Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

“BMB HOLDING” таъсисчиси: Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш давлатимиз раҳбари ислоҳотларининг бош мақсадларидан бирига айланди



Сўнгги йилларда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришни комплекс қўллаб-қувватлашнинг узлуксиз занжирини яратиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Кўрилган чора-тадбирлар ва муҳим қарорлар қабул қилиниши натижасида сўнгги етти йилда Янги Ўзбекистон ишбилармон доира вакилларининг янги авлоди пайдо бўлди.

Хусусан, мамлакатимиз иқтисодий ҳаётида муҳим ўрин тутаётган, нафақат ички бозорда, балки халқаро бозорда ҳам мустаҳкам ўз ўрнига эга бўлиб бораётган йирик хусусий бизнес субъектларидан бири “BMB HOLDING” компаниясидир.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 33 йиллиги арафасида “Дунё” ахборот агентлиги “BMB HOLDING” асосчиси Бекзод Маматқулов билан суҳбатлашди.

– Бекзод Акмалович, сўнгги йилларда “BMB HOLDING” нафақат Ўзбекистонда, балки халқаро бизнес ҳамжамияти ўртасида ҳам катта обрў қозонди. Бугунги кунда Ҳолдинг инвестициявий лойиҳалар учун консалтинг хизматларини кўрсатиш, халқаро бизнес ва савдо алоқаларини ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, экспорт ва импорт амалиётларини амалга ошириш, инновацион технологияларни жорий этиш ва замонавий агросаноат кластерлари соҳаларида самарали фаолият юритмоқда. Суҳбатимиз аввалида Ҳолдингнинг ташкил этилиши, ривожланиш тарихи ҳақида тўхталсангиз.

– Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайланиши билан мамлакатни тараққиётнинг янги босқичига олиб чиқиш учун иқтисодий салоҳиятимизни ошириш, инвестицияларни жалб этиш ва энг муҳими, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш каби муҳим масалаларни давлатимиз сиёсатининг кун тартибига қўйди.

Шу маънода, тадбиркорларга яратилган имкониятлар менинг ҳаётий мақсадларимни тубдан ўзгартириб, бизнесда ўз салоҳиятимни синаб кўриш истагини уйғотди.

Биз дастлаб илк даромадимизни хизмат кўрсатиш орқали топганмиз. Хусусан, бизнес режалар ишлаб чиқиш, консалтинг хизматларини кўрсатиш бизнинг илк даромад манбамиз бўлган. Кейинчалик қишлоқ хўжалигида ўзимизнинг ўйлаб юрган лойиҳаларимизни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида Жиззах вилояти Арнасой туманидан ер олдик. Бу ерга иккиламчи экин сифатида мош, нўхат экдик. Биринчи уринишларимиз зое кетмади. Етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ўзимиз кутганимиздан ҳам яхши натижа берди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида биринчи марта етиштирган ҳосилимизни хорижга экспорт қилишга эришдик. Жумладан, уларни Покистон, Ҳиндистон, Афғонистонга сота бошладик. Кейинчалик давлатга шартнома асосида пахта, ғалла етказиб бериш режасини олдик ва шундан даромад қилиб, аста-секинлик билан молиявий имкониятларимизни кенгайтирдик.

2017 йилда муҳтарам Президентимизнинг Жиззах вилоятига ташрифи доирасида Арнасой туманида озиқ-овқат кластерини ташкил этиш бўйича лойиҳамиз тақдим этилди. Учрашувда давлатимиз раҳбари барча тадбиркорлар қатори мени ҳам қўллаб-қувватлашларини алоҳида таъкидлаб, катта ишонч билдирдилар. Юртбошимизнинг бундай эътибори ва қўллаб-қувватлаши бизга қўшимча куч бағишлади. Шундан сўнг тадбиркорлик фаолиятимни янада кенгайтириш, янги тармоқларда ўзимизни синаб кўриш, хорижий шериклар билан қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш истаги пайдо бўлди.

