Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Аёл бахтли бўлса, оила ва жамият ҳам албатта бахтли бўлади



Бир ҳақиқат аёнки, ҳар қандай халқнинг маънавий даражасини аввало шу юрт аёлларининг маънавий савияси белгилайди.

Шавкат Мирзиёев

Кейинги йилларда мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнлари ва уларнинг натижаларидан барчамиз яхши хабардормиз. Ўзбекистон дунёга кенг очилмоқда, барча йўналишда халқаро алоқаларимиз мустаҳкамланиб, шунга мос равишда иқтисодиётимиз юксалмоқда, маънавий қадриятларимиз тикланмоқда.

Бугунги замон тақозосидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда жамият ҳаётининг барча жабҳасида ислоҳотлар изчиллик билан давом эттирилмоқда, тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйилди.

Миллий парламентнинг мана шу жараёнларда бевосита иштирокини таъминлаш, унинг роли ва нуфузини изчил ошириб бориш мақсадида энг муҳим ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий вазифаларни ҳал этишдаги ваколатлари сезиларли даражада кенгайди. Мамлакатимиз Президентининг сиёсий иродаси туфайли амалга оширилаётган бундай ислоҳотлар ўз ўрнида миллий парламентимизнинг нафақат давлат ва жамият ҳаётидаги фаоллиги, балки дунё миқёсидаги обрўсининг ошишига ҳам хизмат қилмоқда. Ҳозирги кунда парламентимиз кўплаб халқаро ташкилотлар, жумладан, Парламентлараро Иттифоқнинг фаол аъзоси сифатида ўз ваколати доирасида энг долзарб масалаларга доир таклиф ва тавсияларни илгари суриб келмоқда.

Хабарингиз бор, ўтган йили Вена шаҳрида бўлган Парламентлараро Иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарлари саммитида мазкур форматдаги навбатдаги 14-саммитни Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисида қарор қилинган эди. Юқори нуфузга эга бўлган ушбу анжуманнинг МДҲ ҳудудида илк бор Ўзбекистонда ўтказилаётгани мамлакатимизда парламентаризмни ривожлантириш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ҳамда жамиятни демократлаштириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг амалий натижалари жаҳон ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланаётганига яна бир ёрқин мисолдир.

Жорий йилнинг 8-9 сентябрь кунлари пойтахтимизда “Парламентнинг етакчи роли: янада самарали барқарорлик ва фаровонликни таъминлашда хавф-хатарни баҳолаш” деган мавзуда бўлиб ўтадиган саммитда дунёда юзага келган бугунги вазиятдан келиб чиқиб, энг долзарб масалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда. Аниқроқ айтадиган бўлсак, нуфузли анжуман доирасида COVID-19 пандемияси ва у келтириб чиқарган инқирозлар жараёнида гендер тенгликни кафолатлаш, барқарор ривожланиш ва фаровонликни таъминлаш, иқтисодиётни тиклашда хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш борасида парламентлар учун устувор бўлган вазифалар ҳамда аниқ саъй-ҳаракатлар йўналишлари белгилаб олинади.

Тошкент саммитида БМТ, Парламентлараро Иттифоқ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеяси, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси каби халқаро ташкилотлар раҳбарлари, 22 та давлатдан 140 дан ортиқ парламент вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Албатта, мана шундай юқори нуфузга эга бўлган шахслардан таркиб топган делегация айни анжуманнинг муваффақиятини таъминлашга хизмат қилади.

Нима учун мазкур халқаро саммитга мезбонлик қилиш Ўзбекистонга берилди? Юқорида айтиб ўтилганидек, аввало, юртимизда сўнгги йилларда жадал олиб борилаётган туб ислоҳотлар, уларнинг ҳаётдаги амалий натижалари халқаро ҳамжамият томонидан қизиқиш билан қабул қилинмоқда, қисқа муддатда тўпланган тажрибалар ўрганишга муносиб деб топилмоқда. Жумладан, гендер тенгликни таъминлаш, жамиятда хотин-қизларнинг қадрини, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий жабҳалардаги фаоллигини ошириш бўйича мисли кўрилмаган ишлар бажарилди. Аслида ўзбек халқи азалдан аёлга, онага ва қизларга ҳамиша энг эзгу инсоний туйғулар, орзу-ниятлар билан, уларга ҳаётимиз давомчилари сифатида муносабатда бўлиб келган. Айни чоғда ушбу қадриятлар асосида хотин-қизларга ҳурмат, уларни эъзозлаш, қизлар тарбияси ҳамда опа-сингилларимизнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва иштирокини мустаҳкамлаш каби ишлар янгича мазмунда, кенг миқёсда давом этмоқда. Муҳими, бу борада белгиланаётган чора-тадбирлар қоғозда қолиб кетмасдан, тез орада хотин-қизлар ҳаётида ўз амалий натижаларини намоён этмоқда.

