Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Ўзбекистон ижодкор ёшларни қандай қўллаб-қувватлайди



Маърифатпарвар шоиримиз Абдулҳамид Чўлпоннинг “Адабиёт  яшаса – миллат яшар” деган ҳикматли сўзларида чуқур маъно бор. Муҳтарам Президентимиз “Адабиёт – халқнинг юраги” деб такрор-такрор айтадилар. Адабиётга катта эътибор билан қараб, адибларни доим қўллаб-қувватлайдилар. Халқимиз азму шижоат, ақл-заковат билан барпо этаётган Янги Ўзбекистонда адабиётни ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишини ташкил этади. Зеро, ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда миллий ўзликни англаш, эзгу қадриятиларни сақлаш ва бойитиш, ёш авлод маънавиятини юксалтиришда сўз санъатининг аҳамияти беқиёс.

Мурғак истеъдод соҳибларини излаб топиш, ёш ижодкорлар билан ишлаш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш ва уларга ҳар томонлама кўмаклашиш  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг асосий вазифаларидан биридир.

Юртимизда ёш ижодкорларнинг истеъдодини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш борасида ўтган йилларда йўлга қўйилган қатор самарали лойиҳалар билан чекланиб қолмасдан, давр тақозо этаётган янги-янги имкониятлар ишга солинмоқда. Истеъдодли ва истиқболли ёш шоирлар, адибларнинг эркин ижод қилишлари учун барча қулай шарт-шароитлар яратилмоқда.

Кейинги йилларда эътиборсизлик оқибатида тўхтаб қолган республика ёш ижодкорларининг Зомин семинар-кенгаши 2017 йилда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қайта тикланди. Ўшандан буён ушбу семинар-кенгашнинг вилоят ва республика босқичлари мунтазам ўтказиб келинади. 2019-2023 йилларда семинарнинг ҳудудий босқичларида 840 нафар, республика босқичларида 420 нафар ёш ижодкор иштирок этди. Иштирокчилар ҳар йили Ёзувчилар уюшмаси, АТ “Халқ банки”, Жиззах вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Навоий кон-металлургия комбинати акциядорлик жамияти каби ҳомий ташкилотларнинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланишади. Сўнгги 5  йилда вилоят босқичлари иштирокчиларининг дастлабки асарлари саралаб жамланган 3 та жамоавий тўплам, республика босқичлари иштирокчиларининг 106 та биринчи китоблари Ёзувчилар уюшмаси маблағлари ҳисобидан нашр этилди. Уларнинг умумий адади 440000 тани ташкил қилади.

Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинар-кенгаши иштирокчилар ва ғолибларга кўрсатилаётган амалий кўмак туфайли ёш ва катта авлод адиблари, шунингдек, кенг жамоатчилик орасида эътибор ва эътироф топган. Шу сабабли кўплаб ёш ижодкорлар мазкур семинарда иштирок этиш мақсадида ўз устида қунт билан ишлаб, жиддий ижодий изланишлар олиб бормоқда. Семинарнинг энг муҳим жиҳати, унда иштирок этган ёш ижодкорнинг дастлабки асарлари тажрибали ва малакали устозлар томонидан таҳлил қилинади. Ёш ижодкорнинг ютуқ ва камчиликлари кўрсатилади. Ёшлар бундан ўзларининг ижодий келажаклари учун зарур бўлган хулоса чиқарадилар.   

Мамлакатимизда ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар қатъият ва изчиллик билан давом эттирилмоқда. 2022 йили давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан “Дўрмон баҳори” халқаро семинар-кенгаши ташкил этилган эди. Унда мамлакатимизда ва Ўрта Осиё давлатларида яшаб ижод этаётган 9 нафар рус тилида ижод қиладиган ёш адиблар қатнашган бўлса, 2023 йилда 8 нафар, жорий йилда ушбу тадбирда 14 нафар, жами 31 нафар истеъдодли ёш ижодкор иштирок этди. Шулардан 2 нафар иқтидорли ёш ижодкорнинг илк китоблари нашрга тавсия этилди ва китоб ҳолида чоп қилинди. “Дўрмон баҳори”нинг асосий мақсади мамлакатимизда рус тилида ёзадиган ёш адибларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ёзган асарларини рўёбга чиқаришдан иборатдир.

Юртимизда бошқа миллатларга мансуб ёш адибларнинг асарларини эълон қилишга алоҳида эътибор қаратилади. Қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз, туркман, озарбайжон, тожик, рус тилларида ижод қиладиган ёш истеъдод эгаларининг шеър, ҳикоялари ўзбек тилига таржима қилиниб, жамоа тўпламида қозоқ тилида 4 нафар, тожик тилида 3 нафар, қорақалпоқ тилида 7 нафар, рус тилида 5 нафар ёш адибларнинг асарлари китоб ҳолида нашр қилинди. “Биринчи китобим” туркумида рус тилида ижод қиладиган 2 нафар ёш адибнинг алоҳида китоблари босилди.         

Ўзбекистонда адабиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳот ва янгиланишлар янгидан-янги адабий лойиҳалар ва тадбирларда ўзининг ҳаётий аксини топмоқда. Жорий йилда биринчи марта Бухоро шаҳрида Туркий давлатлар ёш ижодкорларининг халқаро форуми ташкил этилди. Унда Туркия, Озарбайжон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон каби мамлакатлардан жами 9 нафар ёш ижодкор қатнашди.    

Келгусида яқин қўшни мамлакатлар билан адабий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида “Дўрмон баҳори” ва Туркий давлатлар ёш ижодкорларининг халқаро форумини анъанавий тарзда давом эттириш бўйича аниқ режалар тузилган. 

