Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Жиноятларни тергов қилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида



Мамлакатимизда тергов фаолиятида “Инсон қадри учун” деган эзгу ғояни тўлиқ рўёбга чиқариш, жиноятларни ўз вақтида фош этишни ташкил этиш тергов органларининг фаолиятини қонун устуворлигини ва қилмиш учун жазо муқаррарлигини таъминлаш тамойили асосида такомиллаштиришнинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.

Шу муносабат билан соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва замон талабларига жавоб берадиган тергов соҳасидаги юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимининг самарадорлигини тубдан ошириш талаб этилмоқда.

Янги Ўзбекистон шароитида жиноятларни тергов қилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш амалиётини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, ушбу йўналишга илғор халқаро стандартлар ва замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида:

1. Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси ва Адлия вазирлигининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

Бош прокуратура Академияси негизида Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясини (кейинги ўринларда – Академия) ташкил этиш ҳамда унда жиноятларни тергов қилиш соҳасида кадрларни амалиёт билан узвий боғлиқлигини таъминлаган ҳолда ягона ёндашув асосида тайёрлашга қаратилган узлуксиз ўқув тизимини йўлга қўйиш;

Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиалини (кейинги ўринларда – Ихтисослаштирилган филиал) тугатиш ҳамда унинг штат бирликлари, ўқув ва моддий-техника базасини Академияга ўтказиш.

2. Қуйидагилар Академия фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

таълим олувчиларда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя қилиш маданияти билан уйғунлашган юксак маънавий, психологик, таҳлилий ва касбий сифатларни ривожлантиришнинг самарали тизимини жорий этган ҳолда жиноятларни тергов қилиш соҳасида мутахассисларни чуқурлаштирилган мақсадли базавий тайёрлаш;

махсус касбий кўникмаларни шакллантириш ва ривожлантириш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини етказишга қаратилган дастурлар асосида тергов ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятининг бошқа соҳаларида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

коррупцияга ҳамда жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш соҳаларида махсус ўқув дастурлари асосида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш;

жиноятларни тергов қилиш методикаси ва тактикасини самарали белгилаш асосида жиноят ишлари бўйича мустақил иш юритиш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган интерфаол ўқитиш методларини таълим жараёнига татбиқ этиш;

ўқитишнинг замонавий шакллари, педагогик ва ахборот технологиялари асосида назарий тайёргарликнинг ҳуқуқни қўллаш амалиёти билан узвий боғлиқлигини, шу жумладан, масофавий таълим шаклида таъминлашга қаратилган ўқув жараёнини ташкил этиш;

прокуратура органлари ходимларида билим ва кўникмаларни, шу жумладан, тизимли таҳлил ва танқидий фикрлашни, қонунийликни таъминлаш юзасидан адолат ва масъулият каби юксак туйғуларни шакллантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг яхлит тизимини ташкил этиш;

юқори малакали илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятининг энг долзарб масалалари бўйича комплекс илмий тадқиқотларни тизимли асосда, шу жумладан, миллий ва халқаро грантларни жалб этган ҳолда амалга ошириш;

жиноятлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини, шу жумладан, терговга қадар текширув ҳужжатлари ва жиноят ишларини ўрганиш асосида уларнинг алоҳида турлари кесимида таҳлил ва диагностика қилиш, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини услубий ва консультатив таъминлаш;

суд-ҳуқуқ соҳасида қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, илғор педагогик тажриба алмашиш борасида узлуксиз халқаро ҳамкорликни амалга ошириш, ўқув жараёнига хорижий мамлакатлар етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотларининг малакали мутахассисларини жалб қилиш.

3. Академиянинг Мувофиқлаштириш-васийлик кенгаши (кейинги ўринларда – Васийлик кенгаши) 1-иловага мувофиқ таркибда тузилсин.

