Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Уйғонаётган арслон: янгиланиш даври



Мен айни дамда минтақанинг геосиёсий манзараси, бугунги кундаги мавқеи борасида батафсил тўхталмоқчи эмасман. Ҳозир айни жараёнларга бевосита таъсир этиш қувватига эга бўлган, сиёсатчилар тили билан айтганда, ҳақли маънода минтақанинг геосиёсий акторига айланиб бораётган Янги Ўзбекистонимизнинг дадил қадамлари, кундан-кун ошиб, юксалаётган халқаро имижи борасидаги мухтасар фикрларим билан ўртоқлашмоқчиман.

Очиғи, мени бугун айтмаса бўлмайдиган, юрагимни тўлқинлантириб юборган қувончли воқеалар ёзишга ундади, қўлимга қалам олишга мажбур этди десам, тўғри гапни айтган бўламан.

Эй улуғ Турон, арслонлар ўлкаси!

Сeнга нe бўлди? Эй, Чингизларнинг,

Тeмурларнинг, Ўғузларнинг,

Отиллаларнинг шонли бeшиклари!

Қани у чиқдиғинг юксак ўринлар?..

Абдурауф ФИТРАТ

Америкалик сиёсатчилардан бири Марказий Осиё минтақасининг айни даврдаги ҳаёти ва тақдири ҳақида «...улар бугун постсовет ёки посткоммунистик мамлакатлар эмас» деган фикрни билдирган эди.

Илмий тадқиқот доиралари орасида қотиб қолган (стереотип) тушунчаларнинг  эскирганига ишора қилувчи ушбу қарашни илғаб олиш учун бугун махсус илмлар эгаси бўлиш шарт эмас. Дейлик, бундан ўн-ўн беш йил илгари сиёсий табиати миллий айирмачилик, ўзаро адоват ва пинҳона душманликка мойил бўлган Марказий Осиё жамиятлари — минг йиллик қўшнилар ўртасидаги муносабатлар бугунга келиб, ҳайрон қоларли даражада ўзгариб кетди. Кечагина бир-биридан устунлиги, «қадимий»лиги ва айнан шу сабабларга кўра, минтақанинг тарихий-маданий меросига кўпроқ дахлдор эканини зўр бериб исботлашга уринаётган, баъзи ўринларда бир-бирини кескин ҳақорат қилишгача бораётган одамлар айнан бугун фавқулодда «якдил қўшнилар»га айланиб қолишди.

Бу ҳодисани ифода этувчи, аниқ далил сифатида баҳоловчи воқеа-ҳодисаларни кун-кун­ора кўриб, эшитиб турибмиз. Ҳолбуки, ҳозиргина айтганимиздек, ён қўшниларнинг бир-бирларига нисбатан олиб борган ёпиқ ва нохолис сиёсати минтақанинг умумий тарихи, маданий меросини «нафрат тили»га айлантириб қўйганди. Тарих ва боболардан қолган умуммерос ҳукмрон сиёсатлар томонидан мафкуралаштирилиши, тўқиб-бичилиши оқибатида Евроосиё маркази — бир замонлар улкан империяларга асос солган, шавкати оламни тутган заминда, таассуфки, мустақилликка эришган ва айни пайтда бир-бирига терс бурилган беш давлатни пайдо қилди. Ва айни пайтда бу ҳолат атрофдаги анъанавий акторлар учун минтақани геосиёсий объект даражасида ушлаб туриш имконини берди.

Мен айни дамда минтақанинг геосиёсий манзараси, бугунги кундаги мавқеи борасида батафсил тўхталмоқчи эмасман. Ҳозир айни жараёнларга бевосита таъсир этиш қувватига эга бўлган, сиёсатчилар тили билан айтганда, ҳақли маънода минтақанинг геосиёсий акторига айланиб бораётган Янги Ўзбекистонимизнинг дадил қадамлари, кундан-кун ошиб, юксалаётган халқаро имижи борасидаги мухтасар фикрларим билан ўртоқлашмоқчиман.

Очиғи, мени бугун айтмаса бўлмайдиган, юрагимни тўлқинлантириб юборган қувончли воқеалар ёзишга ундади, қўлимга қалам олишга мажбур этди десам, тўғри гапни айтган бўламан.

