Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Ўзбекистонда 20-28 февраль кунлари «Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги» ўтказилади



 

Жорий йилнинг 20-28 февраль кунлари мамлакатимизда «Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги» ўтказилади.

15 февраль куни Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссиянинг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон  Президентининг 2023 йил 7 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш масаласи муҳокама қилинди.

Йиғилишда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия аъзолари иштирок этди. Офлайн ва онлайн тарзда ташкил этилган тадбирда, шунингдек, Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Олий суд ва Бош прокуратура, вазирлик ва ташкилотлар, агентлик ва муассасалар раҳбарлари, олий ўқув юртлари ректорлари ҳамда оммавий ахборот воситалари намояндалари қатнашди.

Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия раиси Акмал Саидов Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан иккита муҳим ҳужжат – Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ва уни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланганига эътиборни қаратди. Ушбу ҳужжатлар ижросини ўз вақтида, тўлиқ ва самарали ташкил қилиш зарурлиги таъкидланди.

Кун тартибидаги масала юзасидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Каримов, Ёшлар ишлари агентлиги директорининг ўринбосари Дилноза Каттахонова ва бошқалар сўзга чиқди. Иштирокчилар давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори ижроси доирасида 2023 йил 20-28 февраль кунлари «Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги»ни ўтказиш бўйича Дастур лойиҳаси ҳақида тўхталиб, ҳафталикни юқори савияда ташкил этиш борасида ўз таклифларини билдирдилар.

Йиғилиш якунида «Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги»ни ўтказиш бўйича Дастур тасдиқланди. Дастур 22 та банддан иборат бўлиб, жумладан, брифинг, матбуот анжумани ва давра суҳбатлари, турли танлов ва тақдимотлар, мутахассислар билан учрашувлар, экспертлар мулоқоти ва илмий-амалий конференцияларни ўзида жамлаган.

 Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан марказий ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилади. Тадбирлар мамлакатимизнинг бутун ҳудудида – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарларда бўлиб ўтади.

 

Ўзбекистон Республикаси

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Миллий маркази



  ...