Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Ўзбекистон-Озарбайжон: келажакка йўналтирилган стратегик шериклик ва иттифоқчилик



Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2-4 июль кунлари давлат ташрифи билан Озарбайжонда бўлади ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) саммитида иштирок этади.

Озарбайжон Ўзбекистоннинг яқин дўсти ва вақт синовидан ўтган ишончли стратегик ҳамкоридир. Икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1995 йил 2 октябрда ўрнатилган. Ўшандан буён ўзаро ҳурмат ва ишонч руҳида изчил ривожланиб бораётган икки томонлама мулоқот стратегик шериклик ва иттифоқчиликнинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Икки давлат раҳбарларининг дўстона ва  ўзаро мустаҳкам ишонч асосланган муносабатлари  мамлакатларимиз  ўрасидаги шерикликни янада  ривожлантиришда муҳим аҳамият касб  этмоқда.

2022 йилда Стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва кенг қамровли ҳамкорликни ривожлантириш декларацияси ва 2024 йилда Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома  каби ҳужжатларнинг имзоланиши билан икки томонлама муносабатлар тарихида мутлақо янги саҳифа очилди.

Мунтазам ташрифлар ва олий даражадаги учрашувлар ҳамкорликнинг барча йўналишларида юқори суръатларни белгилаб, ўзаро алоқаларни ривожлантиришнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб хизмат қиляпти. Президент Илҳом Алиевнинг 2022 йил июнь ва 2024 йил август ойларида Ўзбекистонга буюрган давлат ташрифлари, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил август ойида Озарбайжонга бўлиб ўтган  давлат ташрифи икки томонлама муносабатлардаги муҳим воқеалар бўлди. Ушбу ташрифлар давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт, энергетика ва маданий-гуманитар соҳаларни қамраб олган ўнлаб шартномалар имзоланди.

Давлатимиз раҳбари Озарбайжонда бўлиб ўтган турли кўп томонлама форумларда,  жумладан Қўшилмаслик ҳаракати Мулоқот гуруҳи ва 2023 йилда БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиётлари бўйича махсус дастури (СПЕКА) саммитларида, Туркий давлатлар ташкилоти ва БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференциясида (CОР29)  қатнашди.

Ўз навбатида, Озарбайжон етакчиси  2022 йилда Ўзбекистонда ташкил этилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти  ва 2023 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитларида иштирок этди.

2025 йилнинг 10-11 июнь кунлари Озарбайжон Бош вазири Али Асадов расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди ва унинг доирасида тўртинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида қатнашди.

Икки давлат ўртасидаги сиёсий ҳамкорлик очиқ ва конструктив мулоқот тамойилларига асосланади.  Мамлакатларимиз ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги мунтазам маслаҳатлашувлар, БМТ, Қўшилмаслик ҳаракати,  ТДТ, ИҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа минтақавий ҳамда халқаро тузилмалар доирасидаги яқин шериклик минтақавий ва глобал ривожланишнинг кўплаб долзарб масалалари бўйича Ўзбекистон ва Озарбайжон позицияларининг ўхшашлигини тасдиқлайди.

Кун тартибида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистон 1992 йил 28 ноябрда ИҲТга аъзо бўлди ва  мазкур тузилма доирасида бошқа давлатлар билан самарали ҳамкорлик қилмоқда. Савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни кенгайтириш, жаҳон бозорида рақобатбардошликни ошириш, хорижий шериклар билан ишлаб чиқариш кооперациясини чуқурлаштириш, минтақада янги транспорт йўлакларини яратиш, ривожлантириш ва улардан самарали фойдаланиш халқаро ҳамкорликнинг энг муҳим йўналишларидандир.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ИҲТнинг фаол иштирокчиси сифатида логистика йўлакларини, савдо-инвестиция платформаларини ривожлантириш ва минтақада барқарор тараққиётга қаратилган муҳим ташаббусларни илгари сураётгани, улар фаол қўллаб-қувватланаётгани ва муваффақиятли амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

ИҲТ доирасида Ўзбекистон ва Озарбайжон самарали ҳамкорликни намойиш этиб, бир-бирининг ташаббусларини изчил қўллаб-қувватлаб, қўшма лойиҳаларни амалга оширишга ҳисса қўшмоқда, бу эса икки томонлама кун тартибини мазмунан бойитмоқда. 2017 йилдан буён олий даражадаги Ўзбекистон-Озарбайжон мулоқоти фаоллашгани делегациялар алмашинувининг фаоллашувига хизмат қилди. Ўтган саккиз йил давомида энг олий ва юқори даражадаги 150 дан ортиқ ташрифлар амалга оширилди.

Икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва барқарор мазмунли давлатлараро алмашинувнинг муҳим бўғини бўлган парламентлараро мулоқот буни яққол намоён этмоқда. Шунингдек, икки давлат парламентларида фаолият юритаётган дўстлик гуруҳлари ўзаро ишонч, сиёсий мувофиқликни мустаҳкамлаш, кенг кўламли ташаббусларни амалга оширишда қўшма ёндашувларни ишлаб чиқишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаеванинг 2025 йил февраль ойида Озарбайжонга ташрифи ва Миллий Мажлис Раиси Соҳиба Гафарованинг шу йил апрель ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-Ассамблеясидаги иштироки ҳамкорликнинг муваффақиятли намуналаридир.

Ўзбекистон Президентининг Озарбайжонга давлат ташрифи арафасида Хива шаҳрида икки мамлакат парламентлари раҳбарлари раислигида Биринчи Ўзбекистон-Озарбайжон парламентлараро форуми бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ва Озарбайжон парламент делегацияларининг халқаро тадбирлардаги ўзаро ташрифлари ва икки томонлама учрашувлари динамикаси томонларнинг ўзаро мулоқотни, шунингдек, минтақавий ва глобал парламентлараро тузилмалар доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдорлигини кўрсатади.

Идоралараро даражадаги ҳамкорлик ҳам фаол ривожланмоқда. Икки мамлакат Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида мунтазам равишда сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказилиб, транспорт маъмуриятлари даражасида яқин мулоқотлар олиб борилмоқда, савдо-иқтисодий алоқалар, саноат кооперацияси мустаҳкамланмоқда.

Ўзбекистон ва Озарбайжон мос равишда Марказий Осиё ва Жанубий Кавказда йирик иқтисодий салоҳиятга эга давлатлар саналади. Бу уларни иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни чуқурлаштиришга интилаётган иқтисодий жиҳатдан истиқболли ҳамкорларга айлантиради. 2020 йилда Ўзбекистон-Озарбайжон ишбилармонлар кенгашининг ташкил этилиши бу йўналишдаги муҳим қадам бўлди. Мазкур платформа ўзаро манфаатлар кесишган янги нуқталарни аниқлаш имконини берди ва фойдали сармоявий, савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга  кўмаклашмоқда.

Шунингдек, Озарбайжон капитали иштирокида савдо, машинасозлик ва металлга ишлов бериш, молия ва суғурта, кўчмас мулк олди-сотдиси, энергетика, хизмат кўрсатиш, заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат саноати, енгил саноат ва бошқа йўналишларда фаолият юритаётган 250 дан ортиқ корхона Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришга муҳим ҳисса қўшмоқда.

Озарбайжонда “UzAuto” автомобиль йиғиш заводининг очилиши саноат кооперациясининг ёрқин мисолларидан бири бўлди. Мазкур  лойиҳа Ўзбекистоннинг экспорт имкониятларини кенгайтирди ва Озарбайжонда янги иш ўринлари яратди. Шу билан бирга, агросаноат, тўқимачилик саноати, логистика соҳаларидаги кооперация ҳам муваффақиятли ривожланмоқда. Ҳар икки давлат ҳам Транскаспий йўналиши лойиҳалари орқали транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шунингдек, транспорт стратегияларини интеграциялашувидан манфаатдор.

Ўзбекистон  ва  Озарбайжон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2024 йил якунига кўра, 250 миллион доллардан ошди. Шу билан бирга, томонлар келгуси йилларда уни бир неча баробар оширишга интилмоқда. Бунга мамлакатлар ўртасида ўрнатилган эркин савдо режими ва жорий йилнинг июнь ойида Бокуда сўнгги йиғилиши бўлиб ўтган ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссия  яқиндан  кўмаклашмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳудудлараро  ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. 2023 йил февраль ойида Тошкентда Биринчи Ўзбекистон-Озарбайжон ҳудудлараро  форуми бўлиб ўтди. Унинг якунлари бўйича Самарқанд ва Ганжа, Хива ва Шуша, Бухоро ва Ланкоронь, Қўқон ва Шеки шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. 2024 йил май ойида Озарбайжоннинг Губа шаҳрида II  Ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди.  Мазкур  анжуман  якунида  Наманган ва Мингечевир, Гулистон ва Физули, Термиз ва Билясувар шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Бундан ташқари, 2024 йил август ойида Тошкентда бўлиб ўтган бизнес-форум доирасида Жиззах ва Губа, Шаҳрисабз ва Бейлаган ўртасида биродарлашган шаҳарлар тўғрисидаги муносабатларни ўрнатиш  ҳақидаги баённомалар имзоланди.

2025 йил июнь ойида Боку шаҳрида  III Ҳудудларо форум бўлиб ўтди.   Шунингдек, икки давлат ҳудудидаги энг истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида 2023 йилда устав капитали 500 миллион доллар бўлган Ўзбекистон-Озарбайжон қўшма инвестиция компанияси ташкил этилди.

Мазкур тузилмаларнинг ташкил этилиши расмий Тошкент ва Бокунинг иқтисодий интеграциялашуви ҳамда савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликнинг мавжуд салоҳиятини тўлиқ амалга оширишдан ўзаро манфаатдорлигидан далолат беради. Буни кўплаб тадбирлар – кўргазмалар, бизнес-форумлар, бизнес миссиялар ҳам тасдиқлайди.

 2024 йил 22 август куни Озарбайжон Президентининг давлат ташрифи арафасида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Озарбайжон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Натижада шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш ва қуриш, янги логистика марказлари, таълим муассасалари, ҳамкор мамлакатларда тармоқ бирлашмаларининг ваколатхоналарини ташкил этиш бўйича икки томонлама салмоқли ҳужжатлар тўплами имзоланди.

Озарбайжон қардош давлат бўлиб, Ўзбекистон ҳам қадимий, ҳам янги тарихда ушбу  мамлакат билан ҳамиша дўстона муносабатларни сақлаб келган. Маънавий-маданий яқинлик маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш учун кучли пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Ўзбек ва озарбайжон халқларининг буюк аждодлари – Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Низомий Ганжавий, Носириддин Тусий, Муҳаммад Физулий мероси нафақат туркий тилли халқлар, балки бутун инсоният мулкидир. Уларнинг меҳнати мамлакатларимиз халқлари томонидан юксак эъзозланаётгани Бокуда Алишер Навоий, Тошкентда эса Низомий Ганжавий ва Ҳайдар Алиев ҳайкали ўрнатилгани, Низомий Ганжавий номидаги Ўзбекистон давлат педагогика университети, Озарбайжондаги қишлоққа Алишер Навоий номи  берилгани ҳам шундан далолат беради.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2023 йилда Фузули шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги 960 ўқувчига мўлжалланган замонавий мактаб барпо этилгани ўзбек ва озарбайжон халқлари ўртасидаги мустаҳкам дўстликнинг яна бир белгиси бўлди. Икки давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиевнинг таълим соҳасидаги ташаббуслари гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилмоқда. Мамлакатларимиз ўртасида тобора кўпроқ янги қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда, делегациялар мунтазам равишда алмашилмоқда.

Ўзбекистон  ва  Озарбайжон ўртасидаги маданий алоқалар ҳам жадал ривожланяпти. Делегациялар алмашинуви мунтазам равишда, жумладан, юқори даражада амалга оширилмоқда.

Икки мамлакат ижодий гуруҳлари мунтазам ўтказиб келинаётган маданият ва адабиёт кунлари, кино ва ижодий ҳафталиклари, гастроль ва бадиий кўргазмаларнинг доимий иштирокчиси ҳисобланади.

 Жумладан, Озарбайжон маданият вазири бошчилигидаги делегациялар 2018 ва 2024 йилларда Халқаро мақом санъати анжуманида, 2019 йилда бўлиб ўтган Биринчи Халқаро халқ амалий санъати фестивалида ва 2021 йилда “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” халқаро маданият форумида иштирок этди.

Ўз навбатида Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков “Шуша – Туркий дунёнинг маданий пойтахти-2023” тадбирлари, VI  Боку Бутунжаҳон маданиятлараро мулоқот форуми ҳамда 2024 йилда “Шуша – Ислом оламининг маданий пойтахти-2024” йилининг очилиш маросимида иштирок этиш учун Озарбайжонга ташриф буюрди.

2023 йилнинг апрель-май ойларида Ўзбекистонда Озарбайжон халқининг умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиев таваллудининг 100 йиллигига бағишланган бир қатор маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди.  Мазкур тадбирлар Ўзбекистондаги Озарбайжон маданият марказлари билан  биргаликда ташкил этилди.

Дарвоқе, бугунги кунда Ўзбекистонда 40 мингга яқин озар диаспораси истиқомат қилади ва уларнинг барчаси халқларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшмоқда. Бу ҳисса икки давлат раҳбарияти томонидан юқори баҳоланаётир. Шу тариқа, озарбайжонлик санъат усталарининг маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлашдаги хизматлари эътироф этилган ҳолда Ўзбекистоннинг юксак давлат мукофотларига сазовор бўлдилар. Жумладан, Ўзбекистон Президентининг фармони билан Рашид Беҳбудов номидаги Озарбайжон давлат мусиқали театри вокалисти Гулянак Мамедова 2022 йилда “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти”, 2024 йилда Озарбайжоннинг таниқли маданият арбоби Полад Бюльбюльоглы “Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби” фахрий унвони билан тақдирланди. Шунингдек, бир қатор  озарбайжонлик жамоат ва  давлат арбоблари “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.

Ўз навбатида, Озарбайжон Президентининг фармони билан “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси солисти Насиба Абдуллаева “Озарбайжон Республикаси халқ артисти”,  Ю.Ражабий номидаги “Мақом” ансамбли бадиий раҳбари Ҳошимжон Исмоилов, Ўзбекистон Давлат консерваторияси ректори Камолиддин Ўринбоев ва Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси   Али Носирли “Достлук” ордени билан тақдирланган.

Озарбайжоннинг “Ширвон” фольклор гуруҳи жорий йилнинг апрель ойида Хива шаҳрида ўтказилган IV Халқаро бахшичилик санъати фестивалида Гран-прини қўлга киритди.

Таълим, фан, соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳам ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Икки мамлакат олий ўқув юртлари ўртасида талабалар ва илмий ходимлар алмашинуви йўлга қўйилган, қўшма илмий лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Жорий  йилнинг 27-28 май кунлари Андижон шаҳрида Ўзбекистон ва Озарбайжон олий ўқув юртлари ректорларининг биринчи форуми бўлиб ўтди, унда икки давлатнинг 50 та олий ўқув юртлари ректорлари бошчилигидаги 130 дан ортиқ делегациялар иштирок этди.

  Шу  ўринда  таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўзаро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариб, иттифоқчилик муносабатларини кенгайтириш учун мустаҳкам замин ҳозирлашда давом этмоқда.

Якун сўз ўрнида, айтиш жоизки, Ўзбекистон Президентининг Озарбайжонга давлат ташрифи, шунингдек, ИҲТ саммитидаги иштироки ҳар икки давлатнинг ўз минтақаларида нуфузли иштирокчи сифатидаги мавқеини мустаҳкамловчи муҳим воқеа бўлиши шубҳасиз. Мазкур тадбирлар Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги мустаҳкам қардошлик ришталари,  нафақат икки томонлама даражада балки халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида  ҳам изчил ривожланиб бораётганининг яққол тасдиғидир.

 

“Дунё” АА



  ...