Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Ўзбекистон–Покистон стратегик шериклиги Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамламоқда



Шу йилнинг 5–6 февраль кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга давлат ташрифи бўлиб ўтади.

Ушбу ташриф сўнгги йилларда ЎзбекистонПокистон мулоқоти фаоллашганининг мантиқий давоми ва айни пайтда Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ташқи сиёсий стратегиясини амалга оширишда муҳим босқич сифатида баҳоланмоқда.

Ташриф минтақавий ўзаро боғлиқликнинг янги архитектураси шаклланаётган, Марказий ва Жанубий Осиё умумий иқтисодий манфаатлар, тарихий ва цивилизацион илдизлар билан бирлашган бир-бирини тўлдирувчи минтақалар сифатида тобора кўпроқ идрок этилаётган бир шароитда ўтмоқда.

Покистон Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олди. Бу 1991 йил 20 декабрда содир бўлди. 1992 йил 10 майда дипломатик муносабатларнинг ўрнатилиши икки томонлама ҳамкорликнинг институционал асосини яратди. Бироқ, сиёсий мулоқот тизимли ва стратегик хусусият касб этган сўнгги йилларда муносабатлар ривожида сифат жиҳатидан янги босқич бошланди.

2021 йил июль ойида Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларациянинг имзоланиши муҳим босқич бўлди. Унда томонларнинг кенг кўламли йўналишларда ҳамкорликни чуқурлаштиришдан ўзаро манфаатдорлиги мустаҳкамланди.

2022 йил март ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга ташрифи минтақавий ривожланиш, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги иқтисодий алоқаларни кенгайтириш масалаларида Тошкент ва Исломободнинг стратегик ёндашувлари бир-бирига мос келишини тасдиқлади.

Икки давлат раҳбарларининг кўп томонлама форумлар доирасидаги мунтазам мулоқотлари алоҳида аҳамият касб этди. 2022 йил сентябрь ойида ШҲТнинг Самарқанд саммити, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги учрашувлар, глобал иқлим ва иқтисодий саммитлар ишончли ва прагматик мулоқотни шакллантиришга хизмат қилди.

Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг 2025 йил февраль ойида Ўзбекистонга расмий ташрифи алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Унинг якунида Қўшма декларация ва Олий даражадаги Стратегик шериклик кенгашини тузиш тўғрисидаги баённома имзоланди. Ушбу механизмнинг яратилиши ЎзбекистонПокистон муносабатларига барқарор институционал асос берди ҳамда икки томонлама ташаббусларни тизимли мувофиқлаштириш ва эришилган келишувлар ижросини назорат қилиш имкониятларини очди.

Олий даражадаги сиёсий мулоқот, аввало, ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги алоқалар ЎзбекистонПокистон муносабатлари тизимида алоҳида ўрин тутади. Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги мунтазам сиёсий маслаҳатлашувлар томонларнинг минтақавий ва халқаро кун тартибидаги асосий масалалар, жумладан, хавфсизлик, барқарор ривожланиш ва кўп томонлама институтларни ислоҳ қилиш бўйича ёндашувларини синхронлаштириш имконини беради.

Ўзбекистон ва Покистон ташқи ишлар вазирлари икки томонлама форматда халқаро ташкилотлар БМТ, ШҲТ, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида ҳам фаол мулоқот олиб бормоқда. Ўзаро ташриф ва учрашувлар олий даражада эришилган келишувларни амалга оширишга, минтақавий барқарорлик масалалари бўйича умумий позицияни шакллантиришга хизмат қилмоқда.

2025 йил июнь ойида сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирларни назарда тутувчи икки томонлама Ҳаракатлар режаси имзоланди. Бу ҳужжат сиёсий декларациялардан қўшма лойиҳаларни амалга оширишга ўтиш воситасига айланди.

Умуман олганда, идоралараро ҳамкорлик молиявий-иқтисодий ҳамкорликдан тортиб Афғонистон бўйича махсус вакилларнинг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштиришгача бўлган кенг кўламли йўналишларни қамраб олади. Бу икки томонлама муносабатларни ҳақиқатан ҳам кенг қамровли ва кўп қиррали деб ҳисоблаш имконини беради.

Ўзбекистон ва Покистон халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида фаол ҳамкорлик қилиб, кўп қутблилик, суверенитетни ҳурмат қилиш ва давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилларини илгари сурмоқда. ШҲТ ва ИҲТ доирасидаги ҳамкорлик минтақавий барқарорлик ва иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлашнинг муҳим элементи сифатида қаралади.

Томонлар барқарор ривожланиш, иқлим кун тартиби, озиқ-овқат хавфсизлиги ва тинчлик масалалари бўйича ёндашувлари яқинлигини намойиш этмоқда. Афғонистон муаммосига алоҳида эътибор қаратилмоқда, бунда Тошкент ва Исломобод Афғонистонни сиёсий-дипломатик йўл билан тартибга солиш ва минтақавий иқтисодий жараёнларга интеграциялашувини изчил қўллаб-қувватламоқда.

Парламентлараро алоқаларни ривожлантириш алоҳида эътиборга лойиқ. Парламент делегациялари ўртасидаги мунтазам алоқалар, дўстлик гуруҳларининг фаолият юритиши ва қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш ҳуқуқий тизимларни яқинлаштиришга, иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш учун қулай меъёрий базани яратишга хизмат қилмоқда.

2025 йил апрель ойида Покистон парламенти Сенати раиси Юсуф Ризо Ғилоний бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюриб, Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеясида иштирок этди. Покистон делегацияси ҳам давлатимиз раҳбари қабулида бўлди.

Ўша йилнинг сентябрь ойида Қонунчилик палатаси спикери Нуриддинжон Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон парламент делегацияси Покистонга ташриф буюрди ва у ерда Покистон парламенти ҳамда вазирлик ва идораларида самарали музокаралар бўлиб ўтди.

ЎзбекистонПокистон муносабатларининг иқтисодий ўлчови барқарор ижобий динамикани намойиш этмоқда. Томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ мақсадларни белгилаб олди. 2025 йил якунлари бўйича ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 445,8 миллион АҚШ долларига етди, бу эса икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ишончнинг барқарор ўсиб бораётганидан далолат беради.

Савдо тузилмаси иқтисодиётларнинг бир-бирини тўлдиришини акс эттиради. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, ип-калава, кимёвий товарлар ва транспорт хизматларини экспорт қилса, Покистон фармацевтика, тўқимачилик, озиқ-овқат ва енгил саноат маҳсулотларини етказиб беради. Шу билан бирга, томонлар савдога фақат чуқур саноат ва инвестициявий кооперациянинг бошланғич нуқтаси сифатида қарамоқда.

Бу борада фармацевтика, тўқимачилик ва чарм саноати устувор йўналишлар ҳисобланади. Қўшма корхоналар ташкил этиш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга қўшилган қийматни ошириш ва учинчи мамлакатлар бозорларига чиқишнинг самарали механизми сифатида қаралмоқда.

Транспорт-логистика ҳамкорлигини ривожлантириш стратегик аҳамиятга эга. Ўзбекистон Покистоннинг Карачи ва Гвадар портларига чиқишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу эса ташқи савдо йўналишларини диверсификация қилиш учун янги имкониятлар очмоқда.

Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон уч томонлама форматида амалга оширилаётган Трансафғон темир йўли ҳамкорликнинг муҳим лойиҳасидир. 2025 йил июль ойида ҳадли битимнинг имзоланиши юк ташиш муддатлари ва харажатларини сезиларли даражада қисқартириш, Марказий ва Жанубий Осиёнинг иқтисодий ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлашга қодир лойиҳани амалга ошириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Шу билан бирга, туризм ЎзбекистонПокистон ҳамкорлигининг энг жадал ривожланаётган йўналишларидан бирига айланмоқда. 20242025 йилларда ўзаро сайёҳлик оқимининг барқарор ўсиши кузатилди. Бунга виза режимининг либераллаштирилиши, тўғридан-тўғри авиақатновларнинг тикланиши ва туризм салоҳиятининг фаол тарғиб қилиниши ёрдам берди.

