Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш қонун устуворлигини таъминлашнинг асосий мезонга айланди



Бугунги глобаллашув шароитида ҳар бир мамлакат ўз ҳудудидаги инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини муҳофаза қилиши ҳар доимгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Инсон ҳуқуқларини, жамиятнинг аҳиллигини таъминлаш ва фаровонликни кафолатлаш, давлат пайдо бўлиши “ижтимоий шартнома назарияси”нинг илғор замонавий стратегиялардан саналади. Сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажаришга доир тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Зеро, инсон ҳуқуқлари қонун устувор бўлган давлатдагина тўлиқ таъминланиши мумкин. Ҳозирда дунёда мамлакатлари қаторида Ўзбекистон ҳам халқаро стандартлар ва мезонлар асосида инсон ҳуқуқларининг таъминланиш ҳолатини кузатиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш устида ишламоқда, такомиллашиб бормоқда.

Бу вазифалар бой давлатчилик тарихига эга Ўзбекистон учун ҳам долзарб. Шу ўринда қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра Ўзбекистон Республикасининг Президенти, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг, Ўзбекистон Республикаси суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг кафилидир. Мазкур конституциявий қоида Ўзбекистоннинг давлат сифатида ижтимоий шартнома назариясига тааллуқлилигини ҳам англатади.

Янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг X боб, 54-моддаси биринчи қисми, “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади” эканлиги мустаҳкамланган. Бу юқоридаги сўзларнинг ҳуқуқий асосидир.

Таъкидлаш лозимки, кейинги йилларда юртимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида жуда катта натижаларга эришилди.

Хусусан, инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш, ҳимоялаш ва уларга риоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам берилди. Суд-ҳуқуқ соҳаси тубдан ислоҳ қилинди. Бу жараёнда суд ҳокимияти фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган тузилмага айланди. Президент Ш.Мирзиёев таъбири билан айтганда “судьянинг онгида — адолат, тилида — ҳақиқат, дилида— поклик бўлиши керак”, деган ғояни илгари сурди. Ана шу ғоя асосида жиноий жазолар либераллаштирилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва суд идораларининг кўп йиллар давомида сақланиб келган,асосан, жазолашдан иборат бўлган функциясига чек қўйилди.

Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия қабул қилинди. Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайланди. Бу ҳам мамлакатимизда юритилаётган оқилона сиёсатнинг юксак халқаро эътирофи сифатида бўй кўрсатди.

Мамлакатимизда эркин демократик давлат, очиқ фуқаролик жамияти барпо этиш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга қаратилаётган эътибор “Инсон қадри учун” деган эзгу ғояни рўёбга чиқаришда муҳим дастуруламал бўлаётир. Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар бу борадаги муҳим қадамлардан бири бўлиши шубҳасиз.

Президентиимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз.

Инсон қадри деганда, давлатимиз раҳбари ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этиш, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб бериш эканлигини эътироф этди.

Шу маънода мазкур ислоҳотларнинг туб негизида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ва халқ фаровонлигига эришиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш масаласи турибди.

Президентимизнинг тегишли Фармони билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясининг қабул қилинганлиги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва уларга риоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигига яққол исботдир.

Энг асосийси, юртимизда яшаётган ҳар қайси инсон миллати, тили ва динидан қатъий назар, эркин, тинч ва бадавлат умр кечириши, бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшаши давлатнинг бош мақсадига айланиб бормоқда. 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашни кўзда тутадиган “ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойили асосида амалга оширилмоқда.

Натижада, кенг кўламли ислоҳотлар инсонлар ҳаётини, дунёқарашини ҳамда турмуш тарзини тубдан ўзгартирмоқда. Жамиятда “Янги Ўзбеккистонни биргаликда барпо этамиз” деган улуғвор мақсад умумхалқ ҳаракатига айланди.

Дарҳақиқат, мамлакатимиздаги жадал ислоҳотлар замирида фуқароларнинг ҳаёти, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқларини таъминлаш мақсади мужассам. Халқаро жамоатчилик бугун Ўзбекистонда кечаётган асосий янгиланишлардан бири сифатида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича олиб борилаётган қатъий сиёсатни эътироф этмоқда. Айниқса, билиб-билмай ҳуқуқбузарлик содир этган фуқароларга бағрикенглик кўрсатилаётгани мамлакатимизда юритилаётган инсонпарвар сиёсатнинг юксак намунасидир.

Шу билан бирга, Президентимиз таъкидлаганидек, суд-ҳуқуқ соҳасига доир асосий қонун ва кодекслар бундан деярли 20-25 йил олдин қабул қилинган бўлиб, ҳозирги давр талабларига мутлақо жавоб бермайди. Шу сабабли парламент олдида яқин йилларда Фуқаролик, Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларни янгидан қабул қилиш вазифаси турибди. Бинобарин, қонунчиликни янгилашдан мақсад фақат қонун қабул қилиш эмас, аксинча, янги қонунлар эртага одамларга қандай амалий наф бериши, уларнинг ҳаётини қандай енгиллаштириши ҳақида бош қотиришдан иборат бўлмоғи лозим.