Айниқса, пандемия кутилмаган инқирозни келтириб чиқарган, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга путур етказаётган ҳамда бутун дунёда камбағаллик, тенгсизлик ва ночорликни кучайтираётган бир пайтда бундай чоралар ниҳоятда зарур. Қолаверса, пандемиядан сўнг жаҳон иқтисодиётининг тикланиш жараёни ҳали-ҳануз беқарорлигича қолмоқда, бунга дунёда рўй бераётган турли низолар, урушлар ҳам жиддий тўсқинлик қилмоқда. Прогнозларга кўра, келгуси йилларда кўпчилик мамлакатлар катта бюджет тақчиллигига ҳам дуч келишлари мумкин.

Модомики шундай экан, барча давлатларнинг ҳукуматлари билан бир қаторда, парламентлари ҳам ушбу муаммоларни ҳал қилишга тайёр бўлиши талаб этилади. Шу маънода, бугун парламентлар, агар улар инқирозлардан олинган сабоқларга таянган, келажакдаги хавфларни олдиндан тахмин қилгани ҳолда, барча учун барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга қодир энг самарали институтларга айланишни истар экан, кучли, инклюзив бўлиши ва гендер жиҳатларни ҳисобга олиши сув ва ҳаводай зарур.

Мана шундай хулосалардан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизда гендер тенгликка эришиш, хотин-қизлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётидаги ролини кучайтиришга ҳам катта эътибор берилмоқда. Бу Ўзбекистоннинг хотин-қизларни ҳар қандай камситишдан ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий ҳимоя қилишни таъминлайдиган асосий халқаро ҳужжатларга қўшилганида ва бошқа кўплаб эзгу саъй-ҳаракатлар мисолида ҳам яққол кўриниб турибди.

Сўнгги йилларда халқаро меъёрлар ва стандартларга асосан, мазкур соҳага доир 40 та қонун ҳужжати, жумладан, 2 та қонун, Президент ва Ҳукуматнинг 36 та Фармон ва қарорлари қабул қилинди.

Маълумки, ҳар қандай мамлакатда гендер тенглик қанчалик таъминланганлиги хотин-қизларнинг давлат бошқарувида энг юқори поғоналарни эгаллаган ўрни билан ҳам белгиланади. Нега деганда, уларнинг мамлакат тақдири билан боғлиқ муҳим қарорлар қабул қилинадиган давлат идораларида етарлича вакилликка эга бўлиши, хотин-қизларнинг манфаатлари шунчалик самарали илгари сурилиши ва мазкур ҳужжатларда амалда ўз аксини топишида катта роль ўйнайди. Парламентлараро Иттифоқ маълумотига кўра, унга аъзо 130 давлат ичида Ўзбекистон мазкур кўрсаткич бўйича 45-ўринни эгаллаган.

Давлатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, хорижий давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар билан кенг кўламли ҳамкорликни йўлга қўйишда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш масалалари ҳамиша долзарб вазифа сифатида кун тартибидан жой олмоқда.

Президентимизнинг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия тузилганидан кейин бу борадаги ишлар янгича суръат олди.

Ўтган қисқа вақт мобайнида комиссия томонидан ҳамкор тузилмалар кўмагида мамлакатда гендер тенгликни таъминлаш ва аёлларнинг ижтимоий турмуш шароитларини яхшилаш, оила институтини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, аёллар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклига барҳам бериш бўйича умумэътироф этилган халқаро нормаларни миллий қонунчилик ҳужжатларига имплементация қилиш ва аёллар ҳуқуқий маданиятини ошириш йўналишларида қатор эзгу ишлар рўёбга чиқарилди.