Белгилансинки, Васийлик кенгаши Академия фаолиятига қуйидаги устувор масалаларда кўмаклашади:

ўқитишга бўлган эҳтиёжга мувофиқ, Академияда таълим йўналишлари ва мутахассисликларини тасдиқлаш, ўқув жараёнини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича истиқболли ташаббусларни мақсадли белгилаш;

талаба ва тингловчилар стажировкаси ҳамда битирувчиларни ишга жойлаштириш масалаларида суриштирув ва дастлабки тергов фаолиятини амалга оширишга ваколатли давлат органлари ҳамда судлар билан самарали ҳамкорликни ташкил қилиш;

таълим ва илмий муассасалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда хорижий ҳамкорлар билан таълим ва илм-фан соҳаларида мақсадли ҳамкорлик ўрнатиш ва ривожлантириш;

Академиянинг ривожланишини таъминлаш учун молиявий ёрдам кўрсатилишини ташкил этиш, бюджетдан ташқари маблағларни шакллантириш, миллий ва халқаро грантларни жалб этиш.

Васийлик кенгашининг ҳар бир аъзоси зиммасига Академиянинг самарали фаолият кўрсатиши ва ривожланишига кўмаклашиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ўз ваколати доирасида ҳар томонлама амалга оширилиши бўйича шахсий масъулият юклансин.

4. Белгилаб қўйилсинки:

Академия Бош прокуратура ташкилий тузилмасига кирувчи, юридик шахс мақомига эга, ихтисослаштирилган олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади;

Академияга Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан  лавозимга тайинланадиган  ва лавозимидан  озод  қилинадиган  бошлиқ  раҳбарлик қилади, унинг мақоми, транспорт ҳамда тиббий таъминоти шартлари олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасалари раҳбарлари билан тенглаштирилади;

Академия Бош прокуратура Академиясининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Академиянинг тергов соҳасига ихтисослаштирилган кафедралари таркибининг 30 фоиздан кам бўлмаган қисми – ички ишлар органлари, Давлат хавфсизлик хизмати ва божхона органларининг суриштирув ҳамда тергов тузилмаларида кўп йиллик амалий иш тажрибасига эга бўлган юқори малакали мутахассислар ҳисобидан шакллантирилади;

Академия бошқарув ходимлари ва профессор-ўқитувчиларига Бош прокуратура ходимлари учун, бошқа ходимларга олий таълим муассасаларининг тегишли ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш шартлари ва бошқа имтиёзлар татбиқ этилади.

5. Академияда 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб қуйидаги тартибни назарда тутган ҳолда тергов фаолияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятининг бошқа соҳаларида олий таълимнинг икки босқичли тизими – бакалавриат ва магистратура бўйича тўлақонли ўқув жараёни ташкил этилсин:

бакалавриат бўйича ўқитиш кундузги таълим шаклида амалга оширилади ҳамда ихтисослик ва юридик фанларни ўқитиш, шунингдек, чуқурлаштирилган стажировкани ташкил этиш орқали кадрларни мақсадли тайёрлашга йўналтирилади;

Академиянинг тергов фаолияти йўналиши бўйича магистратурасига қабул суриштирув ва тергов фаолиятини амалга ошириш ваколатига эга давлат органларининг мазкур вазифаларни амалга оширувчи тузилмаларининг ҳамда прокуратура органларининг (кейинги ўринларда – ваколатли давлат органлари) амалдаги ходимлари (ҳарбий хизматчилари) орасидан амалга оширилади;

Академиянинг тергов фаолияти йўналиши бўйича бакалавриат ҳамда магистратурасига ўқишга қабул қилиш Васийлик кенгашининг ваколатли аъзоcи раислик қиладиган идоралараро қабул комиссияcи томонидан ташкил этиладиган махсус психологик танлов, ёзма имтиҳон ва тест синовлари орқали амалга оширилади;

Академияда таълим олиш муддати бакалавриат дастури бўйича – уч йилни, тергов фаолияти йўналишидаги магистратура дастури бўйича – бир йилни ташкил этиб, битирувчиларга олий юридик таълимнинг тегишли босқичини якунлаганлигини тасдиқловчи давлат намунасидаги дипломлар берилади;

Академиянинг тергов фаолияти йўналишидаги ҳар йилги қабул квоталари бакалавриат дастури бўйича – 250 нафаргача талаба, магистратура дастури бўйича – 50 нафаргача олий юридик маълумотли ваколатли давлат органлари ходимларини ташкил этиб, Васийлик кенгаши томонидан ваколатли давлат органларининг ҳудудлар кесимидаги эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда таклифлар ишлаб чиқилади ҳамда магистратуранинг бошқа мутахассисликлари бўйича қабул квоталари Бош прокуратура томонидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда белгиланади.

