Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатидаги фаолиятининг илк кунлариданоқ, аввало, хорижий мамлакатлар билан алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳам конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантирмоқда. Ташқи сиёсатимиздаги бундай амалий қадамлар жаҳон ҳамжамияти вакиллари, халқаро экспертлар, турли мамлакатларнинг сиёсий арбоблари томонидан ҳақли равишда эътироф этилаётгани бизга катта мамнуният бағишлайди.
Халқаро дипломатия ва унинг узвий қисми бўлмиш маданий дипломатия соҳасида эришилаётган ютуқлар, айниқса, диққатга сазовордир.
Маданий дипломатия бир муҳит ва маконда истиқомат қиладиган миллат ва элатларнинг бир-бирини ўзаро тушуниши, урф-одатларини ҳурмат қилиши, ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида санъат асарлари ва бошқа маданий компонентлар алмашинувини ўз ичига қамраб олади.
Ўзбекистоннинг тинчликпарвар ва прагматик хусусиятга эга ташқи сиёсатининг сезиларли фаоллашуви шароитида мамлакатимиз ўзига хос маданий дипломатиясини амалга ошириш учун тарихан ноёб салоҳиятга эга.
Эътиборлиси, Президентимиз томонидан хорижий давлатларга амалга оширилаётган ташрифлар доирасида маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш мақсадида имзоланган ҳужжатларга асосан ҳамкор давлатларда “Ўзбекистон маданияти кунлари” ўтказиб келинмоқда.
Хусусан, 2017 – 2020 йилларда дунёнинг 20 га яқин давлатида “Ўзбекистон маданияти кунлари” тадбирлари ташкил этилган бўлса, 2021 – 2024 йилларда бу кўрсаткич 40 тага етди.
Шу билан бирга, мамлакатимиз турли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик доирасида маданий ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан қатор ташаббусларни илгари сурмоқда.
Ўзбекистон маданият, фан ва таълим соҳасида ҳамкорликка оид юздан ортиқ шартномаларни ратификация қилган. Бу борадаги халқаро алоқаларнинг асосий йўналишлари мамлакатимизниг бой бадиий ва маданий қадриятларини оммалаштиришдан иборат.
Юртимиз маданий дипломатияси концепциясида халқимизнинг жаҳонга машҳур тарихий, маданий ва маънавий қадриятлари, Ўзбекистоннинг қадимий меъморчилиги ва ўзига хос анъаналари муҳим ўрин тутади. Бунга илм-фан, маданият ва санъат, спорт, туризм, таълим соҳаларида эришилаётган ютуқларни мисол қилиб келтириш мумкин.
Фаолиятда кенг қўлланилаётган маданий дипломатия восита ва механизмлари орасида кино, санъат, адабиёт, илм-фан ҳамда миллий ва халқаро фестиваллар ҳам борки, кейинги йилларда Ўзбекистонда бундай ўзига хос санъат байрамларини ўтказиш анъанага айланди. Ижодий жамоаларнинг хорижий давлатларга гастроль сафарлари кўпайди.
Биргина 2024 йилда концерт-томоша муассасалари ижодий жамоаларининг 28 та хорижий гастроль сафари ташкил этилди. 26-30 апрель кунлари Хива шаҳрида “Лазги” иккинчи халқаро рақс фестивали, 3-5 май кунлари Бухоро шаҳрида “Иккинчи халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали”, май-июнь ойларида Наманган шаҳрида 63-халқаро гуллар фестивали, 27-30-июнь кунлари Зомин туманида Иккинчи халқаро мақом санъати анжумани, 26-30 август кунлари Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивали юксак савияда ўтказилди.
Бу каби маданий ҳамкорлик БАА билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик кўламининг ортиб бораётганида ҳам кўринади. Масалан, 2021 йил ноябрь-декабрь ойларида Ўзбекистон миллий симфоник оркестрининг БААнинг Дубай шаҳрига гастроль сафари ташкил этилди. 2021 йил 27 ноябрь куни БААнинг Дубай шаҳрида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрининг “Лазги” балети намойиш этилди.
Бу каби маданий ҳамкорлик муносабатлари яқин келажакдаги ўзаро дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қайт этиш жоизки, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан маданий-гуманитар дипломатия йўналишида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. 2021–2024 йилларда турли давлатлардаги йирик шаҳарларда (Дубай, Шаржа, Доҳа, Милан, Венеция, Флоренция, Париж, Берлин, Пекин, Ханчжоу, Боку) 26 та халқаро тадбир ўтказилди.
Бу каби саъй-ҳаракатлар, албатта, нафақат халқаро миқёсда мамлакатларнинг ижобий имижини шакллантиради, балки бошқа давлатларнинг халқлари билан алоқаларни мустаҳкамлашга замин яратади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, халқлар ўртасидаги дўстона муносабатларни шакллантириш, ўзаро ҳурмат, бир-бирини англаш, фойдали ҳамкорликни йўлга қўйишда маданий дипломатиянинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.
Озодбек НАЗАРБЕКОВ,
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири