Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Энергия таъминоти бўйича ишлар ҳолати кўриб чиқилди



Президент Шавкат Мирзиёев 24 октябрь куни куз-қиш мавсумида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа муассасаларининг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича йиғилиш ўтказди.

Маълумки, жорий йил 23 сентябрда бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинган. Ҳар бир вилоят, туман ва йўналишлар кесимида алоҳида режа-жадваллар ва чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, манбалари белгиланган.

Йиғилишда энергетика вазири ва вилоят ҳокимлари шу борада бажарилган ишлар бўйича ҳисобот берди.

Қайд этилганидек, аҳолини, аввало, электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Бунинг учун IV чоракда 21 миллиард киловатт соат, келгуси йил бошида қарийб 22 миллиард киловатт соат электр ишлаб чиқариш режалаштирилган. Шунингдек, куз-қиш мавсумида аҳолига 10 миллиард куб метр табиий газ етказиб берилиши белгиланган.

Давлатимиз раҳбари бу жараёнда исрофга йўл қўймаслик учун газ қудуқларидан истеъмолчигача бўлган тизимни тўлиқ рақамлаштириш бўйича кўрсатма берди.

Табиий газ тармоғидан узоқдаги қишлоқ ва овуллар, ижтимоий объектларга суюлтирилган газ ва кўмир етказиб берилади. Президентимиз қайси ҳудудга яна қўшимча захира керак бўлса, таъминлаб берилишини таъкидлади.

– Барча тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари бу масалада масъулиятини икки карра ошириб, аҳолини рози қилиши, ҳеч бир мурожаатни эътиборсиз қолдирмасдан, тезкор ҳал этиши лозим, – деди Шавкат Мирзиёев.

Энергетика вазирлигига аҳолининг энергия манбалари билан таъминланганлик ҳолатини реал вақт тартибида мунтазам назорат қилиб бориш топширилди. Юзага келадиган муаммоларни бартараф этишда “колл-марказ”лар ва ҳудудий ишчи гуруҳлар фаолияти муҳим экани қайд этилди.

Энергия манбаларини иқтисод қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Дунёда энергетика соҳасида рўй бераётган муаммолар минтақамизга ҳам таъсир кўрсатаётгани, бундай вазиятда тежамкорлик долзарб экани қайд этилди. Шу боис барча муассасаларда энергия тежовчи технологиялар ўрнатиш, одамларнинг бу борада дахлдорлигини ошириш муҳимлиги таъкидланди. 

Йиғилишда корхоналарни молиявий соғломлаштириш, тижорат банкларининг барқарорлигини ошириш масалаларига тўхталиб ўтилди. Кредитлар эвазига ишга туширилган лойиҳаларни тўлиқ қувватга олиб чиқиб, уларнинг муддати ўтган қарздорлигини камайтиришга кўмаклашиш бўйича топшириқлар берилди.



  ...