Президент Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” боғига бориб, Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди.
Бу мажмуа 2021 йилда, истиқлолимизнинг ўттиз йиллигига бағишлаб бунёд этилган эди. Унда мамлакатимизнинг қадимги тарихидан бошлаб то бугунги кунгача бўлган энг муҳим воқеалар, буюк аллома ва жаҳонгир боболаримизнинг сиймолари акс эттирилган. Монументнинг энг юқори қисмида Ҳумо қуши тасвирланган.
“Мустақиллик монументи – она Ватанимиз, мард ва жасур, тинчликсевар ва меҳнаткаш, қаҳрамон халқимиз шарафига бунёд этилган буюк обида” деган эди Шавкат Мирзиёев.
Маросимда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Тошкент шаҳар жамоатчилиги вакиллари ҳам иштирок этиб, монумент пойига гуллар қўйди.