Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 26-27 июнь кунлари амалий ташриф билан Минск шаҳрида бўлади ва Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг (ЕОИК) навбатдаги йиғилишида кузатувчи давлат раҳбари мақомида иштирок этади.
Евроосиё иқтисодий иттифоқи Божхона иттифоқи ва Ягона иқтисодий макон негизида тузилган халқаро интеграцион иқтисодий бирлашмадир. Иттифоқ 2014 йил 29 майда Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Беларусь, Қозоғистон ва Россия давлат раҳбарлари томонидан имзоланган Евроосиё иқтисодий иттифоқи тўғрисидаги шартнома кучга кирганидан сўнг 2015 йил 1 январдан иш бошлади. 2015 йилда Арманистон ва Қирғизистон шартномага қўшилди.
Ўзбекистон 2020 йилда ЕОИИда кузатувчи давлат мақомини олган. Бирлашма низомига кўра, кузатувчи мақомига эга давлатлар ЕОИИ органлари йиғилишларида қарор қабул қилиш ҳуқуқисиз иштирок этиши, шунингдек, Евроосиё иқтисодий комиссиясига мамлакат вакилини тайинлаши мумкин.
Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлигини ушбу форматда ривожлантириш миллий манфаатларга жавоб беради ва тенг ҳуқуқлилик, шунингдек, иштирокчи давлатлар томонидан бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланади.
Ўзбекистон Президенти мамлакатимиз кузатувчи мақомини олганидан бери мазкур бирлашма Олий Кенгашининг еттита йиғилишида қатнашди.
Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёев 2024 йил 26 декабрь куни Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида кузатувчи мақомида иштирок этди ва муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида сўнгги йилларда мамлакатимиз кузатувчи сифатида Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан 22 та йўналишда самарали ҳамкорликни йўлга қўйганини таъкидлади.
Қайд этилганидек, 2024 йилда Ўзбекистоннинг иттифоқ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 11 фоизга ошди. Октябрь ойида Евроосиё иқтисодий комиссияси билан савдо, саноат, молия, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа соҳаларда 40 га яқин чора-тадбирларни ўз ичига олган янги уч йиллик ҳамкорлик режаси қабул қилинди.
Ўзбекистон ЕОИИнинг савдо ва юк ташишни рақамлаштириш, электрон тижоратни жорий этиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳасидаги қатор тармоқ дастурларида фаол иштирок этмоқда.
Давлатимиз раҳбари, шунингдек, Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор йўналишларига алоҳида тўхталди.
Хусусан, мамлакатимиз етакчиси ўзаро савдодаги тўсиқларни босқичма-босқич бартараф этишга чақирди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва ЕОИИ давлатлари ўртасидаги савдода тариф ва нотариф чекловларни қўлламаслик масаласини экспертлар даражасида ишлаб чиқиш таклиф этилди. Саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш дастурларини қўллаб-қувватлаш механизмлари ва воситаларига қўшилишдан манфаатдорлик билдирилди.
“Қўшма лойиҳаларни илгари суриш учун ишончли молиявий манбаларни шакллантириш мақсадида келгуси йил бошида тартиб-таомилларни якунлаб, Евроосиё тараққиёт банкига аъзо бўлишни режалаштирмоқдамиз, – деган эди Ўзбекистон етакчиси.
Жумладан, жорий йилнинг 9 апрель куни давлатимиз раҳбари “Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё тараққиёт банкини таъсис этиш ҳақидаги Битимга (Остона, 2006 йил 12 январь) қўшилиши тўғрисида“ ги Қонунни имзолади.
Битимнинг асосий мақсади инвестиция фаолияти орқали унга қўшилган иштирокчи давлатларнинг иқтисодий ўсишига ва улар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга кўмаклашишдир. Шунингдек, банк фаолияти доирасида тўлиқ ва самарали иштирок этиш ҳуқуқи таъминланади. Бундан ташқари, банкка аъзо давлатларнинг иқтисодий ўсишига кўмаклашиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва инвестиция фаолияти орқали Евроосиё ҳудудида интеграция жараёнларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Шунингдек, ЕОИИ доирасида рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасида тизимли ҳамкорлик қилиш муҳимлиги қайд этилди. Мамлакатимизни ЕОИИнинг интеграциялашган ахборот тизимига ва “Рақамли иттифоқ” лойиҳасига улаш ташаббуси илгари сурилди. Аграр соҳада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни енгиллаштириш, инновацион агросаноат лойиҳаларини амалга ошириш ва илмий ишланмаларни жорий этишга қаратилган кооперация дастурини тайёрлаш таклиф этилди. Сайёҳлик алмашинувларини рағбатлантириш мақсадида давлатимиз раҳбари ЕОИИ давлатлари фуқароларига Ўзбекистонга ички ҳужжатлар билан кириш имконини берувчи тартибни жорий этишга тайёрлигини билдирди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Президенти томонидан Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши мажлисларида илгари сурилаётган, тузилмага аъзо ва кузатувчи мамлакатларнинг барча манфаатларига тўлиқ жавоб берадиган очиқ ва прагматик ташаббусларнинг аксарияти ҳаётга тадбиқ этиляпти. Эътиборлиси, давлатимиз раҳбарининг мазкур таклиф ва ташаббуслари иштирокчи давлатлар раҳбарлари томонидан ҳам якдиллик билан қўллаб-қувватланмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Бош вазири бошчилигида ЕОИИ мамлакатлари ва Евроосиё иқтисодий комиссияси билан ҳамкорлик бўйича идоралараро ишчи гуруҳи тузилган. Ишчи гуруҳ ЕОИИ билан ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштиради, иқтисодий алоқаларни таҳлил қилади ва ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.