Жумладан, 2018 йилда юртимизда биринчилардан бўлиб энг йирик пахта кластерини ташкил этишга муваффақ бўлдик. Тадбиркорлик қўлимиздан келишини, бизга барча шароитларни яратиб бераётган мамлакатимиз раҳбариятининг эътибори туфайли, биз доривор ўсимлик етиштириш кластерини, яъни заъфарон брендини яратдик. Кейинчалик эса мева сабзавотчилик кластерини ташкил этдик. Ушбу йирик лойиҳамиз, ўз навбатида, мева ва сабзавотларни, саралаш, қадоқлаш, чуқур қайта ишлаш тизимини йўлга қўйиш имконини берди. Шу тариқа бизнеснинг турли босқичларидан ўтиб, бизнинг кичик лойиҳамиз бугунги кунга келиб “BMB HOLDING” сифатида шаклланди. Ҳозирги пайтда Ҳолдинг 30 та корхонани бирлаштиради. Корхоналаримизда бутун юртимиз бўйлаб олти мингдан ортиқ ишчи-ходимнинг бандлиги таъминланган.

– Сир эмаски, Ҳолдинг бугун халқаро ва миллий миқёсда инвестициявий лойиҳаларини амалга оширмоқда. Тадбиркор сифатида ва хорижий мамлакатлардаги бизнес муҳитидан яхши хабардор киши сифатида сўнгги йилларда Ўзбекистонда ишбилармон доиралар вакиллари учун яратилган инвестициявий муҳитни қандай баҳолайсиз. Сизни қониқтирмайдиган жиҳатлар, бизнес учун тўсиқ бўлаётган омиллар ҳам борми?

– Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида тадбиркорлар учун қулай инвестицион муҳит яратиш давлатимиз раҳбари ислоҳотларининг бош мақсадларидан бирига айланди. Ўзбекистон Президенти томонидан тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор фармон, қарорларнинг қабул қилиниши бугунги кунга келиб ўз натижасини бермоқда.

Ўзбекистонда солиқ қонунчилигининг такомиллаштирилиши, валютани эркин конвертация қилиш имкониятини яратилиши, хусусий ер, мулк соҳасидаги ислоҳотлар ва шу каби соҳага оид бир қатор бошқа ижобий ўзгаришлар тадбиркорларнинг мамлакат иқтисодиётининг драйверлари сифатида кўрила бошланишида муҳим аҳамият касб этди. 2020-2022 йиллар мобайнида бутун дунёда коронавирус пандемиясининг авж олиши мамлакатлар иқтисодиётига, жаҳон инвестицион муҳитига катта салбий таъсир кўрсатишига қарамай, Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш суръатлари минимал барқарорликда сақланиб қолинди ҳамда инвестициявий жозибадорлик тенденцияси ўсишда давом этди.

Мамлакатга хорижий инвестициялар оқими сезиларли даражада ошганлиги, халқаро бизнеснинг иқтисодий ислоҳотларга бўлган ишончидан далолат беради. Иқтисодиётни фаол диверсификация қилиш муҳим ютуқ бўлиб, у инвесторлар учун барча соҳаларда янги имкониятлар очиб берди.

Энди бизнес учун тўсиқ бўлаётган омиллар, тадбиркорларни қониқтирмайдиган жиҳатлар ҳақида гапириш лозим бўлса, ҳақиқатни очиқ айтаман, мазкур соҳада Ҳукумат даражасида жуда катта интенсив равишда ислоҳотлар, ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Лекин қуйи тизимга, ҳокимият тизимига тушган пайтингизда баъзи бир ўринларда сансалорлик, бепарволик каби ҳолатлар учраб туриши ҳали ҳам мавжуд. Ишонаманки, бу каби камчиликлар ҳам бартараф этилади.

– Биламизки, “BMB HOLDING” Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг кенг турларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш билан шуғулланади. Хусусан, Сиз раҳбарлик қилаётган ташкилот заъфарон етиштиришда катта муваффақиятларга эришди. Бугунги кунда Ўзбекистонда етиштирилган заъфарон ўсимлиги дунёнинг кўплаб минтақаларида харидоргир бўлиб боряпти. Айтингчи, Ўзбекистонга заъфарон етиштириш каби қийин соҳанинг фаолиятини йўлга қўйиш мақсади Сизда қачон пайдо бўлди ва нега айнан заъфарон ўсимлигини экиш лойиҳасини танладингиз?

– 2017 йилда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига амалга оширган ташрифлари мобайнида тоғ, тоғ олди ҳудудларида доривор гиёҳларни етиштириш, юртимизда бу соҳани ривожлантириш ҳамда қимматбаҳо доривор ўсимликларни жаҳон бозорига экспорт қилиш масаласи устувор вазифа этиб белгиланган эди. Шунингдек, мамлакатимиз етакчиси юртимизда барча шароитлар бўлсада, нега Ўзбекистонда заъфарон етиштириш мумкин эмас, деган саволни қўйдилар ва ушбу заъфарончилик тармоғини ривожлантириш бўйича алоҳида кўрсатма бердилар. Албатта, кейинроқ Президентимизнинг Жиззах вилоятига ташрифлари мобайнида биз заъфарон етиштириш бўйича лойиҳамизнинг батафсил тақдимотини ўтказдик. Давлатимиз раҳбари лойиҳа билан танишгач, уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашларини билдирдилар ва масъул мутасаддиларга дастурни тезроқ рўёбга чиқариш бўйича кўрсатма бердилар.

Тўғриси, аввал бошида бу лойиҳани амалга ошириш осон бўлмади. Мазкур бизнес ғояни ҳаётга татбиқ этишда авваламбор ички ва ташқи бозордаги талаб ва таклифнинг таҳлили, Ўзбекистон шароитида мазкур ғояни амалга ошириш имконияти ва истиқболлари, ўзимизнинг бу борадаги салоҳиятимиз ҳамда бошқа бир қатор омиллар чуқур ўрганилди. 2020 йилда кузатилган пандемия шароитида ушбу лойиҳани амалга оширишни бошладик. Дастлаб мутахассисларни топиш, Европадан иқлимимизга мос заъфарон пиёзбошиларини келтириш ва ундан кўзланганидек ҳосил олиш даражасигача етиб бориш учун яхшигина сабр ва етарлича меҳнат қилинди. Биринчи йили 55 гектар майдон ерга заъфарон пиёзбошиларини экдик. Йиғиштириб олинган ҳосилга талабнинг юқорилиги ҳамда тўпланган тажриба лойиҳани янада ривожлантириш ва кенгайтириш истагини туғдирди. Бугунги кунда 400 гектар ерга заъфарон ўсимлиги етиштирилмоқда. Келгуси 3 йилда заъфарон плантациялари қамровини 1000 гектарга етказиш ва йилига 20 тонна соф заъфарон маҳсулотини олиш режалаштирилмоқда.

“BMB Za'faron” маҳсулоти 2024 йил бошида минтақамизда биринчи бор ўзбек заъфаронининг Америка бозорларига киришига имкон берувчи “USDA Organic” (АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган экологик сертификат) сертификатига эга бўлди. Бахмал туманида етиштирилган ўзбек заъфарони эса бир неча йиллик чуқур ва таҳлилий текширувлардан кейин Ўзбекистон ва Хитой идоралараро комиссияси хулосасига кўра, Хитой бозорларига экспорт қилиш бўйича тегишли рухсатномани олди.

– Тўғри, ўтган йиллар давомида заъфарон етиштириш борасида катта тажриба тўпланди. Шу билан бирга, халқаро стандартлар ва бозорлар талабларига жавоб берадиган рақобатбардош маҳсулот етиштириш учун қайси давлатлар тажрибасини ўрганиш ва татбиқ этиш керак, деб ўйлайсиз?

– Қишлоқ хўжалигида ҳар бир маҳсулотни етиштиришнинг ўзига хос усуллари мавжуд. Италия, Австрия, Жанубий Корея, АҚШ, Саудия Арабистони каби давлатларнинг заъфарон етиштириш бўйича етарлича тажрибалари бор. Биз, албатта иқлим шароитлари бизникига яқин бўлган мамлакатларнинг тажрибасини ўрганиб, соҳа мутахассислари билан ўзаро тажриба алмашяпмиз. Айтишим мумкинки, заъфарондан кўпроқ ҳосил олиш ва уни хорижга экспорт қилиш учун барча имкониятларимизни сафарбар қилганмиз. Экспорт ҳажмининг ортиши, ўз навбатида, Ўзбекистонга хорижий валюта оқимини кўпайишига ва иқтисодий барқарорликни таъминлашга ҳисса қўшади.

