
Бугунги глобаллашув шароитида камбағалликни қисқартириш ва барқарор бандликни таъминлаш масалалари фақат миллий саъй-ҳаракатлар билангина эмас, балки халқаро тажриба ва институционал ҳамкорлик орқали самарали ҳал этиламоқда. Айниқса, ушбу йўналишда масъул бўлган давлат хизматчиларининг билим ва касбий салоҳиятини ошириш муҳим стратегик омил ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ходимларининг малakasини ошириш марказининг Туркия Республикаси билан йўлга қўйган янги ҳамкорлиги инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган муҳим ташаббус сифатида эътироф этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ходимларининг малakasини ошириш маркази ҳамда Туркия Жумҳурияти Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги ходимларининг таълим маркази ўртасида имзоланган ўзаро англашув Меморандуми икки мамлакат ўртасида касбий ривожланиш ва илмий-амалий ҳамкорликни институционал асосда йўлга қўйишга хизмат қилади. Мазкур ҳужжат Марказ директори А.Х. Раҳмонов ва Таълим маркази директори Dr. Elif Gökçearslan томонидан имзоланди.
Меморандумнинг асосий мақсади мавжуд салоҳият ва ресурслардан фойдаланиб, меҳнат бозори, меҳнатни муҳофаза қилиш ҳамда инсон ресурсларини бошқариш йўналишларида фаолият юритувчи ходимларнинг малakasини ошириш, илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш ва касбий кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалиётга татбиқ этишдан иборат.
Ҳужжат доирасида томонлар ўртасида билим ва тажриба алмашинуви, ўқув дастурлари ва методик материалларни ишлаб чиқиш, семинарлар, тренинглар, давра суҳбатлари ҳамда мастер-класслар ташкил этиш режалаштирилган. Шу билан бирга, соҳа бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, эксперт хулосалари тайёрлаш ва мутахассисларни илмий ҳамда амалий тадқиқот фаолиятига жалб қилиш ҳам ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Меморандум томонлар ўртасидаги ҳамкорликнинг умумий тамойилларини белгилаб, молиявий мажбуриятларни назарда тутмайди. Ҳамкорликни кенгайтириш ва аниқ йўналишлар бўйича чуқурлаштириш мақсадида алоҳида шартномалар ва битимлар тузиш, шунингдек, зарур ҳолларда учинчи томон ташкилотлари, халқаро фондлар ва институтларнинг ресурсларини жалб этиш имконияти кўзда тутилган.
Шунингдек, ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган тадбирлар ва лойиҳалар томонларнинг расмий ахборот ресурсларида мунтазам ёритиб борилиши белгиланган бўлиб, бу жараёнларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади. Барча фаолият Ўзбекистон ва Туркия Республикаларининг амалдаги қонунчилигига тўлиқ мувофиқ тарзда амалга оширилади.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимидаги Ходимларнинг малakasини ошириш маркази ҳамда Туркия Республикаси Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги таълим маркази ўртасида имзоланган Меморандум кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, замонавий билим ва компетенцияларини шакллантириш йўлида муҳим институционал асос яратади. Ушбу ҳамкорлик давлат бошқаруви сифатини ошириш, бандлик сиёсатини такомиллаштириш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган ислоҳотларнинг самарадорлигини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Мазкур ташаббус Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорликка очиқлиги, илғор тажрибаларни ўзлаштиришга тайёрлиги ва инсон капиталига устувор аҳамият берaётганини яққол намоён этиб, мамлакатнинг халқаро майдондaги ижобий имиджини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.