Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Андижон вилояти: янгиланишлар ҳар бир хонадонга кириб бормоқда



Президентимизнинг ҳудудлар иқтисодиёти, одамлар ҳаёт тарзи билан яқиндан танишиш мақсадида Андижон вилоятига амалга оширган навбатдаги ташрифи доирасида аҳоли вакиллари, тадбиркор ва ишчи-хизматчилар билан ўтказган самимий мулоқотлари андижонликларни янги мақсад ва марралар, ташаббуслар сари руҳлантирди, кайфиятини кўтарди.

Бу бежиз эмас. Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кўҳна Андижонда юрт тараққиёти, эл фаровонлиги ва ободлиги йўлида айтишга арзигулик ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, ўтган йил вилоятдаги 473 маҳаллада умумий қиймати 581 миллиард сўмлик 526 лойиҳа амалга оширилди.

Натижада йиллар давомида қаровсиз ва эътибордан четдан қолган ички йўллар асфальтланди, шағал ётқизилди. 70 километрга яқин масофага ичимлик сув тармоғи тортилди. Электр таъминотини яхшилаш мақсадида
100 дан ортиқ янги трансформатор пунктлари қурилди. “Темир дафтар”даги эҳтиёжманд оилалар хонадонига қуввати 5900 литр бўлган қуёш сув иситиш қурилмаси ҳамда 37 тасига 55 кВт.ли қуёш панеллари ўрнатилди. 212 нафар эҳтиёжманд фуқарога 1,6 миллиард сўмлик субсидия асосида асбоб-ускуна етказиб берилди.

Қишлоққа саноатни олиб кириш, нафақат хомашё, балки тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, қўшилган қиймат занжирини яратиш, сифатини яхшилаш, экспорт салоҳиятини ошириш борасида амалга оширилган инвестициявий лойиҳалар кўлами кундан-кунга кенгайиб бормоқда. Одамларнинг кайфияти юқори, иштиёқи баланд.

Бўстоннинг номи оламга достон

Янги Ўзбекистон тараққиётида ўзига хос ўринга эга бўлиб бораётган Бўстон туманида янги ташаббуслар қулоч ёймоқда. Бундан беш-олти йил аввал ушбу туман ҳақида сўз борса, асосан, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги амалий ишлари эътироф этиларди. Сабаби, кўҳна Андижоннинг ғарбий қисми, Марказий Фарғона ерларида жойлашган туманга яқин йилларгача фақат хом­ашё етказиб берувчи ҳудуд сифатида қаралган. Айтишга арзигулик саноат корхоналари, тадбиркорлик субъектлари йўқ эди ҳисоби. Манфаатдорлик ҳам шунга яраша, ишсизлик юқори бўлган. Бугун бу ердаги ҳолат, манзара тубдан ўзгарди.

Етмиш беш мингдан ортиқ аҳоли яшаётган Бўстон тумани вилоятда саноатлашган ҳудуд сифатида эътироф этилаётир. Хусусан, 2022 йилнинг ўзида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишларида 550 та кичик бизнес ва тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. Ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида умумий қиймати 202,6 миллиард сўмлик 35 лойиҳа ишга туширилди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида бўш турган ер майдонларини узоқ муддатга ижарага бериш тизими йўлга қўйилди. Аҳолини касб-ҳунарга ўргатишга алоҳида эътибор қаратилиши ҳисобига 23 мингдан ортиқ фуқаро бандлиги таъминланди.

Туман иқтисодий қудратининг юксалишида яқинда ишга туширилган ­“Сайёра фаввораси” МЧЖ тўқимачилик корхонасининг ўрни катта. Корхона энг замонавий ишлаб чиқариш ускуналари билан жиҳозланди. Бу ерда “Elegance SM” бренди остида эркаклар, аёллар ва болалар учун йилига 50 турдан ортиқ 1 миллион 200 минг дона трикотаж маҳсулоти ишлаб чиқарилмоқда. Мингга яқин аҳоли бандлигини таъминлаган корхонада тайёрланаётган маҳсулотнинг асосий қисми экспорт қилинмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ишлаб чиқариш йўналишида йиллик экспорт ҳажми 4 миллион АҚШ долларидан ошади.

