Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 сентябрь куни пойтахтимизда ўтаётган миллий парламентлар аёл раҳбарлари саммитида иштирок этаётган Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси Раиси Соҳиба Гафаровани қабул қилди.
Самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Соҳиба Гафарова давлатимиз раҳбарига Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Суҳбатда олий даражадаги мунтазам учрашув ва мулоқотларда эришилган келишувларга мувофиқ ҳар томонлама ҳамкорлик жадал ривожланиб, амалий шекриклик кенгайиб бораётгани алоҳида қайд этилди.
Озарбайжон Президентининг жорий йил июнь ойидаги Ўзбекистонга тарихий ташрифининг сермаҳсул натижалари иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперация лойиҳаларини илгари суриш, барча даражалардаги мулоқот ва гуманитар алмашинувни фаоллаштиришга кучли суръат бағишлади.
Ўзбекистон етакчиси нуфузли кўп томонлама тузилмалар доирасида парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлади.