Президент Шавкат Мирзиёев иссиқхона хўжаликларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тақдимоти билан танишди.
Бу ҳақда 5 сентябрь куни озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ўтган видеоселектор йиғилишида кўрсатма берилган эди.
Ҳозирги кунда юртимизда 3 мингдан ортиқ иссиқхона бор. Уларнинг жами майдони 6 минг 300 гектардан зиёд бўлиб, шундан 4 минг 300 гектари сўнгги беш йилда ташкил этилган. Озиқ-овқатларнинг узлуксизлигини ва экспортини таъминлаётган кўп маҳсулотлар шу мажмуаларда етиштирилмоқда.
Лекин сўнгги пайтларда ташқи бозорлардаги чекловлар ва транспорт логистикасидаги узилишлар бу тармоққа ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, аксарият иссиқхоналар бизнес-режасида 1 тонна маҳсулот таннархи ўртача 600 доллар деб ҳисоб-китоб қилинган бўлса, 2020 йилда таннарх 900 долларни ва 2021 йилда 1 минг 200 долларни ташкил этган. Айрим иссиқхона хўжаликларида кредит, солиқ, табиий газ ва электр энергияси тўловлари бўйича қарздорлик юзага келган.
Шу боис, Президентимиз топшириғига кўра, соҳадаги муаммолар ўрганилди ва тадбиркорларнинг таклифлари эшитилди. Улар асосида, иссиқхонада маҳсулот етиштириш ва уни сотишнинг янги механизми ишлаб чиқилди.
Унга кўра, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги иссиқхоналарга уруғ, кўчат, минерал ўғит ва бошқа моддий ресурсларни етказиб беради, маҳсулотни сотиб олиб, экспорт қилади. Карантин ва ўсимликлар ҳимояси агентлиги кўчатларни парваришлаш бўйича хизматлар кўрсатади.
Шу билан бирга, молиявий енгилликлар ҳам белгиланмоқда. Жумладан, иссиқхона хўжаликлари ва музлаткичли омборхоналар учун халқаро молия институтлари ва давлат мақсадли жамғармаларидан ажратилган кредитларни қайтариш муддати 7 йилдан 14 йилга ҳамда имтиёзли даври 3 йилдан 5 йилга узайтирилиши назарда тутилмоқда. Кредитларни қайтариш муддатлари ҳосилни йиғиб олиш ва сотиш муддатларига мослаштирилади.
Экспортбоп маҳсулот етиштиришни рағбатлантириш мақсадида хорижий валютадаги банк кредитларини йиллик 4 фоиз ставкада ажратиш мўлжалланмоқда. Саноат типидаги замонавий иссиқхона ва логистика марказларини ташкил этиш учун яхлит майдонлар очиқ аукцион савдоларига чиқарилиши белгиланмоқда.
Давлатимиз раҳбари бу чора-тадбирларни маъқуллади. Мева-сабзавотларни сақлаш, саралаш ва қадоқлаш имкониятига эга бўлган савдо мажмуалари ташкил этиш, янги иссиқхоналар учун сув ва электр тармоқларини тортиш бўйича кўрсатмалар берилди.