Етиштирилган миллий маҳсулотларимизни жаҳон бозорига олиб чиқиш ва рақобатбардошлигини ошириш учун биринчи навбатда сифат, кейин эса нарх ва албатта, ишлаб чиқариш қувватларининг талаб даражасига мувофиқлиги энг муҳим омиллардан ҳисобланади. Биз ишимизда ва амалга ошираётган лойиҳаларимизда, хусусан заъфарон етиштиришда ана шу жиҳатларни ҳисобга олганмиз.

– Ўзбекистонда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳар йили тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказиш формати жорий этилди. Айтингчи, мазкур саъй-ҳаракатлар Сиз раҳбарлик қилаётган Ҳолдинг фаолиятида нечоғли таъсир кўрсатмоқда?

– Мамлакатимизда қулай бизнес ва соғлом рақобат муҳитини яратиш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, солиқ сиёсатини янада либераллаштириш бўйича қатор қарор ва фармонларининг қабул қилиниши, узоқ йиллар давомида тадбиркорларнинг эркин фаолият олиб боришига тўсиқ бўлиб келаётган муаммоларни бартараф этишга хизмат қилди, десак ҳеч муболаға бўлмайди.

Президентимизнинг сиёсий иродаси билан соҳани ривожлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди, тадбиркорларга эътибор тубдан ўзгарди. Энг асосийси давлат раҳбарининг соҳага бўлган алоҳида эътибори бугун ўзининг ижобий самарасини бера бошлади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти йўлга қўйилди. Менимча, бундай институт дунёнинг ҳеч бир давлатида йўқ.

Ишонч билан айтишим мумкинки, эндиликда анъанага айланиб бораётган ҳамда ҳар йили ўтказилиб келинаётган давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти Янги Ўзбекистонда янгича фикрлайдиган, рақобатга чидамли тадбиркорлар синфини шаклланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир.

Иш юзасидан кўплаб мамлакатларда бўламан. Хусусан, Италия, Германия, АҚШ, Австрия ва бошқа давлатлардаги ҳамкор дўстларим Ўзбекистон Президентининг тадбиркорлар билан ҳар йилги мулоқотини алоҳида эътироф этади. Улар мамлакатимизда тадбиркорларга шахсан давлат раҳбарининг эътиборини кўриб, бизга ҳавас билан қарашлари ҳам сир эмас. Президентнинг тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг тизимли муаммо ва масалаларини эшитиб, уларга ечим топиб, ҳал этиши иккала томон учун ҳам катта ютуқ аслида. Шу боис, бугунги кунда барча тадбиркорлар Президент билан бўладиган учрашувни интизорлик билан кутади. Бу учрашув тадбиркорларни ўзларининг бир йиллик фаолиятларига баҳо бериш ва истиқболли режаларини белгилаб олишида ҳам муҳим мулоқот майдонига айланган. Мамлакатимиз етакчисининг очиқ мулоқотдаги маърузаси ва соҳани янада ривожлантириш, мавжуд тўсиқларни олиб ташлаш, ишбилармонларга имтиёзлар тақдим этишга қаратилган муҳим ташаббуслари эса тадбиркорлар фаолиятини янада кенгайтириш учун дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Тажрибамдан келиб чиқиб бир мисол келтирмоқчиман. Президент билан мулоқот олдидан фаолиятимизда дуч келаётган масалаларни ён дафтарчамга белгилаб юраман. Барча саволларимга эса Президентимизнинг чуқур таҳлилларга асосланган маърузаларини эшитгач, ҳар сафар уларга тўлиқ жавоб топаман.

– 2022 йил август ойида Ўзбекистон Президенти фармойиши билан “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони, 2023 йилда эса “Дўстлик” ордени билан тақдирландингиз. Тадбиркорлик фаолиятингиз давлатимиз раҳбарияти томонидан юксак эътироф этилган онларни ёдга олиб ўтсангиз.

