
Мамлакатимизнинг Пекиндаги элчихонасида Хитой миллий чорвачилик уюшмаси Бош котиби Ша Юйшэнь билан ўтказилган учрашувда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида чорвачилик соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда бугунги кунда Ўзбекистонда чорвачилик соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, ушбу йўналишда хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар, озуқа-ем базасини таъминлаш бўйича қабул қилинган хужжатлар, давлатимиз томонидан соҳа олдига қўйилган вазифалар тўғрисида гапириб берилди.
Ша Юйшэнь чорвачилик йўналишида кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйиш, ушбу соҳаларда илғор Хитой тажрибаси билан ўртоқлашиш, илмий-техникавий ютуқларини жорий қилиш бўйича биргаликда ишлашга тайёрлигини билдирди.
Уюшма бош котиби Хитойда ўтказиладиган чорвачилик соҳасидаги халқаро кўргазмаларда мамлакатимиз делегацияларининг иштироки икки мамлакат мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш, соҳадаги сўнгги янгиликлар билан танишиш ва янги ҳамкорларни топиш учун қулай имконият эканлигини таъкидлади.
Учрашувда чорвачиликнинг муҳим йўналишларида Ўзбекистонда қўшма лойиҳалар амалга оширишга келишиб олинди.