Ўзбекистон 2030 йилгача барқарор ривожланиш бўйича белгиланган миллий мақсад ва вазифаларга ўз вақтида ва сифатли эришиш учун мустаҳкам пойдевор яратди. Бу ишончни "Ўзбекистон – 2030" тараққиёт стратегияси БМТнинг барқарор ривожланиш мақсад ва вазифаларини амалга ошириш билан мутаносиблиги ва ўзаро шартлилиги билан изоҳлаш мумкин.
Мамлакат БМТнинг дунёмизни ўзгартиришга қаратилган ва "2030 йилгача барқарор ривожланиш соҳасида кун тартиби» деб номланувчи дастурини амалга ошириш бўйича жаҳондаги 192 та мамлакат билан биргаликда қабул қилинган мажбуриятларни тўлиқ бажармоқда.
Барқарор ривожланишнинг мақсад ва вазифалари мамлакат ва ҳудудларнинг иқтисодий, ижтимоий ва экологик ривожланиши бўйича ишлаб чиқилган ва амалга оширилаётган стратегиялар, концепциялари, йўл хариталари билан мутаносибдир.
Ўзбекистоннинг миллий мақсад ва вазифаларни амалга оширишда эришган натижалари халқаро ҳамжамият томонидан маъқулланаяпти ва эътироф этилаяпти. Янги Ўзбекистоннинг "Инсон шаъни ва қадр-қиммати йўлида" деб номланувчи асосий тамойили БМТнинг "Ҳеч кимни ортда қолдирманг" барқарор ривожланиш тамойилига мос келади.
Барқарор ривожланишнинг миллий мақсадларини 2022–2026 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегиясининг мақсадлари билан таққослаш уларнинг халқ фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқларини ўзгартириш, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини сўзсиз ҳимоя қилиш, фаол фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида тўлиқ ўзаро боғлиқлиги ва ўзаро шартлилигини кўрсатади. Умуман олганда, тараққиёт стратегияси барқарор ривожланишнинг барча миллий мақсадлари ва вазифаларини қамраб олади ҳамда уларга 2030-йилгача эришиш учун яхши асос яратади.
Стратегияга мувофиқ, жадал иқтисодий ва ижтимоий ўсишга олиб келган катта ўзгаришлар амалга оширилди. Бу мамлакатнинг барқарор ривожланишнинг барча мақсадлари бўйича вазифаларни фаол ва мақсадли амалга ошириш учун кучли туртки берди.
Давлат ҳокимияти органлари ва бошқарув тизими тубдан ислоҳ қилинди. Уларнинг фаолият самарадорлигини ошириш, давлат томонидан тартибга солишнинг замонавий бозор механизмларини жорий этиш, ижтимоий-иқтисодий жараёнларни тартибга солишда давлатнинг ролини қисқартириш эса ўз навбатида барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларга эришишда ёрдам берадиган устувор вазифалар сифатида белгиланди.
Таъкидлаш жоизки, қонунчилик фаолияти сифатини сезиларли даражада яхшилаш давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг муҳим йўналиши ҳисобланади.
Суд фаолиятида катта ўзгаришлар рўй берди, хусусан, суд қарорларини қайта кўриш институти ислоҳ қилинди, коррупцияга қарши кураш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.
Ўзбекистон сўнгги йилларда камбағалликни бартараф этишда сезиларли ютуқларга эришди (1-мақсад). Ҳозирги босқичдаги вазифа камбағаллик даражасини 2026-йилгача 2 баравар ва 2030-йилгача 5% га қадар сезиларли даражада камайтиришдир. Бундан ташқари, биз камбағаллик чегарасидан пастга тушиш хавфи юқори бўлган одамларга кўпроқ эътибор қаратишга интилаяпмиз.
Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги сўнгги ислоҳотлар ва аҳолининг заиф қатламларига ер ажратиш озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида ва қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантиришда сезиларли ўзгаришларга олиб келди. (2-мақсад).
Ушбу сиёсат натижасида Ўзбекистон 2018-йилдан 2022-йилгача Озиқ-овқат хавфсизлиги глобал индексида (GFSI) ги ўрнини 12 поғонага яхшилади.
"Барча ёшдагилар учун соғлом турмуш тарзи ва фаровонлигини таъминлаш" соҳасида (3-мақсад) мамлакатда болалар ва чақалоқлар ўлимининг изчил камайиши кузатилмоқда.
Стратегияга мувофиқ, биз 2030-йилга бориб, ўртача умр кўриш давомийлигини 78 ёшгача оширишга, болалар ва оналар ўлимини 2 баравар камайтириш мажбуриятини олдик.
Сўнгги йилларда кенг қамровли ва адолатли сифатли таълим бериш бўйича эришилган ютуқлар ҳам аҳамиятлидир (4-мақсад). Сўнгги 6 йил ичида ижтимоий соҳадаги ислоҳотлар болаларнинг мактабгача таълим олиш имкониятларини оширишда ажойиб натижалар берди. Болаларнинг уюшган (мактабгача) таълимда иштирок этиш даражаси 2022-йилда 84,2% гача ошди. Ушбу йўналишда 2030-йилга бориб, мактабгача таълим қамровини 100% га, таълим ташкилотлари сонини 56 мингтага етказиш режалаштирилган.
Гендер тенглигини таъминлаш тизимини (5-мақсад) тубдан ўзгартириш мақсадида 2 та қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16 та фармон ва қарорлари, 33 та ҳукумат қарори, шунингдек, Ўзбекистонда 2030-йилгача Гендер тенглигига эришиш стратегияси қабул қилинган бўлиб, унда гендер тенглигини таъминлаш, аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, уларнинг ҳукумат ва жамият бошқарувидаги ролини ошириш бўйича асосий чора-тадбирлар белгиланган. Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглиги ва оила масалалари бўйича республика комиссияси ташкил этилди. Аёл сенаторлар сони деярли 25% га, аёл депутатлар сони эса 33,3% га ошди.
Стратегия йўналишига мувофиқ макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, инфляция даражасини пасайтириш, солиқ юкини камайтириш ва соддалаштириш, иқтисодиёт тармоқларини диверсификация қилиш, бизнес учун қулай муҳит яратиш, инфратузилмани яхшилаш, қишлоқ хўжалигини, иқтисодий интеграция ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш асосий иқтисодий ислоҳотлар бўлиб қолмоқда.
Ислоҳотлар ҳамма учун тенг ва эркин рақобат муҳитини яратиб, 10-мақсадга (мамлакатлар ичида ва улар ўртасида тенгсизликни камайтириш) эришишга имкон берди. Ортиқча тўловларнинг бартараф этилиши ва солиқ ставкаларининг пасайтирилиши туфайли хўжалик юритувчи субъектларга солиқ юки камайтирилди. Шу билан бирга, мулк, даромад ва ижтимоий солиқ ставкалари 2 баравар пасайтирилди.
Ўзбекистоннинг ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга кўтариш, бу борадаги муаммолар ечимини топиш, ваколатли органлар фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида 2020-йилда давлат органи – Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилди.
Ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган янги тизим – "Ёшлар дафтари" ва "Ёшлар дастурлари" жорий этилди. Тизимни рақамлаштириш, ёшларга бериладиган имтиёзларнинг шаффофлигини таъминлаш ва жойларда ишларни мониторинг қилиш (8-мақсад) имконини берувчи ягона электрон платформа –"yoshlardaftari.uz" ишга туширилди. Таъкидлаш жоизки, аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириш мақсадида, ишсиз аҳолига хизмат кўрсатувчи "Мономарказ" МЧЖ ташкил этилди.
Умуман олганда, стратегиянинг амалга оширилиши натижасида Ўзбекистонда катта таркибий ва институционал ўзгаришлар юз берди. Аввало, булар жамиятни демократлаштириш, миллий моделимиз – маҳалла орқали “Ҳеч кимни четда қолдирмаслик” тамойили амалга оширилиши, барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлашда катта ижобий ўзгаришлар (иқтисодий ўсиш ва инвестициявий фаолликнинг нисбатан юқори даражаси, халқаро ҳамкорликни сезиларли даражада кенгайтириш, соғлиқни сақлаш ва таълим ислоҳоти, гендер тенглиги, болалар ва ёшлар билан ишлаш, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш)дир.
Яратилган зарур қонуний, ҳуқуқий, институционал ва иқтисодий пойдевор 2030-йилгача барқарор ривожланишнинг миллий мақсад ва вазифаларига эришишга хизмат қилади.
Президент ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган қуйидаги резолюциялари қабул қилинди: "Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш"; "Таълим ва диний бағрикенглик"; "Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш"; "Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш". Бу Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги фаолиятининг халқаро эътироф этилишидир.
БМТ Бош Ассамблеясининг 2022-йил 14-декабрдаги резолюциясида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Барқарор ривожланиш мақсадига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида"ги ташаббуси маъқулланди. Бухоро ва Тошкент шаҳарларида 100 дан ортиқ мамлакат парламент аъзолари иштирокида халқаро Форумлар ташкил этилди.
Ўзбекистон Президенти томонидан қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси ва Ривожланиш стратегияси БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш учун беш йиллик “йўл хариталари”дир.
Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти жиддий кўмак бермоқда. Ўзбекистоннинг БМТ билан ҳамкорлиги сўнгги беш йилда мутлақо янги босқичга кўтарилди. БМТнинг “2030-йил кун тартиби”ни амалга ошириш учун ҳукумат БМТ агентликлари кўмагида 2030-йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни қабул қилиб, 16 та миллий мақсад ва 125 та вазифани тасдиқлади. Миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” қабул қилинди, ҳукумат ҳузурида Парламент комиссияси ва Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилди. БРМни амалга ошириш бўйича иккита Ихтиёрий миллий ҳисобот тақдим этилди, бу эришилган тараққиётнинг ҳақиқий исботи бўлиб, мамлакатнинг “2030-йил кун тартиби”ни амалга оширишдаги иштирокини тавсифлайди. Барқарор ривожланиш мақсадларини молиялаштириш стратегияси ишлаб чиқилди. БМТ Агентликлари аниқ дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш орқали барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга ҳисса қўшмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тараққиётга кўмаклашиш доирасидаги дастури (UNDAF) Ўзбекистон ҳукумати ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ўрта муддатли истиқболда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни акс эттирувчи ўзаро ҳамкорлик воситасидир.
Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси доирасида белгиланган асосий вазифаларни амалга ошириш борасида сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг БМТ билан олий ва юқори даражадаги сиёсий алоқалари сезиларли даражада фаоллашди. Ўзбекистон БМТнинг Бош Ассамблеяси ва ихтисослашган ташкилотлари фаолиятининг фаол иштирокчисига айланди.
Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг асосий натижаси уларнинг халқаро ташкилотлар томонидан тан олиниши ҳисобланади. Халқаро мустақил ташкилот (SDR) томонидан 2023-йилда эълон қилинган Барқарор ривожланиш мақсадлари халқаро рейтингида Ўзбекистон 166 мамлакат орасида 69-ўринни эгаллаб, ўз рейтингини 8 поғонага оширди (2022-йилда 77-ўрин). SDR индексининг барқарор ривожланиш ҳисоботига кўра, Ўзбекистон барқарор ривожланиш кўрсаткичларининг қуйидаги 16 та мақсадидан 11 таси бўйича ижобий ўсишни қайд этди: камбағалликни қисқартириш (1-мақсад), озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланиш (2-мақсад), саломатлик ва фаровонлик (3-мақсад), сифатли таълим (4-мақсад), гендер тенглиги (5-мақсад), тоза сув ва санитария ( 6-мақсад), саноатлаштириш, инновациялар ва инфратузилма (9-мақсад), шаҳар ва аҳоли пунктларини барқарор ривожлантириш (11-мақсад), иқлим ўзгаришига қарши кураш (13-мақсад), тинчлик, адолат ва самарали институтлар (16-мақсад).
Озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланишни таъминлаш бўйича муҳим ишлар амалга оширилди. Хусусан, озиқ-овқат хавфсизлиги Global Food Security Indexга кўра, Ўзбекистон 2019–2022 йилларда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда энг катта ютуқларга эришган Топ-10 та мамлакат ичида биринчи ўринни эгаллади.
2020- ва 2023-йилларда Ўзбекистоннинг 2030-йилгача бўлган Миллий барқарор ривожланиш мақсадлари ва вазифаларини амалга ошириш бўйича тайёрланган биринчи ва иккинчи Ихтиёрий миллий ҳисоботлар БМТ томонидан ижобий баҳоланди.
Гендер тенглиги ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ҳамда имкониятларини кенгайтириш борасида сезиларли ютуқларга эришилди. 2024-йилда Аёллар, бизнес ва ҳуқуқ индекси (The Women, Business and the Law Index 2024) бўйича Ўзбекистон Жаҳон банки томонидан аёллар ҳуқуқи ва гендер тенглиги соҳасида муҳим ислоҳотларни амалга оширган 5 та мамлакатдан бири сифатида қайд этилди. Индекснинг хавфсизлик, ҳаракатчанлик, иш жойи, иш ҳақи, никоҳ, ота-оналик, болаларни парвариш қилиш, тадбиркорлик, активлар ва пенсиялар каби таркибий қисмларида айниқса юқори кўрсаткичларга эришилди.
2023-йилда эълон қилинган Gender Data Compassда гендер маълумотлари мавжудлиги рейтингида Ўзбекистон 185 мамлакат орасида жаҳонда 56-ўринни ва Марказий Осиёда 3-ўринни эгаллади.
Очиқлик рейтинги (Open Data Watch)да (жинси бўйича тақсимотни ўз ичига олади) Ўзбекистон дунёнинг 195 та мамлакати орасида 30-ўринни ва Марказий Осиё мамлакатлари орасида 1-ўринни эгаллади.
Тинчликсевар ва очиқ жамиятни тарғиб қилиш учун кўп ишлар қилинди. Жаҳон банки рейтингида 2022-йилда Ўзбекистоннинг Давлат бошқаруви сифати индекслари (World Governance Indicators, WGI) бўйича кўрсаткичлари олтита компонентда ҳам яхшиланди. "Ҳукумат самарадорлиги" кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон аввалги натижасини 22 поғонага ошириб, 214 та мамлакат орасида 116-ўринни эгаллади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг электрон ҳукуматни ривожлантириш индексида 2019-йилда 81-ўринни эгаллаган Ўзбекистон 2022-йилда 193 та мамлакат орасида 69-ўринга кўтарилди ва бу рақамли технологияларни жорий этишнинг тезлашганини акс эттиради.
Умуман олганда, Ўзбекистон 2030-йилгача барқарор ривожланиш бўйича белгиланган миллий мақсад ва вазифаларга ўз вақтида ва сифатли эришиш учун мустаҳкам пойдевор яратди.
Бу ишонч "Ўзбекистон – 2030" ривожланиш стратегияси БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсад ва вазифаларини амалга ошириш билан мутаносиблиги ва ўзаро шартлилиги билан изоҳланади.
Юлдуз Абдуғаниева,
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари