Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Ўзбекистонда таълим ислоҳоти нега биринчи ўринга қўйилди?



Ёш авлод таълим-тарбияси, истиқболи билан боғлиқ ҳар қандай масала бугун жамиятни қизиқтиради. Зеро, фарзанди келажаги, оиласи фаровонлигини ўйлаган ота-она ўғил-қизини баркамол вояга етказиш ташвиши билан яшайди. Бу Ватани ҳурлиги ва тараққиёти, халқининг фаровонлиги ҳамда истиқболини кўзлаган ҳар бир давлат ва жамиятнинг ҳам олий мақсади.

Президентимиз Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида Тараққиёт стратегияси доирасида 2026 йилгача бажариладиган 5 та асосий вазифанинг энг биринчиси таълим тизими бўлишини таъкидлади.

Комил инсон ғояси қадимдан нафақат халқимиз, балки тараққиётга интилган барча жамиятларни ҳаракатлантирувчи куч бўлган. Бунда бирдамлик, ҳамфикрлик, адолат ва шаффофлик, ҳатто дўстона рақобат каби кўплаб омиллар зарур. Хўш, бу борада Халқ таълими вазирлиги олдида қандай вазифалар турибди? Халқ таълими вазири Бахтиёр  САИДОВ билан суҳбатимиз шу ва соҳага тааллуқли бошқа муҳим масалалар хусусида бўлди.

— Миллий мустақиллик, халқнинг ҳурлиги — энг улуғ неъмат. Унинг қадр ига етиш, кўз қорачиғидек асраб­ авайлаш, келгуси авлодларга бекаму кўст етказиш асосий бурчимиз! Ана шу тушунчани халқимиз, айниқса, бугун мактаб партасида камол топаётган ўқувчиларимиз теран англаб олишини истардим. Ёш авлодни баркамол вояга етказиш давлат ва жамиятимиз олдидаги энг устувор вазифа. Бугун дунё шиддат билан ривожланмоқда, илм­фан, техника доимий такомиллашиб бормоқда. Тараққиётдан ортда қолиш мамлакат истиқболи, халқ эркинлигига ҳам рахна солиши табиий. 

Бугун дунё кескин рақобат ва зимдан кураш майдонига айланган. Аввалги даврлардаги рақобат ва курашларда завод-­фабрикаларнинг турли ускуналари ортидан ғалаба қозонилган бўлса, ҳозирги курашлардаги муваффақиятда мактаблардаги билим сифати муҳим ўрин тутади. Бу ҳақиқатни унутмаган ҳолда, фарзандларимизнинг келгуси ғалабалари учун мустаҳкам пойдевор қурмоғимиз лозим.

Шу боис, бугун мактаб партасида ҳарф ўрганиб, билимлар оламига кириб бораётган ҳар бир ўғил­-қизни юртимиз истиқболи, ёруғ келажагига дахлдор ШАХС деб қабул қилишимиз шарт! Шундай экан, мамлакатимизда ёш авлод таълим-­тарбиясини давлат ва жамият олдидаги энг биринчи вазифа дейиш ҳар жиҳатдан табиий ва асосли.

— Таълим ислоҳотлари самараси ўқувчининг билим ва салоҳиятида намоён бўлади. Шу маънода, бугун мактаб таълимини ривожлантириш ва ўқитувчилар фаолияти самарадорлигини ошириш борасида қандай янгиликлар қилинмоқда?

— Янги ўқув йилида юртимиздаги ўн мингдан зиёд мактабда 500 мингдан ортиқ педагог таълим-­тарбия бермоқда. Улар орасида тажрибали, ўзига хос услуб ва ёндашувга эга муаллимлар жуда кўп. Зотан, маҳоратли ва билимли ўқитувчи мактаб жамоаси, ўқувчилар ва ота-­оналар ҳурматига сазовор бўлади.

Ҳозир ўқитувчилар меҳнатини муносиб рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш, рағбат ва мукофот тайинлашда адолат ва шаффофликни таъминлаш борасида бир қанча янгиликлар амалиётга татбиқ этилмоқда. Педагог кадрларнинг малака тоифасига эга бўлиши муҳим жиҳат. Чунки муаллимнинг касбий маҳорати ва илмий салоҳияти аниқ мезонларда баҳоланади.

Бироқ ҳеч бир тизим ўзига ўзи баҳо бериши мумкин эмас. Чунки бундай ёндашувда холислик йўқолади. Айнан шу тамойил асосида мазкур жараён Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан мустақил амалга оширилади. Биз бу жараёнда ўқитувчилар учун адолатли ва шаффоф синов ўтказилишини талаб этамиз, холос. Таълим тизимидаги изчил ислоҳотлар боис, педагог кадрларнинг малака тоифасини ошириш тизимида ҳам ортиқча бюрократия ва қоғозбозликка чек қўйилди.

Бу ўз касбини севувчи, фидойи ва маҳоратли педагогларимиз учун яна бир имконият, десак адашмаймиз. Зотан, бугунги кунда педагоглар бир йилда икки маротаба аттестация орқали малака тоифасини ошириши мумкин. Бу орқали ўқитувчининг ойлик маошини кўтаришига имконият берилмоқда. Мазкур тизим натижасида жорий йилда муаллимларимизнинг сифат таркиби кескин ошди.

Бунда дастлаб педагоглар таркиби (маълумоти, тоифаси, иш стажи) таҳлил қилиниб, натижаларига кўра, тажрибаси етарли бўлмаган, методик ёрдамга муҳтожларнинг навбатдан ташқари малака ошириш курсларига жалб этилгани муҳим аҳамият касб этди. Таҳлилларга кўра, ўтган бир йилда малака тоифасига эга бўлган ўқитувчилар сони қарийб 303 минг нафарга етиб, бу жами педагогларнинг 62,5 фоизини ташкил этмоқда.

Ўтган йили бу кўрсаткич 45,2 фоизни ташкил қилган бўлса, уч йил олдин 30 фоизга ҳам етмаган. Шунингдек, жорий йилда олий ва биринчи малака тоифасига эга ўқитувчилар сони салкам 143 минг нафарга, яъни 30,1 фоизга етгани ҳолда олий малака тоифасига эга ўқитувчилар улуши 9,1 фоизни ташкил этмоқда. 2021 йилда бу кўрсаткич 5,7 фоиз бўлган, холос. Ўз навбатида, халқ таълими тизимида фаолият юритаётган ўрта маълумотли ўқитувчилар улуши ҳам 9,5 фоиздан 7,3 фоизга камайган.

Бу ҳам мактабларда олий маълумотли ўқитувчилар сафи йилдан­-йилга кенгайиб, педагог касбининг нуфузи ошиб бораётганига далилдир. 2021 йилдан хорижий тиллар ўқитувчиларига халқаро сертификат бериш тизими жорий қилиниб, уларнинг ўз билимини исботлаши асосида шаффоф тарзда ойлик маошини қўшимча ошириш имкони берилди. Бу эса ўтган қисқа даврда халқаро стандартларга жавоб берадиган чет тил ўқитувчилари сони деярли уч баробар ошишига туртки бўлди.

Бугунги кунда ҳар бир ўқувчининг сифатли билим олиши, таълимда тенглик тамойили устувор бўлиши борасидаги саъй-­ҳаракатлар самараси ўлароқ, ҳатто энг чекка ҳудудлардаги мактаблар ҳам билимли ва маҳоратли педагоглар билан таъминланмоқда. Бу жараёнда олис ҳудудлардаги мактабларда фаолият кўрсатаётган фидойи ва жонкуяр ўқитувчилар ойлик маошига қўшимча 100 фоиз устама тўлаш тартиби жорий этилгани муҳим аҳамият касб этди.

