Давлатимиз раҳбари навоийлик ёшлар билан мулоқот қилди.
- Мен қаерга бормайин, кўпроқ ёшлар билан учрашишга ҳаракат қиламан. Тараққиёт стратегиямизда, ҳудудий дастурларда катта мақсадлар қўйганмиз. Агар давлат ташкилотлари, барча даражадаги раҳбарлар ёшлар масалалари билан мукаммал шуғулланмас экан, бу марраларга эришиб бўлмайди, - деди Президент.
Навоийлик ёшлар иқтидорли, ҳамма соҳаларда фаол. Бу йил олий ўқув юртларига кириш бўйича республикада биринчи ўринни эгаллашди. Халқаро фан олимпиадалари, нуфузли мусобақалар ғолибларининг ҳам кўпчилиги Навоийдан.
Жорий йилда уюшмаган ёшлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш учун 50 миллиард сўм маблағ берилиб, 13 минг 700 нафар йигит-қиз ўз йўлини топган. 1 минг 600 гектар экин майдони ажратилиб, 6 мингдан зиёд ёшлар бандлиги таъминланган. Шароити оғир талабаларга 6,5 миллиард сўм контракт пуллари тўлаб берилган.
- Фарзандларимизнинг ютуқлари, албатта, ҳаммамизни ғурурлантиради. Лекин бу билан чекланиб қолиш керак эмас. Ёшларимизнинг истагини, эҳтиёжини, эртанги кунини таъминлаш учун яна нималар қилсак бўлади? Билим ва касбларни эгаллаши, салоҳиятини юзага чиқариш учун қандай ёрдам бериш керак? Ана шу саволлар мени қийнайди, - деди Шавкат Мирзиёев.
Шу боис, Президент ёшларнинг фикрлари, таклифларини эшитди. Ёшларнинг меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларни ўрганиши ва иш топишига ёрдам берувчи янги платформани ишга тушириш вазифаси қўйилди.
Саноат зоналарига ёшларни жалб этиш, яйловларга сув чиқариб, чорвачилик ташаббусларини Тадбиркорлик жамғармаси орқали қўллаб-қувватлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Навоий шаҳрида ихтисослашган спорт мактаби ва маҳаллаларда спорт тўгараклари ташкил этиб, ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш муҳимлиги қайд этилди. Ёшлар жамғармасидан вилоятдаги 325 та мактабни китоб ва мусиқа асбоблари билан таъминлаш, маданий тадбирларни кўпайтириш масалаларига ҳам аҳамият қаратилди.
Учрашувда илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш бўйича Навоий вилояти тажрибаси яратилиши белгиланди. Бу тизимнинг асосий мақсади ёшларни маънавий-маърифий ривожлантириш, бандлигини таъминлаш ҳамда бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўлади.