлатлари жойлашган ҳудудлар ўз географик ва геологик хусусиятларига кўра, табиий офат ва хавф-хатарлар фаол содир бўладиган макон ҳисобланади.

Минг афсуски, сўнгги йилларда глобал иқлим ўзгаришлари бу каби вайронкор ҳодисалар кўлами ва зарарини кескин оширмоқда. Бу йўналишдаги амалий ҳамкорлигимизни кенгайтириш мақсадида қуйидаги аниқ таклифларга эътиборингизни қаратмоқчиман.

Фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш мақсадида Ташкилотимизнинг тизимли ҳамкорлик платформасини ташкил этиш ташаббусини илгари сураман. Бу платформа доирасида аниқ механизмларни жорий этиш ва муҳим чоралар кўришни кечиктириб бўлмайдиган вазифа, деб ҳисоблайман.

Биринчидан, Ташкилотимиз доирасида табиий офатлар ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган кўп томонлама битимни тезроқ ишлаб чиқиш долзарб аҳамиятга эга. Бу борада Туркия томони тақдим этган фуқаролар муҳофазаси бўйича тизим яратиш ҳақидаги ҳужжат лойиҳасини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.

Иккинчидан, фавқулодда вазиятлар бўйича вазирликларимиз ўртасидаги шериклик алоқаларини кескин фаоллаштиришимиз лозим. Уларнинг навбатдаги йиғилишида энг устувор йўналишлар бўйича қўшма ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиш айни муддао бўлар эди.

Асосий диққатни техник хавфсизлик талабларига қатъий эътибор қилиш ва жаҳоннинг энг илғор тажрибасини соҳага татбиқ этиш; аҳолининг доимий хабардорлигини ошириб бориш; қутқарув хизматлари мутахассисларининг малака ва тажрибасини ошириш; қўшма ўқув машқларини ўтказишга қаратишимиз керак.

Учинчидан, бундай кутилмаган ва оғир синовли пайтларда ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни бартараф этишда яқиндан кўмак кўрсатиш механизмларини жорий этиш мақсадга мувофиқдир.

Сўз озиқ-овқат маҳсулотлари ва қурилиш молларини тўсиқсиз етказиб бериш, саноатни тиклашга қаратилган кооперация лойиҳаларини ишга тушириш ҳақида бормоқда. Албатта, бугун расман таъсис этилаётган Туркий инвестиция фондининг илк молиявий ресурсларини ҳам ушбу лойиҳаларга жалб этиш мумкин, деб ҳисоблаймиз.

Яна бир муҳим масала. Илмий ва технологик соҳаларда эришилган ютуқларга қарамасдан, зилзилалар, сел ва сув тошқинлари, ўрмон ёнғинлари, бўронларни олдиндан аниқлаш ва эрта огоҳлантириш ҳамон долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Бу жараёнларни чуқур ўрганиш, соҳага илмий ва технологик янгиликларни кенг жорий этиш катта ижобий самара бериши аниқ. Шулардан келиб чиқиб, Ташкилотимиз доирасида Табиий офатлар мониторинги ва таҳлили марказини тузиш ҳамда уни Тошкентда жойлаштириш бўйича ташаббусимизни маъқуллайсиз, деб ишонаман.

Шунингдек, Туркий давлатлар ташкилотининг ихтисослашган халқаро тузилмалар билан амалий ҳамкорлигини кучайтириш лозим. Хусусан, Табиий офатлар хавфини камайтириш глобал жамғармаси, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Табиий офатларни камайтириш бўйича халқаро стратегияси котибияти, Фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш марказий жамғармаси каби халқаро тузилмалар билан яқин алоқаларни ўрнатиш бўйича Ташкилотимиз котибияти алоҳида шуғулланса, ўйлайманки, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ҳурматли саммит иштирокчилари!

Сўзимнинг якунида яна бир долзарб масалага эътиборингизни қаратмоқчиман.Ташкилотимизнинг қатор давлатлари сиёсий воқеалар, хусусан, муҳим сайловлар арафасида турибди. Ушбу муҳим тадбирлар юқори савияда ва муваффақиятли ўтишини чин дилдан тилаб қоламан.

Жорий йилда Туркия Республикаси ташкил топганининг қутлуғ 100 йиллиги нишонланади.

Ҳеч шубҳасиз, сўнгги йигирма йилда қардошим, муҳтарам Режеп Таййип Эрдоған раҳбарлигида Туркия Жумҳуриятининг халқаро майдондаги обрў ва нуфузи кескин юксалди. Давлатнинг глобал иқтисодиёт ва сиёсатдаги ўрни ва таъсири изчил ортиб бормоқда.

Замонавий ва қудратли Туркиянинг бугунги барча ютуқларида ва эришаётган улкан марраларида ҳурматли Президентнинг мислсиз хизматлари борлигини алоҳида эътироф этамиз. Шу боис, барча қардош халқларимиз номидан турк элига мурожаат этиб, сайловларда муҳтарам Режеп Таййип Эрдоған номзодини тўлиқ қўллаб-қувватлашга чақирамиз.

Бизнинг ана шу умумий истагимиз бугун қабул қилинаётган Анқара декларациясида ўзининг ифодасини топиши айни муддаодир.

Фурсатдан фойдаланиб, сизларни кириб келаётган баҳор ва янгиланиш байрами – Наврўзи олам ҳамда муборак Рамазон ойи билан самимий муборакбод этаман.

Эътиборингиз учун ташаккур.



  ...