Шундай қилиб, агар 2025 йил февраль ойида икки давлат ўртасида ҳафтасига 1 та рейс амалга оширилган бўлса, бугунги кунда Тошкент, Исломобод ва Лаҳор ўртасида ҳафтасига 4 та рейс мавжуд. Шу боис, мамлакатимизнинг зиёрат туризми соҳасидаги улкан салоҳияти туфайли Ўзбекистонга ташриф буюрган покистонлик сайёҳлар сони 2024 йил якунларига кўра, 5,4 минг нафарни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2025 йилда 3,3 баробарга ўсиб, 18 минг нафардан ошди. Шу нуқтаи назардан, туризм ҳам иқтисодиётга фаол таъсир кўрсатадиган иқтисодий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан бирига айланмоқда.

Маданий-маърифий ва зиёрат туризми, Жанубий Осиё бозорларига йўналтирилган қўшма сайёҳлик йўналишларини ишлаб чиқиш истиқболли йўналишлар бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар Бобурийлар даври анъанавий алоқалари билан боғлиқ чуқур тарихий илдизларга таянади. Умумий тарихий-маданий мерос халқларни яқинлаштириш ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёти ва унда кечаётган трансформацион жараёнлар Покистон экспертлар ҳамжамияти ва жамоатчилик доираларида барқарор қизиқиш уйғотмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар сиёсати покистонлик таҳлилчилар томонидан институционал ўзгаришлар, иқтисодий либераллаштириш ва фаол ташқи сиёсатни ўзида мужассам этган муҳим ва кўп жиҳатдан ноёб модернизация тажрибаси сифатида баҳоланмоқда.

Покистонлик журналист ва ёзувчи Муҳаммад Аббос Хоннинг “Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс келажак концепцияси” китоби ушбу қизиқишнинг яққол тасдиғи бўлди. 2025 йил октябрь ойида Ўзбекистоннинг Исломободдаги элчихонаси “Daily Ittehad” медиа-холдинги билан ҳамкорликда урду тилида ёзилган ушбу адабий-публицистик китобнинг тақдимотини ўтказди. Бу бежиз эмас. Кейинги йилларда икки мамлакат таҳлил марказлари ўртасидаги ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. Ушбу ҳамкорлик минтақавий жараёнларга қўшма ёндашувларни ишлаб чиқиш ва икки томонлама ҳамкорликнинг узоқ муддатли истиқболини шакллантиришга хизмат қилади.

Покистоннинг маданият ва санъат соҳаси вакиллари анъанавий равишда Ўзбекистонда ўтказиладиган йирик халқаро маданий тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда. Ўз навбатида, Покистонда мамлакатимизнинг тарихий-маданий мероси, туризм салоҳияти ва замонавий тараққиётига бағишланган фестиваллар, тақдимотлар, кўргазмалар тобора кўпроқ ўтказилмоқда.

Бундай кенг кўламли маданий, туризм ва ахборот лойиҳаларининг амалга оширилиши, тўғридан-тўғри мунтазам авиақатновларнинг йўлга қўйилиши ва бизнес-форумларнинг ўтказилиши маданий-гуманитар алмашинувларнинг каррасига ўсишига олиб келди.

Шу тариқа, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга бўлажак ташрифи стратегик шерикликни ривожлантириш, иқтисодий ва транспорт-логистика ҳамкорлигини кенгайтириш, гуманитар алоқаларни чуқурлаштиришга янги суръат бағишлайди. Бу, шубҳасиз, Марказий ва Жанубий Осиёнинг барқарор ўзаро боғлиқлигини шакллантириш, икки мамлакатнинг минтақавий ва глобал жараёнларнинг масъул иштирокчиси сифатидаги ролини мустаҳкамлашдан томонларнинг ўзаро манфаатдорлигини тасдиқлайди.



  ...