Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 20 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатнома йўллади, унда давлат раҳбари тугаб бораётган йил якунларини сарҳисоб қилди ҳамда 2023 йилда олиб бориладиган сиёсатнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.
Президент 2023 йилни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йили деб эълон қилишни таклиф қилди, шунингдек, “Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир”, деб таъкидлаб ўтди.
Иқтисодий соҳада Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулот ҳажми илк бор 80 млрд доллардан ошди, 8 млрд доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар кириб келди, экспорт миқдори эса 19 млрд долларга етди.
2022 йилда мамлакатимиз тарихида илк бор пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдори минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаган даражагача оширилди. Агарда 2017 йилда кам таъминланган 500 минг оила ижтимоий ёрдам олган бўлса, бугунга келиб уларнинг сони 2 млндан ортди. Ажратилаётган маблағлар эса, 7 баробар кўпайтирилиб, йилига 11 трлн сўмга етди.
Жаҳон сиёсати марказларидан бирига айланаётган Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи ҳам тобора ортиб бормоқда. 2022 йилда юртимизда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилоти саммитлари ҳамда ўнлаб юқори даражадаги халқаро анжуманлари ўтказилди.
Мурожаатномада конституциявий ислоҳот масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Бугунги кунга қадар фуқаролардан Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушди, янги Конституциянинг лойиҳаси эса бутунхалқ референдумига олиб чиқилади.
Президент Мурожаатномасида алоҳида йўналишлар бўйича сиёсатнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди.
Давлат бошқарувини ислоҳ қилиш
Ушбу ислоҳот “қўл бошқаруви”дан – аниқ натижага ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтишни кўзда тутади, бу эса давлат бошқаруви тизими сифатини оширади ва уни янада ихчамлаштиради.
Ҳозирги кунда давлат аппаратида кўплаб такрорланувчи функциялар йиғилаб қолган, марказлашув юқори, ортиқча штатлар мавжуд. Шу сабабли янги маъмурий ислоҳотлар тўғрисидаги Фармон имзоланди.
Вазирлик ва муассасалар сони ҳозирги 61 тадан 28 тага камайтирилади. Ҳар бир вазирнинг сиёсий мақоми, Президент, парламент ва жамоатчилик олдидаги масъулияти оширилади. Давлат хизматчилари сони босқичма-босқич 30-35 фоизга қисқаради, иқтисод қилинадиган маблағлар ижтимоий масалаларга йўналтирилади. Масъул соҳа қўмиталари, комиссиялар ва парламент депутатларининг вазир фаолиятини самарали йўлга қўйиш бўйича жамоавий масъулияти белгилаб берилади.
“Ижтимоий давлат” принциплари
Мактаб таълими сифати ҳамда жамиятда ўқитувчи касбининг нуфузини ошириш 2023 йилдаги энг асосий вазифалардан бири бўлади. Президент мактабларида йўлга қўйилиб, 130 та мамлакатда маъқулланган “A-level” таълим дастури ҳам бу йўналишдаги ислоҳотларга кўмак беради.
Мактабгача таълим соҳасида ҳам муҳим вазифалар қўйилган. Агарда сўнгги олти йилда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 27 фоиздан 70 фоизга ошган бўлса, келгуси беш йилда қамровни 80 фоизга етказиш учун яна 600 минг янги боғча ўрни керак.
Олий таълим соҳасида сўнгги йилларда мамлакатдаги олий таълим муассасалари сони 2,5 баробар кўпайиб, 198 тага етди, олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 38 фоизга ошди. Айни кунга қадар 41 та олий таълим муассасалари академик ва молиявий мустақиллик олди. Келаси йилда олийгоҳ талабалари учун имтиёзли таълим кредитларига ресурслар 2 баробар кўпайтирилиб, 1,7 трлн сўм ажратилади. 2023 йилда йили илм-фан ва инновацияларга 1,8 трлн сўм йўналтирилади.
Аҳолига бирламчи тиббий хизматларни янада яқинлаштириш мақсадида 2023 йилда қўшимча 140 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникалари, 520 та олис ва чекка маҳаллада ихчам тиббиёт пунктлари ташкил этилади. Шунингдек, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича уч йиллик катта дастурни амалга ошириш бошланади. Барча туғруқ комплекслари тўлиқ таъмирланади ва жиҳозланади, ўринлар сони 35 фоизга кўпайтирилади. 2023 йилда Самарқанд, Фарғона ва Хоразмда давлат-хусусий шериклик асосида Радиология марказларини ташкил этиш лойиҳаларини бошланади.
Эндиликда барча давлат инвестиция дастурлари маҳалла даражасида шакллантирилади. 2023 йилда аҳоли томонидан таклиф берилган сув, электр энергияси, йўл, мактаб каби йўналишлар бўйича лойиҳалар учун қарийб 3 баробар кўп – 8 трлн сўм йўналтирилади. Маҳаллаларнинг молиявий мустақиллигини ошириш учун 2023 йил 1 январдан бошлаб “Маҳалла бюджети” тизимини жорий этиш доирасида янги мол-мулк ва ер солиқларининг бир қисми маҳалланинг ўзида қолади.