2024 йил 1 октябрда Ўзбекистон ҳукумати ва Евроосиё иқтисодий комиссияси ўртасида 2024-2026 йилларга мўлжалланган Қўшма ҳаракатлар режаси имзоланди.
ЕОИИ платформасида кузатувчи давлат сифатида иштироки орқали Ўзбекистон муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда, тузилмага аъзо барча давлатлар билан фаол ҳамкорлик қиляпти, шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантирмоқда. Ушбу омиллар эса барқарор ўсиш суръатларни кўрсатаётир.
Ҳозирги вақтда ЕОИИ томонидан хорижий шериклар билан ҳамкорлик алоқалари Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) нормалари ва тамойилларига мувофиқ тарзда ўрнатилган.
ЕОИИ халқаро ташкилотлар ва институтлар билан ҳам фаол ҳамкорлик олиб бормоқда. Жумладан, Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ), Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ), Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (ОЕCД), Жаҳон божхона ташкилоти (WCО), Халқаро миграция ташкилоти (МОМ) ва бошқалар билан ўзаро алоқалар йўлга қўйилган. Шунингдек, мазкур иттифоққа аъзо давлатларнинг асосий қисми Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га ҳам аъзо ҳисобланади.
Ушбу омиллар ҳисобга олиниб, Ўзбекистон томони кузатувчи давлат сифатида ЕОИИнинг тўртта пилот лойиҳаларида иштирок этмоқда. Хусусан, Темир йўлда юк ташишни рақамлаштириш лойиҳаси ЕОИИ давлатлари ва Хитой ўртасида темир йўл юк ташишларини рақамлаштириш бўйича чора-тадбирларни назарда тутади.
Ушбу режа босқичма-босқич ўтишни назарда тутади ва электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда электрон ҳужжат айланишига ва электрон жўнатма ҳамда унга қўшилган ҳужжатларни алмашиш бўйича чора-тадбирларни ўз ичига олади. Ўзбекистон ваколатли органлари вакиллари 2022 йил июнь ва 2023 йил январда ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича учрашувларда иштирок этди. Унда мамлакатлар ўртасида транспорт ва божхона ҳужжатларини электрон алмашишни босқичма-босқич амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистоннинг мазкур лойиҳада иштироки техник ва ҳуқуқий шароитларни яратилишини назарда тутади.
Шунингдек, Ўзбекистон ЕОИИ доирасида амалга ошириш босқичида бўлган Трансчегаравий (ташқи) электрон тижорат, Иқлим кун тартиби, “Евроосиё агроэкспресс” лойиҳаларининг томонлар учун самарадорлигини таҳлил қилмоқда.
Ўзбекистоннинг мазкур интеграцион уюшмада кузатувчи давлат мақомида бўлиши республикада ривожланаётган илмий ва технологик инқилоблар, халқаро савдо, капиталнинг кўчиб юриши, замонавий транспорт, алоқа ва ахборот тизимлари иқтисодий ҳаётнинг халқаролашуви жараёнининг глобал шаклланган даражага ўтишига ёрдам бермоқда.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини рўёбга чиқариш учун ЕОИИ мамлакатлари билан савдо айланмасини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, Ўзбекистон ва бошқа аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро интеграциаллашув ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсишига, янги технологияларнинг кенг ва жадал тарқалишига, инфратузилмаларнинг ривожланишига, халқаро иқтисодий ташкилотлар, фондлар ролининг янада ошишига, савдо ва бозорларнинг эркинлашувига ва бошқа ютуқларга эришилишига хизмат қилаяпти.
Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Президентининг Минск шаҳрида бўлиб ўтадиган Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштироки, ЕОИИ мамлакатлари ўртасида инвестиция, савдо-иқтисодий ва транспорт-логистика соҳаларида яқин ҳамкорлик асосларини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш янги суръат бағишлайди ҳамда минтақа халқлари ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
“Дунё” АА