Таъкидлаш жоизки, Ҳаракатлар стратегияси доирасида ҳам жазони ўтаб бўлган фуқароларнинг ижтимоий мослашуви ва жамиятга реинтеграциясига кўмаклашишда қатор самарали ишлар амалга оширилган эди. Президентимизнинг 2018 йил 7 ноябрдаги “Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада янги ислоҳотларни бошлаб берган бўлса, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси ҳам инсон қадрини юксалтиришга қаратилган муҳим ташаббусларни қамраб олган. Хусусан, стратегиянинг “ Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг янги қиёфасини шакллантириш ва уларнинг фаолиятини халқ манфаатлари, инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш”га оид 17-мақсадида ички ишлар органларини халқнинг ишончли ҳимоячиси сифатида халқчил профессионал тузилмага айлантириш ҳамда аҳоли билан мақсадли ишлашга йўналтириш; қонунийликни қатъий таъминловчи, очиқ ва адолатли прокуратура фаолиятининг мустаҳкам ҳуқуқий асосларини яратиш ҳамда «Қонун — устувор, жазо — муқаррар» тамойилини бош мезонга айлантириш; тезкор-қидирув ва тергов фаолияти устидан назоратни кучайтириш, фуқароларнинг қадр-қиммати ва эркинлигини самарали ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш; ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда жиноятлар ҳақида хабарларни ҳисобга олиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, жиноятларни яшириш ҳолатларининг олдини олишда замонавий усуллардан фойдаланиш каби вазифалар белгиланган.

Тараққиёт стратегиясидаги яна бир муҳим вазифалардан бири – фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга имкон берадиган экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича самарали давлат сиёсатини амалга оширишдир.

Ўтган давр мобайнида олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосига қонун устуворлиги, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолатлилик ва айбсизлик презумцияси каби конституциявий принциплар пойдевор қилиб қўйилганлиги сабабли Ҳаракатлар стратегияси натижаларига кўра, пробация бўлинмалари томонидан 61 053 нафар шахс назорат остига олинган, 7 839 нафари ишга жойлаштирилди ва 9 090 нафарига ишга йўлланмалар берилди, 25 431 нафар назоратдаги шахслар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан жазо муддатидан илгари шартли озод этилди, назорат остидаги 53 393 нафар шахслар ҳисобдан чиқарилди. Муайян касбга эга бўлмаган 4 555 нафар шахслардан 3 794 нафари касб-ҳунарга ўқитилиб, 1 459 нафари касбга ўқитиш учун юборилди.

Бундан ташқари, илк бор жазони ижро этиш колонияларидаги 709 нафар пенсия ёшидаги маҳкумга пенсия берила бошланди.

Қайд этиш жоизки, жиноят ишлари бўйича судловда ишларининг юритилиши ҳам инсон манфаатларига йўналтирилган бўлиб, ҳужжатлар алмашинуви, томонларга қабул қилинган ҳукм ва бошқа процессуал ҳужжатларни тақдим этиш ишлари ҳам ёки суд мажлислари кунини белгилаш масалалари ҳам электрон шаклга ўзгартирилган. Бунда e-sud.uz электрон судлов ахборот тизими орқали фуқаролар суд мажлиси куни, судта раислик этувчи судья исми шарифи ва суд мажлиси бўлиб ўтадиган залга оид маълумотлардан ҳам масофадан туриб хабардор бўлиши мумкин. Агар илгари асосан иқтисодий судларда масофадан туриб иштирок этиш имконияти бўлган бўлса, бугунги кунда фуқаролик ва ҳатто жиноят ишлари судларининг апелляция ёки кассация инстанциялари ишлари ҳам видео-конференц алоқа (ВКА) шаклида амалга оширилмоқда. Шубхасиз буларнинг барчаси фуқароларнинг вақти ва маблағини тежашга ёрдам беради. Бу ҳам албатта инсон ҳуқуқларига бўлган эътибор ва эҳтиром намунасидир.

Яна бир муҳим инсон ҳуқуқларининг кафолатларига оид норма шуки, Ўзбекистон Республикасининг янгиланган конституцияси 28-моддаси еттинчи қисмида шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган. Аввалги даврларда отаси ёки бирор бир яқин қариндошининг қилмишларини деб кўплаб билимли ва салоҳиятли мутаҳассислар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига ишга жойлашаолмаган ёки ишдан бўшатилган. Эндиликда бундай субъектив ёндашувга асосланган ҳолатларни бартараф этиш мақсадида мазкур норма киритилди. Назаримизда бу инсон ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига хизмат қиладиган адолатли норма бўлиши мумкин.

Конституциявий судлов инсон ва фуқаро ҳуқуқларини таъминлашнинг Ўзбекистондаги энг олий инстанцияси ҳисобланади. Агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ келмаса ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда кўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, улар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақли.

Конституциявий судга нафақат фуқаролар мурожаат қилиши мумкин, балким оммавий ҳокимият ва бошқарув органлари ҳам шундай ҳуқуқга эга бўлиши мазкур институт орқали инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Буларнинг барчаси инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу ишлар самарасини яққол намоён қилади.

Бир сўз билан айтганда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш қонун устуворлигини таъминлашнинг бош мезонига айланиб улгурди.

 

Хуршида Абзалова,
ТДЮУ Жиноят ҳуқуқи, криминология
ва коррупцияга қарши курашиш
кафедраси профессори,
юридик фанлар доктори



  ...