I

Ўтаётган август ойи ҳаммамиз учун хайрли, қувончли хабарлар ва тафсилотлар билан бошланди. Ва айтиш мумкинки, мен назарга олмоқчи бўлган икки муҳим воқеа ҳам Янги Ўзбекистонимизнинг дунё сиёсати, маданияти ва замонавий тарихидаги юксалиб бораётган ўрни билан боғлиқ. Бу факторлар кечагина Ўзбекистон Президентининг Қозоғистонга амалга оширган давлат ташрифи ва Остона шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувидаги иштироки ҳамда спортчиларимизнинг Париж олимпиадасидаги тарихий ғалабаси сабаб қалбимни жўштираётган фикрлар билан боғлиқ қайноқ ўйлардир.

Тўғри, баъзилар «Хўш, Президент бундай форматдаги учрашувларда кўп бор иштирок этган, спортчиларимиз ҳам бошқа ғолиб давлатлар атлетлари қатори зафар қучишдида, шунга шунча ҳаяжонми?» дея писанда қилиши мумкин.

Аммо бундай кимсаларга менинг ҳам саволим бор: хўш, мустақил бўлганига ўттиз уч йил бўлаётган Ўзбекистон билан жаҳон давлатлари қачон бу даражада жиддий ҳисоблашган, бошидан оғир ситамларни ўтказган бу мамлакат ва халқ қачон халқаро сиёсатнинг мустақил субъекти сифатида эътироф этилган? Қачон икки юздан ортиқ давлатлар спортчилари иштирок этган халқаро беллашувда юртимиз вакиллари ўн учинчи ўринда қайд этилган, қачон Ўзбекистон мадҳияси бундай нуфузли мусобақаларда устма-уст саккиз бор янграган, байроғимиз ўн уч бор ғолиблар шоҳсупаси узра юксалган ва биз яна қай маҳал «ўзбек спортчилари дунёда тенгсиз» деган эътирофларни эшитганмиз?!

Албатта, бугун халқимиз ҳаётидаги муҳим ҳодиса сифатида баҳоланаётган ушбу икки омил Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг деярли саккиз йилдан буён олиб бораётган машаққатли меҳнатларининг муносиб меваси десам, мени ҳеч ким инкор қилолмайди.

Аввало, Қозоғистондаги учрашувлар ҳақида мухтасар тўхталмоқчиман. Зотан, айни ташриф тафсилотлари Миллатимиз Лидерининг бундан етти-саккиз йил илгари минтақа бўйича бошлаган ҳаётбахш сиёсатининг самараларини аниқ кўрсатгандек бўлди.

Ҳаммамиз яхши биламиз, 7 — 9 август кунлари давлатимиз раҳбари давлат ташрифи билан Қозоғистонда бўлди. Ташриф аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев раислигида Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.

Кези келганда шуни алоҳида айтиш керакки, икки қўшни давлат раҳбарлари ўртасидаги бу даражадаги учрашув тарихимизда илк бор ўтказилди. Жаҳон ҳамжамияти, халқаро экспертлар томонидан минтақанинг асосий локомотивлари, дея эътироф этилаётган давлатларнинг ҳамкорлик масаласида бундай юқори даражага чиқиши ҳали кузатилмаган. Тан олиш керак, илгарилари ҳам Марказий Осиё, «минтақа бирлиги» ёки ўта мафкуралаштирилган «Туркистон — умумий уйимиз» деганга ўхшаш устмиллий умумий тушунчалар мавжуд бўлган эса-да, гуруҳ сифатидаги ўзига хослик ўта мужмал эди. Икки асосий куч бўлган қўшниларнинг минтақада олиб бораётган ҳаракатлари ўша мавҳумликни аниқ ҳаракатга айлантиришда муҳим қадам бўлмоқда. Бу ҳақда сал кейинроқ, ҳозир эса бевосита давлатларимиз ва халқларимиз тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилишга арзигулик йиғилиш — Давлатлараро Олий кенгашнинг биринчи мажлиси тўғрисида батафсилроқ тўхталамиз.

Ташриф доирасида Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари, бизнес форуми, сиёсий маслаҳатлашувлар, таҳлилий марказлар форуми, интеллектуал ўйинлар муваффақиятли ўтказилди. Бундан ташқари, кино кунлари ва бошқа маданий тадбирлар ўтказилдики, бу халқларимизнинг нафақат сиёсий-иқтисодий, балки маданий жиҳатдан ҳам якдиллигини оширишга хизмат қилади десам, янглишмаган бўламан.

