Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Ўзбекистон Президенти ХХР Раиси Си Цзиньпинни Хитой Коммунистик партиясининг ХХ қурултойи муваффақиятли ўтгани ва унинг партия Бош котиби лавозимига қайта сайлангани билан қутлади



Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга Хитой Коммунистик партиясининг XX қурултойи муваффақиятли ўтказилгани ҳамда у партиянинг Марказий қўмитаси Бош котиби лавозимига қайта сайлангани муносабати билан табрик йўллади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

"Хитой Халқ Республикаси Сизнинг раҳбарлигингиз остида мисли кўрилмаган муваффақиятларга эришиб келмоқда. Узоқни кўзлаган доно сиёсатингиз, олиб бораётган кенг кўламли ислоҳотларингиз, аввало, Хитой халқининг турмуш тарзини тубдан яхшилашга ва мамлакатнинг бардавом тараққиётини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда", дея Президент қутловномасидан иқтибос келтиради давлатимиз раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Ўзбекистон етакчиси Си Цзиньпин томонидан эълон қилинган янги режалар ва олға сурилган барча ташаббуслар Хитой давлатининг гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўшиши ва унинг халқаро нуфузини янада юксалтиришига ишонч билдирган.

Бугунги кунда Хитой Ўзбекистоннинг етакчи савдо ҳамкорига айлангани, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик барча соҳаларда жадал ривожланиб бораётгани алоҳида қайд этилган.

"Сиз, азиз биродарим билан бундан кейин ҳам дўстона ва очиқ мулоқотларни давом эттиришга тайёрлигимни билдираман. Ишончим комилки, келажакда Ўзбекистон-Хитой ўзаро манфаатли алоқаларини биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан янада юқори чўққиларга албатта олиб чиқамиз", дейилади мактубда.

Мамлакатимиз етакчиси Си Цзиньпинга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат ва масъулиятли давлатчилик фаолиятида янги зафарлар, дўст Хитой халқига эса тинчлик ва бардавом равнақ тилади.



  ...