Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Ўзбекистоннинг янги экспорт стратегиялари



Бугун дунё ҳамжамиятида савдо чекловлари сақланиб қолаётган шароитда янги бозорлар топиш энг долзарб вазифа бўлиб турибди. Чунки бу аҳоли даромадларини ошириш, қўшимча иш ўринлари яратиш, ишлаб чиқаришни кўпайтиришда муҳим. Бундан ташқари, очиқ бозор маҳсулот сифатини оширишга, таннархини пасайтиришга, янги технологияларни жорий этишга, бозор ислоҳотларини илгари суришга мажбур қилади ва жаҳон ишлаб чиқариш тизимига ва иқтисодий интеграция жараёнларига қўшилишини тезлаштиради.

Жорий ярим йиллик якунларига кўра Ўзбекистон 186 та давлат билан савдо алоқаларини амалга оширган бўлиб, ташқи савдо айланмаси ҳажми 31,8 млрд АҚШ долларига етган. Бунда экспорт ҳажми 13 млрд долларга тенг бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,5 фоиз ўсиш кузатилди.

Мамлакатимиз экспорти йўналишида Хитой 18,5 фоизлик улуш билан етакчилик қилмоқда. Бу борада Россия, Қозоғистон, Туркия ва Корея каби давлатлар бошқаларга нисбатан салмоқли улушга эга.

Статистика агентлиги маълумотига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон экспортёрлари сони 5 682 тага етган. Улар томонидан ўтган ярим йилда қарийб 8,7 миллиард долларлик (номонетар олтиндан ташқари) товар ва хизматлар экспорт қилинган. Мазкур қиймат 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 10,9 фоизга кўп.

2024 йилнинг биринчи яримидаги Ўзбекистоннинг ташқи савдосида энг катта улуш МДҲ мамлакатларига тўғри келди – 11,0 млрд доллар, ЕОИИ мамлакатларига – 8,4 млрд доллар, бошқа давлатлар билан товар айирбошлаш – 20,9 млрд доллар ва Европа Иттифоқи мамлакатлари билан – 3,1 млрд долларни ташкил этди.

Агар «Ўзбекистон — 2030» стратегиясига эътибор қаратилса, унда миллий иқтисодиётнинг экспорт салоҳиятини кучайтириш ва унинг таркибида қўшилган қиймати юқори бўлган маҳсулотлар улушини кескин оширишга қаратилган муҳим вазифалар белгилаб олинганини гувоҳи бўламиз. Унга кўра, экспорт ҳажмини 2 баробар оширилиб, ҳажми 45 миллиард долларга етказилади, экспорт қилувчи корхоналар сони 6,5 мингтадан 15 мингтага етказилади ҳамда экспорт таркибида тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар ҳажми 3,3 баробар кўпайтирилади.

Шунингдек, Европа давлатларига GSP+ ва бошқа тизимлари доирасида тайёр ва технологик маҳсулотлар экспортини кенгайтирилади. Халқаро стандартлар жорий қилинган корхоналар сони 10 баробарга оширилиб, улар сони 5 мингтага етказилади. Дунёнинг 50 та нуфузли брендлари билан махсус иқтисодий зоналар ташкил қилиниб, «Янги Ўзбекистон — рақобатбардош маҳсулотлар юрти» ғояси асосида миллий брендларни хорижий бозорларга олиб чиқадиган экспортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватланади.

Бугунги кунда ҳар бир ҳудуддан 100 та маҳаллий корхонанинг ташқи бозорларга чиқиши учун “тадбиркордан-экспортёргарча” тамойили асосида маҳаллий ҳокимликлар таклифига асосан республика бўйича 1 426 та корхоналар рўйхати шакллантирилган. 2023 йил давомида уларнинг 132 тасига табиий газ ва электр энергия билан таъминлашга, 103 тасининг ишлаб чиқариш жараёнларига халқаро стандарт ва сертификатлар жорий этилишига, 10 тасига экспортолди молиялаштириш учун 4,8 млн долларлик кредит маблағлар ажратилишига ва маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш мақсадида 9,2 млрд сўмлик молиявий ёрдамлар ажратилди. Натижада 183 та корхонага хорижий ҳамкорлар топилишига амалий ёрдам берилиб, улар томонидан жами 130 млн долларлик экспорт амалга оширилди.

Бундан ташқари, экспортчи корхоналар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш натижасида қўшимча 2 185 та корхона экспорт фаолиятига жалб этилди ва улар томонидан 735 млн долларлик экспорт амалга оширилди.

Экспорт қилувчи ташкилотлар экспорти таркиби, ҳажми, географияси, янги ўзлаштирилган экспорт маҳсулотлари, ўтган йил, жорий йил ва келгуси йилга нисбатан прогноз кўрсаткичларининг таҳлилига эътибор қаратилса, 2023 йил якуни билан республика экспорти (махсус экспортсиз) 16,2 млрд долларни ташкил этган бўлиб, ўсиш 104 фоизга етди.

Экспорт ҳажмларининг ўсиши электротехника (экспорт – 1 млрд доллар, ўсиш – 26 фоиз), автомобил саноати (682 млн доллар, 23 фоиз) нефтегаз (509 млн доллар, 10 фоиз), фармацевтика (130 млн доллар, 95 фоиз) транспорт (1,6 млрд доллар, 8 фоиз), туризм (2,1 млрд доллар, 32 фоиз) ва ахборот технология (487 млн доллар, 73 фоиз) каби товар ва хизматлар экспорти ҳисобига таъминланди.

Республика ҳудудларидан Тошкент шаҳри (экспорт ҳажми – 1,9 млрд долллар, ўсиш сурати – 9 фоиз) ва Хоразм (340 млн доллар, 24 фоиз) вилоятида экспорт ҳажмларида юқори ўсиш суратларига эришилди.

Ярим тайёр маҳсулотлар экспорти эса 1 млрд 479 млн долларни ташкил этиб, 117 фоиз ўсиш билан экспорт таркибидаги улуши 8,9 фоиздан 9,9 фоизга ошган. Жумладан, мис ва мис маҳсулотлари (экспорт ҳажми – 288 млн доллар, ўсиш – 117 фоиз), ун маҳсулоти (376 млн доллар, 131 фоиз), металлдан ясалган буюмлар (158 млн доллар, 124 фоиз) ва нефт маҳсулотлари (142 млн доллар, 3,4 баробар) ҳисобидан ошган.

Хизматлар экспорти эса 4 млрд 823 млн долларини ташкил этган бўлиб, ўсиш 119 фоиз кўрсаткични қайд этди. Хизматларнинг жами экспорт таркибидаги улуши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 28 фоиздан 32 фоизга етганини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз.

Қўшилган қиймати юқори бўлган маҳсулотлар улушини кескин ошириш борасидаги стратегик мақсадларнинг амалий ижроси натижасида хомашё экспорти деярли 3 млрд долларини, 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 79 фоизни ташкил этган. Хомашёнинг экспорт таркибидаги улуши 27 фоиздан 20 фоизга пасайган.

Албатта, эришилган натижалар ўз-ўзидан юзага чиқаётгани йўқ. Биринчи навбатда тўғри танланган стратегик мақсадлар, ислоҳотларнинг ҳаётийлииги ва уларнинг амалга оширишда кўрилаётган чора-тадбирларнинг изчиллиги асосий ўринда турибди. Белгилаб олинган аниқ вазифалар потенциал экспорт бозорларини аниқлаш, маҳаллий экспортёр корхоналарнинг мавжуд нисбий устунликларидан фойдаланиш даражаси, экспорт кўрсаткичларини ошириш имконини бермоқда.

Биласизки, “GSP+” бош преференциялар тизими доирасида Европа Иттифоқига 6200 турдаги товарларни етказиб бериш бўйича имтиёзлардан фойдаланиш Ўзбекистон учун 2027 йил якунига қадар узайтирилди.

