Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Ўзбекистон илк бор дунё парламентлари аёл раҳбарларининг саммитини ўтказади



Жорий йил 8-9 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг 14-саммити ўтказилади.

Бу ҳақдаги келишувга Венада ташкил этилган 13-саммит чоғида эришилди. Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева саммит иштирокчиларига Ўзбекистонда гендер тенглиги соҳасидаги ислоҳотлар тўғрисида сўзлаб берди.

Саммитда республикамизда хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш борасидаги салмоқли ишлар алоҳида қайд этилди.

Навбатдаги саммитни Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисидаги қарорнинг қабул қилингани, шубҳасиз, жаҳон ҳамжамияти томонидан Ўзбекистоннинг парламентаризмни ривожлантириш, гендер сиёсатида, шунингдек, жамиятни демократлаштириш йўлидаги туб ислоҳотлар муваффақиятининг эътирофидир.

Ўзбекистонда ва умуман минтақада илк бор ташкил этилаётган 14-саммит “Парламентнинг етакчи роли: янада самарали барқарорлик ва фаровонликни таъминлашда хавф-хатарни баҳолаш” мавзусига бағишланади.

Саммитдан кўзланган асосий мақсад барқарорлик ва фаровонликни самарали таъминлаш учун гендер тенгликни таъминлаш ҳамда хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича парламентлар учун устувор йўналиш ва харакатларни белгилаб беришдан иборатдир.

Саммитда парламентлараро иттифоққа аьзо мамалакатлар парламентларининг аёл раҳбарлари, депутатлар ва халқаро ташкилотлардан аёл вакиллар иштирок этади.

Саммит доирасида адолат, интеграция ва атроф-муҳит муҳофазаси, хотин-қизларинг репродуктив саломатлик соҳасидаги эҳтиёжлари, пандемиядан кейинги иқтисодиётни тиклаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини интернетда ҳимоя қилиш ва тарғиб қилиш сингари масалалар муҳокама қилинади.

Саммит якунида Тошкент декларациясини қабул қилиш режалаштирилган.

Маълумот тариқасида қайд этиш жоизки, Парламентлараро иттифоқ 1889 йилда таъсис этилган бўлиб, халқаро ташкилотлар орасида ёши энг улуғи ҳисобланади. 178 давлат аъзо бўлиб кирган ушбу ташкилот ўтган даврда том маънода парламентлараро халқаро бирдамликнинг яққол ифодасига айланди.



  ...