Турар-жой муамоларини ҳал қилиш учун янги уй-жойлар қуриш ҳажми 1,5 баробар оширилади ва 90 минг хонадон ва ҳовлига етказилади.
Сув муаммолари ва қишлоқ хўжалиги
Сувнинг ҳисобини шаффоф юритиш тизими жорий этилади, келгуси уч йилда эса 13 мингга яқин сув хўжалиги объекти рақамлаштирилади. Давлат-хусусий шерикчилик асосида 16 та йирик насос станцияси модернизация қилинади ва муқобил энергияга ўтказилади. Бунинг учун сув солиғи бўйича тушумларнинг бир қисми туманларда ирригация тизимларини ривожлантиришга йўналтирилади. Шунингдек, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ишлар фаоллаштирилади.
Қишлоқ хўжалигида ҳам ислоҳотлар давом эттирилади. Агар олдинроқ 400 минг деҳқонларга 100 минг гектар суғориладиган экин ерлари ажратилган бўлса, 2023 йилда аҳолига яна 100 минг гектар суғориладиган ерлар бўлиб берилади, бунинг ҳисобига қарийб 350 мингта янги деҳқон хўжалиги ташкил этилади ва қишлоқлардаги кўплаб ижтимоий муаммолар ҳал этилади. Шунингдек, давлат томонидан кооперация, қўллаб-қувватланади, кичик ва ўрта қувватли сақлаш корхоналари, саралаш ва қайта ишлаш инфратузилмасини ривожлантирилади. Умуман, 2023 йилда аграр соҳада юқори қўшилган қиймат занжирини яратиш лойиҳаларига 1 млрд доллар ажратилади.
Бозор муносабатларини ривожлантириш ва бизнесни қўллаб-қувватлаш
Келгуси йилда эркин бозор механизмларини жорий қилиш, соғлом рақобат ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ишлари фаол давом эттирилади. Президентимиз таъкидлаганидек, бу масалалар Конституцияда алоҳида ўрин эгаллаши керак.
2023 йилда ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тенгсизликни қисқартириш, барча туман ва шаҳарларни бир маромда ривожлантириш бўйича янги ёндашувлар жорий этилади. Туман ва шаҳарлар ўз салоҳиятидан келиб чиқиб, 5 тоифага ажратилади, туманнинг иқтисодий ривожланиш йўналишлари эса эндиликда унинг тоифасига қараб белгиланади. Тадбиркорлар учун субсидия, кредит ва компенсациялар туман ёки шаҳарнинг аниқ тоифасидан келиб чиқиб ажратилади. Улар учун солиқ ставкалари ҳам ҳар хил бўлади.
1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкасини 15 фоиздан 12 фоизга пасайтириш ҳисобидан тадбиркорлар ихтиёрида йилига камида 14 трлн сўм маблағ қолади. Солиқ ва божхона маъмурчилиги жиддий ислоҳ қилинади, ҳамма давлат идораларида тадбиркорларга хизмат кўрсатиш сифатини баҳолаш тизими жорий қилинади.
Энергетика соҳасидаги муаммолар
Сўнгги олти йилда мамлакатимиз аҳолиси сони 13 фоизга ортиб, саноат корхоналари эса икки бараварга, яъни 45 мингдан 100 мингтага кўпайгани туфайли энергия таъминотида жиддий муаммолар сақланиб қолмоқда. Электр энергиясига талаб камида 35 фоиз ошган бўлиб, йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Иқтисодиётимиз барқарор ривожланиши учун энергетика соҳасига 25-30 млрд доллар инвестиция керак, бу эса соҳага хусусий инвестицияларни жалб қилишни тақозо этади.
Охирги уч йилда энергетика соҳасига 8 млрд долларлик тўғридан-тўғри инвестициялар йўналтирилди. 2022 йилда қуввати 1,5 минг мегаватт бўлган 7 та электр станцияси ишга туширилди. 2023 йилда 4,5 минг МВт қувватга эга 11 та йирик лойиҳа, жумладан, қуёш ва шамол электр станциялари қурилиши якунига етказилади, бу эса қўшимча 14 млрд киловатт электр энергияси ишлаб чиқариш ва хонадонларга электр энергияси узатишни 50 фоизга кўпайтириш имконини беради. Табиий газ захираларини кўпайтириш мақсадида геология-қидирув ишлари бўйича ўн йиллик дастур қабул қилинади.
Келгуси уч йилда барча давлат ташкилотларида қуёш панеллари ва иссиқ сув коллекторлари ўрнатилади. Ушбу мақсадлар учун 2 млрд доллар миқдорида инвестициялар жалб қилинади. Бунинг ҳисобидан электр ва газ истеъмолининг 60 фоизи “яшил энергия”га ўтказилади. Қуёш панелларини ўрнатиш учун аҳоли хонадонларига ажратиладиган субсидиялар ҳажми икки баравар кўпайтирилади.
