Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Қозоғистон Президенти Шайх Хованди Тоҳур ва Тўлабий мақбараларини зиёрат қилди



Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатимизга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан биргаликда Тошкент шаҳридаги Шайх Хованди Тоҳур ва Тўлабий мақбараларини зиёрат қилди.

Шайх Хованди Тоҳур XIV асрда яшаган олим ва сўфий, Аҳмад Яссавий таълимотининг давомчиси бўлган. Инсонларни илм-маърифатга, етакчиларни тинчлик-аҳилликка чорлаган валий зот сифатида халқ хотирасида қолган.

Шайх мақбараси атрофи азиз қадамжога айланган. Хусусан, XVII асрда бу ерга Тўлабий дафн этилган. Қалдирғочбий деб ҳам аталадиган бу инсон қозоқ элининг бош қозиларидан ҳамда "Жети Жарғи" қонунлар тўпламининг тузувчиларидан бири бўлган.

Ёнма-ён жойлашган бу мақбаралар ўзбек ва қозоқ халқлари азалдан бирга яшагани, қардошу ҳамфикр бўлганининг яна бир далолатидир.

Қозоғистон раҳбари мақбаралар тарихи билан танишди, ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди.

Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди.

Қасим-Жомарт Тоқаев қардош халқларимизнинг умумий тарихий-маданий меросини асраб-авайлашга қаратилаётган эътибор учун Ўзбекистон Президенти ва халқига миннатдорлик билдирди.



  ...