— Чекка қишлоқда замонавий корхона қурилгани оиламизга фаровонлик, тўкинлик ва файзу барака олиб келди, — дейди корхона ишчиси Гулбаҳор Ҳожиматова. — Президентимизга раҳмат. Тикувчилик йўналишида касб-ҳунарга эга бўлсам-да, ишлашим учун имконият йўқ эди. Янги корхона бу борада бизга йўл очди. Кенг ва ёруғ хоналарда замонавий андазаларга мос маҳсулот яратаётганимиздан фахрланамиз. Уч миллион сўмдан ортиқ маош оламан. Меҳнат стажи, бепул иссиқ овқат, ишга бориб-келиш учун транспорт хизматлари йўлга қўйилган. Давлатимиз раҳбари корхонамиз фаолияти билан танишиб, бу каби замонавий ишлаб чиқариш корхоналарини янада ­кўпайтириш ҳақида айтган таклифлари мен каби кўплаб хотин-қизлар ва ёшлар кўнглини кўтарди, янги мақсадларга даъват этди.

Корхонада ишлаш истагида бўлган ёшларнинг касбий малакасини ошириш, ҳунар ўргатишга алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда ўқув маркази ташкил этилди. Жараённинг дастлабки босқичида 200 нафардан ортиқ эҳтиёжманд хотин-қиз касбга ўқитилиб, ишга қабул қилинди.

— Президентимизнинг ­оддий одамлар билан қилган самимий ­мулоқотлари бизни янада руҳлантирди, кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшди, — дейди туман ҳокими Санобар Расулова. — Ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлашда ҳали ишга солинмаган имкониятларимиз кўп. Жорий йилда 24 минг 353 нафар ишсиз фуқаро бандлигини таъминлашни режалаштиряпмиз. Бу ўтган йилга нисбатан 1500 тага кўп. Айниқса, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хизмат кўрсатиш, инвестиция дастурларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, туризм ва маданият соҳаларида янги ташаббус ва лойиҳаларни ишга туширишга алоҳида ­эътибор қаратяпмиз.

Оддийликдан мураккабликка

Тадбиркорларга эркинлик бериш, уларни қўллаб-қувватлашга бўлган ­эътибор кундан-кунга ортиб бормоқда. Натижада бозор талабларига мос бўлган лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда, янги қувватлар ишга туширилиб, аҳоли бандлиги таъминланмоқда.

“Elegant shoes and“ пойабзал ишлаб чиқариш корхонаси Шаҳрихон туманида ўзига хослиги билан ажралиб туради. Андижон — Шаҳрихон катта автомобиль йўли бўйида қад кўтарган ушбу 4 қаватли мажмуада 60 турдаги пойабзал ишлаб чиқариляпти.

— Давлатимиз раҳбарининг биз ишлаётган цехга келиб, самимий суҳбатлашгани қалбимизни фахр-ифтихорга тўлдирди, — дейди оддий ишчи Раҳимахон Шералиева. — Президентимиз корхонада яратиб берилган шароитлар, оилавий аҳволимиз, одамлар даромадини ошириш, хотин-қизларнинг касб, билим ва малака эгаллашига эътибор бериш, она рози бўлса, оила, жамият ҳам рози бўлиши хусусида айтган пурмаъно сўзлари ҳали-ҳануз қулоқларим остида жаранглаб турибди. Бугунимиз, эртанги фаровон кунимиз учун қанчалик қайғураётганини чин дилдан ҳис қилдик, севиндик. Авваллари бундай замонавий корхоналар чекка жойларда ишга туширилишини хаёлимизга ҳам келтира олмас эдик.

Тармоқ кўргазма залидан ўрин олган бежирим ва сифатли маҳсулотлар ҳар қандай киши эътиборини тортади. Улар юқори сифати ва бежирим кўриниши билан харидорларга манзур бўлмоқда. Бу ерда йилига 2 миллион жуфт пойабзал ишлаб чиқарилади, 1000 дан ортиқ хотин-қиз ва ёшлар иш билан таъминланади.