Хусусан, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазкур қонунларга мувофиқлаштирилди. Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди. Қатор нуфузли халқаро ташкилотлар билан биргаликда халқаро форум ва анжуманлар, “Биз зўравонликка қаршимиз” шиори остида акциялар мунтазам равишда ташкил этиб келинмоқда.

Шунингдек, аёллар бандлигини таъминлашга янги ёндашув доирасида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда юртимизнинг 14 та ҳудудида Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ташкил этилди. Муҳими, ҳозирги кунга қадар бу марказлар томонидан юзлаб опа-сингилларимиз ўзларининг тадбиркорлигини йўлга қўйиб, катта ютуқларга эришиб келмоқда.

Комиссиянинг хотин-қизларнинг бошқарув, бизнес ва тадбиркорлик соҳаларидаги иштирокини кенгайтириш, оилавий бизнес ва касаначиликни ривожлантириш орқали иш билан таъминлаш йўналишларидаги фаолияти ҳам эътиборга молик.

Бундан ташқари, комиссия томонидан миллий ва халқаро стандартлар асосида 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилиб, қабул қилингани ва унда мамлакатимизда аёллар ва эркаклар учун ижтимоий, иқтисодий, сиёсий соҳада тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш мақсадлари қамраб олингани ҳам халқаро ҳамжамият томонидан илиқ кутиб олинди.

Албатта, буларнинг барчаси сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолимизнинг қарийб ярмини ташкил этадиган аёлларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, истеъдоди  ва қобилиятини юзага чиқариш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш давлат сиёсатида амалда устувор аҳамият касб этаётганидан дарак беради.

Ҳозирги кунда “Инсон қадри учун” деган эзгу Ғоя асосида мамлакатимизда изчил давом этаётган янги ислоҳотлар жараёнида ҳам хотин-қизларга эътибор масаласи устувор аҳамият касб этмоқда. Энг муҳими, олиб борилаётган ишлар нафақат бугун долзарб бўлиб турган масалаларни ҳал этишга, балки истиқболда  бу борада юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Бунга бир мисол сифатида ҳозирда ҳаётимизга чуқур сингиб бораётган “Аёлларга илм бериш — жамиятни илмли, маърифатли ва салоҳиятли қилиш” деган мезон асосида амалга оширилаётган тизимли ишларнинг амалий натижасини келтириш мумкин.

Тасаввур қилинг, давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан биргина 2021 йилда 190 минг нафар аёл касб-ҳунарга ўқитилди, 2 минг нафар қиз алоҳида грант асосида олий ўқув юртларига қабул қилинди, 1,8 минг талаба қизга шартнома маблағлари тўлаб берилди. Натижада ўтган йили хотин-қиз талабалар 2016 йилдаги 38 фоиздан 60 фоизга етди.

Бу, албатта, бизнинг ортимиздан замонавий билим ва касбларни эгаллаган, янгича дунёқараш ва ўзининг мустаҳкам ҳаётий позициясига эга бўлган хотин-қизларнинг катта армияси келаётганидан дарак беради. Улар эртага жамиятимизга янги нафас, мамлакатимиз тараққиётига янги тўлқин бахш этади. Бизнинг вазифамиз уларни мана шундай улуғвор ишларга руҳлантириш, салоҳият ва имкониятларини тўлиқ ишга солишида яқиндан кўмак беришдан иборат.

Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг “Аёл бахтли бўлса, оила ва жамият ҳам албатта бахтли бўлади. Шунинг учун ҳам барчамиз — Президентдан тортиб энг қуйи бўғиндаги раҳбар ва мутасаддилар ана шу олий мезонга амал қилиб ишлашимиз зарур. Шундагина халқимиз ҳам, Яратган ҳам биздан рози бўлади”, деган сўзлари бизнинг бу борадаги саъй-ҳаракатларимизда дастуриламал бўлиб келаётганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Ишонамизки, Парламентлараро Иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг Тошкент саммити ҳам бизнинг мана шу йўналишларда олиб бораётган ишларимизни янада кенг кўламда давом эттириш, бу борадаги илғор тажрибалар билан ўртоқлашиш ҳамда мамлакатларимиз барқарор тараққиёти, халқларимиз фаровонлигини таъминлашга аёлларни янада кенгроқ сафарбар этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни самарали амалга оширишга хизмат қилади.

 

Танзила НОРБОЕВА,

Олий Мажлис Сенати Раиси



  ...