Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Ўтган йилги лойиҳа - бугун замонавий корхона



Президент Шавкат Мирзиёев бугун Фарғона вилоятида бўлиб турибди.

Давлатимиз раҳбари 2022 йил май ойида вилоятга ташрифи чоғида “Global textile infinity” кластерининг ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишган эди. Ўшандаги кўрсатмалар асосида лойиҳа жадаллаштирилиб, декабрда ишга туширилди.

Бу галги ташрифда Қўштепа туманидаги мазкур тўқимачилик корхонаси кўздан кечирилди.

Бу ерда пахта етиштириш ва уни қайта ишлашнинг тўлиқ жараёни йўлга қўйилган. 132 миллион евро эвазига катта фабрика ташкил этилиб, Швейцариянинг “Rieter machine works” ускуналари ўрнатилган.

Корхона йилига 18 миллион метр аралаш мато ҳамда 10 миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Европа давлатлари ва Хитойга 85 миллион евролик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган. Бунинг учун корхонада сифат лабораторияси ташкил этилган.

Президент тайёр маҳсулотлар турини кўпайтириш, таниқли брендлар билан ҳамкорлик ўрнатиш зарурлигини таъкидлади.

Яна бир муҳим жиҳати, ишлаб чиқаришда энергия тежамкор технологиялар қўлланмоқда. Иншоотнинг том қисмига қуёш панеллари ўрнатилмоқда. Буларнинг натижасида қарийб 23 фоизгача энергия самарадорлигига эришиш мумкин.

Ҳозирги биринчи босқичда фабрикада 1 минг 500 нафар киши ишламоқда. Жорий йил мартда фабрикада тўқима мато ишлаб чиқариш бошланади. Шунингдек, Учкўприк туманида ип-калава ва мато тайёрлаш ҳамда пахтани қайта ишлаш корхоналари ташкил этилмоқда. Шунда кластердаги жами иш ўрни қарийб 5 мингтага етади.

Бу ерда ўқув ва касаначилик маркази ҳам очилган. Унда корхона учун зарур 4 та йўналишда мутахассислар тайёрланмоқда.

Ушбу кластер мажмуасида водий вилоятларида пахта-тўқимачилик саноатини ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилди.

Ўтган олти йилда бу вилоятларда 35 та кластер ташкил этилиб, 670 миллион долларлик 150 дан ортиқ йирик лойиҳа ишга туширилган.

Маълумки, шу йил 26 январда пахтачилик кластерлари фаолиятини янада қўллаб-қувватлашга оид Президент қарори қабул қилинди. Унга кўра, кластерлар пахта етиштиришга ўғит, уруғ, ёқилғи учун имтиёзли кредитларни исталган вақтда олиш имконига эга бўлди. Уларга ғўза навларини мустақил жойлаштириш, четдан ҳосилдор навларни селекция учун олиб келишга рухсат берилди.

Шунингдек, лазерли текислагичларни сотиб олишда улар қийматининг 30 фоизи бюджетдан қоплаб берилади. Ишлаб чиқаришни илм билан боғлаш мақсадида ҳар бир кластерга пахтачилик илмий ташкилотлари ва агрохизмат марказлари бириктирилади.

Йиғилишда мазкур чора-тадбирларнинг амалий жиҳатларига тўхталиб ўтилди.

Пахта ҳосилдорлигини ошириш, ип-калавани чуқур қайта ишлаб, тайёр маҳсулотларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди. Водий вилоятларида тўқимачилик маҳсулотлари экспортини жорий йилда 2,5 миллиард долларга етказиш имконияти борлиги таъкидланди.

Иқтисодиёт тармоқларидаги бугунги тендецияга ҳамоҳанг, кластерлар ҳам энергия истеъмолининг бир қисмини муқобил манбаларга ўтказиши зарурлиги қайд этилди.



  ...