— Ўтган йили 970 минг долларлик маҳсулот экспорт қилдик. Жорий йилда бу борадаги кўрсаткич салмоғи 4 ҳисса ортади, — дейди тадбиркор Ёдгоржон Ҳакимов. — Бу сўнгги чегара эмас. ­Президентимизнинг фаолият кўламимизни янада ривожлантириш истиқболлари, хусусан, уйда ўтирган аёлларни касаначилик асосида ишга жалб этиш, хомашёларни маҳаллийлаштириш орқали корхоналарни ривожлантиришга кўмак бериб, кластерга айлантириш борасида билдирган фикрлари соҳа ривожида катта имконият эшикларини очади. Айни кунларда Европа бозорлари талабларига мос бўлган маҳсулот турларини яратиш борасида иш олиб боряпмиз.

“Оиламиз ҳаётидаги энг қувончли кун”

Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари яқин ва чекка қишлоқларда умргузаронлик қилаётган одамлар ҳаётини ўзгартирди. Эндиликда ободлик ва бунёдкорлик билан боғлиқ ишлар ҳар бир маҳалла ва қишлоқларда кенг қулоч ёймоқда.

Кўҳна Андижоннинг шимоли-шарқидаги “Садда таги” маҳалла фуқаролар йиғини бугун кўпнинг эътибори ва эътирофида. Сабаби, бу ерда аҳоли кундалик ҳаёт тарзи учун муҳим бўлган шарт-шароитлар яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ташаббусларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар кўпга ибрат.

Президентимиз 3 минг 600 нафардан ортиқ аҳоли яшаётган кўҳна маҳалла ҳаёти билан танишди. Содда ва дилкаш кишилар билан ҳамсуҳбат бўлди. Маҳаллада ҳар бир оила ердан унумли фойдаланиш ҳадисини олган. Бундан ташқари, паррандачилик, узумчилик ва иссиқхоналар ташкил этиб, мўмай даромад олишда ўзига хос тажрибалари бор. Маҳаллада бўлган киши текис ва равон йўллар, сифатли сув таъминоти, саранжом-саришта хонадонларни кўриб, баҳри дили очилади.

Президент Шавкат Мирзиёев меҳмон бўлган Диёр Мамадалиев хонадонини топиш қийин кечмади.

Андижонликларга хос самимият билан бизни ичкарига таклиф қилишди. Саранжом-саришта, тартиб билан экилган дов-дарахтлар, қиш қаҳридан ҳимоялаш мақсадида плёнка остига олинган турфа гуллар мўъжаз хонадонга ўзгача тароват бағишлайди.

Андижонда аҳоли зич яшайди, уй-жойга бўлган талаб ҳам катта. Диёр Мамадалиев хонадонида ҳам беш оила аҳил-иноқликда умргузаронлик қилиб келмоқда. Хонадонда тажриба тариқасида барча қулайликларга эга,  камхарж, иссиқ-совуқ ва ёнғинга чидамли, енгил конструкцияли уй қурилди. Бири 150 квадрат метр, бошқаси 108 квадрат метр бўлган ушбу арзон уйлар кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда.

— Президентимизнинг биз билан қурган самимий мулоқотидан илҳомландик, — дейди Д.Мамадалиев. — Кенг ва шинам замонавий уйларимиз билан танишди, муборакбод этди. Бундай тажрибаларни оммалаштириш, аҳолининг уй-жойга бўлган танловини янада кенгайтириш, эҳтиёжмандлар учун мана шундай қулай ва арзон уйлар кераклигини таъкидлади. Зарур жиҳозларни маҳаллий шароитда ишлаб чиқаришни ташкил қилиш борасида фикрлар билдирди. Авваллари бундай замонавий уйларни қуришни хаёлимизга ҳам келтира олмасдик. Битта уй қуриш учун йиллаб вақт ва катта маблағ сарфлаганмиз. Энди бутунлай бошқача. Ҳаракат қилсак, ҳамма нарсага эришиш мумкин эканини кўриб турибмиз. Ташаббусимизни қўллаб-қувватлаб, руҳлантирган ­Президентимизга чексиз миннатдорлик билдирамиз.