– Жавоб беришдан аввал бир нарсани айтиб ўтмасам бўлмайди. Мен бизнесга кириб келишимдан олдин қатор давлат ва жамоат ташкилотларида 15 йилдан ортиқ вақт давомида ишлаганман. Лекин давлат мукофоти уёқда турсин, ҳатто бирор марта бўлса-да, фахрий ёрлиқ олган инсон эмасман. Бугун эса, жонажон юртимиз – Ўзбекистон тараққиёти учун чин дилдан меҳнат қилган киши бор-ки, давлатимиз ва мамлакатимиз раҳбарининг эътиборида. Юртимиз олдидаги кичик меҳнатларимиз эътироф этилиб, 2022 йилда “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирландим. 2023 йили эса муҳтарам Президентимиздан “Дўстлик” орденини қабул қилиб олиш шарафига муяссар бўлдим. Бу мукофотлар, фақат менга берилган баҳо эмас, бу Ҳолдинг тизимидаги ишлаётган минглаб фидойи инсонлар меҳнатининг эътирофидир. Бизга берилган давлатимизнинг бундай юксак мукофотлари, жамоамизга янада катта ишонч, мотивация беради, олдимизга қўйилган мақсадларни амалга оширишимиз учун жуда катта куч бағишлайди.

– Ўзбекистонга хорижий инвестицияларни жалб этиш, янги ҳамкорларни топиш ва миллий маҳсулотларни хорижга экспорт қилишда иқтисодий дипломатия йўналиши муҳим аҳамият касб этаётир. Сиз раҳбарлик қилаётган Ҳолдинг мазкур жабҳада мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари имкониятидан фойдаланадими? Қисқа қилиб айтганда мамлакатимиз элчихоналаримизнинг бу борадаги ишларидан қанчалик қониқиш ҳосил қиляпсиз?

– Тўғрисини айтиш керак, авваллари дипломатлар билан учрашиш имконсиз эди. Бирор бир хорижий давлатга борсангиз, мамлакатимиз элчиси билан учрашмоқчи бўлсангиз ҳам у тадбиркорни қабул қилмас эди. Бу очиқ гап. Элчи фақат сиёсат билан шуғулланарди. Президентимизга катта раҳмат, элчини нафақат сиёсат, балки иқтисодга ҳам жалб қилди. Бу, албатта, тадбиркорлар учун катта шароит ва имконият эшикларини очди. Шунингдек, ушбу соҳадаги очиқлик, ўз навбатида, тадбиркор учун хорижий ҳамкорларни топиш, инвестицияларни жалб қилишда муҳим қадам бўлди.

Бугунги кунда Ҳолдинг фаолиятида Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналарининг ўрни жудаям катта, амалга ошираётган кўплаб лойиҳаларимизни ҳаётга татбиқ этилишида уларнинг кўмагини ҳар қадамда ҳис қиляпмиз. Ўзбекистон элчиларининг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси лавозимининг жорий этилиши биз тадбиркорлар учун жуда фойдали бўлди. Таъкидлаш керакки, “BMB HOLDING” компанияси хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари, хусусан, Россия, Хитой, АҚШ ва Польша, Австрия, Латвия сингари бир қатор Европа давлатларининг дипломатик миссиялари билан ҳам яқин иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.

Бир сўз билан айтганда, компания лойиҳаларини самарали амалга оширишда Ўзбекистон ва хорижий мамлакатларнинг юртимиздаги дипломатик ваколатхоналарининг ўрни жуда катта.

– Бугунги кунда “BMB HOLDING” қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва ишлаб чиқариш тармоқларида фаолият юритяпти. Ҳолдингнинг истиқболдаги режалари ҳам ўқувчиларимиз учун қизиқ.

– Яқин истиқболдаги режаларимиз жуда улкан. Хусусан, қишлоқ хўжалиги ҳамда мева, сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш фаолиятини йўлга қўйиш, Сирдарё вилоятида тўқимачилик фабрикасини ишга тушириш устидаги ишлар жадал давом этяпти. Тиббиёт соҳасида ҳам лойиҳаларни амалга ошириш истакларимиз бор. Бу йўналишда дастлабки лойиҳамиз, 2025 йилда Навоий вилоятида соғломлаштириш марказининг ташкил этилиши бўлади. Шунингдек, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятларида “Заъфарон” ресторани ва меҳмонхоналар тармоғи йўлга қўйилади.

Туркиянинг “Токсел Макина” ташкилоти билан биргаликда қиймати 50 миллион АҚШ долларига тенг “Энергия самарадор технологиялар ва асбоб ускуналар ишлаб чиқариш, табиий пардозбоп тошларни қазиб олиш ва қайта ишлашни ташкил этиш” лойиҳасини амалга ошириш ҳам кўзда тутилган.

