Президент Шавкат Мирзиёев коммунал хизматларни яхшилаш ва аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги ишлар ҳисоботи билан танишди.
Юртимизда 39 минг 700 тага яқин кўп қаватли уйлар бор. Уларда яшовчи аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида бошқарув-сервис компаниялари ташкил этилмоқда. Жорий йил бошида бундай ташкилотлар 324 та бўлган бўлса, бугунги кунга келиб 766 тага етган. Шу тариқа, 36 мингдан зиёд ёки 92 фоиз кўп қаватли уйлар бошқарув-сервис компаниялари билан қамраб олинган.
Бу йилнинг ўзида улар томонидан қурилиш, таъмирлаш, техника ва ускуналар харид қилишга 262 миллиард сўм инвестиция киритилган. Янги ташкил этилган компанияларда 14 мингга яқин иш ўрни яратилган.
Хонадонлар ҳақидаги маълумотлар ва ҳисоб-китоблар “Менинг уйим” биллинг тизимида мужассам бўлмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида бу тизим орқали 206 миллиард сўм тўланган.
Соҳадаги муҳим вазифалардан бири – уйларни иссиқлик билан барқарор таъминлаш. Бу борада ҳудудларда манзилли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Кўп қаватли уйларнинг ярмидан кўпи марказлашган ва индувидуал иссиқлик таъминоти тизимига эга. Қолганлари муқобил печлар, электр иситгичлар ёки бошқа ускуналар ёрдамида иситилади.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тасарруфида 495 та қозонхона фаолият юритмоқда. 2018-2021 йилларда уларнинг 47 таси ва 78 километр иссиқлик тармоғи реконструкция қилинди. Бу йил Бухоро, Самарқанд, Қарши, Жиззах, Наманган, Асака каби шаҳарлардаги яна 24 та қозонхона ва 182 километр тармоқ янгиланди. Натижада 70 минг хонадон ва 113 та ижтимоий объект узлуксиз иссиқлик энергияси билан таъминланди.
Умуман айтганда, бу лойиҳалар самарасида кўп қаватли уйларнинг иссиқлик энергияси билан таъминланганлик даражаси янада ортди. Йилига 130 миллион куб метр табиий газ, 1 миллион 200 минг киловатт соат электр энергияси тежаладиган бўлди.
Бундай ишларни изчил давом эттириб, 2023 йилги инвестиция дастури доирасида 3 та янги қозонхона қуриш, 10 тасини таъмирлаш ва иссиқлик тармоқлари тортиш режалаштирилган.
Аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш бўйича ҳам кўп ишлар қилинмоқда. Жорий йилда 527 та иншоот ҳамда қарийб 7 минг километр тармоқ барпо этилди. Йил бошида аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 70 фоиз бўлган бўлса, йил якунида бу кўрсаткични 74 фоизга етказиш режалаштирилган.
Маҳаллалар кесимида айтганда, 9 минг 309 та маҳалладан 3 минг 800 таси тўлиқ, қарийб 4 мингтаси қисман марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Қолган қишлоқларга сувни транспортда етказиш, шу билан бирга, имкони бор жойларга тармоқ тортиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, 2023 йилда Инвестиция дастурига асосан 62 та, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 373 та объект фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Бу ишлар натижасида 403 та маҳалладаги 3 миллиондан зиёд аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланади, 181 та маҳалла илк бор бу тармоққа уланади.
Шунингдек, давлатнинг ижтимоий буюртмаси орқали туман марказидан олисда жойлашган маҳаллаларни ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Келгуси йилда 17 та шундай қишлоққа 251 километр қувур тортилиши режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари бу ишларнинг ҳаёт сифати ва аҳоли саломатлигидаги аҳамиятини таъкидлаб, қўшимча кўрсатмалар берди.