Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 11 ноябрь куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёз шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари Араб-Ислом қўшма саммитида иштирок этади.
Иккинчи бор ўтказилаётган Араб-Ислом қўшма саммити Саудия Арабистони ташаббуси билан ташкил этилган. Анжуманда Яқин Шарқ муаммосини ҳал қилиш, хусусан, Исроилнинг Фаластин ва Ливандаги ҳарбий ҳаракатларини тўхтатиш юзасидан олий даражада фикр алмашиш режалаштирилган.
Мазкур анжуманнинг Араб-Ислом қўшма саммити деб номланишига ўтган йили Араб давлатлари уюшмаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарларининг алоҳида саммитларининг биргаликда ўтказилгани сабаб бўлди. Шундан сўнг, мазкур икки ташкилотнинг олий даражадаги мажлисларини Араб-мусулмон қўшма саммити номи остида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Тадбирдан аввал ташқи ишлар вазирлари даражасидаги йиғилиш бўлиб ўтади. Унда асосий тадбир кун тартиби ва қабул қилинадиган Қўшма баёнот лойиҳаси кўриб чиқилиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон ва араб давлатлари халқлари ўртасидаги муносабатлар тарихи узоқ йилларга бориб тақалади. Яқин савдо алоқалари, муштарак қадрият ва анъаналар, муқаддас ислом динимиз уларнинг асосини ташкил этади. Мовароуннаҳр ва араб диёрлари ўртасидаги тарихий алоқаларни ривожлантиришда ўрта асрларда яшаб ўтган буюк мутафаккир ва алломаларимизнинг беқиёс хизматлари бор.
Ҳозирги хавф-хатарларга қарамай, иккала минтақа ҳам тинчлик, барқарорлик ва тараққиёт макони бўлиб келмоқда. Айни пайтда Ўзбекистон араб давлатларига ишончли ва узоқ муддатли ҳамкор сифатида қарамоқда.
Ўзбекистон араб-ислом мамлакатлари билан савдо ва транспорт боғлиқлигини кучайтиришдан манфаатдор. Хусусан, араб дунёси билан эркин савдо режимини жорий этиш, техник регламентларни уйғунлаштириш ва электрон тижоратни ривожлантириш долзарб аҳамиятга эга бўлиб қолмоқда.
Туризм соҳаси ҳам ўзаро алоқаларни муҳим йўналиши ҳисобланади. Ўзбекистон “Кўрфаз араб давлатлари – Марказий Осиё” ягона визасиз сайёҳлик маконини ва туристлар учун мўлжалланган замонавий кластерларни яратиш, қўшма туристик маҳсулотларни кўпайтириш ва бошқа таклифларни илгари сурмоқда.
Эътиборлиси, Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида дунёда кузатилаётган исломофобия ҳолатларига қарши биргаликда курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратаётир. Хусусан, терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши кураш соҳасида, шунингдек, бундай таҳдидларнинг интернет ва воситалар орқали тарқалишидан ёшларни ҳимоя қилиш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги бир қатор саммитларда таъкидланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Президенти БМТ Бош Ассамблеяси минбари, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа нуфузли халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар саммитларида Яқин Шарқдаги можарони тинч йўл билан ҳал этиш ва мамлакатимизнинг бу борадаги позициясини очиқ ойдин таъкидлаб келмоқда. Давлатимиз раҳбари ушбу минтақадаги можаро тобора кескинлашиб бораётгани, бу эса қўшни мамлакатлар ва йирик давлатларнинг мазкур муаммо домига тортилиши оқибатида глобал инқирознинг йирик ўчоғига айланиб кетиши мумкинлигини ташвиш билан қайд этяпти.
Хусусан, 2023 йил 9 ноябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитидаги нутқида давлатимиз раҳбари ўткир халқаро ва минтақавий муаммоларга, шу жумладан Яқин Шарқ ва Афғонистондаги вазиятга ҳам тўхталиб ўтди. Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, тинчлик музокараларини бошлаш ва оқилона муросага келишга чақирди. Фаластин халқи БМТ резолюциялари билан тасдиқланган ўзининг мустақил давлатини барпо этишга ҳуқуқи борасидаги Ўзбекистоннинг қатъий позициясини яна бир бор билдирди.
Президент Шавкат Мирзиёев 24 октябрь куни Қозон шаҳрида бўлиб ўтган “БРИКС плюс” анжуманининг ялпи мажлисидаги нутқида ушбу муаммога тўхталар экан, жумладан шундай деди: “Биз Ғазо ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиани қалбимиздаги оғриқ ҳисси билан қабул қиляпмиз. Тинч аҳоли, айниқса, болаларнинг бегуноҳ қурбон бўлишини ҳеч қандай сиёсий мақсадлар оқлай олмайди. Исроил-Фаластин муаммосининг ягона ечими – “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида можарони тинч йўл билан ҳал қилиш бўлиб қолмоқда”.
