Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Ахборот технологиялари соҳасидаги вазифалар муҳокама қилинди



Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 22 февраль куни соҳа ва ҳудудларда рақамлаштириш жараёнини жадаллаштириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Сўнгги уч йилда ахборот технологиялари соҳасига катта эътибор қаратилгани ўз натижасини беряпти. Ўтган йили IT-парк резидентлари 5 триллион сўмлик хизматлар кўрсатган, 140 миллион долларлик хизматларни экспорт қилган.

Мавжуд 715 та давлат хизматидан 370 таси рақамли платформага ўтказилган бўлиб, улардан ўтган йили 12 миллион аҳоли фойдаланган. Рақамлаштириш натижасида 70 дан ортиқ турдаги маълумот ва ҳужжатларни аҳолидан талаб қилиш бекор бўлган.

Лекин, булар ҳали етарли эмас. Соҳа ва ҳудудларда қилиниши лозим бўлган ишлар кўп. Хусусан, вазирликларнинг 5 мингта функциясидан фақат 30 фоизи рақамлашган. Аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган ички ишлар, адлия, стандарт, соғлиқни сақлаш соҳаларида ўнлаб хизматлар электрон шаклга ўтказилмаган.

Ахборот технологиялари соҳасида маҳсулотнинг ҳам, экспортнинг ҳам асосий қисми Тошкент шаҳрига тўғри келаяпти. Қорақалпоғистон, Бухоро, Наманган, Сурхондарё, Навоий ва Тошкент вилоятида IT-парклар ҳалигача қуриб битказилмаган.

Йиғилишда шу каби камчиликлар таҳлил қилиниб, галдаги вазифалар белгиланди.

Мамлакатимизда ахборот технологиялари соҳасидаги хизматлар экспортини келгусида 1 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Бунинг учун камида 100 минг нафар малакали дастурчи, IT-архитектор, оператор ва муҳандислар керак. Ҳудудларда юқори тезликдаги интернет тармоғини кенгайтириш лозим. Хорижий IT-компаниялар кўпайиши учун янада қулай муҳит яратиш зарур. Аҳоли ва тадбиркорлар учун энг зарур бўлган янги электрон хизматларни ишга тушириш жоиз.

Давлатимиз раҳбари бу борадаги имкониятларни кўрсатиб ўтди.

Аввало, Тошкент шаҳрида синовдан ўтган лойиҳалар барча вилоятларда жорий қилиниши белгиланди. Хусусан, пойтахтимизда Рақамли геопортал, Рақамли уй-жой коммунал, Халқ назорати каби тизимлар ишга туширилган эди. Шаҳар ҳокимлигида Рақамли ривожланиш департаменти тузилган эди. Энди ушбу департамент Рақамли технологиялар вазирлигига ўтказилиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида рақамлаштиришга масъул бўлиши қайд этилди.

Барча бизнес жараёнлар ҳамда аҳоли учун энг зарур хизматларни тўлиқ рақамлаштириб, интеграция қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Биргина мисол: олдин мактаб ўқувчиларининг ягона базаси бўлмагани сабабли мактабларда синфлар миқдори турлича бўлган. Ўтган йили сентябрда мактаб, боғча, ФҲДЁ ва ички ишлар органларининг маълумотлари уйғунлаштирилгани натижасида асоссиз очилган 4 мингта синф қисқартирилган ва 350 миллиард сўм бюджет маблағи тежаб қолинган.

Давлатимиз раҳбари бундай ишларни бошқа соҳаларда ҳам амалга ошириш мумкинлигини таъкидлади. Иқтисодиёт ва молия вазирлигига бу мақсадлар учун маблағ ажратиш, шунингдек, рақамлаштириш ҳисобига иқтисод қилинган маблағларнинг ярмини вазирлик ва ҳокимликларнинг ўзида қолдириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Рақамли технологиялар вазирлигига 26 та ахборот тизимини Ягона давлат хизматлари порталига бирлаштириб, ундаги хизматлар сонини 570 тага етказиш вазифаси қўйилди.

– Рақамлаштиришдан мақсад-муддаомиз нима ўзи? Одамларни рози қилиш, инсон қадрини жойига қўйиш, адолатни таъминлаш, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент ёшларни ахборот технологияларига ўқитиш, ишлашига шароит ва маҳсулоти учун бозор яратиш зарурлигини таъкидлади.

Бу борада, 1 апрелдан “Электрон ҳукумат”, “Бизнес учун дастур”, таълим йўналишлари бўйича мукофот жамғармаси 1 миллион доллар бўлган Республика танлови бошланиши эълон қилинди. Шунингдек, ҳудудларда ёшлар яратган 50 та энг яхши дастур Рақамлаштириш жамғармалари ҳисобидан сотиб олинади.

Сўнгги икки йилда юртимизда 215 та IT-таълим марказлари очилган. Бундай муассасаларни ва уларнинг битирувчиларини қўллаб-қувватлаш учун молиявий имтиёзлар берилиши айтилди. Жумладан, экспортчи компанияларга ишга жойлашган ҳар бир мутахассис учун 25 миллион сўмгача, имконияти чекланган ёшларга эса 35 миллион сўмгача субсидия ажратилади. IT-сертификати бор ёшларга компьютер хариди учун имтиёзли кредит уларнинг шахсий пластик картасига ўтказиб берилади.

“Бир миллион дастурчи” лойиҳаси ҳам ўз самарасини берди. Ҳозирда IT-парклар мутахассисларининг кўпчилиги шу дастурни тамомлаган ёшлар ҳисобланади.

Энди ёшларни “Coursera” платформаси орқали ўқитиш ҳам кенгайтирилади. Улар орасидан энг иқтидорлилари танлаб олиниб, алоҳида дастур асосида халқаро IT-бозор учун тайёрланади.

Йиғилишда соҳадаги экспортни кўпайтириш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Жорий йилда бу кўрсаткични 300 миллион долларга етказиш мақсад қилинган.

Давлатимиз раҳбари бунинг учун хорижий буюртмаларни жалб қилишга қўшимча шароитлар яратиш зарурлигини таъкидлади. Шу боис IT-паркда хорижий компаниялар учун Рақамли молия технологиялари маркази ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахборот ва таклифлари эшитилди.



  ...