Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Ўзбекистон ва Венгрия: стратегик шерикликнинг янги даври



Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 19-21 май кунлари расмий ташриф билан Венгрияда бўлади.

Давлатимиз раҳбари ташриф давомида Туркий давлатлар ташкилотининг Будапешт шаҳрида бўлиб ўтадиган норасмий саммитида иштирок этади.

Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида дипломатик муносабатлар  мамлакатимиз истиқлолга эришганидан кўп ўтмай, яъни 1992 йил 14  мартда ўрнатилган. Ўшандан бери икки томонлама  муносабатлар расмий ўзаро ҳамкорликдан конструктив ва ўзаро ҳурматга асосланган мулоқотни йўлга қўйишгача бўлган муҳим эволюцияни бошидан кечирди.

2021 йил март ойида Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг Тошкентга буюрган ташрифи якунлари бўйича Стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларация имзоланди ва у замонавий жадал ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор яратди. Ушбу ҳужжатда томонларнинг муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш ниятлари қайд этилган.

Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги сиёсий мулоқот юқори суръатда давом этмоқда. Бош вазир Виктор Орбаннинг Ўзбекистонга ташрифидан ташқари, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил октябрь ойида Венгрияга расмий ташрифи ҳам алоҳида эътиборга лойиқдир. Олий даражадаги музокаралар якунида саноат кооперацияси ва илмий-техникавий ҳамкорликдан тортиб, академик алмашинувларгача бўлган турли йўналишларни қамраб олган 16 та икки томонлама ҳужжат имзоланди. Ташриф доирасида икки мамлакат ишбилармон доираларининг етакчи вакиллари иштирок этган Ўзбекистон-Венгрия бизнес-форуми ҳам бўлиб ўтди.

Ҳозирда икки томонлама даражада ҳам, кўп томонлама форматларда ҳам фаол ҳамкорлик олиб борилмоқда. Давлатлараро ҳамкорлик кенг қамровли ҳуқуқий базага, жумладан, 50 дан ортиқ икки томонлама ҳужжатларга асосланади. Улардан энг муҳими инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш, илм-фан, инновациялар, қишлоқ, сув хўжалиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар, шунингдек, таълим, соғлиқни сақлаш ва юқори технологиялар соҳаларида идоралараро меморандумлар бўлди. Ҳуқуқий рўйхатга олишнинг бундай кўлами муносабатларнинг институционал асосларини мақсадли мустаҳкамлашдан далолат беради.

Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик икки давлатнинг стратегик шериклигини мустаҳкамлаш, сиёсий мулоқот, иқтисодий ҳамкорлик ва гуманитар алмашинувларнинг институционал асосларини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу механизм нафақат стратегик шериклик асосларини мустаҳкамлайди, балки тажриба алмашиш, қонунчилик ташаббусларини мувофиқлаштириш ва халқаро муаммоларга умумий ёндашувларни ишлаб чиқишда муҳим кўприк бўлиб хизмат қилади.

2020 йилда Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Венгрия Миллий Ассамблеясида парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари ташкил этилди. Ўзаро ҳамкорликнинг бундай формати сиёсий ишонч ва шериклик барқарорлигини оширишга ёрдам беради. Бундан ташқари, парламент дипломатиясидан инсонпарварлик ташаббусларини илгари суриш, академик ва ёшлар алмашинувини қўллаб-қувватлаш, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш воситаси сифатида тобора кўпроқ фойдаланилмоқда.

Икки давлат ташқи сиёсат идоралари ўртасида ҳам самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сийяртонинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида 2024-2026 йилларга мўлжалланган вазирликлараро ҳамкорлик дастури имзолангани бунинг ёрқин ифодаси бўлди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик Ўзбекистон-Венгрия муносабатларини ривожлантиришнинг асосий омили бўлиб қолаётир. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўсиш учун салмоқли салоҳиятга эга ва томонлар ўзаро савдо алоқаларини ишонч билан оширяпти. 2024 йилги маълумотларга кўра, мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 78 миллион АҚШ долларидан ошган бўлса, жорий йилнинг январь-март ойларида бу кўрсаткич 25,1 миллион долларни ташкил этиб, барқарор ўсишни кўрсатди.