Хонадон томорқасида 2 сотих иссиқхона ташкил этилган. Айни кунда турли зиравор экинлар парваришланмоқда. Яқин кунларда эртапишар бодринг кўчатлари экилади. Бундан ташқари, турли доривор гиёҳлар ва манзарали гул кўчатлари етиштириш йўлга қўйилган.

— Президентимиз ташаббуси билан маҳалламизга яқин ҳудудда қурилаётган “Янги Андижон” шаҳрида ишга туширилган “Best impeks” корхонасида ишлайман, — дейди хонадон бекаси Зиёдахон Мамадалиева. — Янги уйда ҳамма нарса мужассам. Айниқса, аёл киши учун қиш-қировли кунларда қулай шароитларда яшаш, уй юмушларини бажариш, мазали таомлар тайёрлашнинг гашти ўзгача. Давлатимиз раҳбарига янги уйда яратилган шароит ва имкониятлар ҳақида гапириб бердим. Мени қўллаб-қувватлади. Ҳамма мендан суҳбат ҳақида сўради. Оддий ва самимий руҳда ўтган мулоқот тафсилотларини айтиб чарчамайман, аксинча, куч-қувват оламан. Ахир бу кун оиламиз ҳаётида энг қувончли ва эсда қоларли лаҳзаларга бой бўлди.

Бу ерда яшашнинг завқи бошқача

Президентимиз ташаббуси билан бошланган “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойил ҳар жабҳада бўй кўрсатмоқда. Халқ фаровонлиги, юрт ободлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар оилалар ва маҳаллалар ҳаёт тарзини ўзгартириш имконини берди.

Президентимиз 2021 йил 17 июнь куни Андижон туманида адирликда “Янги Андижон” шаҳри қурилишига тамал тоши қўйган эди. Ўтган қисқа вақт давомида йилларга татигулик бунёдкорлик ва ободонлик ишлари амалга  оширилди. Кўз ўнгимизда ­дунёнинг мегаполис шаҳарлари билан бўйлашаётган “Янги Андижон” ўзига хос тимсоллар асосида яратилмоқда. Кўп қаватли уйлар, мактаб ва боғчалар, ишлаб чиқариш корхоналари қурилиши жадаллик билан олиб бориляпти. Бундай роҳатбахш манзаралар кўнгилда ғурур ва ифтихор туйғуларини жўш урдиради. Баланд-пастликлардан иборат адирлик бағрида барпо этилаётган файзли ва обод кўчалар, баланд иморатлар яратувчиликнинг ёрқин тимсоли.

Давлатимиз раҳбари бу ерда қайта тикланувчи манбаларни оммалаштириш, тежамкор технологиялардан фойдаланган ҳолда, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида олдинда турган вазифалар кўламига эътибор қаратди. Бу ерда қурилаётган ҳар бир уй энергиятежамкор технологиялар билан жиҳозланиб, том қисмига қуёш панеллари ўрнатилмоқда.

— Улкан иншоот қурилишида иштирок этаётганимиздан фахрланамиз, — дейди “Зиё-2002” МЧЖ иш бошқарувчиси Исроилжон Комилов. — Шу кунга қадар битта 7 қаватли энергиятежамкор уйни қуриб битказдик. Хонадонларни иссиқ сув билан таъминлаш учун қуёш панелларидан фойдаландик. Бундан ташқари, биноларнинг ташқи томони базальт билан қопланди. Бу қурилиш ашёси хоналарни қишда совуқдан, ёзда иссиқдан ­ҳимоялайди. Шунингдек, кириш йўлакларига ҳам тежамкор электр манбалари ўрнатилаётгани энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, беҳуда исрофгарчиликларга йўл қўймаслик имконини беради.