Инвестициялар жалб қилиш ва экспорт имкониятларини ошириш
Сони ортиб бораётган аҳолининг турмуш даражасини оширишда зарур бўлган иқтисодий ўсишнинг етарлича юқори суръатларини сақлаб қолиш учун иқтисодиётга инвестицияларни фаол жалб қилиш ва экспорт ҳажмини ошириш лозим.
Сўнгги олти йилда Ўзбекистонга инвестициялар оқимини ялпи ички маҳсулотнинг 30 фоизидан юқори даражада оширишга эришилди ва Президентимиз Мурожаатномада таъкидлаганидек, “Биз маҳаллий ва хорижий хусусий инвестицияларни кўпайтириш учун шароитларни янада яхшилаймиз”. Хусусан, 2023 йилда қарийб 30 млрд доллар инвестиция жалб этилади, шундан 25 млрд доллар хусусий инвестициялар бўлиб, уларнинг ҳисобидан 8 млрд долларлик 300 дан зиёд лойиҳа ишга туширилади ва яна 40 та янги йирик лойиҳа бошланади.
Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш орқали Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг рудани қайта ишлаш қуввати ҳозирги 40 млндан 100 млн тоннага ошади. Навоий вилоятидаги Пистали конида қуввати 4 млн тонна бўлган олтин рудасини қайта ишлаш мажмуасининг қурилиши якунланади. Бу келгуси беш йилда мис ишлаб чиқаришни 3 баравар, олтин қазиб олиш ҳажмини эса йилига 150 тоннагача ошириш имконини беради. Шунингдек, кимё, автомобилсозлик ва қишлоқ хўжалиги машинасозлигида ҳам йирик лойиҳалар ишга туширилади.
2023 йилда катта хусусийлаштириш бошланиб, 1000 га яқин корхона савдога чиқарилади. Шу билан бирга, аҳолининг хусусийлаштириш жараёнларида фаол иштирок этиши учун мамлакатимиздаги энг йирик 10 та компания ва тижорат банкларининг акциялари очиқ савдога қўйилади.
Мурожаатномада Президентимиз томонидан белгиланган яна бир вазифа – 2023 йилда тайёр маҳсулот экспортини 4 млрд долларга оширишдан иборат. Давлатимиз раҳбари 2022 йилдан йўлга қўйилган “Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастури туфайли бир йилнинг ўзида 2 мингга яқин тадбиркорлар илк бор ташқи бозорларга чиққанини таъкидлаб ўтди. Дастурда назарда тутилган – экспорт қилувчиларга транспорт ва бошқа харажатларни компенсация қилиш амалиёти 2023 йилда ҳам давом эттирилади.
Бу эса Европа бозорларига текстиль, электр техникаси, чарм-пойабзал ва бошқа тайёр маҳсулотлар экспортини камида икки бараварга ошириш имконини беради. Шу билан бирга, маҳсулотлар экспорти бўйича ҳозирги 9 та босқичдан иборат божхона расмийлаштируви тартиби 3 бараварга қисқартирилади. Умуман, 2023 йилда экспорт ҳажми Ўзбекистон тарихида илк бор 23 млрд доллардан ортади.
Хулоса
Ижтимоий сиёсат иқтисодий ривожланишга боғлиқ, негаки айнан иқтисодиёт ижтимоий мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган бюджет даромадларини яратади. Айнан сўнгги йилларда эришилган иқтисодий муваффақиятлар чинакам “ижтимоий давлат”ни шакллантиришга ўтиш учун бюджетда етарлича маблағ тўплашга имкон берди.
Давлат корхоналарини хусусийлаштириш масалалари ҳам узоқ вақт давомида самарали ҳал этилмади. Бунга, бир томондан, корхоналар хусусийлаштирилган тақдирда уларнинг ривожланиш салоҳиятини чеклайдиган ички бозор сиғимининг етишмаслиги, бошқа томондан эса – етарли бюджет тушумларини таъминлаш мақсадида корхоналарни етарлича юқори нархда сотиб олиш учун ҳам аҳоли, ҳам маҳаллий бизнеснинг шахсий жамғармалари етарли даражада эмаслиги тўсқинлик қилди. Аммо сўнгги беш йилда иқтисодий ривожланиш жараёнида вазият ҳар томонлама ўзгарди, бозорлар сиғими ҳам бизнес ва аҳоли жамғармалари ҳажми каби ошди. Яъни, келгуси йилдан бошланадиган катта хусусийлаштириш ишлари учун барча зарур шароитлар яратилган.
Аҳоли сони ва иқтисодиётнинг ўсиши шароитида газ қазиб олишнинг қисқариши муносабати билан яқинда кескин тарзда ўртага чиққан энергия таъминоти муаммоси ҳам долзарблик касб этмоқда. Мурожаатномада қайд этилган вазифалар аҳоли учун электр энергияси нархини кескин оширмасдан ва келгусида бу муаммони бартараф этиш учун жиддий асос тайёрлаган ҳолда уни бугунги кунда энг самарали тарзда ҳал этиш имконини беради.
Шулардан келиб чиқиб, Президент Мурожаатномасида белгиланган вазифалар 2023 йилда муваффақиятли амалга оширилади, деб ишонса бўлади.
Обид Ҳакимов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори