- Инсоният тарихида Европа ва Осиё тамаддунлари ўртасидаги тарихий, маданий-гуманитар, савдо-иқтисодий ва этносиёсий ҳамкорликка оид мисоллар жуда кўп. Қадим замонларда ва ўрта асрларда Атлантика океанидан Тинч океани қирғоқларигача чўзилган, бутун Осиё қитъасини кесиб ўтган ва Ўрта ер денгизи бўйларидаги мамлакатларни Узоқ Шарқ билан боғлаган Буюк ипак йўли бунга ёрқин мисол бўла олади. Бу шунчаки йўл ёки океанлар оралиғидаги йўллар йиғиндиси бўлмаган, албатта. Бу Ғарб ва Шарқ ўртасидаги турли халқларнинг тинчликка ва ҳамкорликка бўлган интилишига, ғоялар, технологиялар, ҳунарлар ва эътиқодлар алмашинувига хизмат қилган ўта мураккаб маданий-иқтисодий тизим эди.
Карвон йўллари, айниқса, Марказий Осиёни ўргимчак тўридай қоплаб олган эди. Ушбу минтақадан Хитойни Рим империяси ва Европа давлатлари, Кичик Осиё ва Форс ўлкаси билан боғлаган ўнлаб савдо йўллари ўтган.
Бу ерда жуда муҳим этник жараёнлар, фаол маданий алоқалар кечган, йирик савдо муносабатлари амалга оширилган, дипломатик битимлар, ҳарбий иттифоқлар тузилган. Қайд этиш жоиз, ўша даврларда бутун Ипак йўли бўйлаб сўғдлар ҳал қилувчи бўғин ҳисобланган. Уларнинг тили VIII асргача «lingua for trassa», яъни «савдо тили» сифатида хизмат қилган.
Турли маданиятлар бирлашувининг яна бир босқичи сифатида Александр Македонскийнинг юришлари билан боғлиқ эллинизм даврини эътироф этиш мумкин. Бу даврда қадим юнон маданияти тарқалиб, Шарқ, биринчи навбатда, Марказий Осиё ва Форс мероси билан уйғунлашган.
Барибир, Марказий Осиё ва Европа ҳамкорлигининг энг ёрқин босқичи Амир Темур номи ва у ҳукмронлик қилган давр билан чамбарчас боғлиқ. Буюк Соҳибқирон давлати кўплаб Европа ҳукмдорларининг нигоҳини ўзига қаратган ва бутун дунёда кечаётган воқеаларга сезиларли таъсир ўтказган. Европа монархлари ва етакчилари улкан империя яратган ҳукмдор билан дипломатик алоқа боғлашга, ёзишмалар олиб боришга ҳаракат қилган.
Шундай ёзишмаларнинг айримлари, хусусан, Амир Темурнинг Франция Қироли Карл VI (1380-1422 йиллар)га йўллаган икки мактуби сақланиб қолган. 1402 йил август ойида Европага жўнатилган бу хатлар Султония католик архиепископи Иоанн III томонидан манзилга етказилган. Ушбу номаларда Амир Темур Франция билан мунтазам савдо алоқаларини йўлга қўйиш истагини билдирган.
Карл VI Амир Темурга ёзган жавоб мактубларидан фақат биттаси (1403 йил 15 июнь санасида юборилгани) бизнинг давримизгача етиб келган. Мактубда Франция ва Амир Темур давлати ўртасида савдо-сотиқни ривожлантириш масаласига салмоқли ўрин ажратилган. Карл VI ва Амир Темур ёзишмаларидан кўриниб турибдики, ҳар икки ҳукмдор савдо шартномалари тузишдан манфаатдор бўлган. 1405 йил февралда Амир Темурнинг вафот этиши бошланган ишларнинг охирига етказилишига халақит қилди.
Амир Темур ва унинг ўғли Мироншоҳ Англия билан ҳам дипломатик ёзишмалар олиб борган. Англия қироли Генрих IV (1399-1413 йиллар)нинг лотин тилида ёзган, Темур ва Мироншоҳга юборилган иккита хат ҳозиргача сақланган. Бу икки қудратли ҳукмдор ўртасида ҳам юқорида тилга олинган Султония архиепископи Иоанн воситачилик қилган.
Генрих IV ўз мурожаатида католикларга нисбатан ўзгармас дўстона ва эзгу муносабати, «христиан савдогарлар хавфсизлигини таъминлагани» учун Мироншоҳга миннатдорлик билдиради.
Англия қироли ўз хатида «улуғ ҳукмдор бундан кейин ҳам католикларга паноҳ бўлишда давом этиши, бу йўлдан қайтмаслиги»га ишонишда давом этишини маълум қилади.
Амир Темур билан замондош бўлган Европа ҳукмдорлари орасида, айниқса, Кастилия ва Леоннинг ёш қироли Генрих III де Трастамара (1390-1407 йиллар) Шарққа алоҳида қизиқиш билдирган. Ўзининг Кичик Осиёга муваффақиятли юриши давомида Амир Темур жуда кўп элчилар қаторида кастильяликларни ҳам самимий қабул қилган. Улар ўз юртларига Амир Темурнинг элчиси, Қирол ҳузурида унга ўз ҳукмдорининг мактубини етказган Муҳаммад Қозий билан бирга қайтган.
Амир Темурнинг дўстона муносабати Генрих III томонидан жавоб тариқасида «икки давлат ўртасида пайдо бўлган дўстликни мустаҳкамлаш мақсадида» элчихона таъсис этишга ундайди. Ушбу дипломатик маҳкамага Руи Гонсалес де Клавихо раҳбар этиб тайинланади. 1404 йил 8 сентябрь куни Самарқандга етиб келган Испания элчихонаси ходимларини Амир Темур «Дилкушо» боғида қабул қилади. Клавихонинг «Кундалиги» Амир Темурнинг 1370-1404 йиллар мобайнидаги ташқи сиёсатини ўрганишда жуда қимматли манба ҳисобланади.
Афсуски, Амир Темур вафотидан сўнг Соҳибқирон томонидан асос солинган Ғарбий Европа билан савдо-дипломатик алоқалар давлатлараро кўламда, талаб даражасида ривожланишдан тўхтади. Шундай бўлса-да, савдо-сотиқ, илм-фан, тадқиқот ва бошқа қатор йўналишларда муносабатлар давом этди.
1558-1560 йилларда Самарқанд, Бухоро ва Хоразмга сафар қилган москвалик дипломат Антоний Женкинсон томонидан ўша даврларда Марказий Осиёга келган англияликлар ҳақида маълумотлар ёзиб қолдирилган. Унинг саёҳатидан кўзланган асосий мақсад Ҳиндистонга айнан бизнинг минтақамиздаги хонликлар орқали энг яқин ва қулай йўл қидиришдан иборат эди.
1740 йил «Рус компанияси» йўналишида таркибида 2 нафар Англия жосуси – Георг Томпсон ва Регнальд Хогг бўлган экспедиция Хива ва Бухорога йўл олади. Уларнинг мақсади савдо алоқалари кўламини кенгайтириш имкониятларини қидириш ва контрагентлардан қарзларни қайтаришдан иборат бўлган. Бу икки шахс Хивага эсон-омон етиб олади, муайян сабабларга кўра, Бухорога фақат Георг Томпсон борган.
1831-1833 йилларда диёримизга Англия Қироллик жамияти аъзоси Александр Борис келади. У ўз эсдаликларида Бухоро амирлиги ҳақидаги фикрларини ёзиб қолдирган.
1721 йил Бухорога Россиядан келиб чиқиши италиялик Флорио Беневени келган. У Бухоро хонлиги ҳудудида 5 йил яшайди ва «Элчи Флорио Беневенининг қисқа журнали» номли кундалик тузди. Мазкур тўпламда хонликнинг ички ҳолати, қоидалари, халқаро муносабатлари кетма-кетликда қайд этилган, сув ва қуруқликдаги йўллар, хонликнинг табиий бойликлари, хонлар ва уларнинг яқинлари, атрофидаги шахслар, шунингдек ҳовлилардаги урф-одатлар, одоб-ахлоқ унсурлари ҳақидаги маълумотлар ўз ифодасини топган.
1888 йил Алоизи исмли тадбиркор Марказий Осиёга француз-корсика пилласини олиб киради, 1896 йилда эса Қўқонда пилла заводини очади. 1898 йил Самарқанд ва Бухорода ҳам пилла заводлари фаолият юрита бошлайди, кейинроқ Фарғона водийсида, жумладан, Чустда, Наманганда бирин-кетин кичик ишлаб чиқариш корхоналари пайдо бўлади. Французлар Тошкент яқинида 70 та тўқув дастгоҳларига эга қоғоз-тўқимачилик фабрикаси очган. Бу корхоналарда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар – турфа хил рангли, безакли матолар фуқаролар эҳтиёжини қоплаган ва ҳарбий округларга берилган.
Умуман, европаликларнинг Марказий Осиёга амалга оширган илмий-тадқиқот, маданий-гуманитар миссиялари мутахассисларда алоҳида қизиқиш уйғотади. Бу борада Арминий Вамберининг 1862–1864 йилларда Венгрия Фанлар академияси маблағи ҳисобидан Эрон ва Марказий Осиё бўйлаб, гўёки, дарвеш сифатида қилган сафари муҳим илмий аҳамият касб этади.
1863 йил у Теҳронда Маккадан Марказий Осиёга қайтаётган зиёратчилар гуруҳига қўшилиб олади ва шу тариқа Хива, Бухоро, Самарқанд ва Ҳиротда бўлади. Шарқшунос олим, тил ўрганиш бўйича фавқулодда қобилият эгаси бўлган Вамбери мазкур ҳудудларга мансуб ижтимоий, сиёсий муносабатларни, маҳаллий аҳолининг хулқ-ахлоқи, урф-одатини кузатади, география ва статистика билан қизиқади, Марказий Осиё тарихига оид ёзма манбаларни тўплайди.