– Сўнгги саволимиз мавзудан ташқари бўлиши мумкин, аммо бу йўналиш ҳам кўпчилик учун жуда қизиқарли. Спорт, хусусан футболдаги лойиҳаларингиз ҳақида сўрамоқчи эдик. Футбол ва футзалдаги мақсадларингиз қандай? Спортнинг шахмат тури бўйича “BMB HOLDING” бренд-амбассадорлари ҳақида ҳам маълумот бериб ўтсангиз.

– Қизиқарли савол бўлди. “BMB HOLDING” мамлакатимизда спортни, хусусан, футбол ва футзални ривожлантиришни ўз фаолиятининг асосий йўналишларидан бири сифатида кўради. Ҳолдинг 2021 йилда “Суғдиёна” футбол клубига, 2022 йилда “Локомотив” футбол клубига ҳомийлик қилди. 2023 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон профессионал футбол лигасининг ҳомийларидан бири ҳисобланади.

Шу билан биргаликда, Ҳолдинг тизимида “BMB PROFESSIONAL FUTSAL CLUB” жамоаси фаолияти йўлга қўйилди. Жамоага бир қатор маҳаллий ва бразилиялик машҳур футзалчилар жалб этилди. Сўнгги икки йилда жамоа Ўзбекистон кубоги ва Ўзбекистон суперкубогини қўлга киритди. Бугунги кунда жамоамиз таркибининг асосини футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасида ўйнайдиган футзалчилар ташкил этади.

30 июнь – Ўзбекистонда Ёшлар куни муносабати билан Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда Милан шаҳридаги “ORRO ROSSO” бренд лойиҳаси доирасида (мазкур бренд бугунги кунда Италиянинг “Милан” ва “Монца” футбол клублариниг расмий ҳамкори ҳисобланади) “Милан” футбол клубининг тўрт нафар машҳур собиқ футболчилари – Дида, Сержиньо, Пануччи ва Заккардо каби жаҳон ва Европа чемпиони бўлган чарм тўп усталарининг мамлакатимизга сафарини уюштирдик. Машҳур футболчиларнинг Ўзбекистонга ташрифи ёшларимизни спортга бўлган қизиқишларини ва фаоллигини оширишга хизмат қилди, деб ўйлайман.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 14 сентябрь – 6 октябрь кунлари мамлакатимизда футзал бўйича Жаҳон чемпионати ўтказилади. Ушбу футзал байрамига “BMB HOLDING” ҳам асосий ҳамкор ташкилот сифатида катта тайёргарлик кўрмоқда.

Бундан ташқари, “BMB HOLDING” иқтидорли ёш шахматчиларни фаол қўллаб-қувватлаб келмоқда. Уларни Ҳолдингнинг юзи, элчиси сифатида эътироф этиб, бренд-амбассадорлари дея атаймиз. Хусусан, ФИДЕ спорт устаси Ҳумоюн Бекмуродов Испаниянинг Барселона шаҳрида ўтказилган “X Chessable Sunway Sitges International Chess Festival 2023” шахмат фестивалида кумуш медални қўлга киритди, шунингдек, у жорий йил 3-13 май кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ўтказилган “Dubai Police Global Chess Challenge” халқаро турнирида олтин медаль соҳиби бўлди.

Яна бир ёш шахматчимиз, халқаро шахмат мактаби ўқувчиси, блиц ва рапид йўналишларида жаҳон чемпиони, ФИДЕ спорт устаси, Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси, “BMB HOLDING” бренд-амбассадори Умида Омоновадир. Умида жорий йил апрель ойида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатининг 18-тур натижаларига кўра ғолибликни қўлга киритди.

Яна бир гап, “BMB HOLDING” қайси йўналишда фаолият олиб бормасин давлатимиз раҳбари раҳнамолигида барпо этилаётган Янги Ўзбекистонни янада гуллаб-яшнаши, халқимиз фаравонлиги ошириш ва Ватанимиз тараққиёти йўлида ўзининг барча имкониятлари ҳамда салоҳиятини сафарбар этади.

– Суҳбатга вақт ажратганингиз учун Сизга миннатдорлигимизни билдирамиз.

– Раҳмат.

 

“Дунё” АА



  ...