Савдо-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш жараёнида Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Венгрия ҳукуматлараро комиссия фаолияти алоҳида таъкидлаш жоиз. Комиссиянинг тўққизинчи йиғилиши 2024 йилнинг май ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган эди. Йиғилиш якунлари бўйича қатор икки томонлама ҳужжатлар, жумладан, икки мамлакат Савдо-саноат палаталари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. Икки томонлама келишувларни амалга ошириш, жумладан, “Ангрен” ЭИЗда Венгрия компаниялари учун Махсус саноат зонасини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. 2024 йил октябрь ойида мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича инвестиция шартномаси имзоланди.

Иқтисодий мулоқотда 2021 йилда тузилган Ўзбекистон-Венгрия ишбилармонлар кенгаши ва 2022 йилда ташкил этилган Ўзбекистон-Венгрия тараққиёт жамғармаси фаолияти алоҳида ўрин тутади. Унинг асосий мақсади қўшма инвестициявий лойиҳаларни молиялаштиришдан иборат. 2023-2024 йиллар охирига қадар жамғарма 100 миллион евродан ортиқ ташаббусларни қўллаб-қувватлади. Жумладан, ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини модернизация қилиш ва ресурсларни бошқаришда рақамли технологияларни жорий этишга  маблағ киритди. Бугунги кунда Венгрия Ўзбекистондаги энг фаол европалик инвесторлар қаторидан жой олган. Иқтисодий ҳамкорликнинг асосий йўналишлари фармацевтика, агросаноат комплекси, озиқ-овқат саноати, машинасозлик, сув технологиялари бўлиб қолмоқда. Айни пайтда Ўзбекистонда Венгрия сармояси иштирокида ташкил этилган 17 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 10 таси қўшма ва 4 таси 100 фоиз Венгрия капитали иштирокидаги корхоналардир.

Ўзбекистонда давлат банкларини ислоҳ қилиш ва хусусийлаштириш шароитида банк секторидаги ўзаро ҳамкорлик муҳим йўналишга айланиб бормоқда. 2022 йил декабр ойида “ОТР Bank” ва Ўзбекистон Молия вазирлиги ўртасида  “Ипотекабанк”нинг 100 фоиз акцияларини Венгрия банки томонидан босқичма-босқич сотиб олиш тўғрисида битим имзоланган эди.

Сўнгги йилларда бизнес-форумлар, бизнес-миссиялар ва В2В учрашувларини ташкил этиш мунтазамлик касб этмоқда.  Жумладан, Венгриянинг иқтисодий соҳа вазирликлари раҳбарлари бошчилигидаги делегациялар ҳар йили ўтказиладиган Тошкент халқаро инвестиция форумининг  доимий иштирокчиси ҳисобланади. Шунингдек, сўнгги икки йил ичида бир қанча йирик бизнес тадбирлари, жумладан, Тошкентда бизнес-форум ва Будапештда Ўзбекистон компанияларининг род-шоуси ўтказилди. Ушбу платформалар ишбилармон доиралар вакиллари ўртасида барқарор алоқаларни шакллантириш, таъминот занжири ва иқтисодиётнинг реал секторида ҳамкорликни йўлга қўйишга хизмат қиляпти.

Маданий-гуманитар ҳамкорлик икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда муҳим йўналиш саналади. Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги тарихий-маданий алоқаларнинг ёрқин тимсолларидан бири – бу  венгер шарқшуноси, туркологи ва сайёҳи Арминий Вамбери (1832-1913) ҳисобланади. Унинг замонавий Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳудуди билан боғлиқ илмий-тадқиқот ишлари бугунги кунда ҳам давом этаётган маданиятлараро мулоқотга мустаҳкам замин яратди.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Дебрецен университетининг таълим дастурлари, шунингдек, академик алмашинув, стажировка ва илмий тадқиқотлар бўйича лойиҳалар амалга ошириляпти. Ўзбекистонлик талабалар Венгрия университетлари, жумладан, Семмельвейс университетида тиббиёт, муҳандислик ва қишлоқ хўжалиги йўналишларида таҳсил олмоқда. Ҳар йили Венгрия ҳукумати “Стипендиум Хунгарикум” дастури орқали ушбу мамлакат университетларида ўқишни давом эттириш истагида бўлган ўзбекистонлик талабалар учун 170 та стипендия ажратади.