Ҳозир юқори малака тоифасига эга 400 нафар фидойи устоз энг чекка ҳудуддаги мактабларда фарзандларимизга таълим­тарбия бериб келаётгани учун 1000 АҚШ долларига тенг миқдорда маош олмоқда. Бундай ижобий тажрибадан келиб чиққан ҳолда, жорий йил апрель ойида давлатимиз раҳбари бошқа фан ўқитувчиларига ҳам халқаро  сертификат бериш тизимини жорий қилиш ва  инсон қадрини улуғлаш тамойилига асосан, улар меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш тизимини татбиқ этишни топширганди.

Шунга кўра, Халқ таълими ҳамда Молия вазирликларининг тегишли қўшма қарори билан 2022 йил 1 сентябрдан халқаро ва миллий баҳолаш тизими сертификатига эга педагог кадрларга қўшимча устама ҳақ тўлаш тизими ишлаб чиқилди. Бу орқали энди нафақат чет тил ўқитувчилари, балки она тили ва адабиёт (ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти), математика, кимё, физика, биология ҳамда информатика ва ахборот технологиялари фанлари бўйича сертификат синовидан муваффақиятли ўтган педагоглар ҳам устама олиш имкониятига эга бўлди.

Шу ўринда машҳур бир ҳикматни тилга олмоқчиман: “Турғунлик ва эрксизлик заиф инсонларни шакллантиради. Заиф инсонлар қийин даврларга сабаб бўлади. Мураккаб даврлар кучли инсонларни яратади. Кучли ва матонатли кишилар фаровон даврларни бунёд этади”. Афсуски, собиқ тоталитар тузумнинг турғунлик даври ва бундан 20–25 йил аввал таълимга эътибор ҳозиргидек кучли бўлмагани, аксинча, талаб нуқтаи назаридан илм ва маърифат ўрнига ўқитувчининг вазифасига кирмаган турли қишлоқ хўжалиги ёки бошқа жамоат ишларига жалб этилган даврлар заиф педагоглар қатлами шаклланишига сабаб бўлди.

Ушбу қатлам эса таълимдаги бугунги муаммолар қаршисида ожиз қолмоқда. Янги Ўзбекистонни бунёд этиш ислоҳотида фаолликка интилаётган педагог кадрлар олдида таълимни инқироздан олиб чиқиш ва фарзандларимиз келажаги учун ёрқин даврларни яратишдек мураккаб ва муқаддас вазифа турибди. Ишонаманки, фидойи устозларимиз билан биргаликда, албатта, бу мақсадга етамиз!

— Бугун муаллим меҳнатини рағбатлантириш борасида амалдаги директор жамғармасига қўшимча равишда вазир жамғармаси ташкил этилди. Айтинг-чи, мазкур рағбатлантириш тизимларининг ўзаро уйғун ва фарқли жиҳатлари нимада? Умуман, ўқитувчи меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш, фаолиятини тўғри ташкил этишда яна қандай ишлар бажарилиши зарур деб ўйлайсиз?

— Ҳақиқатан ҳам, ўқитувчилик касбининг машаққати кўп. Буни ўзим ҳали мактабда, кейинчалик олий таълим муассасаларида ўқиб юрган, илмий фаолият билан машғул бўлган давримдаёқ англаганман. Қолаверса, ўз даврида онам ўқитувчи, бувим мактаб директори бўлиб ишлагани боис, бу соҳа машаққатини яхши биламан, десам хато бўлмайди. Ўқитувчининг иш вақти ва берган таълимини ҳеч бир мезон билан баҳолаб бўлмайди.

Аммо маҳорати билан тажрибасиз, ўз фанининг билимдони ҳамда энди соҳага кириб келаётган ўқитувчини ажратиш ва улар меҳнатига муносиб баҳо бериш дунё миқёсида ҳам долзарб масала. Зеро, ҳар бир соҳадаги ноаниқлик ёки умумий қолипга солиш тенденцияси хатоликларга олиб бориши ҳақиқат. Шу нуқтаи назардан, 2022 йил 2 августда  Вазирлар Маҳкамасининг “Халқ таълими вазири жамғармаси фаолиятини ташкил этиш чора-­тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, ўқитувчи меҳнатини муносиб рағбатлантириш механизми такомиллаштирилди.

