Остона шаҳрида 50 га яқин аъзо мамлакатлар ва кузатувчилар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар делегациялари иштирокида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг навбатдаги саммити бошланди.
Кенгаш мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Фаластин Давлати Президенти Маҳмуд Аббос, Қатар Давлати Амири Тамим бин Ҳамад бин Халифа Ал Таний, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, шунингдек, Хитой Халқ Республикаси Раиси ўринбосари Ван Цишань, Вьетнам Социалистик Республикаси вице-президенти Во Тхи Ань Суан иштирок этди.
Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) – хавфсизлик ва барқарорлик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, савдо ва иқтисодий шериклик, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги алоқаларни фаоллаштиришга қаратилган халқаро форум. Жорий йилда ушбу форумни яратиш ташаббусига 30 йил тўлди.
Бугунги кунда ОҲИЧКда 28 та давлат иштирок этмоқда. Яна 9 та мамлакат ва 5 та халқаро ташкилот кузатувчилар мақомига эга. ОҲИЧКнинг олий органи Давлат ва ҳукуматлар раҳбарларининг саммити ҳисобланади. 2020 йилдан буён ОҲИЧКда Қозоғистон раислик қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев саммитдаги нутқида дунёдаги вазиятга баҳо берар экан, халқаро муносабатларда ноаниқлик тобора ўсиб, мулоқот ва ишонч мисли кўрилмаган даражада тақчил бўлиб бораётганини қайд этди.
“Юзага келган янги геосиёсий воқелик бутун Осиё қитъаси барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Инқирозли ҳолатлар Марказий Осиё давлатларига ҳам тўғридан-тўғри дахл қилмоқда, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш бўйича бизнинг саъй-ҳаракатларимизни секинлаштирмоқда” – деди давлатимиз раҳбари.
Аввало, бошқа ўткир халқаро муаммолар қалқиб чиқиши оқибатида иккинчи даражага тушиб қолаётган Афғонистондаги вазиятга алоҳида эътибор қаратилди. Шавкат Мирзиёев Афғонистон муваққат ҳукумати билан ўзаро ҳамкорлик бўйича умумий ва мувофиқлаштирилган ёндашувлар ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади. Шу муносабат билан, Осиё мамлакатларининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясига қўшма мурожаати имкониятларини кўриб чиқиш таклиф этилди. Бу мурожаатда Афғонистон ҳукумати билан томонлар мажбуриятларини босқичма-босқич бажариш алгоримини тайёрлаш ва келишиш учун юқори даражадаги халқаро музокара гуруҳини шакллантириш ҳақидаги ташаббус ифода этилган.
Радикал ғояларнинг хуружи кенгаяётгани, экстремистик ташкилотларга ёшларни фаол жалб этишга урунишлар умумий хавфсизликка таҳдид солмоқда. Шу муносабат билан бу борада тизимли ҳамкорлик кераклиги қайд этилди. “Ўғил-қизларимиз ўз кучига ишониши, адолатли келажакни қарор топтиришда ўз иштирокини ҳис этиши, ўз салоҳият ва умидларини амалда рўёбга чиқариш имкониятларига эга бўлиши лозим” – деди Ўзбекистон етакчиси.
Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг Ёшлар кенгаши ҳамраиси сифатида Ўзбекистон турли ёшдаги инсонлар ўртасида бир-бирини яхшироқ тушунишга даъват этадиган, фарзандларимизнинг энг долзарб муаммоларига биргаликда ечим излашга кўмаклашувчи янги форматни – авлодлар мулоқотини йўлга қўйиш таклифини билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Осиё мамлакатлари иқтисодиётини глобал инқирознинг ўсиб бораётган салбий оқибатларига мослаштириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди.
Хусусан:
- протекционизмнинг кучайишига, глобал бозорларни беқарор қиладиган омилларни, жумладан янги чекловларнинг жорий этилишига йўл қўймаслик;
- Осиё қитъасида ўзаро боғлиқликни, биринчи галда, ишлаб чиқариш-логистика занжирини, Марказий Осиёни Жанубий ва Шарқий Осиё, шунингдек, Яқин Шарқ билан самарали боғловчи транспорт йўлакларини яратиш;
- жаҳон саноат инқилобининг янги босқичига ўтишнинг асоси бўлган билимлар иқтисодиётини илгари суриш;
- инновациялар трансфери салоҳиятини янада тўлиқроқ ишга солиш, рақамлаштиришни фаол рағбатлантириш, юқори технологиялар, сунъий интеллект, Интернет тизимларини ривожлантириш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида янги ёндашувларни таклиф этди. Булар – озиқ-овқат ишлаб чиқаришнинг барқарор тизимларини ва уни етказиб беришнинг оптимал занжирини шакллантириш, ички минтақавий савдо ўсиши учун техник регламентларни уйғунлаштириш, Осиёда озиқ-овқат хавфсизлигини мониторинг қилиш яхлит тизимини яратишдир.
Ушбу барча масалалар ФАО шафелигида 2023 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган халқаро конференцияда муҳокама қилинади.
Экология муаммоларини ҳал қилиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни ҳамда мамлакатларимизни жадал кўкламзорлаштириш ва экотизимлар боғлиқлигини қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича “Яшил Осиё” концептуал дастури доирасида доимий эксперт маслаҳатлашувларини йўлга қўйишни таклиф қилинди.
Сўзининг якунида Ўзбекистон раҳбари замонавий таҳдидларни фақат мулоқот, бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш, умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ меъёрларига амал қилиш орқали самарали енгиб ўтиш мумкинлигига ишонч билдирди.
Айнан шунинг учун ҳам Президентимиз илгари сурган умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик борасидаги Самарқанд ташаббусининг асосий мақсади инсоният келажаги учун бефарқ бўлмаган, тинчлик, тотувлик ва биргаликда гуллаб-яшнаш учун интилаётган барча соғлом кучларни амалий мулоқотга жалб этишга қаратилган.
Саммитда кенгашга аъзо давлатлар, кузатувчи мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар делегациялари раҳбарлари ҳам сўзга чиқди. БМТ Бош котибининг видеомурожаати намойиш этилди.