Ушбу учрашувлардаги энг диққатга сазовор воқеалардан бири шуки, икки мамлакат раҳбарларининг 2024 — 2034 йилларга мўлжалланган стратегик шериклик ва иттифоқчилик дастури қабул қилинди. Айни ҳужжат Ўзбекистон — Қозоғистон дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларида янги босқич бошланганини англатади, албатта.

Шуни қувонч билан айтиш мумкинки, давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар динамикаси мисли кўрилмаган даражаларга кўтарилиб бораётир. Буни бўлиб ўтган учрашувлар, масалан, томонларнинг бизнес форуми ва ишбилармонлик учрашувлари якунлари бўйича 7 миллиард долларлик салмоқли келишувлар имзолангани мисолида ҳам кўриш мумкин...

— Биз кўп қиррали муносабатларимизда янги саҳифа очдик — Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлисини ўтказдик. Ушбу формат давлатлараро ҳамкорликнинг энг юқори даражаси ифодаси бўлиб, мамлакатларимиз ва халқларимизнинг яқин алоқалари, уларнинг барча йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлашга қатъий интилишини яққол намоён этади, — деди давлатимиз раҳбари ушбу учрашувда.

Албатта, минтақанинг юраги бўлмиш икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичга чиқиши жаҳон ҳамжамиятини ҳам, халқаро экспертларнинг ҳам эътиборидан четда қолмади. Таҳлилчилар, «ақл марказлари» айни ташриф тафсилотларини кенг шарҳлади. Хусусан, Малая университети (Малайзия) қошидаги Осиё ва Европа институти директори ўринбосари Рой Энтони Рожерс ўз кузатишларини қуйидагича баён этди:

«Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчилари ўртасидаги мустаҳкам тарихий алоқалар ва шахсий дўстона муносабатлар туфайли ўзбек — қозоқ муносабатларининг бугунги ҳолати алоҳида динамика, ўзаро тушуниш ва ишончнинг юксак даражаси билан ажралиб туради. Ўзбекистон Президентининг Қозоғистонга ушбу ташрифи нафақат икки мамлакат халқлари, балки бутун Марказий Осиё минтақаси равнақи учун ҳам тарихий аҳамиятга эга, деб ҳисоблайман».

Минтақа ҳамкорлиги йўлида Ўзбекистон юритаётган сиёсатни юқори баҳоларкан, «Premium Construction» компанияси (Қатар) бошқарувчи ҳамкори Насри ал-Саади эса ўз мақоласида ён қўшниларнинг самимий ҳаракатларига урғу беради:

«Икки мамлакат етакчилари халқаро ҳамкорликнинг тобора оммалашиб бораётган механизмларига айланиб бораётган Маслаҳат учрашувлари ва «Марказий Осиё плюс» платформалари орқали минтақани бирлаштириш ва саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш тарафдори ҳисобланади. Улар глобал ва минтақавий сиёсат масалаларида ҳам бир-бирларини фаол қўллаб-қувватлаб келмоқда».

Табиийки, менинг мақсадим ушбу тарихий учрашув ҳақида хориж таҳлилчилари фикрларини қалаштириб ташлаш ёки шарҳлаш эмас. Кўзлаган ниятим — шу муқаддас юрт, азиз халқи учун турли қийинчиликлар, босимлар, ташқи ва энг афсусланарлиси, ўзингдан чиққан бало — ички «ўйинлар»ни енгиб ўтиб, совуққонлик ва донишмандлик билан кўзлаган манзилига интилаётган ва бу жараёнда улкан ютуқларга эришаётган Миллатимиз Лидери Шавкат Мирзиёевнинг жасорат ва садоқатга эврилган фаолияти ҳақида сўзлаш ва бу кайфиятни сизга ҳам улашишдир. Зотан, мен ўзбек халқи, Ўзбекистон номини баланд

ларга кўтарган, кўтараётган шундай инсон билан замондош ва ватандош бўлганимдан мудом фахр туяман.

II

Кавказ мусулмонлари идораси раиси шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода яқинда Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида «Шавкат Мирзиёев шахсияти бугун нафақат Ўзбекистон, балки минтақа ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор кучга дўнди», деган эди.

