Янги Ўзбекистонни барпо қилиш йўлида барча соҳаларда катта-катта марраларни кўзлаб, изчил ислоҳотлар кечмоқда. Бу шунчаки оддий гап ёки муболаға эмас. Қилинаётган ишларнинг самараси ҳар бир манзилда намоён бўлмоқда. Айниқса, ҳокимият вакиллари тобора халққа яқин бўлиб, уларнинг дардига қулоқ тутиб, ўрганишлар олиб бориши натижасида ҳудудлар ободликка, фаровонликка юз тутмоқда.
Ички йўллар, сув, газ, электр энергияси таъминоти яхшиланмоқда. Таълим ва соғлиқни сақлаш тизимлари мутлақо янгича йўналишда фаолият кўрсатмоқда. Албатта, бу ҳаракатларнинг замирида инсон қадрини улуғлашдек эзгу ғоя ётибди. Жумладан, Президентимизнинг асосий талаби ҳам халқнинг яхши яшаши учун шароитлар яратиш, турмуш тарзини янада яхшилаш, асосийси, одамларни рози қилиш.
Бугун бемалол айта олишимиз мумкинки, Қашқадарёда ҳам бу борада кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2022 йилнинг 25 октябрида Президентимиз раислигида Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Унда давлатимиз раҳбари топшириғига асосан вилоятимизда муҳим ўзгаришларни амалга ошириш вазифаси қўйилган эди. Шундан сўнг жорий йил 3 февралда “2023-2025 йилларда Қашқадарё вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Қарорда белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш мақсадида бугун воҳада изчил ҳаракатлар бошлаб юборилган.
Вилоятимизнинг ўзига хос тарихий ўзгаришлар сари одимлашига асос бўлувчи қарор ҳудудимизда тадбиркорликни ривожлантириш учун жуда катта имконият яратиш билан бирга кўп сонли аҳолининг бандлигини таъминлашга хизмат қилади.
Қарорга асосан, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бўш турган давлат активлари, мавжуд табиий ресурслар захиралари, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер тоифасидаги майдонлар ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда инвестиция жалб қилиш ҳисобига қўшилган қиймат занжирини яратиш, янги иш ўринларини ташкил этиш, шу орқали аҳоли даромадлари оширилиши кўзда тутилган.
Мазкур ҳужжатда белгиланган вазифаларнинг босқичма-босқич ижроси таъминланмоқда. Жорий йилда ҳам қатор ишлар бажарилди. Яъни ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, маҳаллаларни ишсизликдан холи ҳудудга айлантиришга жадал киришилди. Фойдаланилмаётган давлат активлари ҳамда мавжуд табиий ресурслар захираларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш орқали ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари ривожлантирилади. Маҳаллалар ихтисослашувини ҳисобга олган ҳолда, саноат, ҳунармандлик, касаначилик, чорвачилик, савдо ва хизмат кўрсатиш йўналишларида микромарказлар ташкил этиш янада жадаллаштирилади. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонлари ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш кўпайтирилади. Шу қаторда вилоят ҳудудидан ўтувчи халқаро автомобиль йўли атрофида йўлбўйи инфратузилмасини ҳамда туризм, таълим ва тиббий хизматлар кўрсатишни ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратиш белгиланган.
Шунингдек, 2023 йил учун асосий мақсадли кўрсаткичлар ҳам қайд этилган бўлиб, жорий йилда вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 59 триллион 32 миллиард сўмга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 24 триллион 12 миллиард сўмга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 31 триллион 456 миллиард сўмга, хизмат кўрсатиш ҳажмини 19 триллион 900 миллиард сўмга, даромадли меҳнат билан банд бўладиган аҳоли сонини 440 минг нафарга, ҳудудий экспорт ҳажмини эса 325,9 миллион АҚШ долларига етказиш белгилаб берилган. Айни пайтда бу борада жиддий чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.
Ғузорда гулчилик
ташкил этилади
Қарор иловаларига кўра, 2023-2025 йилларда Қашқадарё вилоятини комплекс ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси белгиланган. 26 банддан иборат бўлган бу режада Қашқадарё тараққиётига хизмат қиладиган муҳим чора-тадбирлар жамланган бўлиб, уларни амалга ошириш механизмлари, ижро муддати, сарф этиладиган маблағлар ва молиялаштириш манбалари, ижро учун масъуллар кўрсатиб ўтилган.
