9 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Олимпия шаҳарчаси қурилишига тамал тоши қўйилди. Шу муносабат билан ўтказилган маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида барчани ушбу тарихий воқеа билан табриклаб, лойиҳанинг аҳамияти ҳақида гапирди.
- Бизнинг ўз йўлимиз, ниятларимиз, режаларимиз бор. Бугун қилаётган тарихий ишларимиз ўзининг катта натижасини беришига ишонамиз. Ана шу ишонч бизга куч-қудрат беради, - деди Шавкат Мирзиёев.
Мамлакатимизда спортни оммалаштириш, спортчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Сўнгги беш йилда спорт соҳасига қарийб 4 триллион сўм йўналтирилиб, 118 та йирик иншоот фойдаланишга топширилди ва 110 таси реконструкция қилинди.
Эътибор ва шароит натижасида жорий йилнинг ўзида спортчиларимиз турли халқаро мусобақаларда 1 мингдан зиёд медални қўлга киритди. Жумладан, Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтган шахмат олимпиадасида миллий терма жамоамиз биринчи ўринни эгаллади. Туркиянинг Кўнё шаҳрида бўлган Ислом бирдамлиги ўйинларида эса вакилларимиз жами 158 та медаль билан умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни олди.
Бундай натижалар туфайли спортчиларимизга дунё тан бериб, нуфузли халқаро мусобақаларни ўтказиш Ўзбекистонга ишониб топширилмоқда. 2021 йили Тошкентда оғир атлетика бўйича, бу йил дзюдо бўйича жаҳон чемпионатлари юқори савияда ташкил этилди. Келгуси йилда юртимиз бокс бўйича жаҳон чемпионати ҳамда қитъа миқёсидаги кўплаб турнирларга мезбонлик қилади.
Кутилаётган анжуманлардан энг нуфузлиси Ёшлар ўртасидаги Осиё ва Параосиё ўйинларидир. Бу мусобақалар 2025 йилда Тошкентда ўтказилади. Унда қитъамиздаги 45 мамлакат ёшлари 20 га яқин спорт тури бўйича беллашади.
Айтиш жоизки, бундай нуфузли халқаро мусобақа Ўзбекистон тарихида биринчи марта ташкил этилади. Уни юқори савияда ўтказиш мақсадида замонавий Олимпия шаҳарчасини қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Давлатимиз раҳбари бу лойиҳа билан бир неча бор танишиб, кўрсатмалар берган эди. Бу тавсиялар бош лойиҳачи – Хитойнинг “CAMC Engineering” компанияси билан такомилга етказилди.
– Олимпия шаҳарчаси халқимизнинг юксак бунёдкорлик салоҳияти ва ўзбек спортининг оламшумул ютуқлари рамзига айланишига ишонаман. Бу маскан меъморий жиҳатдан мукаммал, энергия тежамкор ва энг илғор инновацион ечимларни мужассам қилган замонавий мажмуа бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ушбу лойиҳанинг қиймати 289 миллион доллардан зиёд. Шаҳарча майдони 100 гектар. Бу ерда 10 минг ўринли енгил атлетика ва футбол стадиони, 6 та ёпиқ ва 7 та очиқ спорт иншоотлари, сув спорти саройи, велотрек, яккакураш, жамоавий спорт мажмуалари барпо этилади.
– Агар шонли тарихимизга назар солсак, ота-боболаримиз келгуси авлодлар учун улуғвор иморатлар барпо этганига гувоҳ бўламиз. Биз ҳам аждодларимизнинг мана шундай эзгу анъаналарини муносиб давом эттириб, мамлакатимизда улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширмоқдамиз. Албатта, бундай йирик лойиҳалар кўпчиликнинг биргаликдаги саъй-ҳаракати, меҳнаткаш халқимизнинг фаол иштироки билан юзага чиқади, – дея таъкидлади Президент.
Шуни ҳам айтиш керакки, мажмуа мусобақалардан сўнг бўшаб қолмайди. Кейинчалик бу ерда Спортни ривожлантириш вазирлиги, спорт федерациялари ва Ўзбекистон давлат спорт академияси фаолият кўрсата бошлайди. Мажмуаларда юртдошларимиз ҳам спорт билан шуғулланиши мумкин бўлади.
Тадбирда таниқли спортчилар, федерациялар раҳбарлари, соҳа фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари жам бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев Олимпия шаҳарчаси қурилишига тамал тоши қўйди.
- Мамлакатимизда ҳамма соҳаларда лойиҳалар, иморатлар кўпайяпти. Буларнинг замирида буюк халқимизнинг буюк меҳнати ётибди, буюк халқимизнинг нияти, эртанги кунга ишончи ётибди. Худо хоҳласа, бундай лойиҳалар яна кўп бўлади, - деди давлатимиз раҳбари.
Маросимда Осиё Олимпия кенгаши бош директори Ҳусайн ал-Мусаллам, Осиё Паралимпия қўмитаси президенти Мажид Рашид, “CAMC Engineering” компанияси бош директори Ли Хайсин, Ўзбекистон спорт ташкилотлари фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов ва ёш спортчилар сўзга чиқиб, шаҳарчанинг бўлажак шароитлари ва аҳамияти ҳақида гапирди.