Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni

Ўзбекистон-Қозоғистон: Марказий Осиё равнақи йўлида



Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 7-9 август кунлари давлат ташрифи билан Қозоғистонда бўлади. Мамлакатимиз етакчиси ташриф давомида Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг олтинчи Маслаҳат учрашувида ва “Марказий Осиё+Япония” форматидаги саммитда иштирок этади.

Ушбу ташриф икки давлатнинг иттифоқчилик, дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлади.

Cўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар мисли кўрилмаган даражага кўтарилиб, икки ва кўп томонлама асосдаги конструктив ҳамда ўзаро манфаатли шерикликнинг намунасини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчилари минтақани мустаҳкамлаш, шунингдек, халқаро ҳамкорликнинг тобора оммалашиб бораётган механизмига айланиб бораётган Маслаҳат учрашувлари ва “Марказий Осиё плюс” платформалари доирасида саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, глобал ва минтақавий сиёсат масалаларида бир-бирини қўллаб-қувватлашга содиқдирлар.

Мамлакатлар халқаро ва минтақавий ташкилотлар – БМТ, ШҲТ, МДҲ, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва бошқа тузилмалар доирасида ҳам ўзаро муносабатларни самарали мустаҳкамлаб келмоқда.

Парламентлараро алоқалар ва идоралараро ҳамкорлик фаол мулоқот, мунтазам ташрифлар алмашинуви билан ажралиб туради ва янги амалий мазмун билан тўлдирилмоқда. Икки томонлама алоқларнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди.

1997 йилдан буён Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия фаолият кўрсатмоқда, 2018 йилда эса икки томонлама муносабатларнинг янги механизми – Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ишга туширилди.

Қозоғистон Ўзбекистоннинг энг йирик ташқи савдо шерикларидан бири саналади. Мамлакатимиз умумий ташқи савдо ҳажмининг 9,3 фоизи Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми изчил ўсиб бормоқда ва 2023 йилда бу кўрсаткич 4,4 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда Ўзбекистонда қозоқ капитали иштирокидаги корхоналари сони кескин ортди. Хусусан, бугунги кунда мамлакатимизда 1100 та Қозоғистон томони инвестицияси асосида очилган корхоналар фаолият юритмоқда. Ўз навбатида, Қозоғистонда 1400 дан ортиқ ўзбек капитали иштирокидаги корхоналар мавжуд.

Транспорт коммуникациялари соҳасида ҳам икки мамлакатнинг автомобиль ва темир йўллари интеграциялашган. Бу муҳим транспорт алоқа тармоғи учинчи давлатлар учун ҳам транзит вазифасини бажармоқда. 2023 йилда темир йўл транспортида халқаро ташиш ҳажми 23,46 миллион тонна, автомобиль транспортида 2,1 миллион тонна, ҳаво транспортида эса 90 минг тоннани ташкил этди.

Инвестиция, саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика, фармацевтика, қурилиш ва бошқа соҳаларда ҳам алоқалар кенгайиб бормоқда. Бу саъй-ҳаракатларга қўшимча туртки бериш мақсадида Халқаро саноат кооперацияси марказини қуриш лойиҳаси фаол амалга оширилаётир.

Ўзбекистон ва Қозоғистон барча йўналишларда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириб, яқин қўшнилар сифатида Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва фаровонликни таъминлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстликнинг мустаҳкам пойдевори уларнинг тарихий, маънавий ва маданий яқинлиги саналиб, ушбу ришталар ҳозирги босқичда маданий-гуманитар алоқаларни самарали ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Эътиборлиси, мамлакатимизда қозоқ миллати вакилларининг ўз она тилини асраб-авайлаши учун барча шарт-шароит яратилган. Хусусан, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, Қорақалпоғистон давлат университети, Гулистон давлат университети, Нукус, Жиззах ва Навоий давлат педагогика институтларида қозоқ тили факультети ҳамда қозоқ тили ва адабиёти бўлимлари фаолияти йўлга қўйилган.

2022 йил 22 декабрда имзоланган Олий таълим ва олий таълимдан кейинги таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим, шунингдек, икки мамлакат университетлари ўртасида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги 280 дан ортиқ ҳужжатлар асосида академик алмашинув фаол ривожланмоқда, қўшма таълим дастурлари, илмий-тадқиқот ишлари ва лойиҳалар амалга оширилмоқда, илмий-амалий анжуманлар, семинарлар мунтазам ташкил этилмоқда. Ўзбекистон шаҳарларида ҳар йили Қозоғистон олий ўқув юртларининг кўргазма ва ярмаркалари – Қозоғистон таълим кунлари ўтказиляпти.

Ўзаро маданий-маърифий тадбирлар – Маданият кунлари, кино, спорт мусобақаларини ўтказиш ҳам анъанавий тус олган. Шу ўринда, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ижодий жамоалари икки мамлакатда ўтказилаётган халқаро танлов, фестиваль, ярмарка ва кўргазмаларда фаол иштирок этаётганини қайд этиш керак.

2022 йилда бутун Ўзбекистон бўйлаб қозоқ халқининг буюк фарзанди, шоир ва мутафаккир Абай Қўнонбоев ҳаёти ва ижодига бағишланган тадбирлар ўтказилди. 2022 йил декабрь ойида Ўзбекистонга олий даражадаги давлат ташрифи чоғида икки мамлакат раҳбарлари буюк қозоқ шоири ва мутафаккири меросига бағишланган кўргазмани биргаликда томоша қилишди.

Айни пайтда ягона туризм брендини яратиш ва сайёҳлик кластерларини ишга тушириш бўйича ишлар фаол давом этмоқда. Икки давлатнинг жуғрофий жиҳатдан яқинлиги, шунингдек, улкан тарихий-маданий мерос ва сайёҳлик имкониятлари мавжудлигини инобатга олган ҳолда, бундай ёндашув, экспертларнинг фикрича, Марказий Осиёга сайёҳлар оқимини ошириш ва икки халқ маданий меросини янада оммалаштиришга ёрдам беради.

Мақоламиз бошида қайд этиб ўтганимиздек, давлат ташрифи доирасида Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг олтинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этади.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, минтақавий ҳамкорликнинг ушбу механизми Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган. Форумлар доирасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари минтақавий савдо-сотиқ, транспорт-транзит салоҳиятини, саноат кооперациясини, сув-энергетика алоқаларини янада ривожлантириш, иқлим ўзгаришига мослашиш, шунингдек, хавфсизликни таъминлаш, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурдилар.

Мазкур платформа ишга туширилгандан сўнг бешта самарали саммит бўлиб ўтди ва улар минтақадаги кўп томонлама ҳамкорлик ривожига янги суръат бағишлади.

Бугунги кунда минтақада қулай сиёсий муҳит яратилгани халқаро майдонда эътироф этилмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида Марказий Осиё фаровон, барқарор ҳамда инвестициялар ва ҳамкорлик учун жозибадор манзилга айланаётир.

2022 йилда Қирғизистонда бўлиб ўтган тўртинчи саммит чоғида минтақа тарихида биринчи марта “XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш мақсадида дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисида”ги шартнома имзоланган эди.

Минтақадаги қулай ишбилармонлик муҳити ўзаро савдо ва инвестицияларнинг ўсишига ёрдам беради. Ушбу жиҳат 2016-2023 йилларда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми қарийб 3 баробарга, яъни 2,5 миллиард доллардан 7,2 миллиард долларга ўсишида муҳим омил бўлди.

Умуман олганда, бугунги кунда минтақавий шерикликни чуқурлаштириш ва ривожлантириш, уни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ёрдам ва ҳамкорлик солномасида Марказий Осиё давлатлари учун чинакамига янги саҳифа очилди.

Шу нуқтаи назардан, Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган икки томонлама ва минтақавий саммитлар томонларнинг самарали ва ўзаро манфаатли алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда Марказий Осиё минтақасининг халқаро нуфузини оширишга содиқлигини яна бир бор тасдиқлаши баробарида келгусидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб беради.

 

“Дунё” АА



  ...