Албатта, мазкур қарор ижроси натижасида келгусида вилоятимиз тараққиётнинг янги даврига қадам қўяди. Жумладан, шу йилнинг апрель ойида Кўкдала туманидаги 20 гектар ерда ташаббускорлар маблағлари ҳисобидан кластер усулида мебель ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган марказ ташкил этилади. Шу боис, ҳозирданоқ ушбу ер майдонини лотларга тақсимлаган ҳолда, аукцион савдоларга чиқариш, касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларида мебелсозлик бўйича ўқув курслари очиш, шунингдек, хомашё сифатида фойдаланиладиган дарахтлар плантацияларини яратиш, мебель бозори ва зарур омборхоналар очиш ишлари бошлаб юборилди.
Шу билан бирга, жорий йилнинг ўзида ғаллачилик кластерлари маблағлари ҳисобидан буғдойни қайта ишлашга қаратилган 25 та истиқболли инвестиция лойиҳаси рўёбга чиқарилади. Яна бир янги йўналиш сифатида Fyзop туманида 1 гектаргача бўлган майдонда Наманган вилояти тажрибаси асосида гулчилик кластери фаолияти йўлга қўйилади. Ҳозир Қарши шаҳрида барпо этилаётган “Она ва бола” маркази замонавий асбоб-ускуна ва анжомлар билан жиҳозланади.
Асосий йўналишлардан яна бири — вилоятимизда ичимлик сув билан таъминлашга ҳам катта эътибор қаратилган. Масалан, Яккабоғ-Қарши ичимлик сув тармоғи қурилишига Франция Молия вазирлиги ғазначилигидан 120 миллион АҚШ доллари жалб қилинади. Бу эса ичимлик сув таъминотидаги қатор муаммолар бартараф этилишига олиб келади. Мактабгача таълим тизимида ҳам янгиликлар юз бериши кутиляпти. Қамров даражаси паст бўлган ҳудудларда 380 оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотини очиш учун 52 миллиард сўм миқдорида субсидия ажратилади. Умумтаълим мактабларида ҳам янги босқичга қадам ташланади. Вилоятнинг ҳар бир туман ва шаҳарларидан биттадан мактаб танлаб олиниб, уларда 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб Финляндия таълим методикалари жорий этилади.
Шунингдек, тиббиёт соҳасида кадрлар етишмовчилигига барҳам берилишига ҳам ҳаракат қилинмоқда. Янги ўқув йилидан бошлаб Қарши шаҳрида Қарши халқаро тиббиёт университети иш бошлайди.
Қарорда 2023-2025 йилларда тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестициялар иштирокидаги йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш тадбирлари ҳам белгиланган. Унга кўра, Муборак туманидаги “Ntcs extrusion group” қўшма корхонасининг олтингугуртдан минерал ўғитлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга йўналтирилган қарийб 600 миллиард сўмлик эквивалентидаги лойиҳаси учун 0,5 километр автомобиль йўли қурилади ва 1 километр сув қувури тортилади. Қамаши туманида эса хорижий инвесторлар иштирокидаги “Матонат” МЧЖнинг қурилиш қуруқ аралашмаларини ишлаб чиқариш лойиҳаси (қиймати 245 миллиард сўм эквивалентида) учун 4 километр газ қувури ва газ тақсимлаш пункти, 13 километр электр энергияси тармоғи ва битта нимстанция, 2,1 километр сув қувури ётқизилади.
Қўшимча яна шу каби 8 та йирик лойиҳани ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлашга 216 миллиард сўмдан ортиқ маблағ, яъни табиий газ тармоқлари ва қурилмаларига 40,7 миллиард сўм, электр энергияси тармоқлари ва қурилмаларига 160,9 миллиард сўм, йўл объектларига 5,2 миллиард сўм, сув таъминоти тизимларига 9,3 миллиард сўм сарфланади. Бу эса умумий қиймати 2,7 триллион сўмга тенг йирик ишлаб чиқариш қувватларининг барқарор фаолият юритиши учун замин яратади.
21 та микромарказ очилади
Вилоятнинг комплекс ривожланиши кўп жиҳатдан жойларда турли соҳаларда янги иш ўринлари яратилиши ва кичик саноат зоналари фаолияти йўлга қўйилиши билан ҳам боғлиқ. Шу боис, қарорда 2023 йилда саноат, ҳунармандлик, касаначилик, чорвачилик, савдо ва хизмат кўрсатиш йўналишларида микромарказлар ташкил этиладиган маҳаллалар рўйхати, 2023-2024 йилларда ташкил этиладиган кичик саноат зоналари ва уларни муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлаш тадбирларининг манзилли дастурлари ҳам кўрсатилган.