Шунингдек, 2023 йилда “GSP+” доирасида 1 351 та корхоналарга, шундан стандарт – 316 та, метрология – 182 та, сертификатлаш – 318 та, сифат менежмент тизимлари – 363 та, қадоқлаш ва ёрлиқлаш – 59 та ва бошқа масалаларда 113 та консультатив хизматлар кўрсатилди. 2024 йилда “GSP+” доирасида 2 мингта корхонага амалий ёрдам кўрсатилади, 822 та корхонага халқаро стандартлар жорий этилади. Мазкур тизим доирасида Европа бозорларига маҳаллий маҳсулотлар экспорти қарийб 2 баробарга оширилиб, 1 млрд долларга етказилади.

Ҳозирги кунда Европа бозорларига экспорт қилинаётган товарларни Европа Иттифоқи Регламентига мувофиқ экспорт қилувчиларни рўйхатдан ўтказиш тизимида (REX) рўйхатга олиш ва сертификат расмийлаштирмасдан, келиб чиқишини ҳисоб-варақ фактурада декларациялаш орқали тасдиқлаш амалга оширилмоқда. Бунда Европа Иттифоқи божхона органлари томонидан электрон тизимдан текшириш орқали маҳаллий маҳсулотларга “GSP+” доирасида преференциялар тақдим этилмоқда. Айни вақтда Европа Иттифоқи “REX” тизимида “GSP+” бўйича имтиёзлар олиш учун 1022 та экспортёр рўйхатга олинган.

2023 йил 13 мартдан Ўзбекистон Республикаси ва Покистон ва 1 июлдан Туркия Республикаси билан имтиёзли савдо Битимлари кучга кирди. Мазкур Битимлар доирасида ушбу мамлакатларга ўзбек маҳсулотлари учун Туркия ва Покистонда белгиланган импорт божхона божлари бекор қилинди ёки пасайтирилди.

Мева-сабзавот маҳсулотларини Хитой, Жанубий Корея ва Япония мамлакатларига экспорт ҳажмларини янада ошириш бўйича имкониятлар таҳлил қилиниб, тегишли вазирлик ва идоралар учун топшириқларни ўз ичига олган “Йўл харитаси” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур “Йўл харитаси” лойиҳаси Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан тасдиқланиб, ижрога қаратилади.

Бунда юқоридаги мамлакатларда бўлиб ўтадиган халқаро кўргазма ва ярмаркаларда мева-сабзавотлар экспорт қилувчи маҳаллий корхоналарнинг самарали иштирокини таъминлаш, ўзаро транспорт инфратузилмасини яхшилаш, электрон савдо платформаларида маҳсулотларни жойлаштириш, ўзаро савдо келишувларини имзолаш жараёнларини жадаллаштириш, экспорт қилишда ташиш харажатлари қисман қоплаб беришни оптималлаштириш ва бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш орқали мавжуд экспорт салоҳиятини янада ошириш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, ҳозирда Европа Иттифоқига экспорт қилиш бўйича соддалаштирилган қўлланма (мева-сабзавот маҳсулотлари мисолида) ишлаб чиқилмоқда.

Мазкур қўлланма орқали Европа Иттифоқига экспорт қилиш салоҳияти мавжуд маҳаллий корхоналар “GSP+” бош префренциялар тизимидан фойдаланган ҳолда ўз маҳсулотларини Европа бозорларига экспорт қилиш бўйича билим ва кўникмаларга эга бўладилар.

Европа Иттифоқи ишлаб чиқарувчилари билан эркин рақобат муҳитига кириш юртимиз ишлаб чиқарувчилари учун ишлаб чиқаришни модернизация қилиш жараёнларини тезлаштириш ва харажатларни камайтиришга қўшимча туртки беради.

Бундан ташқари, Европа Иттифоқи шароитида зарур хомашёни импорт қилиш учун тариф ва тарифсиз тўсиқлар, шунингдек, экспорт товарларини Европа Иттифоқи ва учинчи мамлакатлар бозорларига етказиб бериш учун транспорт харажатлари камаяди, бу ҳам ички товарларнинг ташқи бозорларда рақобатбардошлигини оширишга ёрдам беради.

Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашуви жараёни жадал ривожланмоқда ва мамлакатимизнинг халқаро иқтисодий ташкилотлардаги иштироки бу жараённинг ажралмас қисмидир.

Биламизки, халқаро бозорда Жаҳон савдо ташкилоти иштирокчи мамлакатлар ўртасидаги ўзаро савдо тўсиқларини максимал даражада либераллаштириш ва камайтиришга ёрдам берадиган ягона қоидаларни белгилайди. Шу боис ҳозирги кунда бу ташкилотга аъзоликни тезлаштиришга катта аҳамият берилмоқда.

Ўзбекистоннинг ЖСТда иштирок этиши, шунингдек, ЕОИИ билан янада яқин ҳамкорлик ички тайёр маҳсулотларни ташқи бозорларга экспорт қилиш имкониятларини кенгайтиришга ёрдам беради. Шу билан бирга, маҳаллий товарларнинг ЕОИИ мамлакатлари бозорларига киришини кенгайтириш ва бирлашма мамлакатлари ишлаб чиқарувчилари учун ички бозорни очиш маҳаллий бизнеснинг рақобатбардош муҳитда ишлашга мослашишини тезлаштиради.

Бундан ташқари маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали экспорт номенклатураси ва географиясини диверсификациялаш мақсадида “ишлаб чиқаришдан то хорижий истеъмолчигача” тамойили бўйича экспортчи ташкилотларга кўмаклашишда алоқадор вазирликлар, идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий давлат бошқаруви органларининг “горизонтал ва вертикал ўзаро ҳамкорликда ишлаш” механизмини назарда тутган ҳолда Республика ва ҳудудий экспорт штаблари фаолияти йўлга қўйилган.

Ҳозирда Республика ва ҳудудий экспорт штабларига экспортчи корхоналар томонидан жами 382 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шундан 255 таси ўзининг ижобий ечимини топган. Хусусан, айланма маблағлар учун кредит ажратиш бўйича 59 тадан 41 та, ажратилган кредит муддатини узайтириш бўйича 11 тадан 6 та қўшилган қиймат солиғини қайтариш бўйича 87 тадан 65 та, узлуксиз электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш бўйича 108 тадан 91 та ҳамда божхона назорати, карантин текшируви ва бошқа йўналишлар бўйича 117 тадан 52 та муаммолар ҳал этилган.

Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан экспорт қилувчи корхоналарга кўрсатилган молиявий ёрдамлар натижасида 2023 йилда 2,4 млрд долларлик қўшимча экспорт амалга оширилган.

Бундан ташқари, 334 та корхоналарга экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун 18 та тижорат банклари орқали 284 млн долларлик молиявий ресурслар ажратилди ҳамда улар томонидан 330 млн долларлик экспорт ҳажмлари таъминланди.

Миллий маҳсулотларни савдонинг анъанавий усулларини қўллаш баробарида, замонавий онлайн савдо платформалари истиқболли ташқи бозорларни топиш ва уларни ўзлаштириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилди.

Хусусан, Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан 2023 йилда 112 та маҳаллий экспорт қилувчи корхонага нуфузли “Alibaba”, “Global Pulses”, “EuroPages”, “Tendata”, “Pulscen” халқаро электрон савдо майдончасида рўйхатдан ўтиш бўйича 4,2 млрд сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилди. Ҳозирда уларнинг ушбу савдо майдончасига жойлаштирган маҳсулот турлари сони 8 500 тадан ошди.

Натижада, ўтган давр мобайнида ушбу корхоналар томонидан кўплаб хорижий мамлакатларга салмоқли экспорт амалга оширилди. Экспорт ҳажмларининг ортиб бораётгани ва савдо майдончаси орқали ишончли ва салоҳиятли харидор топиш осонлиги маҳаллий корхоналарнинг электрон савдо орқали экспорт қилишга қизиқишларини кескин орттирди.