Белгилансинки:

Академияда ўқитиш давлат грантлари ва тўлов-контракт асосида ташкил этилиб, бакалавриат ва тергов фаолияти бўйича магистратурага қабул параметрлари Васийлик кенгашининг таклифини инобатга олган ҳолда ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади;

Академияга қабул қилишда абитуриентларнинг муайян тоифаларига республиканинг бошқа олий таълим муассасаларига кириш учун қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилмайди;

Академиянинг тергов фаолияти йўналиши бўйича битирувчилари ваколатли давлат органларига хизматга (ҳарбий хизматга) қабул қилинганда фақат офицерлар таркибига кирувчи ёки даражали унвон берилиши кўзда тутилган лавозимларга тайинланади;

давлат грантлари асосида ўқишни тамомлаган Академия бакалавриатининг битирувчиларига ваколатли давлат органларида камида уч йил ишлаб бериш (хизматни ўташ) мажбурияти юкланади;

Академиянинг тергов фаолияти йўналиши бўйича магистратурасига кундузги шаклда ўқишга қабул қилинган ваколатли давлат органлари ходимлари, шунингдек, бошқа мутахассисликлар бўйича магистратуранинг кундузги шаклига ўқишга қабул қилинган прокуратура органлари ходимларини ўқитиш бепул асосда амалга оширилади ҳамда уларнинг эгаллаб турган лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи ўқиш даври мобайнида сақлаб қолинади.

6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

ўқиш якунлари бўйича юқори натижаларга эришган ваколатли давлат органлари ходимлари Академиянинг тергов фаолияти йўналиши бўйича магистратурасини тугатиши билан, қоида тариқасида, илгари эгаллаб турган лавозимига нисбатан юқори лавозимга тайинланади;

Академияда ўқиш даври ваколатли давлат органлари ходимлари учун пенсияга чиқиш, унвон (даража) олиш ва кўп йиллик хизматини ҳисоблаш ҳуқуқини берувчи умумий хизмат (ҳарбий хизмат) стажига ўқишнинг бир йили хизмат (ҳарбий хизмат)нинг бир йилига тенглаштирилган ҳолда киритилади.

7. Ваколатли давлат органлари ходимлари учун Академияда қуйидаги ўқув дастурлари бўйича касбий қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг мажбурий тартиби жорий қилинсин:

биринчи маротаба ваколатли давлат органларига хизматга қабул қилиниб, суриштирувчи ёки терговчи лавозимларига тайинланган ҳамда прокуратура органларига илк бор хизматга қабул қилинган ходимлар учун – давомийлиги 576 соатдан кам бўлмаган мажбурий бирламчи ихтисослашув шаклида касбий қайта тайёрлаш курслари;

прокуратура органларида раҳбарлик лавозимларини эгаллаш мақсадида захирада турган кадрлар учун – давомийлиги 576 соатдан кам бўлмаган раҳбар кадрларни касбий қайта тайёрлаш курслари;

суриштирувчи ёки терговчи лавозимларига тайинлаш мақсадида ваколатли давлат органлари ходимлари учун – давомийлиги 288 соатдан кам бўлмаган касбий қайта тайёрлаш курслари;

ваколатли давлат органларининг суриштирув ва тергов тузилмалари ходимлари, шунингдек, прокуратура органлари барча бўғинлари ходимлари учун (ҳар уч йилда камида бир маротаба) – давомийлиги 144 соатдан кам бўлмаган малака ошириш курслари.