Янги шаҳар қурилиши ўзига хос меъморий ечимга эга лойиҳалар асосида қад кўтараётгани билан эътиборни тортади. Шаҳар қурилиши 8 босқичда амалга оширилиб, яқин келажакда 500 мингга яқин аҳоли учун турар жойлар қад ростламоқда. Умумий 2000 гектар майдонда уй-жой, ижтимоий соҳа объектлари, саноат ва хизмат кўрсатиш иншоотлари қурилади. Ҳозирга қадар оқова сувларни тозалаш иншооти, умумий сиғими 4000 куб бўлган ичимлик сув тармоғи, 35 киловаттли кичик электр станция, табиий газ тақсимлаш, насос станциялари, иссиқлик қозонхоналари, ирригация тармоқлари бунёд этиш билан боғлиқ амалий ишлар поёнига етмоқда.

— Шу ўринда эътиборга молик бир рақамни келтириб ўтмоқчиман, — дейди Андижон вилояти қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Рустамжон Ҳожиматов. — Вилоятимизда 2016 йилга қадар кўп қаватли 4 та уй қурилган, холос. 2017 йилдан 2021 йилга қадар эса 475 та 16 минг 27 хонадонли кўп қаватли уй-жой қурилди. Сўнгги уч йилда қурилиш ташкилотлари томонидан моддий-техник базасини ривожлантиришга эътибор ошди. Натижада 7-16 қаватли уй-жойлар қурилиши ортиб бормоқда. Бу эса аҳоли зич яшайдиган Андижон шароитида мавжуд ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш имконини бермоқда.

Бу айтишга осон. Лекин унинг замирида меҳнат ва изланиш, яратувчанлик йўлида берилган имтиёз ва имкониятлар мужассам эканини илғаб олиш қийин эмас. Ҳозирга қадар юзлаб хонадонлар учун бошланғич тўловларни амалга оширган уй соҳиблари замонавий хонадонларга кўчиб келиш тараддудида турибди.

Бугунга қадар қурилиши бошланган 1962 хонадондан иборат 74 уй-жойнинг 34 таси битказилди, 521 хонадонли 18 уй-жой фойдаланишга топширилди.

— Қурилиш бошланганидан буён “Андбинотранс” корхонасида ишлайман, — дейди Андижон шаҳар Гумбаз маҳалласида яшовчи Муҳаммаджон Отажонов. — Уйлар пишиқ ва ҳар жиҳатдан қулай лойиҳалар асосида қурил­япти. Яратилган шароит ва имкониятларни кўриб, тўнғич фарзандим учун уч хонали уй олишни кўзлаб турибмиз. Янги уй оиламиз ҳаётида янги имкониятларга бошпана бўлишига ишонаман.

Лойиҳанинг биринчи босқичида 3 минг 310 хонадондан иборат бўлган 170 кўп қаватли уй-жой қурилади. Шаҳар меъморчилигининг ўзига хос жиҳатларидан бири — барча кўп қаватли уйлар ҳовлисида яшил ҳудудлар барпо этиш учун алоҳида жойлар ажратилган. Турар жой бинолари квартал шаклида жойлаштирилгани кўчаларни кенг ва равон қилади, транспорт ҳаракати ва тўхтаб туришида ўзига хос қулайликлар яратади. Бундан ташқари, дастлабки босқичда 1680 ўринли мактаб, 420 ўринли мактабгача таълим ташкилоти, 250 қатновга мўлжалланган поликлиника қурилишлари поёнига етди. Турар жойларнинг яна бир жиҳати, барча муҳандислик-коммуникация тармоқлари ер ости коллектори ичида жойлашган бўлиб, ҳудудни узлуксиз ва хавфсиз коммунал хизматлар билан таъминлаш имконини беради.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг Андижон вилоятига ташрифи одамлар кўнглига меҳр, кўтаринкилик ва улуғворлик олиб кирди. Унутилмас учрашувлар, самимий суҳбатлар ният ва муддаоларни бир мақсад сари бирлаштирди.



  ...