Агар жаҳонга таниқли уламонинг биз учун нейтрал шахслигини ҳисобга олсак, ушбу таъриф мутлақо самимий эканига ишонч ҳосил қиламиз.

Дарҳақиқат, бугун халқаро сиёсатда катта қизиқишга сабаб бўлган Марказий Осиё давлатлари Маслаҳат учрашувининг ташаббускори ҳам шахсан бизнинг Президентимиз бўлди.

Эсласангиз, ушбу ташаббус дунё ҳамжамияти томонидан кенг олқишланган ва илк учрашув 2018 йил 15 мартда Остонада бўлиб ўтган эди. Беш қўшни давлат раҳбарларининг кечагина Қозоғистон пойтахти Остонада ўз ишини олиб борган йиғилиши айни форматнинг янги цикли — даврини бошлаб берди.

Бугунги мақоладаги асосий урғу шу мавзуга тегишли бўлмаса-да, бир мулоҳазани айтишим шарт. Шавкат Мирзиёев бундан 7-8 йил илгари бу учрашувни ташкиллаштиришдан кўзлаган мақсадни мен энди аниқ тушунгандай бўлдим. Бу — минтақанинг бирлиги, ҳа, ҳа, минг йилларки, ота-боболари бирга аҳил-иноқ яшаб келган, аммо турли сиёсий сабабларга кўра, ажралиб, ва ҳатто юқорида айтганимдек, бир-бировига ёвга айланишига озгина қолган халқларимизни бирлаштириш, силтаб узиб олинган тарихий томирларга малҳам қўйиш, бир замонлар чуқур уйқуга кетган «арслон»ни уйғотиш экан...

Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, кечаги йиғилишда юз йиллардан буён янграмаган, қўрқув ва талваса ичра тилларга кўчмаган улуғ бир ғоя — «минтақа интеграцияси», «минтақавий ўзига хослик» деган сиёсий чақириқлар ўртага ташланди.

— Маданий-тарихий мероснинг умумийлигини ҳисобга олган ҳолда, — деди давлатимиз раҳбари ўз сўзида, — халқларимизнинг минтақа келажаги учун дахлдорлиги, бирдамлиги, умумий масъулиятни англашини кучайтиришга катта эътибор беришимиз лозим.

Ўйлайманки, «Марказий Осиё тарихи ва маданияти: ягона ўтмиш ва умумий келажак» халқаро медиаплатформасининг тезроқ ишга туширилиши ушбу йўналишда муҳим амалий қадам бўлади.

Минтақа халқларининг ўзаро бир-бирини тушуниши ва бирдамлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида минтақавий ўзига хосликни шакллантиришнинг амалий жиҳатларига бағишланган илмий форум ўтказишни таклиф қиламиз.

Ушбу иқтибосдаги «минтақавий ўзига хослик» деган иборага чуқурроқ назар солсангиз, бу сўз моҳиятан нафақат минтақанинг географик, сиёсий-иқтисодий, балки маданий-мафкуравий жиҳатларини ҳам қамраб олганини кўришингиз мумкин. Хусусан, бу узоқ йиллик мустабидликдан сўнг минтақанинг «йўқолган қалби» — умумий кимлиги (идентики)ни тиклаш борасидаги жасоратли қадам эканини англаб оласиз. Содда ва жайдари тилда айтганда, бу минтақа халқларининг «ўғирланган» ўзлиги, умуммиллий ғурурини тиклаш деганидир.

Қозоғистонда Президентимизга берилган икки юксак мукофот — Қозоғис­тон Республикасининг «Олтин Қирон» («Олтин бургут») ордени ҳамда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Фахрий нишони — Шавкат ­Мирзиёевнинг минтақа халқлари, давлатлари ўртасидаги «музлик»ни эритгани, ҳаётимизга боболардан мерос қайноқ дўстлик, меҳру муҳаббатни қайтаргани билан боғлиқ десам, янглишмаган бўламан, назаримда.

Зотан, бунга мисоллар кўп, аммо кеча Парижда ўтган Олимпия ўйинлари жараёнидаги илиқ таассуротлар барчасидан аъло бўлди: шу спорт ўйини қўшни халқларнинг қалбида бир-бирига нисбатан муҳаббат пайдо бўлганини, олдинги ғаразу хусуматлар қалбларимиздан муз каби эриб кетганини исботлади.