Белгилаб қўйилсинки:

Академиянинг касбий қайта тайёрлаш курсларига қабул қилиш ваколатли давлат органлари раҳбарлари тавсиясига кўра амалга оширилади;

мазкур банднинг иккинчи ва тўртинчи хатбошиларида белгиланган курсларни терговчи (суриштирувчи) лавозимларига тайинланган ҳамда илк бор прокуратура органларига хизматга қабул қилинган ходимлар улар лавозимга тайинланган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмасдан ўтайди. Ушбу курсларни ўташ бўйича талаб бакалавриатни Академияда битирганларга ёки Ички ишлар вазирлиги Академиясининг “Тергов фаолияти” мутахассислиги бўйича битирувчиларига нисбатан татбиқ этилмайди;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимига кирувчи курсларда ўқиётган ваколатли давлат органлари ходимларининг эгаллаб турган лавозимлари бўйича белгиланган тартиб ва миқдорда меҳнатга ҳақ тўлаш фонди тўловлари (пул таъминоти) сақлаб қолинади.

8. Қуйидагилар:

Жиноятларни тергов қилиш соҳасида кадрларни узлуксиз ўқитиш ягона тизимининг тузилмавий-мантиқий схемаси 2-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг тузилмаси 3-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича “йўл харитаси” 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

9. Қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

а) Васийлик кенгашига – ваколатли давлат органларининг эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда Академиянинг тергов фаолияти йўналиши бўйича бакалавриати ва магистратурасига қабул параметрларини ошириш юзасидан таклифлар киритиш;

б) Бош прокурорга:

тергов фаолияти йўналишидан ташқари мутахассисликлар бўйича Академияда ўқув жараёнини таълимнинг кечки, сиртқи ва масофавий шакллари асосида ташкил этиш;

Академия тузилмасига ходимларнинг умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳамда тўлов-контракт асосида ўқитиш ва пуллик хизматлардан тушган маблағлар ҳисобидан қўшимча штатлар жорий этиш;

Академия учун белгиланган қабул параметрларидан ташқари табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қўшимча қабул квоталарини белгилаш;

в) Академияга:

ваколатли давлат органларининг эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, бакалавриат ва магистратурада ўқиш мутахассисликлари ва йўналишлари бўйича малака талаблари, ўқув режалари ва дастурларини мустақил равишда ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

илмий, таълим, ноширлик, матбаа ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш бўйича пуллик хизматлар кўрсатиш;

Академия фаолиятига мутахассисларни (консультант, маърузачи, ўқитувчи ва бошқалар) соатбай ва узоқ муддатли ишлаш шартларида жалб этиш ҳамда уларга меҳнат бозорининг амалдаги конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда тўлов-контракт асосида бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан тегишли тўловларни белгилаш;

г) Академия бошлиғига:

Академия Кенгаши тавсиясига кўра бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан бакалавриатнинг иқтидорли талабаларига қўшимча индивидуал стипендиялар ажратиш;

етакчи хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари билан, кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек, қўшма таълим дастурларини амалга ошириш борасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум ва битимлар тузиш;

халқаро ҳамкорлик ва икки томонлама шартномалар доирасида хорижий давлатларнинг ваколатли органлари кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларини ташкил этиш.

10. Академия фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари;

Академияда тўлов-контракт шаклида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

пуллик хизматлар кўрсатиш, шунингдек, вақтинча бўш турган бюджетдан ташқари маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштириш орқали даромад олишдан тушадиган маблағлар;

Васийлик кенгаши таркибига кирувчи давлат органлари томонидан ажратиладиган бюджетдан ташқари маблағлар;

миллий ва халқаро грантлар, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Академияга олти дона хизмат енгил автотранспорт воситаси (шу жумладан, 5 та шахсий бириктирилган) ҳамда иккита автобусни сақлаш учун лимит белгилансин.

11. Белгилаб қўйилсинки:

Ихтисослаштирилган филиалнинг амалдаги ўқув дастурлари бўйича ўқитиш улар якунлангунига қадар илгари белгиланган тартибда Академияда давом эттирилади, тингловчиларга нисбатан илгари ўрнатилган имтиёз ва мажбуриятлар сақлаб қолинади ҳамда битирувчиларга тегишли мутахассислик бўйича диплом берилади;

Академиянинг қўшма таълим дастурларини ҳамда қўшма факультетларини тугатгандан сўнг ўқишни давом эттирган шахсларга берилган хорижий таълим ташкилотларининг белгиланган шаклдаги дипломлари (бакалавриат, магистратура) қўшимча маъмурий тартиб-таомилларсиз олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинади;