Шунингдек, экспортчиларни электрон тижорат орқали янги бозорларни ўзлаштиришларига кўмаклашиш мақсадида Тошкент ва Наманган шаҳарларида “Alibaba” корпорациясининг экспортчиларга платформа имкониятларидан фойдаланишга кўмаклашувчи сервис ҳамкорлари фаолияти йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, “Alibaba” электрон савдо платформасида Ўзбекистоннинг доимий фаолият юритувчи миллий павильони ишга туширилган бўлиб, ундан 1 600 турдан ортиқ экспортбоп миллий маҳсулотлар ўрин олди. Ҳозирда ушбу павильондан 3 та йирик соҳа – тесктиль, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноатининг энг юқори сифатли ва харидоргир маҳсулотлари намойиш этилмоқда.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур платформада савдо қилувчи 190 дан ортиқ мамлакат орасида атиги 10 дан зиёд давлатнинг миллий павильонлари ташкил этилганини ҳисобга олиб, мазкур павильоннинг очилиши тадбиркорларимиз учун жаҳон бозорига чиқиш учун ўзига хос имконият деб қаралмоқда.

Бундан ташқари, ушбу савдо майдончасига аъзо бўлган кўп сонли корхоналарнинг фаолият йўналишларидан келиб чиқиб, 2024 йилда электротехника, мебель ва жиҳозлар, чарм-пойабзал, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ва спорт анжомлари йўналишлари очиш режалаштирилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 мартдаги 167-сон қарорига мувофиқ экспортчи корхоналарнинг савдо уйларини очиш ва сақлаш, офис, савдо ва омбор биноларини ижарага олиш, шу билан бирга, реклама кампанияларини ташкил қилиш билан боғлиқ чет элдаги харажатларни қисман қоплаб бериш амалиётга жорий этилди.

Мазкур йўналишдаги молиявий ёрдамдан фойдаланаётган экспорт қилувчи ташкилотнинг камида 51 фоиз улуши иштирокида 2021 йил 1 апрелдан кейин ташкил этилган ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан юритиладиган Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари томонидан чет элда ташкилотлар ташкил этиш ёки уларнинг устав фондида улуш билан иштирок этиш реестрига киритилган бўлиши зарурлиги белгиланган.

Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари орқали савдо уйларини очиш ва сақлаш, офис, савдо ҳамда омбор биноларини ижарага олиш, реклама кампанияларини ташкил қилиш билан боғлиқ чет элдаги харажатларни қисман қоплаб бериш бўйича кўрсатиладиган молиявий ёрдам турлари тўғрисидаги маълумотлар доимий равишда экспорт қилувчи корхонларга етказиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик саноатининг экспорт салоҳиятини жаҳон ҳамжамиятига кенг танитиш мақсадида “BBC World News” телеканалининг глобал мультимедиа платформасида "Made in Uzbekistan" тарғибот-коммуникaция лойиҳаси ишга туширилди. Ушбу лойиҳа доирасида “Sunshine as a compliment” шиори остидаги тарғибот ролиги 2023 йилнинг 24 апрелидан 24 июнига қадар 150 дан зиёд мамлакатга мунтазам трансляция қилинди.

Республикамиз ҳудудида фаолият олиб бораётган маҳаллий ишлаб чиқарувчи ва экспорт фаолияти билан шуғулланувчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида мева-сабзавот маҳсулотларини етиштирувчи ва қайта ишловчи корхоналар 2023 йил якуни билан 59 тасига жами 9,7 млрд сўмлик 116 та ҳамда 2024 йил январ-июн ойлари якуни билан 13 та корхоналарга жами 1,9 млрд сўмлик 24 та халқаро ва Европа стандартлари молиялаштирилди.

Хулоса қилиб айтганда экспорт қилиш бизнесни ривожлантиришда катта қадам бўлиб, юртимизда бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар тизимли ва натижа келтираётгани билан аҳамиятлидир. Янги бозорлар ички бозорларда юқори даражадаги рақобат муҳитини қарор топтириб, экспорт қилувчи компанияларнинг рақобатбардошлигини оширади ва катта молиявий барқарорликни таъминлайди.

 

Нодир Жумаев,

иқтисод фанлари доктори, профессор



  ...