Унинг меҳнатлари Бухоро амирлиги тарихини ўрганиш бўйича манбаларнинг Европадаги илк муқобилидир. Вамбери битикларида Бухоро амирлигининг бой тарихи, маданиятининг ўзига хос хусусиятлари очиб берилган, бутун бошли ҳукмдорлар авлодлари, сулолалар ҳақидаги қимматли маълумотлар илмий доиралар захирасига киритилган. Тадқиқотчи ўз ишларини икки йирик даврга бўлади: қадимий – Трансаксония тарихи ва янги – Бухоро амирлиги тарихи.
Французларнинг Марказий Осиё тарихий ва маданий меросига нисбатан илмий қизиқишига ҳам алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ. Масалан, қатор олимлар ўз тақдирини узоқ муддатга Туркистон ўлкаси билан боғлаган. Геолог Барбат де Марни, олим ва педагог, Туркистон ҳаваскор археологлар тўгараги (ТҲАТ) ҳамда Рус Императори география жамиятининг Туркистон бўлими (РИГЖТБ) аъзоси Жозеф-Антуан Кастанье, архитектор, Тошкентдаги Спас-Преображенск собори, Буюк князь Николай Романов саройи ва шу сингари бошқа қатор ноёб иншоотлар лойиҳалари муаллифи Алексей Бенуа, рассом Альберт Бенуа шулар жумласидандир.
Хива хонлигида ХIХ аср охирида «немис оролчаси»нинг пайдо бўлиш тарихи ҳам жуда қизиқ ва аҳамиятли. Немис-меннонитларнинг Қрим ва Волга бўйидан бизнинг ҳудудга кўчиши Туркистон ўлкаси генерал-губернатори Константин фон Кауфманнинг 1880 йил кузидаги шахсий таклифи сабабли рўй берган.
Меннонитларнинг 420 кишидан иборат 71 оиласи учун Туркистон янги макон бўлиши лозим эди, бироқ 1882 йилда Кауфман тўсатдан вафот этиши уларнинг тақдирини ўзгартириб юборди. Натижада сектантларнинг бир қисми Туркистонда қолишни ихтиёр этди, 30 дан зиёд анчайин ўзига тўқ хонадондан иборат бошқа қисми эса Хива хони Саид-Муҳаммад Раҳимдан бошпана сўрайди. Шундай қилиб, 1881-1883 йилларда Жанубий Хоразмда 30 оила - 200 кишидан иборат дастлабки немис-меннонит этноконфессионал гуруҳи аъзолари пайдо бўлади.
Кейинчалик меннонитларга Хивадан 15 км шарқда жойлашган Оқ мачит қишлоғидан 50 гектар ер ажратилади, колония таркиби аста-секин кенгайиб боради ва 1904 йилга келиб 62 хўжаликка етади. Бу вақтга келиб кўчманчи аҳолининг ўз мактаби ва қабристони ҳам бор эди.
Немис-меннонитлар Хива хонлиги маданий ҳаётида фаол иштирок этган. ХХ аср бошида Хива хони Исфандиёрнинг буйруғи билан маҳаллий дурадгорлар, Москвадан таклиф этилган архитектор Александр Рооп (Александр Вольдемар) билан бирга, Оқ мачит усталари иштирокида меннонитлар Нуруллобой сарой мажмуаси (1906-1912 йиллар)ни барпо этади. Бино Исфандиёрхоннинг расмий қабуллари учун мўлжалланган Европа услубидаги ҳашаматли, 7 хонадан иборат лабиринтсимон айвон шаклини олади.
Тадқиқотчилар фикрича, мазкур иншоотнинг меъморий ечими, монументал қурилиш интерьерларнинг декоратив жойлашуви қадимий Хоразм ва Европа услублари уйғунлашуви, шу билан бирга ХVII-ХVIII асрларга мансуб Ғарбий Европа санъати намунаси - «ампир» деб номланган алдамчи мумтоз услуб қоришмасини ўзида акс эттирган.
Александр Ропп раҳбарлигида немис-меннонитлар иштирокида Хивада Европа намунаси асосида яна икки бино қад кўтарган: почта (1910 йил) ва шифохона (1911-1913 йиллар).
Биринчи ўзбек фотографи ва миллий кино пионери Худойберган Девоновга касб сирларини айнан немис-меннонитлар вакили Вильгельм Пеннер ўргатган.
Шундай қилиб, тарихга ушбу қисқача назаримиздан ҳосил бўлган хулосалар ҳам Марказий Осиё ва Европа халқлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари тарихи ўзининг теран илдизларига эга эканини яққол исботлайди. Бинобарин, айни муносабатлар кенг қамровга эга: маданий-гуманитар йўналишлардан тортиб, савдо-иқтисодий ва сиёсий соҳаларгача.
Ушбу тарихий ришталар, шубҳасиз, ўз мантиқий давомини намоён этади ва Марказий Осиё ҳамда Европа давлатлари ўртасида конструктив ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг қўшимча омили бўлиб хизмат қилади.