Бу, шубҳасиз, минтақада Шавкат Мирзиёев бошлаган ва олиб бораётган меҳр ва самимиятга тўла сиёсатнинг ёрқин намунасидир.

III

Шу кунларда қалбларимизни нурга тўлдирган воқеалардан яна бири, шубҳасиз, Париж олимпиадасида спортчиларимиз эришган ғалабалардир. Ким нима деса, десин, бу ҒАЛАБА Янги Ўзбекистоннинг қалби, ғурури, ифтихорига айланди. Эътибор қилинг, кечагина «колониал», «постколониал» деб тепадан қараладиган, номи халқаро машваратларда шунчаки тил учида айтиб кетиладиган мамлакатимиз жаҳонга ўзининг кимлигини кўрсатиб ва эслатиб қўйди.

Спортчи ёшларимиз 208 та давлат вакиллари қатнашган мусобақада юксак матонат, маҳорат ва ирода кўрсатиб, дунёда 13-ўрин, Осиёда 4-ўрин, туркий, мусулмон ва МДҲ давлатлари орасида 1-ўринни эгаллади. Бир йўла 3 нафар спортчимиз «икки карра олимпия чемпиони», деган юксак шарафли номга сазовор бўлди. Бу оламшумул воқеани ким ўз-ўзидан бўлди, дея олади?!

Айни дамда одамда фавқулодда иккиланиш пайдо бўладики, бугун мамлакатимиз эришаётган ютуқлар биз шу Ватанга дахлдорлигимиз учун кўзимизга ўзгача кўринаётгандир, деган. Аммо у даражада эмас. Бугун мамлакатимиз эришаётган ютуқлар, Президент Шавкат Мирзиёевнинг яратувчанлик қудратини четдагилар ҳам назардан қочирмаётир. Масалан, дунё илм-фанида таниқли олим, тарихчи, этнолог ва антрополог, тарих фанлари доктори, Санкт-Петербургдаги Европа университетининг антропология факультети профессори Сергей Абашин ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ўз мулоҳазаларини қуйидаги тарзда қолдирган:

«2024 йилги Олимпиада фавқулодда муҳим воқеага айланди. Гендер ва санъат мавзулари муҳокамаси билан эмас, балки, энг аввало, Марказий Осиё мамлакатлари ва айниқса, 8 та олтин медални қўлга киритиб, 13-ўринни эгаллаган Ўзбекистон спортчиларининг кўрсатган ажойиб натижалари билан эсда қоладиган бўлди (эслатиб ўтмоқчиман, олимпиада ютуқлари билан бир қаторда, ўзбек шахматчилари ҳам сўнгги йилларда жаҳон рейтингида юқори ўринларни эгаллаб келяпти). Спорт тилида айтганда, биз Марказий Осиё давлатлари умумбашарий миқёсда танилаётган ва тан олинаётган муҳим ўйинчиларга айланиб бораётганига ва ўз субъектлигини англаб етаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу дунёда ва собиқ постсовет ҳудудида ҳақиқий тарихий силжиш бўлиб, ҳали узоқ давом этадиган ва шубҳасиз, табиий жараёндир».

Албатта, озгина сиёсий маданияти бор одам Абашин ушбу матн орқали нимага ишора қилаётганини яхши англайди. Яъни Ўзбекистоннинг бугун спортда эришаётган ғалабалари унинг миллий субъектга айланаётганини ҳам кўрсатади. Бу, очиқ айтганда, мамлакат сиёсий-мафкуравий жиҳатдан мустақиллигини мустаҳкамлади, энди унга ўртада турадиган ўртакашнинг кераги йўқ, дегани бўлади.

Хулоса ўрнида шуни айтмоқчиманки, шу кунларда ҳаётимизда содир бўлган бу икки қувончли воқеа бизнинг эртамиз порлоқ ва ишончли эканини кафолатлади, Янги Ўзбекистоннинг қатъиятини, унинг жасоратли Лидери Шавкат Мирзиёевнинг иродаси букилмас ва йўли ортга қайтмас эканини ифода этди.

Қудратилла Рафиқов,

сиёсатшунос



  ...