Яна бир муҳим тадбир 2022 йили бўлиб ўтди. Ўрта Осиё мамлакатлари ёш ижодкорлари Тошкент шаҳрида семинар машғулотга тўпландилар. Унда минтақадаги барча мамлакатлардан ёш ижодкорлар иштирок этди. 

Ўзбекистон ва Қозоғистон Ёзувчилар уюшмалари ўртасида тузилган Ҳамкорлик меморандумида белгиланганига кўра, 2021 йилда Қозоғистонда 25 нафар ёш ўзбек шоирининг юзта шеъри, 2022 йилда Ўзбекистонда 20 нафар ёш қозоқ шоирининг юзта шеъри жамланган “100 ўлан” деб номланган китоблар нашр этилди. 

Шуни таъкидлаш керакки, 2019 йилдан буён 25 нафар истеъдодли ижодкор қиз адабиёт йўналишида Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси бўлган. Улар кейин ҳам ижтимоий ҳаётга фаол аралашиб, ўқишда, ишда илғор бўлмоқдалар.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик асосида ўрта умумтаълим мактабларида ижодий қобилиятини намоён этган ўқувчиларнинг иқтидорини эрта аниқлаш ва уларни рағбатлантириш мақсадида “Алишер Навоий асарлари билимдони”, “Бобур ижоди билимдонлари”, “Ғазалхон ўқувчи”, “Энг китобхон ўқувчи” каби танловлар ташкил этилиб, ғолиблар моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда.

Атоқли адиблар номи билан аталган ижод мактабларида таҳсил олаётган ижодкор ўқувчиларни рағбатлантириш мақсадида, уларнинг илк шеърий ва насрий асарлари жамланган “Ижод боғидан гулдаста” номли тўплам нашр қилинди.

Ёзувчилар уюшмаси томонидан Мудофаа вазирлиги ҳамда Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда Қуролли Кучлар тизими ҳарбий хизматчилари, ҳарбий таълим муассасалари курсантлари учун “Мард аскарга совға” туркумида 2023 йилда 11 номда умумий адади 33000 нусхада, 2024 йилда 7 номда умумий адади 100000 нусхада ҳарбий ватанпарварлик руҳидаги китоблар нашр этилди ва ҳарбий қисмларга етказиб берилди.

Ўтган 2023 йилда Президентимизнинг ташаббуси билан пойтахтимиз Тошкентда ва барча вилоятларда илк бор ўтказилган ҳамда айни кунларда ҳам катта муваффақият билан ўтаётган “Ватан манзумаси” номли адабий-маърифий кечалар ёшларнинг барча қатламларини ўзига жалб этган тадбирлардан бирига айланди. Эътиборлиси, ушбу адабий кечаларда кўплаб иқтидорли ёш адиблар иштирок этмоқда. “Халқ ва армия – бир тану бир жондир” деган тамойилдан келиб чиқиб, ижодкорлар ва ҳарбий хизматчилар орасида якдилликни янада мустаҳкамлаш мақсадида ушбу тадбирларга Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, талаба ва ўқувчилар, ёшлар вакиллари таклиф этилмоқда. 

Уюшма қошида фаолият юритаётган “Онажоним, шеърият!”, “Умид”, “Дилкўприк”, “Нигоҳ” тўгаракларида таниқли шоир ва ёзувчиларнинг маҳорат дарслари ўтказилади. Бу ёш ижодкорларнинг маҳорати ошиб, чархланиб боришида муҳим аҳамиятга эга.

2021 йилдан бошлаб уюшма қошида “Хиёбон оқшомлари” деб номланган ижодий давралар ташкил этилаётир. Бундай ижодий давралар ёшлар қалбида адабиётга меҳр-муҳаббатни янада ўстириш, иқтидорли ижодкорларни кашф этиш ва қўллаб-қувватлаш, китобхонликни тарғиб қилиш борасида муҳим аҳамият касб этмоқда. 2022 йилдан бошлаб шундай ижодий лойиҳалар Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда мунтазам йўлга қўйилди.

Кейинги 5 йилда турли адабий жанрларда қизғин ижод қилаётган 48 нафар ёш ижодкор Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига қабул қилингани ҳам ёш адибларни рағбатлантиришда муҳим қадам бўлди.

Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, уни бугун юз бераётган мураккаб жараёнлар билан узвий боғлиқ ҳолда таҳлил этиб, зарур хулосалар чиқариш катта аҳамиятга эга. Шу маънода жорий йилнинг 23 май куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида илк бор ўтказилган Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг бетакрор ижодига бағишланган фестивал ўзига хос адабиёт ва санъат байрами тарзида ўтди. Анжуман ёш ижодкорларни бир мақсад атрофида бирлаштирадиган янги адабий майдонга айланди. Ушбу фестивал иштирокчиларига давлатимиз раҳбари табрик йўллади ва мазкур фестивалнинг анъанавий тарзда ҳар йили ўтказилиши мақсадга мувофиқ эканини алоҳида таъкидлади. Муҳими, бундай анжуманлар ёш йигит-қизларни ҳақиқий ватанпарвар ва миллатпарвар этиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Давлатимиз ғамхўрлигидан баҳраманд бўлиб келажакка қатъий ишонч билан интилаётган бугунги ёш ижодкорлар Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева, Омон Матжон, Муҳаммад Юсуф каби улуғ устозларнинг маънавий булоқларидан баҳраманд бўлиб, уларнинг шарафли йўлини муносиб давом эттирадилар, деб ишонамиз.
 

Сирожиддин Саййид,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси,

Ўзбекистон халқ шоири,

Олий Мажлис Сенати аъзоси



  ...