Шу йилнинг сентябрь-декабрь ойларида вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларидаги 21 та маҳаллада юқорида қайд этилган йўналишларда микромарказлар ташкил этилиб, уларга жами 59 та маҳалла бириктирилади. Жумладан, Ғузор туманидаги Обод маҳалласида бўш турган 0,03 гектар ерда шу йилнинг октябрь ойигача микромарказ қурилади ва унга Обод, Чаноқ ва Тинчлик маҳаллалари бириктирилади. Шу тумандаги Пахтазор маҳалласида эса Пахтазор, Амир Темур ва Буюк карвон маҳаллалари аҳли учун 0,04 гектар майдонда микромарказ қурилади. Бу эса ишсизлик даражаси юқори бўлган мазкур манзилларда замонавий ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилишини жадаллаштириб, шу асосда доимий иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли даромадини ошириш имконини беради.
Микромарказлар маҳаллалар ёки уларнинг туташ ҳудудларида бўш турган давлат мулки объектлари негизида ёки қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш ер майдонларида ташкил қилинади. Бунинг учун давлат мулки объектлари ва ер участкалари муайян шартлар асосида тадбиркорларга 5 йил муддатга ижарага берилади. Бу шартлардан бири микромарказда саноат, ҳунармандлик, касаначилик бўйича камида 10 та, чорвачилик бўйича эса камида 3 та иш ўрнини яратиш ва таъминлашдан иборат бўлади.
Ҳужжатда белгиланганидек, 2023-2024 йилларда Деҳқонобод туманидаги Бешбулоқ, Қамаши туманидаги Манғит, Кўкдала туманидаги Олтин дала, Шаҳрисабз туманидаги Шаматон, Нишон туманидаги Нурчи, Қарши туманидаги Янгибоғ ва Кўчкак, Ғузор туманидаги Қоракўл маҳаллаларида ҳам янги кичик саноат зоналари ташкил этилади. Умумий майдони 33,6 гектарга тенг бу махсус ҳудудларнинг ери жами 208 лотга бўлиниб, белгиланган тартибда сотувга чиқарилади. Мазкур кичик саноат зоналари учун 37,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига ичимлик ва оқова сув (17,4 километр, 8 та объект), табиий газ (12,7 километр) ва электр энергияси (29,8 километр ва 8 та объект) тармоқлари барпо этилиб, 9,3 километр автомобиль йўли қурилади ва реконструкция қилинади.
Давлат активларини савдога чиқариш энг муҳим масалалардан бўлиб, қарорга асосан, бу борада бир қатор енгилликлар яратилган. Яъни вилоятда жойлашган давлат активларини сотишнинг алоҳида тартиби ҳам жорий этилиб, эксперимент тариқасида аукцион савдоларда 3 ойдан ортиқ муддатда сотилмасдан турган 72 давлат активи белгиланган қийматнинг 50 фоизига қадар босқичма-босқич камайтирилган ҳолда савдога чиқарилади. Бу эса тадбиркорлар учун катта имкониятдир. Сотиладиган объектлар орасида Ғузор туманидаги 4-автосарой маъмурий биноси (умумий майдони — 2,45 гектар, бинолар майдони — 2 минг 278 квадрат метр), Қарши шаҳридаги Қарши ҳарбий комендатураси биноси (2,38 гектар, 4 минг 588 квадрат метр), Нишон тумани Нуристон қўрғонидаги АЁҚШ (1,24 гектар, 248 квадрат метр) мавжуд. Шу билан бирга, эксперимент тариқасида нархи 50 фоизгача арзонлаштирилган, бироқ бир йилдан ортиқ муддат мобайнида савдода турган 40 та давлат активининг аукцион савдоларда сотилган нархидан қатъи назар, уларнинг харид тўловларини 3 йил муддатда тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашга ҳам рухсат берилгани тизимда янгилик бўлмоқда. Шунингдек, 2025 йил 1 январга қадар олти ой давомида аукцион савдоларда сотилмаган давлат активлари баҳоланган нархининг 50 фоизи миқдорида пасайтирилган нархда савдога қўйилади.