Давлатимиз раҳбари, шунингдек, бугунги кунда ўт очишни зудлик билан тўхтатиш ва жабрланганларга шошилинч ёрдам кўрсатиш кечиктириб бўлмайдиган вазифалар экани таъкидлади.
Бундан ташқари, Туркий давлатлар ташкилотининг шу йил 6 июль куни бўлиб ўтган олий даражадаги саммити Ўзбекистоннинг ушбу муаммо бўйича аниқ фикри яна бир карра тасдиқланди. Мустақил ва озод Фаластин давлатининг ташкил этилиши Яқин Шарқда стратегик барқарорлик ва тинчликни таъминлашнинг энг асосий шарти эканлиги алоҳида урғуланди.
6 ноябрь куни Бишкек шаҳрида ўтказилган Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида ҳам Яқин Шарқ муаммоси муҳокамаларнинг асосий мавзуси бўлди. Ўзбекистон Президенти мазкур саммитдаги таҳлилий нутқида Остона ва Шуша шаҳарларидаги учрашувлардан кейинги вақт мобайнида глобал геосиёсий жараёнлар тобора мураккаб тус олганини алоҳида таъкидлади. Қайд этилганидек, етакчи давлатлар ўртасидаги рақобат ва ишончсизлик муҳити кескин кучаймоқда, зиддият ва уруш ўчоқлари кўпайиб, турли хавф-хатарлар янада ортмоқда.
“Бу муаммолар савдо, инвестиция, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги қўшма режа ва катта лойиҳаларга жиддий тўсиқ бўлмоқда”, деди Ўзбекистон Президенти.
Шу маънода, сиёсат ва хавфсизлик масалаларида мулоқотларни тизимли давом эттириш, ташкилотга аъзо мамлакатларнинг умумий манфаатларидан келиб чиқиб, халқаро муаммолар бўйича якдил ва аниқ позицияни фаол илгари суриш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Бу ўринда гап, энг аввало, Яқин Шарқда давом этаётган адолатсиз уруш ва кузатилаётган икки ёқлама стандартлар ҳақида бормоқда. Ғазо сектори ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиа, тинч аҳолига қарши вайронкор ҳужумлар, айниқса, бегуноҳ болалар, кексалар ва аёллар қурбон бўлаётгани алоҳида қайд этилди. Шу муносабат билан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластин қочоқларига ёрдам бериш бўйича махсус агентлиги фаолиятини чеклашга қаратилган ҳаракатлар қораланди.
Мазкур кўп йиллик низонинг ягона ечими – халқаро меъёрий ҳужжатлар ва резолюцияларга мувофиқ 1967 йилдаги чегаралар асосида, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини тузиш экани таъкидланди.
Ўзбекистон Президенти кейинги ҳафта Ар-Риёз шаҳрида ўтадиган араб-мусулмон давлатлари саммитида бу муаммога конструктив сиёсий ечим топилишига умид билдирди.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йил 31 октябрь куни ўтказган йиғилишда Ғазо сектори аҳолисига баҳоли қудрат ёрдам кўрсатиш учун БМТнинг Яқин Шарқ агентлигига 1,5 миллион доллар ажратиш ҳақида қарор қабул қилганини маълум қилганди эди.
“Биз Фаластин халқи билан бирдам эканимизни қатъий билдирамиз ва унинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгашининг илгари қабул қилинган резолюцияларига мувофиқ ўз мустақил давлатини барпо этишга бўлган ҳуқуқини қўллаб-қувватлаймиз”, — деган эди Ўзбекистон етакчиси.
2023 йил 1 ноябрь куни эса “Фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишларни ташкил этиш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқ агентлигига гуманитар ёрдам ажратиш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.
Қарор билан, фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишларни ташкил этиш бўйича БМТнинг Яқин Шарқ агентлиги (UNRWA) томонидан олиб борилаётган Фаластин халқи учун гуманитар ёрдам кўрсатиш тадбирларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида Агентликка гуманитар ёрдам кўрсатиш учун 1,5 миллион АҚШ доллари ажратилди.
Хулоса ўрнида таъкидлаб ўтиш керакки, давлатимиз раҳбарининг Араб-Ислом қўшма саммитида иштирок этиши дунёда кечаётган глобал чақириқларни муваффақиятли ҳал этиш, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, халқаро муносабатлардаги замонавий мураккаб жараёнларнинг келгуси ривожини чуқур англаш, шу билан бирга, халқаро масалаларни ҳал этишда чинакам хоҳиш ва интилиш намоён эканлигидан дарак беради.
“Дунё” АА