Мазкур қарор айрим ҳудудлардаги таълим муассасаларида йўл қўйилаётган коррупцион ҳолатлар, шунингдек, молиявий хато ва камчиликларнинг олдини олишга қаратилган бўлиб, директор жамғармаси маблағларини тўғри ва аниқ мақсадга йўналтиришга хизмат қилади. Мазкур тизим, энг аввало, муносиб ўқитувчини рағбатлантиришни кафолатлайди. Бу жараёнда маблағлар “барча учун тенглик” тамойили асосида ва аниқ мезонлар бўйича устама ҳақ олишга муносиб ўқитувчиларни моддий қўллаб­-қувватлашга йўналтирилади.

Ижтимоий тармоқларда айрим нохолис экспертлар талқин қилганидек, янги тизим ҳеч қачон директор жамғармаси маблағлари миқдори ёки олий тоифага эга ўқитувчилар ойлик иш ҳақининг пасайишига олиб келмайди. Агар мазкур қарор ва Халқ таълими вазирининг жамғармаси тўғрисидаги низом соғлом дунёқараш билан ўқилса, янги тизим, энг аввало, директор жамғармасидан бериладиган мукофот ва моддий ёрдам пулининг тасарруф этилишини тартибга солишни англатади.

2022 йил август ойига қадар амалда бўлган тартибга кўра, директор жамғармаси маблағларидан мактабнинг энг илғор ва таълим самарадорлигига эришган ўқитувчилари ойлик маошига қўшимча 40 фоизгача устама ҳамда ходимларга моддий ёрдам ва мукофот пули берилиши назарда тутилган эди. Бироқ таҳлиллар кўрсатдики, жойларда баъзи мактаблар раҳбари директор жамғармаси маблағларини ўқитувчиларнинг таълим сифатини оширишга қўшган ҳиссаси учун тўлашдан кўра, айрим ходимларга фақат моддий ёрдам ҳамда мукофот пули тарзида тарқатишни одатга айлантирган.

Бу амалиёт натижасида устама ҳақ олишга муносиб ўқитувчилар сони ва уларга тўланадиган устама ҳақ миқдори йилдан-­йилга камайиб, моддий ёрдам ҳамда мукофот пули фоизи муттасил ошиб борган. 2021 йилда бир мактабда директор жамғармаси маблағларининг фақатгина 55 фоизи педагог ходимларга таълим сифати ва самарадорлигини оширишга қўшган ҳиссаси учун ҳар ойлик устамаларга ажратилгани ҳолда, қолган 45 фоизи мукофот ва моддий ёрдам кўрсатишга йўналтирилгани ҳам фикримизни далиллайди.

Ҳолбуки, давлат бюджетидан ажратилаётган директор жамғармаси маблағлари, биринчи галда, таълим сифатини оширишга қўшган ҳиссасига кўра, илғор ўқитувчиларни рағбатлантиришга йўналтирилиши лозим. Юқоридаги каби салбий ҳолатлар кўпайгани боис, лавозимига номуносиб айрим мактаб раҳбарлари директор жамғармаси ҳисобидан сурункали равишда айнан бир гуруҳ танишбилиш ларига такрор­такрор моддий ёрдам ва мукофот пули ёзиб келган.

Бу каби салбий ҳолатлар келиб чиқишига, аввало, директор жамғармаси маблағларини тасарруф этишга оид низомда ходимларга моддий ёрдам кўрсатиш тартиби ва миқдори аниқ мезонларда белгиланмагани сабаб бўлган, десак тўғри бўлади. Бу ҳолат эса аксарият ҳолларда директор жамғармаси маблағлари нотўғри сарфланишига олиб келган. Мисол учун, 2021 йилда бир мактабнинг иш ҳақи фондига 787,5 миллион сўм ва директор жамғармасига 175,5 миллион сўм ажратилган.

