Ўзбекистон-Қозоғистон саммити якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев тарихий ҳужжатлар – Иттифоқчилик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида шартнома ва Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисида шартномани имзоладилар.
Бундан ташқари, икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари, йирик компаниялари даражасида кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган 15 та ҳужжат қабул қилинди.
“Марказий Осиё” Халқаро саноат кооперацияси марказини ташкил этиш тўғрисида, Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида, Олий таълим ва олий таълимдан кейинги таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар, 2000 йил 7 июлдаги Фуқароларнинг ўзаро келиб-кетиш шартлари тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида баённома шулар жумласидан.
Шунингдек, стратегик ислоҳотлар, электрон савдони ривожлантириш, ўрмон хўжалиги, давлат хизмати соҳаларида меморандумлар, Тошкент ва Туркистон, Навоий ва Қизилўрда, Жиззах ва Туркистон вилоятлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича “йўл харита”лари, энергетика, кимё саноати, транспорт ва логистикада лойиҳалар амалга ошириш бўйича битимлар қабул қилинди.
Ташриф доирасида жами 8 миллиард долларлик савдо ва инвестиция шартномалари имзоланди.