Маданий ташаббуслар доирасида маданият кунлари, концертлар, фотокўргазмалар ва миллий анъаналар тақдимотлари ташкил этилмоқда. Венгрия пойтахтида фаолият юритаётган  Ўзбек тили ва маданияти маркази икки халқ ўртасидаги мулоқот майдонига айланган.

2020 йилда Будапештда Арминий Вамберининг ҳаёти ва саёҳатларига бағишланган “Марказий Осиёда венгер дарвеши” кўргазмаси ташкил этилди. Унда олимнинг Ўзбекистон бўйлаб саёҳатлари чоғида тўпланган қўлёзмалар, тарихий экспонатлар, шахсий музейидан олинган буюмлар намойиш этилди. Кўргазмани 5 мингдан ортиқ киши томоша қилди ва бу  Венгрияда мамлакатимиз тарихи ва маданиятига бўлган қизиқиш юқори экани тасдиқлади.

2024 йил октябрь ойида Венгриянинг Лакителек шаҳрида буюк ўзбек шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий бюсти ўрнатилди. Венгрияда Навоийга ўрнатилган ёдгорлик таниқли венгер ҳайкалтароши Георги Лантос томонидан яратилган.

2025 йил январь ойида Будапештда биринчи Ўзбек киноси кунлари муваффақиятли ўтказилди. Қайд этиш жоизки, мазкур  маданий анжуман Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим воқеага айланди. Хусусан, Венгрия жамоатчилиги замонавий ўзбек фильмларини катта қизиқиш билан кутиб олди.

Бундан ташқари, кутубхоналар, музейлар, ижодий уюшмалар ўртасидаги алоқалар фаол ҳам ривожланмоқда. Венгрия ҳам туркий халқларнинг маданий меросини ўрганиш ва оммалаштиришдан манфаатдор, бу қўшма илмий ва археологик экспедицияларни ривожлантиришга хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон-Венгрия муносабатлари мувозанатли ва кўп қиррали ҳамкорлик намуналарини кўрсатиб, юксалишда давом этмоқда. Ушбу жиҳатлар жуғрофий ва тарихий тафовутлар стратегик фикрлаш, ўзаро тушуниш ва келажакка эътиборга асосланган мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйишга тўсқинлик қилмаслигини тасдиқлайди. Ҳозирги динамикани инобатга олган ҳолда, ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон ва Венгрия ҳамкорликнинг янги босқичига қадам қўймоқда.

Венгрия 2018 йилдан буён кузатувчи мақомида бўлган Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ўзаро ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга. Бу иштирок Будапештга туркий давлатлар билан яқин алоқалар ўрнатиш ва минтақалараро интеграцияга ҳисса қўшиш имконини беряпти. Шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги шериклик Ўзбекистон ва Венгрияга транспорт, энергетика, рақамлаштириш, таълим ва экология соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун ноёб имкониятларни тақдим этмоқда.

Глобал ўзгаришлар ва минтақавий тузилмаларнинг роли ортиб бораётган бугунги шароитда Ўзбекистон Венгрияга Европа Иттифоқи билан алоқаларни чуқурлаштиришга кўмаклашиш ва айни пайтда туркий дунё ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қодир шерик сифатида қарайди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Президентининг Венгрияга бўлажак расмий ташрифи эришилган келишувларни янада мустаҳкамлаш ва ҳамкорликнинг янги уфқларини очишга хизмат қилади.  Ташрифнинг Туркий давлатлар ташкилоти норасмий саммити доирасида ўтиши ҳам мулоқотнинг ишончли хусусияти ва мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий ҳамоҳанглик даражаси юқори эканлигини тасдиқлайди.

 

“Дунё” АА



  ...