Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 декабрь куни Венгриянинг энг йирик “OTP” банки бошқаруви раиси Шандор Чаньини қабул қилди.
Олий даражадаги мунтазам учрашувларда эришилган келишувларга мувофиқ Венгрия компаниялари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда қўшма кооперация лойиҳаларини илгари суриш масалалари кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари Шандор Чаньини “Ипотека-банк” акцияларининг давлат улушини харид қилиш бўйича битим муваффақиятли якунига етказилгани ва Европанинг етакчи банк-молия институти Ўзбекистон бозорига кириб келгани билан самимий табриклади.
Учрашувда Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларида, шу жумладан саноат, қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик ва паррандачилик, озиқ-овқат ва тўқимачилик, фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга Венгрия ва Евроиттифоқнинг бошқа мамлакатларидан тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, олий таълим ва профессионал кадрлар тайёрлашда, шунингдек, аҳолига кўрсатилаётган банк хизматлари сифатини оширишда яқиндан ҳамкорлик қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Қўшма лойиҳалар ва ҳамкорлик дастурларини қўллаб-қувватлаш ва илгари суришга доир биринчи галдаги чора-тадбирлардан иборат “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.
Учрашув якунида давлатимиз раҳбари ҳузурида “ОTP” банки томонидан “Ипотека-банк” акцияларининг давлат улушини сотиб олиш тўғрисидаги битимни имзолаш маросими бўлиб ўтди.