Директор жамғармаси маблағларининг фақатгина 20 фоизи педагог ходимларга ҳар ойлик устама учун йўналтирилгани ҳолда, қолган 80 фоизи фақат айрим ходимларни мукофотлаш ва моддий ёрдам кўрсатишга сарфлаб юборилган. Шу каби ҳолатларга йўл қўйган таълим муассасаси мутасаддилари фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тегишли материаллар ҳуқуқ-­тартибот органларига тақдим этилган. Низомнинг янги таҳририда директор жамғармасидан моддий ёрдам кўрсатиш миқдори ва ҳолати аниқ белгилаб қўйилди.

Мукофот ва моддий ёрдам пулини сабабсиз бериш ҳолатлари чекланди, лекин мактаб доирасида ўқитувчиларни рағбатлантириш учун ажратиладиган жами сумма сақлаб қолинди. Маблағларни ўқитувчилар иш натижасига кўра, устама ҳақи тўлашга йўналтириш, моддий ёрдам кўрсатишнинг аниқ ҳолатларини белгилаш (ходимнинг ўзи ва яқин қариндоши вафот этганда, оғир касалликка чалинганда, табиий офатдан зарар кўрганда) ҳамда мукофот пулини аниқ мақсадда ва барчага тенг миқдорда бериш тартиби ишлаб чиқилди.

Шунингдек, вазир жамғармаси орқали ягона тамойил асосида мамлакат бўйича малакали педагог ходимлар учун меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 5,5 баробари (ҳозир 5,1 миллион сўм) ҳисобида ҳар ойлик устамалар белгилаш, шунингдек, худди шунча миқдорда илғор ходимларга бир марталик пул мукофотини тўлаш амалиёти жорий этилмоқда. Фидойи ўқитувчиларни моддий рағбатлантиришга йўналтирилган мақсадли вазир жамғармаси ҳеч бир тизимда йўқ. Шунинг ўзи ҳам Президентимизнинг ўқитувчи касбини нечоғлиқ улуғлаши ва таълимга юксак эътиборининг яққол далилидир.

— Шу кунларда “15 йил давомида олий тоифали ўқитувчи сифатида фаолият юритган педагогларнинг олий малака тоифаси умрбод сақланиб қолиш-қолмаслиги ҳамда ойлик иш ҳақи миқдоридаги ўзгариш хавотири ортидан кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шу боис, мазкур масалага ҳам алоҳида изоҳ бериб ўтсангиз, мақсадга мувофиқ бўларди.

— Маҳоратли, ўз касбини севадиган ўқитувчи доим таълим берадиган фанига оид янгиликларни излаб юради. Муаллимнинг жамиятдаги мавқеи боис, юртимиз ва дунё илм­фанидаги ўзгаришлар, ижтимоий­сиёсий ривожланишдаги янгиликлар ҳам фидойи ва фаол ўқитувчи учун ҳамиша қизғин муҳокама ҳамда фикр-­мулоҳаза мавзуси бўлишига ишончим комил.

Бинобарин, педагоглик касбини ҳаётининг мазмуни, шогирдлари ютуғини ўз қувончи деб билган олий малака тоифасига эга ўқитувчи ҳар қандай синовларга доим тайёр. Шу маънода, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора­тадбирлари тўғрисида”ги қароридаги янгилик ва ўзгаришлар ҳақиқий фидойи ўқитувчиларимизда заррача савол туғдирмаганига ишонаман.

