8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев парламентлар аёл раҳбарларининг халқаро саммитида иштирок этиш учун Тошкент шаҳрида бўлиб турган Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раисининг ўринбосари Галина Кареловани қабул қилди.
Россия парламенти раҳбарининг ўринбосари Ўзбекистон етакчисига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Россия Президенти Владимир Путин ва Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенконинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларида кейинги йилларда юксак даражага эришилганини, кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини алоҳида мамнуният билан қайд этди.
Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришга икки мамлакат парламентларининг яқин ва самарали алоқалари фаол ҳисса қўшмоқда.
Бундай сермаҳсул мулоқотларни, шу жумладан кўп томонлама тузилмалар - Парламентлараро иттифоқ ва МДҲ Парламентлараро ассамблеяси доирасида давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.