Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Энергия таъминотини яхшилаш масалалари кўриб чиқилди



Президент Шавкат Мирзиёев 19 январь куни энергия таъминотини яхшилаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди ҳамда гидроэнергетика тармоғидаги режалар тақдимоти билан танишди.

Мамлакатимизда энергетика тизимини ривожлантиришда барча манбалардан фойдаланилмоқда. Мавжуд қувватларни мустаҳкамлаш билан бирга қуёш, шамол ва гидро электр иншоотлари барпо этилмоқда.

Хусусан, сўнгги йилларда гидроэнергетика йўналишида 500 миллион долларлик 27 та лойиҳа амалга оширилиб, қўшимча 260 мегаваттли қувватлар яратилди. “Ўзбекгидроэнерго” тизимидаги станцияларнинг умумий қуввати 2 минг мегаваттдан ошди. Бу – йилига 2 миллиард куб метр табиий газ тежалмоқда, дегани.

Жорий йилда 197 мегаваттли 7 та лойиҳа ва 10 та микро гидроэлектр станция ишга туширилиши режалаштирилган. Яна 438 мегаваттли 8 та истиқболли лойиҳа ва 50 та микро ГЭС қуриш бўйича ишлар бошланади.

Давлатимиз раҳбари гидроэнергетикада салоҳият юқорилигини таъкидлаб, қувватларни кескин ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Бу борада микро гидроэлектр станциялар қуриш мумкин бўлган 250 та майдон аниқланган. Ҳисоб-китобларга кўра, келгусида бу иншоотларда йилига 675 миллион киловатт-соат электр энергиясини ишлаб чиқариб, 200 миллион куб метр газни тежаш мумкин.

Микро ГЭСлардан электр энергиясини юқори нархларда сотиб олиш йўлга қўйилгач, соҳага тадбиркорлар қизиқиши ортди.

Гидроэнергетика иншоотлари атрофидаги бўш майдонларда шамол ва қуёшга мослашган гибрид станциялар қуриш бўйича топшириқ берилди. У ерларда тайёр инфратузилма борлиги ҳисобига харажатлар кам бўлади.

Давлатимиз раҳбари соҳада маҳаллийлаштириш масаласига ҳам тўхталди. “Сувсаноатмаш” акциядорлик жамиятида микро ГЭС ускуналари, Тошкент вилоятида гидроагрегатлар ишлаб чиқариш бўйича топшириқ берилди.

Сув омборларини бошқаришни рақамлаштириш, кадрлар малакасини ошириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Йиғилишда аҳолини энергия билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Президентимиз мавжуд барча захираларни ишга солиш, янги ва истиқболдаги лойиҳаларни муддатидан кечиктирмаган ҳолда амалга ошириш зарурлигини таъкидлади. 

Энергия танқислиги шароитида кунлик ишлаб чиқаришни кўпайтириш, ресурсларни адолатли ва самарали тақсимлаб, жойларга изчил етказиб бериш, узилишларни тезкор бартараф этиш вазифалари белгиланди.



  ...