Академия магистратурасини тамомлаганлик тўғрисидаги диплом ҳарбий хизмат (хизмат)ни ўташда Қуролли Кучлар Академиясининг икки йиллик магистратура дастурини, Ички ишлар вазирлиги Академиясининг иккинчи даражадаги магистратурасини тамомлаганлик тўғрисидаги дипломларга тенглаштирилади;

Академияда тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматлари ҳар йили Васийлик кенгаши томонидан белгиланади;

тугатилаётган Ихтисослаштирилган филиал ходимлари қонунчиликда белгиланган тартибда тузиладиган муддатли меҳнат шартномасига асосан Академиядаги мавжуд штат бирликлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари доирасида ишга қабул қилинади;

Академияни бюджет маблағлари ҳисобидан сақлаш билан боғлиқ харажатлар 2022 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан Бош прокуратура ва Адлия вазирлигига ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилади, 2023 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.

12. Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Ж.А.Ортиқхўжаев):

Бош прокуратура билан биргаликда 2023/2024 ўқув йили якунига қадар Академиянинг ўқув-маъмурий корпусини тўлақонли ташкил этиш ва фойдаланишга топшириш бўйича барча зарур чораларни кўрсин;

Давлат активларини бошқариш агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда Академия кампусини бунёд этиш бўйича қурилиш-таъмирлаш ишлари якунлангунига қадар тугатилаётган Ихтисослаштирилган филиал талабаларининг Академияда ўқув жараёнини ташкил этиш мақсадида бошқа таълим муассасаларидан бепул асосда бино, ётоқхона ва аудитория хоналари вақтинча ажратилишини таъминласин.

13. Ички ишлар вазирлиги (П.Р.Бобожонов) 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб:

Ички ишлар вазирлиги Академиясида “Тергов фаолияти” йўналиши бўйича бакалавриатга қабулни тўхтатиб, ушбу соҳадаги ўқув-услубий ва ахборот-ресурс базаларини босқичма-босқич Академияга ўтказсин;

“Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти” йўналиши бўйича бакалавриат ўқув дастурига йиллик қабул квотани кўпайтириш чораларини кўрсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси –Спичрайтери Х.М.Султанов Бош прокуратура (Н.Т.Йўлдошев), Республика Маънавият ва маърифат маркази (М.М.Ходжиматов) билан биргаликда икки ой муддатда прокуратура органлари ходимларининг умумий дунёқараши, сиёсий онги, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик, касбига нисбатан садоқат ва юқори масъулият ҳисларини ошириш чораларини назарда тутувчи маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепциясини тасдиқлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини киритсин.

15. Бош прокуратура (Н.Т.Йўлдошев) уч ой муддатда:

Ихтисослаштирилган филиални тугатишга масъул бўлган Адлия вазирлиги билан биргаликда тегишли бино-иншоотлар, штат бирликлари, ўқув-услубий ва ахборот-ресурс база, моддий-техника ва бошқа мол-мулкларини мазкур Фармонга мувофиқ топшириш-қабул қилиш бўйича ташкилий чораларни кўрсин;

Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси ва Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда очиқ, ҳар томонлама ва холис танлов мезон ва механизмларини қамраб олган Академияда олий таълим ҳамда олий таълимдан кейинги таълимга қабул қилиш ва ўқитишнинг алоҳида тартибини назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда белгиланган тартибда қонунчилик ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни киритсин.

16. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Бош прокуратура билан биргаликда Академиянинг замонавий кампусига зарур бўлган бино ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ишлари учун тегишли маблағлар ажратиш бўйича таклифларни 2023–2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларига киритсин.

17. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 5-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

18. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 февралдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4166-сон қарори 5-бандининг биринчи – бешинчи, еттинчи – саккизинчи хатбошилари, 6-бандининг биринчи – бешинчи хатбошилари ҳамда 9-бандининг биринчи, учинчи, тўртинчи, олтинчи хатбошиларидан ташқари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

19. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош прокурор Н.Т.Йўлдошев белгилансин.

Мазкур Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Д.Б.Кадиров зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   Ш.МИРЗИЁЕВ



  ...