Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Германия Федерал канцлери Олаф Шольц 15-16 сентябрь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турибди.
Ўзбекистон мустақилликка эришиб, икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён Германия халқаро майдондаги энг ишончли ва стратегик муҳим ҳамкорлардан бири бўлиб келмоқда.
Олий даражадаги мулоқотнинг фаоллашуви 2019 йил январь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германияга илк расмий ташрифи билан бошланган. Ўша йилнинг май ойида Германия Федератив Республикаси Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер жавоб ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Айтиш жоизки, ташрифлар икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга кучли туртки берди. Ушбу олий даражадаги учрашувлар чоғида эришилган келишувлар, шунингдек, глобал ва минтақавий тузилмалар доирасидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари 2021 йил март ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федерал канцлери Ангела Меркелнинг онлайн-саммитида муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари 2023 йилнинг май ва сентябрь ойларида икки марта расмий ташриф билан Германияда бўлиб, Федерал Президент Франк-Вальтер Штайнмайер, канцлер Олаф Шольц ва етакчи немис компаниялари раҳбарлари билан музокаралар ўтказди, шунингдек, “Марказий Осиё – Германия” форматидаги биринчи саммитда иштирок этди.
Олий даражадаги муносабатларнинг жадаллиги ва эришилган келишувларнинг юқори суръатларда ўсиб бориши икки томонлама кун тартибининг изчил ва мазмунли кенгайишини таъминлади, бу эса босқичма-босқич стратегик хусусият касб этаётир.
Бугунги кунда Германия Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан кўп қиррали ва узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришдаги асосий ҳамкорларидан бирига айланган. Хусусан, расмий Берлин 2007 ва 2019 йилларда эълон қилинган Европа Иттифоқининг Марказий Осиё минтақасидаги стратегияларини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда етакчи иштирокчилардан бири бўлди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Германия кўп томонлама форматларда – БМТ, ЕХҲТ ва бошқа тузилмалар доирасида глобал ва минтақавий кун тартибидаги масалалар бўйича ҳам самарали ҳамкорлик қилмоқда. Расмий Тошкент ва Берлиннинг кўплаб масалалар, жумладан, терроризм, уюшган жиноятчилик, гиёҳвандликка қарши курашиш, шунингдек, Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш бўйича позициялари бир-бирига мос келади ёки яқин.
Икки давлат ҳукуматлари ўртасида турли шаклларда ўзаро ҳамкорлик ўрнатилган. Икки томонлама шериклик кун тартибини ривожлантириш, уни янги ташаббуслар билан тўлдиришда парламентлараро алоқалар муҳим ўрин тутади. Мамлакатларимиз парламент аъзолари мунтазам ташрифлар билан алмашмоқда. 2019 йил январь ойида Берлин шаҳрида Олий Мажлиснинг Бундестаг билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи ва “Германия – Марказий Осиё” парламент гуруҳи ўртасида ўзаро Англашув меморандуми имзоланган эди.
Икки давлат ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги ҳамкорлик конструктив характер касб этмоқда. Икки ва кўп томонлама кун тартибининг долзарб масалалари бўйича мунтазам сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказилмоқда. 2022 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Ўзбекистонга ташриф буюрди, у Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинди, республика вазирлик ва идораларида учрашувлар ўтказди, шунингдек, Самарқанд шаҳрида бўлди.
Германия Ўзбекистоннинг энг йирик инвестициявий ва савдо ҳамкорлари ўнталигига киради. Ўзбекистон бозорида “MAN”, “Claas”, “Knauf”, “GP Papenburg AG”, “Deutsche Kabel”, “Siemens Energy”, “Linde”, “Henkel” ва бошқа етакчи компаниялар муваффақиятли фаолият кўрсатяпти. Германия инвестициялари Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий тармоқлари – энергетика, тоғ-кон саноати, кимё саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа йўналишларда ўсиб бормоқда.
Умуман олганда, бугунги кунга қадар мамлакатимизда немис инвестицияси иштирокида 221 та корхона ташкил этилган ва 31 та Германия компанияларининг ваколатхоналари аккредитациядан ўтган.
Савдо-иқтисодий соҳадаги ўзаро алоқаларнинг муҳим механизми Савдо ва инвестициялар бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳи бўлиб, унинг мунтазам учрашувлари иқтисодий шерикликни кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Икки мамлакатнинг йирик компанияларини бирлаштирган 2015 йилда ташкил этилган Ўзбекистон-Германия ишбилармонлар кенгаши немис ишбилармон доиралари ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқот учун энг муҳим платформага айланди. Кенгаш ўзига хос хусусиятга эга, чунки у Ўзбекистондаги ягона G2B платформаси ҳисобланади.
“Günter Papenburg AG” компанияси директорлар кенгаши аъзоси, “Bau und Verwaltungsgesellschaft mbH” компанияси ижрочи директори Ангель Папенбургнинг Ўзбекистоннинг Саксония-Анхальт ва Қуйи Саксония федерал штатларидаги фахрий консули этиб тайинлангани ҳам икки мамлакат компаниялари ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни кенгайтиришга хизмат қилмоқда, шунингдек, келажакда юқори технология ва инновациялар соҳасида кўплаб қўшма лойиҳаларни амалга оширишни рағбатлантирмоқда.
Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ўзаро савдони ривожлантириш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда товар айирбошлаш доимий равишда 1 миллиард АҚШ долларидан ошди. Германияга ўзбек маҳсулотлари экспорт доираси кенгаймоқда, бугунги кунда ушбу мамлакатга хизматлар, тўқимачилик, озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар сотилмоқда. Ўзбекистон, ўз навбатида, Германиядан механик асбоб-ускуналар, транспорт воситалари ва улар учун эҳтиёт қисмлар, фармацевтика ҳамда кимё маҳсулотлари ва хизматларини импорт қилади.
Германия мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий, инновацион ва технологик ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш, давлат бошқарувида ислоҳотларга кўмаклашиш, шунингдек, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ёрдам кўрсатиб келган ва улар давом этмоқда.
Германия тараққиёт банки “КфВ” ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) орқали жалб этилган имтиёзли кредитлар ва грант маблағлари ҳисобидан республикада ижтимоий-иқтисодий характердаги қатор дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ушбу мамлакатнинг қатор нуфузли сиёсий жамғармалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, хусусан, Конрад Аденауэр, Фридрих Эберт, Ханс Зайдел ва бошқа жамғармалари билан биргаликда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳам эътиборга молик.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон ва Германия “яшил” ривожланиш, қайта тикланувчи энергия манбалари, транспорт ва логистика, саноат кооперацияси, технология, соғлиқни сақлаш ва таълим, инсон капиталини ривожлантириш каби жабҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш учун катта имкониятларга эга.
Германияда икки томонлама муносабатлар фаоллашаётган бир пайтда Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси ва сайёҳлик салоҳиятига қизиқиш ортиб бормоқда.
2023 йилнинг май ойида Берлин шаҳридаги Музейлар ороли ҳудудида “Ўзбекистоннинг археологик хазиналари. Македониялик Искандардан Кушонлар салтанатигача” номли ноёб кўргазманинг очилиши икки давлат маданий ҳаётидаги улкан лойиҳа бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев Федерал Президент Франк-Вальтер Штайнмайер билан биргаликда кўргазманинг очилиш маросимида иштирок этди. Жорий йилнинг 14 январигача давом этган мазкур кўргазмада Берлин давлат музейлари тўпламларидан 65 та, Ўзбекистон музейлари тўпламларидан эса 285 та экспонат намойиш этилди. Эътиборлиси, уларнинг аксарияти биринчи марта мамлакатимиз ташқарисида тақдим қилинди. Ноёб кўргазмада юртимизнинг қадимий ва бой маданияти, ҳозирги Ўзбекистон ва Марказий Осиё ҳудудидаги илк давлатлар тарихи, милоддан аввалги VI асрдан то милодий IV асргача бўлган даврлар ҳақида ҳикоя қилинади.
Мазкур кўргазма Германия жамоатчилиги ва ихтисослашган доираларнинг Ўзбекистон билан алоқаларни кенгайтиришга қизиқишини янада оширди.
Шу ўринда қайд этиш керакки, Германияда ўзбек тилини ўрганишга қизиқиш ортиб бормоқда. Чунончи, ушбу мамлакатнинг бир қатор етакчи олий ўқув юртларида ўзбек тили ва адабиёти кафедралари мавжуд.
Ўз навбатида, Ўзбекистонда ҳам Германия, унинг маданияти, тили, таълим ва бизнес имкониятларига қизиқиш ортиб боряпти. Хусусан, республикамиздаги 980 та мактабда 270 мингга яқин ўқувчи немис тилини ўрганмоқда, уларга 3 мингдан ортиқ ўқитувчи мазкур тилдан сабоқ бермоқда. Германияда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, мамлакатимизда немис тилини ўқитиш услубларини жорий этиш амалиёти йўлга қўйилган.
Гёте институти, Конрад Аденауэр ва Фридрих Эберт фондлари, Германия халқ университетлари ассоциациясининг Халқаро ҳамкорлик институти, Хориждаги мактаблар марказий бошқармасининг немис тили бўйича махсус маслаҳатчи-координатори офиси ваколатхоналари ҳам немис тилини ўрганиш истагида бўлган ўзбек ёшлари қамровини кенгайтиришга ўз ҳиссасини қўшаётир.
2009 йил июнь ойидан бошлаб Ўзбекистонда Германия Ташқи ишлар вазирлигининг “Мактаблар: келажак ҳамкорлари” ташаббуси амалга ошириляпти ҳамда Чет элдаги мактаблар марказий бошқармаси ва Гёте институти немис тилини ўргатувчи мактабларнинг ўқув ва моддий-техник базасини мустаҳкамлашга кўмаклашмоқда.
Яқинда Андижон шаҳридаги мактаб ўқувчиси Раёна Ибрагимованинг Германияда бўлиб ўтган энг нуфузли немис тили бўйича олимпиадада 62 давлатдан келган 14 ёшдан 17 ёшгача бўлган 100 нафардан ортиқ иштирокчи орасида 1-ўринни эгаллагани ўзбек мактаб ўқувчиларининг муваффақияти ва билим даражасини намойиш қилди.
Олий таълим соҳасида Ўзбекистон университетлари Германиянинг 30 дан ортиқ олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Германия академик алмашинув хизмати – ДААД орқали Германиянинг турли таълим муассасалари ва илмий марказларида 1000 нафарга яқин ўзбекистонлик талаба, аспирант ва докторантлар таҳсил олмоқда.
Ҳудудлараро шериклик муносабатлари ҳам изчил ва самарали ривожланмоқда. Тошкент ва Берлин, Бухоро ва Бонн шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқалари йўлга қўйилган. Ушбу дастур доирасида самарали маданий-маърифий алмашинувлар, барқарор ривожланишга қаратилган лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Меҳнат миграцияси соҳасидаги алоқалар Германия билан ҳамкорликнинг истиқболли йўналишига айланган. Хусусан, тайёрланаётган икки томонлама ҳукуматлараро битим Ўзбекистон фуқароларини Германияда мақсадли ихтисослаштирилган ишга жойлаштириш учун зарур ҳуқуқий база ва кенг имкониятлар яратади.
Сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам кенг кўламли ва ўзаро манфаатли қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Жумладан, 2019 йил ноябрь ойида Германиянинг “Heinemann Medizintechnik”, “KarlStorz”, “Greiner” ва “KfWBank Group” компаниялари кўмагида Қорақалпоғистон Республикасидаги У.Холмуродов номидаги Республика кўп тармоқли тиббиёт маркази негизида Германия-Ўзбекистон тиббий-консультатив-диагностика маркази ташкил этилди. Унда Германиянинг етакчи клиникаларидан келган шифокорлар ушбу Марказда беморларга операция ва маслаҳатларни бепул амалга оширди.
2023 йил февраль ойида Германиянинг Шарите университети ва Роберт Кох институти клиникалари билан биргаликда тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва хорижий инвесторларни жалб қилиш билан шуғулланувчи “Роберт Кох-Ибн Сино” тиббиёт жамғармаси ташкил этилди.
2023 йил май ойида мазкур жамғарма билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳрида биринчи Ўзбекистон-Германия халқаро тиббиёт форуми ташкил этилган бўлса, жорий йилнинг 18-19 апрель кунлари Берлин шаҳрида ушбу форматдаги иккинчи тадбир бўлиб ўтди.
Жорий йилнинг июнь ойида очилган “Абу Али ибн Сино ва Генрих Шиппергес номидаги Самарқанд халқаро тиббиёт фанлари олий мактаби” Ўзбекистон-Германия нодавлат таълим муассасасида соғлиқни сақлаш соҳасининг юқори малакали ўрта бўғин мутахассислари ва менежерлари тайёрланади.
Немис хайрия ташкилотлари билан шериклик доирасида Ўзбекистонга шифоталаб болаларни Германия клиникаларида даволаш, шифохоналарни тиббий асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан таъминлашда бепул ёрдам кўрсатаётган йирик гуманитар лойиҳаларни алоҳида таъкидлаш керак. Масалан, “Friedensdorf International” халқаро хайрия ташкилоти ва “Соғлом авлод учун” жамғармаси томонидан Ўзбекистондаги бемор болаларни Германияга даволанишга юбориш бўйича навбатдаги қўшма гуманитар акция ўтказилмоқда. Унинг доирасида 2002 йилдан 2024 йилгача 12 ёшгача бўлган 434 нафар ўзбекистонлик бола Германия клиникаларида узоқ муддатли – 6 ойдан 2 йилгача бепул даволанди. Бундан ташқари, 2004-2024 йиллар давомида “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти кўмагида Ўзбекистондаги клиникаларда туғма нуқсони бўлган ва куйиш билан оғриган 6743 нафар бемор даволанди. 20 йиллик ҳамкорлик даврида ушбу немис ташкилоти “Соғлом авлод учун” жамғармасига дори-дармон ва тиббий буюмлар кўринишидаги инсонпарварлик ёрдамини ҳам тақдим этди.
Маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш ҳақида сўз борар экан, бугунги кунда беш мингдан ортиқ кишини ташкил этувчи Ўзбекистондаги немис диаспорасининг ҳиссасини алоҳида қайд этиш тўғри бўлади. Мамлакатимизда улар нафақат ўзбек жамиятининг ажралмас қисми, балки икки давлат ўртасидаги кўприк вазифасини ҳам ўтайди. Немис диаспорасининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш мақсадида Ўзбекистонда яшовчи немислар масаласи бўйича Ҳукуматлараро комиссия тузилган ва у самарали фаолият юритмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги муносабатлар кейинги йилларда сифат жиҳатидан янги, ўзаро англашув ҳамда ишончнинг янада юқори поғонасига кўтарилди. Шу нуқтаи назардан, Германия Федерал канцлери Олаф Шольцнинг мамлакатимизга бўлажак расмий ташрифи ўзаро манфаатли сиёсий мулоқотга, кўп қиррали муносабатларни янада фаоллаштиришга, ўзбек ва немис халқлари ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга янги суръат бағишлайди.
“Дунё” АА