Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Туркий давлатлар ҳамкорлик сари дадил қадам ташламоқда



2022 йил 11 ноябрь куни Самарқандда Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити бўлиб ўтади.

“Ташкилотга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон аъзо ҳисобланади, Венгрия ва Туркманистон кузатувчи мақомига эга, - деб ёзади эксперт. - Ўтган йил 12 ноябрь куни Туркияда бўлиб ўтган VIII саммитда савдо, инвестициялар, “яшил” иқтисодиёт, рақамли технологиялар, транспорт ва коммуникациялар, таълим ва маданият соҳаларидаги кўп қиррали муносабатларни ҳар томонлама кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилган эди.

Таъкидлаш жоизки, айнан ўша нуфузли тадбирда Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Туркий Кенгаш номини Туркий давлатлар ташкилоти деб ўзгартириш ҳамда Туркманистонга ташкилотда кузатувчи мақомини бериш тўғрисидаги тарихий қарорларни қўллаб-қувватлашни таклиф этганди.

Бугунги кунда дунёда юз бераётган шиддатли жараёнлар, озиқ-овқат хавфсизлиги, иқлим ўзгариши ва экология билан боғлиқ муаммолар нафақат ташкилотга аъзо давлатлар, балки дунё ҳамжамияти олдига янгидан-янги вазифаларни қўймоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон мамлакатлар ҳамкорлиги ва ташкилотни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларни илгари сурмоқда.

Ўтган йилги саммитда давлатимиз раҳбари ўз нутқида иқлим ўзгариши, унинг ташкилотга аъзо мамлакатларига таъсирини юмшатиш масаласи ва Орол денгизининг қуриши келтириб чиқараётган муаммоларга ҳам тўхталиб ўтган эди. Бунда Шавкат Мризиёев экологик ҳалокатларнинг салбий оқибатларини юмшатиш ва олдини олиш учун БМТ билан ҳамкорликда Туркий мамлакатларнинг атроф-муҳит муҳофазаси бўйича тузилмасини тузиш, унинг қароргоҳини эса Оролбўйининг экологик фожиадан энг кўп жабр кўрган туманларидан бирида жойлаштириш ғоясини илгари сурди.

Таъкидлаш жоизки, ўтган 5 йил ичида Президент томонидан қабул қилинган аниқ мақсад ва вазифаларни ўзида жамлаган фармон ва қарорлар, тасдиқланган дастурлар ва кўрилган чора-тадбирлар натижасида Қорақалпоғистон Республикасида катта ютуқларга эришилди.

Жумладан, Орол денгизининг қуриган тубида 1 миллион 600 минг гектардан ортиқ майдонда чўл ўсимликлари экилиб, яшил қопламалар барпо этилмоқда. Шунингдек, Оролбўйи минтақаси БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” деб эълон қилинди.

Оролбўйининг халқаро аҳамиятга молик ҳудуд сифатида эътироф этилиши минтақадаги мавжуд экологик, иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда катта ўрин тутади. Айни пайтда Орол фожиаси, денгизнинг тобора йўқолиб бораётгани бу ерда истиқомат қилаётган миллионлаб инсонлар ҳаётига таъсир ўтказмоқда. Бу масала халқаро миқёсдаги муаммо сифатида тан олинди. Албатта, Оролбўйи аҳолиси ҳамма қатори фаровон, тинч ва бекаму кўст яшашга ҳақли. Бу эса, барча манфаатдор томонлар, жумладан, минтақа давлатлари куч ва имкониятларини бирлаштиришга хизмат қилади.

Ҳозирга қадар Ўзбекистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ўн битта халқаро конвенция, битим ва улар доирасидаги еттита кўп томонлама халқаро шартномага қўшилди. Жумладан, Париж битимини ратификация қилган томон сифатида 2030 йилга келиб иссиқхона газлари солиштирма ташланмаларини 2010 йилдаги даражага нисбатан 10 фоиз қисқартириш бўйича мажбурият олган. Шундан келиб чиқиб, давлат дастурининг тегишли бандига мувофиқ, Ўзбекистоннинг Париж битимига қўшилиши муносабати билан “яшил иқтисодиёт”га ўтиш бўйича давлат стратегияси ишлаб чиқилди. Мамлакатда бу йўналишда экологик соф, тежамкор технологияларни жорий этиш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда саноат корхоналари фаолиятининг салбий таъсири, тупроқларнинг турли саноат ва маиший чиқиндилар билан ифлосланиши, атмосфера ҳавосининг заҳарланиши билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолмоқда.

Шунингдек, сўнгги йилларда иқтисодий ва молиявий барқарорлик доимий мониторинг, қайта кўриб чиқиш ва бартараф этишни талаб қилувчи кўплаб муаммоларга дуч келди.

Хусусан, аҳолининг ўсиши муқаррар равишда антропоген босимнинг ошишига олиб келади. Ҳозирги босқичда “яшил” иқтисодиётга ўтиш табиий ресурсларни тежаш ва атроф-муҳитга техноген юкни камайтиришга қаратилган иқтисодий сиёсатнинг муҳим устувор йўналиши ҳисобланади.

Шу билан бирга, янги технологияларни ривожлантириш, энергия ишлаб чиқариш ва табиий ресурслардан самарали фойдаланиш иқтисодий ўсишнинг самарали двигатели бўлиб, унда экологик инновациялар иқтисодий ривожланиш учун зарурдир.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда 2019-2030 йилларда “яшил” иқтисодиётга ўтиш концепцияси қатор вазифаларни ўз ичига олади. Хусусан, энергия самарадорлиги кўрсаткичини икки карра ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини янада ривожлантириш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини замонавий, арзон ва ишончли энергия билан таъминлаш кўзда тутилган. Бундан ташқари, саноат корхоналари инфратузилмасини модернизациялаш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш ва ривожлантириш назарда тутилган бўлиб, умумий энергия ишлаб чиқариш салмоғида ушбу экологик тоза энергия улушини 12 фоизга етказиш белгиланган.

Шу билан бирга, “яшил” технологияларни жорий этишнинг институционал асосларини ривожлантириш, “яшил” иқтисодиёт тамойилларини таълим ва фанга интеграция қилиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, экологик хавфсизликни таъминлаш ва “яшил” иқтисодиётга ўтишнинг асосий шартлари қаторида халқаро ҳамкорлик ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳим ўрин тутади. Глобал экологик муаммоларни ҳал этишнинг ҳуқуқий ва институционал асосларини яратувчи кўп томонлама экология шартномалари иқтисодий фаолиятни экологизациялашда муҳим роль ўйнаши мумкин.

Бинобарин, бу борада илгари сурилган ташаббус халқаро ҳамкорликнинг кенгайиши ва, ўз навбатида, экологик хавфсизликни таъминлаш ва инновацион “яшил” иқтисодиёт лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилади.

Хулоса сифатида айтишимиз мумкинки, Ўзбекистон яқин кунларда бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилотининг саммитида ўз фаоллигини янада кўпроқ намойиш этади. Зеро, Ўзбекистон ташкилотнинг янги ном билан ўтадиган илк саммитини ўзида ўтказишни таклиф қилгани ҳам бежиз эмас, албатта”.

 

«Тараққиёт стратегияси» маркази

бўлим бошлиғи Авазбек Холбеков

 



  ...