Мазкур қарор асосида тасдиқланган низомнинг янги тартибига кўра, олий малака тоифасига эга бўлганидан сўнг уни 15 йил давомида сақлаб келган ва узлуксиз иш стажига (шу жумладан, декрет таътили даврида ҳам) эга бўлган педагог кадрлар мажбурий аттестацияга жалб қилинмаслиги белгиланди. Ҳозирги таҳрирга асосан, педагоглар олий тоифали бўлиб, ўз даражасини 3 марта мажбурий аттестацияда тасдиқлаганидан сўнг умрбод олий малака тоифасига эга ўқитувчи мақомида фаолият юритиши мумкин.

Мисол учун, 2022 йилда олий таълим муассасасини битирган ёш педагог навбатдан ташқари аттестациядан ўтиш имкониятидан фойдаланиб, 2024 йилда олий малака тоифаси талабини бажариши мумкин. Шундан бошлаб 15 йил давомида 3 маротаба (яъни ҳар беш йилда — 2029, 2034 ва 2039 йилларда) Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ўтказган синовларда олий малака тоифасини ҳимоя қилиши талаб этилади.

Шундан сўнг мазкур ўқитувчига кейинги педагогик фаолиятида ҳеч қандай синовларсиз олий малака тоифасида меҳнат қилиш ҳамда унинг имтиёзларидан фойдаланиш имконияти берилади. Бундай ҳолатда педагог 39 ёшидан меҳнат фаолияти якунига қадар олий тоифани сақлаб қолиши мумкин.

Мазкур низомнинг олдинги таҳририда ғализлик ва ноаниқлик мавжуд эди. Яъни ўқитувчи дастлабки 10–12 йиллик педагогик фаолияти давомида иккинчи ёки биринчи малака тоифасига эга бўлиб, охирги йилда олий малака тоифасига сазовор бўлса, юқоридаги қоида унга ҳам тааллуқли, деган янглиш фикр юзага келиши мумкин эди. Умуман олганда, низомдаги юқоридаги каби жузъий ўзгартиришлар орқали педагогларга тўланадиган умумий маблағнинг камайиши борасидаги хавотирга асло ўрин йўқ.

— Шу ўринда муҳокамага сабаб бўлган яна бир мавзу — мактаб директори ва унинг ўринбосарлари иш юкламаси ҳамда уларга белгиланган дарс соатларининг тўғри ажратилишига ҳам изоҳ бериб ўтсангиз.

— Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 октябрдаги “Таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларга малакали ўқитувчи­педагогларни жалб қилиш чора­тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг аввалги таҳририда ҳам халқ таълими муассасаси раҳбар ходими асосий лавозимини бир ҳафтада 10 соатгача ҳажмда ўқитувчи лавозими билан қўшиб олиб бориш имкониятига эга эди.

Янги таҳрирда ушбу жараён янада аниқлаштирилди. Бунга сабаб шуки, айрим таълим муассасасида раҳбар ходимларга эгаллаб турган штат бирлигига қарамасдан 10 соатдан ортиқча дарс берганлик ҳолати кўплаб учради. Бу эса, ҳуқуқий нуқтаи назардан хато бўлгани сабабли иш юкламасидан ташқари 10 соатдан кўп дарс олган раҳбар ходимлар ортиқча иш ҳақи миқдорини давлат ғазнасига қайтариб тўлашга мажбур бўлди.

Шу боис, бундай тушунмовчилик, молиявий хато ва камчиликлар бўлмаслиги учун юқоридаги қарорнинг янги таҳрирдаги низомида “... раҳбар ходимларнинг эгаллаб турган штат бирлигидан қатъи назар, уларга фақатгина 10 соатгача дарс бериш мумкин”лиги аниқ белгилаб қўйилди.

— Демак, таълим сифатини таъминлашда ўқитувчи фаолияти, касбидан эъзоз топиши қанчалик муҳим бўлса, унинг меҳнатига ҳаққоний баҳо берадиган раҳбар кадрларнинг лавозимига муносиб бўлиши ҳам алоҳида аҳамиятга эга экан. Шундан келиб чиқиб, ёш педагог кадрларни тайёрлаш ҳамда мактаб раҳбарига қўйиладиган янги талабларни ишлаб чиқиш борасида қандай ишлар қилинмоқда?