Ҳукумат ва вилоят ҳокимлиги ҳамда бир қатор вазирликлар таклифига биноан, воҳамиз туманларида кичик саноат зоналари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари ва бошқа саноат объектларини барпо этиш мақсадида жами 206 гектар, шундан қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган суғориладиган 32,1 гектар ер қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказилмоқда. Мисол учун, Яккабоғ тумани Пахтакор маҳалласидаги 3,6 гектар суғориладиган, бонитети 56 баллга тенг ер тоифаси келажакда бу жойда савдо комплекси, мотел, ресторан, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, автомобилларни ювиш, авария (эвакуатор) чақирув хизмати, автотураргоҳ ва бошқа объектлар қурилиши муносабати билан ўзгараётган бўлса, туманнинг Совуқбулоқ маҳалласидаги 1,3 гектар ерда (бонитети баҳоланмаган) очиқ осмон остидаги музей, Соҳибқирон Амир Темур давридаги қишлоқнинг этник кўриниши вужудга келади.
“Бир ҳудуд —
бир маҳсулот”
Қарорга биноан, вилоятда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари қисқариб кетишининг олдини олиш мақсадида фойдаланишдан чиқиб кетган жами 5 минг 439 гектар ер майдони 2023 йилда қайта фойдаланишга киритилади. Бунинг учун шу ерларда сув тежовчи технология жорий қилиниб, лазерли текислаш тадбирлари кўрилиши белгиланди. Қайта фойдаланишга киритиладиган ернинг катта қисми (1 минг 620 гектари) Муборак тумани ҳиссасига тўғри келади.
Шу билан бирга, Ўрмон хўжалиги агентлиги ҳамда Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасидан вилоятнинг тегишли туманлари ҳокимликлари захирасига 20 минг гектар ер майдони ўтказилади. Бу ерлар ҳамда фойдаланишдан чиққан 10 минг гектар ер майдонларида 2023-2025 йилларда анор ва бошқа экинлар жойлаштирилади. Биргина Косон туманида жами фойдаланишга киритиладиган ер майдонлари 6 минг 922 гектарни ташкил этади, уларнинг асосий қисмига (4 минг 626 гектари)га анор, қолганига эса бодом (500 гектар), картошка (680 гектар), узум (1000 гектар) ва бошқа экинлар (116 гектар) жойлаштирилади.
Жорий йилда фермер хўжаликлари ва кластерлар фойдаланишидаги пахта ва ғaллaдaн қисқартирилган ҳамда аҳоли пунктларига яқин ва сув таъминоти яхши бўлган 10 минг 530 гектар экин майдони аҳолига очиқ электрон танлов орқали ижарага берилади. Бу майдонларда қишлоқ хўжалиги экинлари “Бир ҳудуд — бир маҳсулот” тамойили асосида маҳаллаларнинг ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда экилади. Қишлоқ хўжалиги кооперативига аъзо бўлган ер эгаларига суғориш воситаларини харид қилиш, уруғликлар ва кўчатлар сотиб олиш учун субсидиялар берилади.
Давлатимиз раҳбари талабига кўра, жорий йил давомида вилоятимизга Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида 1,1 триллион сўм ажратилади.
Қарорнинг қабул қилиниши, шубҳасиз, воҳамизда бунёдкорлик кўлами янада кенгайиб бориши учун ҳам мустаҳкам замин ҳозирлади. Зеро, юқорида келтирилган кўплаб манбалардан ташқари, мазкур ҳужжатга мувофиқ, жорий йил 1 июнга қадар Қарши шаҳри, Қамаши ва Шаҳрисабз туманларида юқори салоҳиятга эга ҳудудларнинг мастер режалари ишлаб чиқилиши якунланиши ва улар асосида бўш ер майдонлари аукцион савдоларга чиқарилиши зарур.
Яқин кунларда эса ҳукуматга Китоб ва Қарши туманларида “Янги Ўзбекистон” массивларини бунёд этиш бўйича таклифлар киритилиши, 1 сентябргача Кўкдала ва Ғузор туманларидаги 10 та кўп қаватли турар жой биносини қуриш ишлари ниҳоясига етказилиши лозим.
Бундан ташқари, қарорда яна бир қатор вазифалар белгиланган бўлиб, бу асосда вилоятимизни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш учун юксак марраларни олдимизга вазифа қилиб қўйганмиз. Демак, яқин йиллар ичида бутунлай ўзгача қиёфадаги янги Қашқадарё бўй кўрсатади. Фаровонлик нафақат шаҳар ва туман марказларига, балки ҳар бир манзилда, ҳатто чекка-чекка ҳудудларда ҳам намоён бўлади. Одамларнинг яшаш тарзида, оиласида, маҳалласида ўзгаришлар рўй беради. Асосийси, аҳолининг розилиги ортади, қадри янада юксалади. Олдимизга қўйган эзгу ғоямиз ҳам, асосан, шундан иборат. Бу йўлда эса давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси ва кўрсатмалари биз учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Муротжон Азимов,
Қашқадарё вилояти ҳокими