Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Ўзбекистон ва Россия Президентлари икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар



15 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Самарқандга келган Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин музокара ўтказдилар.

Давлатимиз раҳбари олий мартабали меҳмонни самимий қутлаб, ШҲТнинг Самарқанд саммитида иштирок этаётгани учун миннатдорлик билдирди.

Владимир Путин, ўз навбатида, Шавкат Мирзиёевга ҳар доимгидек самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча даражаларда жадал ва самарали ривожланиб бораётганини юксак баҳолади.

Томонлар кейинги йилларда кўп қиррали Ўзбекистон-Россия шериклиги мисли кўрилмаган юксак даражага кўтарилганини мамнуният билан қайд этдилар.

Ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқалар кенгайиб бормоқда. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан товар айирбошлаш икки баробардан зиёд кўпайди, ўтган етти ойда эса ўзаро савдо 30 фоиздан ортиқ ўсди. Эътиборлиси, икки томонлама савдо ҳажмининг 70 фоизи юқори қўшилган қийматли маҳсулотлардан иборат.

Саноат кооперацияси жадал суръат билан ривожланмоқда. Кейинги йилларда кон-металлургия, ёқилғи-энергетика, кимё, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, тўқимачилик ва бошқа тармоқларда 100 дан ортиқ қўшма лойиҳалар бошланди.

Томонлар, энг аввало, электроника, фармацевтика, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида индустриал-технологик шерикликни ривожлантириш бўйича комплекс ҳаракатлар режасини қабул қилишга келишиб олдилар.

Ушбу ташриф доирасида машинасозлик, кимё, нефть-кимё ва геология соҳалари бўйича 4,6 миллиард долларлик янги инвестиция битимлари имзоланаётгани қайд этилди.

Ҳамкорликни кенгайтиришда ҳудудлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар муҳим ўрин тутади. Биринчи ярим йилликда икки мамлакат ўртасида 50 га яқин ташрифлар бўлди.

Томонлар Ўзбекистон ҳудудларида қўшма саноат паркларини ташкил этиш, жорий йил октябрь ойида Ўзбекистон ва Россия ҳудудларининг навбатдаги форумини ўтказишга келишиб олдилар.

Шунингдек, Президентлар тадбирларга бой ва кенг кўламли маданий-гуманитар ҳамкорликни юксак баҳоладилар.

Россия олий таълим муассасаларининг хориждаги филиаллари сони бўйича Ўзбекистон етакчи ўринда туради. Сўнгги тўрт йилда юртимизда ушбу мамлакатнинг 12 та етакчи олийгоҳи филиаллари очилди ва жами 15 тага етди.

Туризм соҳасидаги алоқалар ҳам фаол ривожланмоқда. Жорий йилда Россиядан Ўзбекистонга келган сайёҳлар сони пандемиядан олдинги кўрсаткичлардан ошди.

Учрашувда томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Самимий ва дўстона ўтган учрашув якунида томонлар Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш борасидаги интилишлари қатъий эканини яна бир бор тасдиқладилар.



  ...