— Сўнгги йилларда олий таълим муассасаларида педагог кадрлар тайёрлаш сифатини янги босқичга олиб чиқиш борасида соҳага халқаро амалиётга доир кўплаб янгиликлар татбиқ этилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг “Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-­тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, Урганч, Наманган, Гулистон давлат университетларига “давлат педагогика институтлари” мақоми берилди.

Самарқанд давлат университетининг Ўзбекистон­-Финляндия педагогика институти негизида Ўзбекистон-­Финляндия педагогика институти ташкил этилди. Андижон, Бухоро, Термиз, Қарши давлат университетлари Педагогика институтлари негизида давлат педагогика институтлари фаолияти йўлга қўйилди. Чирчиқ ва Жиззах давлат педагогика институтлари Чирчиқ ва Жиззах давлат педагогика университетлари сифатида ташкил этилмоқда.

Бундан ташқари, янги ўқув йилидан педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларида кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабалар 2-­курсдан бошлаб касбий маҳоратини ошириши учун ҳафталик ўқув машғулотлари “4+2” тартибида олиб борилади. Яъни дарсларнинг 4 куни олий таълим муассасасида, 2 куни мактабда амалиёт ўташ асосида ташкил этилади. Эътиборлиси, 2023/2024 ўқув йили қабулидан бошлаб педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларининг 14 та таълим йўналиши сиртқи таълим шаклига қабул амалга оширилмайди.

Шу билан бирга, ушбу 14 тадан бошқа йўналишларнинг сиртқи таълим шаклига камида 5 йиллик педагогик иш стажига эга шахслар, шу жумладан, мактабларда фаолият кўрсатаётган ўрта махсус маълумотли мутахассислар қабул қилинади. Мактабларда таълим сифатини ошириш, аввало, педагоглар салоҳияти, қолаверса, соғлом ва барқарор маънавий муҳитни яратувчи замонавий раҳбарларга кўп жиҳатдан боғлиқ. Бугун мактаб директорлари очиқ танловлар асосида дастлабки саралашдан ўтказилиб, халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг “2022–2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, 2023 йил 1 январдан бошлаб мактаб директори лавозимига номзодлар фақат менежерлик сертификатига эга шахслар орасидан танлаб олинади ва келишиш учун халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашига тақдим этилади.

Ҳозир Абдулла Авлоний номидаги Педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий тадқиқот институти тузилмасида Халқ таълими ходимларининг билим даражаси ва касбий маҳоратини баҳолаш маркази ташкил этилди. Энди ушбу марказ томонидан мактаб директори лавозимига номзодларга махсус дастурлар асосида жамоада ишлаш ва ота-­оналар билан мулоқот қилиш, бошқарув, молиявий ҳисоб­китоблар ҳамда ахборот технологияларини ўргатиш, билим ва кўникмаларини баҳолаш асосида менежерлик сертификатини бериш тартиби ишлаб чиқилди.

Замонавий мактаб директори ўқитувчи ва ташкилотчи, ҳуқуқшунос ва иқтисодчи бўлиши керак. Янги тизим бу борадаги фаолиятимизни мувофиқлаштириш ҳамда замонавий раҳбар кадрлар захирасини шакллантиришда муҳим омил бўлишига ишонаман. Бугун шиддат билан янгиланиб, такомиллашиб бораётган дунёда фақат ва фақат илм­фан, таълим ва тарбиягина давлатни, халқни тараққиётга бошлаши ҳақиқат.

Атоқли маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг бундан 100 йил олдин “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур”, деган ўгити ҳар бир ватандошимиз онгу шуурида бўлишини истардим. Зеро, маърифат ва маънавиятга ташна инсон, оила ва жамиятда устоз­муаллимнинг қадри ҳам баланд бўлади.



  ...